Сторми Омартиан. Ибодатгўй Аелнинг Кучи (19-боб) Ўзбек тилида 
МУНДАРИЖА
Ибодатнинг кучи
1-боб. Раббий, мени Ўзингга жалб эт, йўлларингдан юришни ўргат
2-боб. Раббий, мени покла, менда имонли юракни ярат
3-боб. Раббий, менга кечиришни ўргат
4-боб. Раббий, доимо Сенга итоатли бўлишимни ўргат
5-боб. Раббий, шайтон билан курашувимда иродамни мустаҳкамла
6-боб. Раббий, фикрларимни назорат қилишни ўргат
7-боб. Раббий, ҳаётимнинг барча жабҳаларида менга йўл кўрсат
8-боб. Раббий, Сенинг Каломингни чуқурроқ англашда менга ёрдам бер
9-боб. Раббий, ҳаётимда тартиб ўрнатишимга ёрдам бер
10-боб. Раббий, Сенинг ҳақиқий сажда қилувчинг бўлишимга ёрдам бер
11-боб. Раббий, меҳнатимни марҳаматла
12-боб. Раббий, Сенинг Руҳинг ҳосилини келтиришимга ёрдам бер
13-боб. Раббий, мени покликда ва ҳалолликда сақла
14-боб. Раббий, Ўзинг мени даъват қилган ишларга муносиб айла
15-боб. Раббий, одамлар билан тўғри мулоқот қилишимга ёрдам бер
16-боб. Раббий, доим Сени эшитишимга, Сенинг истагингни бажари шимга ёрдам бер
17-боб. Раббий, мени ва мен учун ардоқли бўлган нарсаларни сақла
18-боб. Раббий, тўғри йўл танлашда менга донолик ато эт
19-боб. Раббий, турли ёвузликлардан мени халос қил
20-боб. Раббий, мени салбий қарашлардан халос қил
21-боб. Раббий, ғам-ташвиш лаҳзаларида мени юпат
22-боб. Раббий, гуноҳга қарши туришим учун ёрдам бер
23-боб. Раббий, менга шифо бер, баданимни озода сақлашни ўргат
24-боб. Раббий, мени сохта қўрқувдан қутқар
25-боб. Раббий, Сенга қилган хизматим орқали одамларнинг меҳрини уйғотишимга ёрдам бер
26-боб. Раббий, менинг оғзимдан фақат ҳаётбахш сўзлар чиқсин
27-боб. Раббий, ишончим тоғларни суриб юборадиган аёл бўлишимга ёрдам бер
28-боб. Раббий, Масиҳга ўхшашим учун менга ёрдам бер
29-боб. Раббий, ўтмишимдан мени озод қил
30-боб. Раббий, ўзим учун тайёрлаган келажакка мени бошла
19-боб Раббий, турли ёвузликлардан мени халос қил
Мен Худони Ўзимнинг Нажоткорим, деб биламан. У мени кўп зарарли иллатлардан халос этди, шу жумладан, спиртли ичимликлардан, наркотик моддалардан, қўрқувдан, руҳий азобланиш ҳолатидан, ваҳимадан ва мусибатдан. Баъзида Раббий мени бирдан озод қиларди, баъзида эса шифо топиш бир неча йилларга чўзилиб кетарди. Баъзида мен рўза тутиб, озодлигим учун узоқ ибодат қилардим, баъзида эса Раббийнинг борлигини ҳис қилиб осонгина озод бўлардим. Озод бўлиш қай йўсинда ўтмасин, барибир, энг муҳими у содир бўларди. Ҳар доим ҳам биз бир нарсалардан озод бўлишимизга тўғри келарди. Сабаби шундаки, бизлар руҳдан бўлишимизга қарамай, ҳанузгача ўз жисмимизда яшаймиз. Ҳаётимиз фаровон бўлишига қарамай, ҳанузгача бизларни қалъа қилиб ўраб олмоқчи бўлган душманларимиз мавжуд. Худо бўлса бизни боғлаб ва ушлаб турган нарсалардан бизни узоқлаштириб барчасидан бизни озод қилмоқни истайди.
Исо бизга ибодат қилишни шундай ўргатган: «…ёвуз шайтондан халос қилгин» (қаранг: Матто 6:13). Агар биз муҳтож бўлмаганимизда, У бизга бундай амр қолдирмас эди. Кўпинча биз бундай ибодат қилмаймиз, ўзбошимчалик билан иш кўрамиз, гўёки Масиҳ умуман ҳеч сўз айтмагандай. Одатда Исога бизнинг озодлигимиз жуда қимматга тушганини билсак-да, билмасликка олиб яшаймиз. Исо «бизни ҳозирги ёвуз асрдан қутқармоқчи бўлиб, гуноҳларимиз учун Ўзини фидо қилди, шу йўсин Отамиз Худонинг иродасини ато қилди…» (Гал. 1:4). У келажакда ҳам бизни қутқаришни хоҳлайди.
