Сторми Омартиан. Ибодатгўй Аелнинг Кучи (7-боб) Ўзбек тилида 
МУНДАРИЖА
Ибодатнинг кучи
1-боб. Раббий, мени Ўзингга жалб эт, йўлларингдан юришни ўргат
2-боб. Раббий, мени покла, менда имонли юракни ярат
3-боб. Раббий, менга кечиришни ўргат
4-боб. Раббий, доимо Сенга итоатли бўлишимни ўргат
5-боб. Раббий, шайтон билан курашувимда иродамни мустаҳкамла
6-боб. Раббий, фикрларимни назорат қилишни ўргат
7-боб. Раббий, ҳаётимнинг барча жабҳаларида менга йўл кўрсат
8-боб. Раббий, Сенинг Каломингни чуқурроқ англашда менга ёрдам бер
9-боб. Раббий, ҳаётимда тартиб ўрнатишимга ёрдам бер
10-боб. Раббий, Сенинг ҳақиқий сажда қилувчинг бўлишимга ёрдам бер
11-боб. Раббий, меҳнатимни марҳаматла
12-боб. Раббий, Сенинг Руҳинг ҳосилини келтиришимга ёрдам бер
13-боб. Раббий, мени покликда ва ҳалолликда сақла
14-боб. Раббий, Ўзинг мени даъват қилган ишларга муносиб айла
15-боб. Раббий, одамлар билан тўғри мулоқот қилишимга ёрдам бер
16-боб. Раббий, доим Сени эшитишимга, Сенинг истагингни бажари шимга ёрдам бер
17-боб. Раббий, мени ва мен учун ардоқли бўлган нарсаларни сақла
18-боб. Раббий, тўғри йўл танлашда менга донолик ато эт
19-боб. Раббий, турли ёвузликлардан мени халос қил
20-боб. Раббий, мени салбий қарашлардан халос қил
21-боб. Раббий, ғам-ташвиш лаҳзаларида мени юпат
22-боб. Раббий, гуноҳга қарши туришим учун ёрдам бер
23-боб. Раббий, менга шифо бер, баданимни озода сақлашни ўргат
24-боб. Раббий, мени сохта қўрқувдан қутқар
25-боб. Раббий, Сенга қилган хизматим орқали одамларнинг меҳрини уйғотишимга ёрдам бер
26-боб. Раббий, менинг оғзимдан фақат ҳаётбахш сўзлар чиқсин
27-боб. Раббий, ишончим тоғларни суриб юборадиган аёл бўлишимга ёрдам бер
28-боб. Раббий, Масиҳга ўхшашим учун менга ёрдам бер
29-боб. Раббий, ўтмишимдан мени озод қил
30-боб. Раббий, ўзим учун тайёрлаган келажакка мени бошла
7-боб Раббий, ҳаётимнинг барча жабҳаларида менга йўл кўрсат
Мен Худони яхши кўрадиган, ваъзгўйлик қобилиятига эга бир ёш йигитни биламан. Аммо шунга қарамай, у ҳаётини Худога ҳеч ҳам тўлақонли топшира олмайди. У ўз принципларига асосланиб ўз ҳолича яшаб юрибди. Омадсизлик ва кўнгилсизлик унинг шахсий ҳаётида ҳам, ишида ҳам доимо таъқиб қилиб келмоқда. Агарда бу ёш йигит: «Раббий, Сен нимани хоҳласанг, мен шуни бажо келтираман», деб ваъда бериб, ваъдаси устидан чиқса, Худо унга иш топиб беришига ва бутун ҳаётини Парвардигорнинг марҳамати тўлдиришига менинг ишончим комил.
Нима учун одамлар имонда ҳеч қачон ўсмайдилар? Нега уларни доимо омадсизлик тарк этмайди? Улар нима учун одат тусига кириб қолган ҳаёт бўсағасидан юқорига кўтарилмайди? Нега улар Парвардигор билан ўтказилаётган мулоқотдан камдан-кам хурсанд бўлишади? Ёки руҳий ўсишни ҳис қилишдан ёки Парвардигорга яқинлашишдан ёки Худо уларга ато этган қобилиятнинг намоён бўлишидан, уларнинг олдига Худо қўйиб берган мақсадга нима учун ҳеч яқинлаша олмайдилар?
Менимча, жавоб «ихтиёрига топширмоқ» сўзида мужассам. Улар ҳеч қачон ихтиёрларини Худога тўлақонли топширишгани йўқ. Улар Исога ҳаётларининг Хўжайини бўлишига имкон беришмаган.
Худога итоатли бўлиш — бу шундай сўзларни айтиш демакдир: «Эй Парвардигор, Сен нимани истасанг, мен шуни бажараман. Сен менинг ҳаётимда нимани кўрмоқчи бўлсанг, мен ҳаммасига — «ҳа», дейман. Агар керак бўлса, мен ўзимдан ва ўз ҳаётимдан воз кечаман. Сенинг борлиғингни ҳис этиш учун ўз танимдан кечишга ҳам тайёрман. Агарда уйда бўлишни хоҳласам, мен жамоатга бораман; агар овқат тановул қилгим келса, мен рўза тутаман; агарда уйқум келса, мен ибодат қиламан; агарда телевизор кўргим келса, мен Сенинг Каломингни ўқийман; ўзимга сарфламоқчи бўлган пулларимни бировларга бераман. Мен ҳар доим Сенга шукроналар айтиб, Сени улуғлайман. Сенга тоат-ибодат қилиш — менинг сўнгги таянчим эмас, балки бирламчи ва энг муҳим умид-ишончим бўлиб қолади. Сен менга нимани буюрсанг, мен ҳаммасини бажаришга тайёрман. Чунки мен бор вужудим билан Сенга хизмат қилмоқчиман, Сенинг марҳаматингга эга бўлмоқчиман». Агар сен батамом Парвардигорга ишонсанг — бу ҳаётингдаги энг муҳим ва асосий ўринни сен Унга ажратган, Унинг раҳнамолигида ҳаракат қилаётган бўласан. Ана ўшандагина сенинг ҳаётинг ижобий тарафга ўзгара бошлайди.
Биз тан оламизми ёки йўқми — бундан қатъий назар, барибир Исо — Раббимиздир. Ҳақиқатан шундай, чунки «Худо Уни жуда юксалтирди, Унга ҳар қандай исмдан юқори исмни ато этди. Токи Исонинг исми тилга олинганда кўк, ер ва ер остидаги борлиқ жон тиз чўксин ва ҳар бир тил Отамиз Худо шаънига Исо Масиҳни Раббим деб очиқ тан олсин» (Флп. 2:9-11). Масиҳ нафақат бутун оламнинг Ҳукмдори, балки У — ҳар биримизнинг Нажоткоримиз. Буни биз тан оламизми ёки йўқми, аммо бизнинг муваффақиятларимиз, ҳаётимизнинг мазмуни ва фазилати айнан Унга боғлиқ. Агарда биз Исо Масиҳни ҳаётимиз Ҳукмдори деб тан олмасак, демак, Муқаддас Руҳ бизни бошқармайди. «…Ҳеч ким Муқаддас Руҳ илҳомисиз Исони Раббим деб айта олмайди» (1 Кор. 12:3). Агар Муқаддас Руҳ бизга раҳнамолик қилмаса, демак, биз ҳали ҳам тана бўйича яшаётган бўламиз.
Раббий, Сен нимани амр қилсанг, ҳаммаси бажо бўлсин
Қадимги ривоятларда яхши йигит (кўпинча у оппоқ кўйлак кийган бўлади) одатда ёмон (қора кўйлакдаги) йигитни қувиб етади. Уни тутиб олгач, чаккасига тўппонча тираб: «Қўлингни кўтар!» — деб буйруқ беради («Қўлингни кўтар» дегани унчалик қўрқинчли сўзлар эмас). Ёмон йигит қўлидаги қуролини ерга ташлайди, қўлларини тепага кўтариб шундай дейди: «Мен таслим бўлдим».
Айнан шунга ўхшаш «жавобни» Худо сиздан кутади. Фақат сиз ривоятдаги ёмон бола эмассиз, Худо сизнинг кўкрагингизга тўппонча ўқталмайди. У сизни Ўз қўли билан кўрсатади, айбдор ёки гуноҳкор сифатида эмас, балки худди Ўзининг командаси аъзоси қилиб сайлагандай, У сени яхши кўради. Эгам сизга шундай дейди: «Мен сени танладим! Ўзингни Менга бағишла, токи Мен сен учун ҳозирлаб қўйган ҳамма нарсаларимни сенга тортиқ қилайин».
Агарда биз қуйидагича жавоб бера олсак эди: «Мен таслим бўлдим, Раббий. Мендаги ҳамма нарсаларни ол, ҳаммаси Сеники. Сен менга нимани амр этсанг, мен ҳаммасини бажаришга тайёрман». Бундай жавобдан кейин бизнинг ҳаётимиз ҳар томонлама ижобий тарафга ўзгаради.
Биз учун: «Раббий, Сен нимани амр этсанг, ҳаммасини… Сенга нима маъқул бўлса, ҳаммасини бажараман», деган сўзларни айтиш қийинми? Ҳа, чунки бизлар ўз хоҳиш-истагимиз рўёбга чиқишига интиламиз, бунинг эвазига Худо биздан бирор нима талаб қилиб қолмасайди, деб қўрқамиз. Бу бизларга бирон зиён етказишидан чўчиймиз. Ахир, энг қийин ва мураккаб муаммо — «Исо Масиҳ — Раббий», деган сўзларни айтишда эмас, балки У айтганидай ҳаракат қилишдан иборат. Исо шундай деб сўради: «Нега сизлар Мени, «Ё Раббим, ё Раббим» деб чақирасизлару, аммо айтганларимни қилмайсизлар» (Лука 6:46). Парвардигорнинг амрлари бизлар учун ҳақиқатдан ҳам марҳамат ёғдиришидан гумон қиламиз. Бу беҳуда гап. Бизлар Худонинг ғалаба қозонадиган команда аъзолари бўлишимизни У хоҳлайди.
Агар сизнинг ҳаётингизда руҳий ўсиш бўлмаса, Худога сиз тўлақонли ишонишингиз ҳақида, ҳаётингиздаги энг асосий ўринни Масиҳга Нажоткор сифатида ажратишингиз ҳақида, ўз хоҳиш-истагингиздан воз кеча олишингиз тўғрисида яхшилаб ўйлаб кўришингиз керак. Агар руҳий ўсиш бўлмаса, унда қўлингизни кўтариб биринчи қадамни ўзингиз қилинг.
Исо шундай деган: «…Кимки ўз хочини кўтариб орқамдан юрмаса, Менинг шогирдим бўлолмайди» (Лк. 14:27). Ўз ҳаётингизни Унинг қўлига топширмас экансиз, Унинг хочини кўтариб юролмайсиз. Унга итоаткорлигингизни ва тўлиқ ҳаётингизни топширган тақдирдагина, Унинг Шоҳлигининг шон-шуҳрати мустаҳкамланади. Худога сизнинг бир қисмингиз керак эмас. У бутун борлиғингизни истайди. Худо нимани хоҳласа, Унга шуни берай, деб ибодат қилинг.
Ибодат
Эй, Раббий, шу бугун мен Сенинг қаршингда мук тушиб, Сени ҳаётимнинг барча жабҳалари Ҳукмдори деб атаяпман. Мен ўзимни ва ҳаётимни Сенга топширдим. Сендан ўтиниб сўрайман, менинг онгимни, танамни ва руҳимни Ўзинг бошқар. Мен сени бутун юрагим ва қалбим билан севаман, мен Сенга бутун ҳаётимни ишониб топшираман. Мен бугун ва ҳар куни Сени ҳаётимнинг барча жабҳаларидаги Ҳукмдор деб, жар солиб эълон қиляпман.
Мен ўзимдан кечишимга, ҳар куни хочимни кўтариб Сенинг ортингдан юришимга ёрдам бер (қаранг: Лк. 9:23). Сен Ўз Каломингда айтганинг каби, мен Сенинг шогирдинг бўлмоқчиман (қаранг: Лк. 14:27). Буни амалга ошириш учун ҳамма нарсани қилишга ёрдам бер. Мен Сен учун ўз жонимни йўқотиб, уни яна қайта сақлаб қолмоқчиман (қаранг: Лк. 9:24). Бу сўзларнинг асл маъносини менга очиб бер. Мен билан шундай гаплашгинки, токи мен Сени тушунайин.
Сен бирор нимани бажаришни амр этганингда, ҳар доим «ҳа» дейишимга менга ёрдам бер. Менинг асосий мақсадим — Сенга итоат қилиш ва Сендан ҳеч нарсани бекитмаслик. Мен бор-будимни — одамлар билан менинг муносабатларимни, пулларимни, ишимни, бўш вақтимни, танамни, онгимни, қалбимни, истагимни ва орзу-умидларимни қолдирмай Сенга беряпман. Мен буларнинг ҳаммасини Сенинг қўлларингга топшираман, чунки буларнинг ҳаммаси Сенинг шон-шуҳратингни ошириш учундир. Ушбу кунда мен шундай деб жар соламан: «Мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман. Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳ менинг ичимда яшаяпти. Энди танада яшаётганимга келсак, мен севган ва мен учун Ўзини фидо қилган Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшаяпман» (Гал. 2:19-20). Эй Раббий, ҳаётимнинг барча жабҳаларида мени бошқаргин, мен учун Сен тайёрлаган ерга мени олиб боргин.
МУҚАДДАС КИТОБДАН
сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар
Сўнг ҳаммага хитоб қилиб деди: «Агар ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ҳар куни ўз хочини кўтариб, ортимдан юрсин. Ким ўз жонини сақлаб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун жонини йўқотса, уни сақлаб қолади».
Лк. 9:23-24
Агар яшасак, Раббимиз учун яшаймиз; агар ўлсак, Раббимиз учун ўламиз. Демак, яшасак ҳам, ўлсак ҳам, Раббимизга қарашлимиз.
Рим. 14:8
Энди сизлар Исо Масиҳни Раббимиз деб қабул қилган экансизлар, У билан алоқада бўлиб яшанглар. Олган таълимотингизга мувофиқ, Унда томир ёйиб, қарор топинг, имонингизда қаттиқ туринг, шу йўлда ривожланиб бориб, Худога шукроналар тилингиздан тушмасин.
Кол. 2:6-7
Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон.
Ҳикмат. 3:5
Шундай қилиб, ўз вақтида бизларни юксалтирсин деб, Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтар тутинглар. Бутун ғамларингизни Худога ташланглар, Унинг Ўзи сизларга ғамхўрлик қилади.
1 Бут. 5:6-7
Книга на узбекском языке: Сила молящейся женщины (Сторми Омартиан)