Худо сизни озод қилмоқчи
Молиявий аҳволингиз жуда танг ҳолатдасиз, бундай вазиятдан ҳеч қутула олмасам керак, деб ўйлайсизми? Ўша-ўша кўнгилсизликлар сизни таъқиб қиладими, ёки ҳолсизланиб дармонингиз қуриган, аммо қаерингиз ва нима учун оғриётганини аниқлолмай, давосини излаган вақтларингиз бўлганми? Эришган барча муваффақиятларингиз ҳеч нимага арзимасдай туюлганми? Ҳаддан ташқари қизиқиш ёки енгиб бўлмайдиган эҳтиросни қуйидаги нарсаларда — спиртли ичимликларда, наркотик моддаларда, ҳаёсиз кинофильмларда ёки қимор ўйинида ҳис этасизми? Балки, барча уринишларингизга қарамай бирор одамга бўлган душманликча муносабатларингизни ўзгартира олмаяпсизми? Ёки сизнинг ҳаётингизда фаол иштирок этаётган одамлар билан танг алоқадамисиз?
Баъзида Худо сиздан жуда узоқлашгандай бўладими? Сизнинг ибодатларингизни ҳеч ким эшитмаётгандай, унга жавоб келмаётгандай туюладими? Ҳаётингизда тушкунликда қолган пайтларингиз ёки қайғу-ҳасрат ёки Раббийдан хурсанд эмаслик руҳи сизни эзадими? Бир муаммога такрор-такрор қайтганмисиз, ёки одат тусига кириб қолгандай бир хатони бир неча бор такрорлаганмисиз? Ўз-ўзингиздан норози бўлганмисиз? Агар шу саволлардан биронтасига ижобий, «ҳа» деб жавоб берган бўлсангиз, унда сиз учун хушхабар бор: Худо сизни қутқаришни, озод қилишни хоҳлайди. У сизнинг Халоскорингиз бўлмоқчи (қаранг: Рим. 11:26) ва «ўлимга маҳкум қилинганларни» қутқаришга ваъда беряпти (қаранг: Ҳикмат. 24:11).
Душманингиз сизнинг заифлигингиздан фойдаланиб, ушбу заифликдан сизга қарши курашиш учун қурол сифатида қўлламоқчи бўлганини ўзингиз биласизми? Биз жуда кўп вазиятларда иблиснинг найрангларига берилиб кетамиз, ҳамма нарсани ўзгартириш қўлимиздан келишини эсимиздан чиқариб қўямиз. Бизнинг омадимиз келмаяпти, пешонамизга бахтсиз бўлиш ёзилган экан, деб ўйлаймиз. Аслида эса бу душманнинг бизга қарши қилаётган ҳужуми. Айнан буларнинг ҳаммасидан бизни халос қилиш учун ерга Исо Масиҳ келган. Бизни йўқ қилмоқчи бўлган душманимизга қарши бизларга ёрдам бериш учун У келди. Худованд маҳбусларни ва асирларнинг ноласини эшитади (қаранг: Забур 101:20-21). Агар сиз Унга мурожаат қилсангиз, У сизни қутқаради. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан эркин бўласизлар» (Юҳ. 8:36). Душман қанчалик кучли бўлмасин, Худо ниҳоятда катта кучга эга, У сизни озод қилади.
Худо нафақат сизни севгани ва раҳми келгани учун қутқармоқчи, балки, сиз Унга хизмат қилишингизни У ниҳоятда хоҳлайди: «Умримиз борича ўз паноҳида бехатар сақлаб, муқаддаслик ва солиҳлик ила Ўзига хизмат қилмоғимизга илож топажак» (Лука 1:74-75). Бинобарин, биз ёвузликдан узоқлашишимиз даркор. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Тўғрининг йўли ёмонликдан узоқлаштиради, йўлини қўриқлаган эса ўз жонини асрайди» (Ҳикмат. 16:17). Бизларнинг ҳаётимизда нимаики содир бўлаётган бўлса, ҳаммасига ўзимиз жавобгармиз. Аммо бу ҳаётимизда бизга ҳужум қилаётган душманларимиз ҳам борлигини эсдан чиқармаслигимиз керак. Бизлар бу душманларнинг ҳукмидан озод бўлишимиз лозим.
Озодликка қандай эришиш керак
Озодликка танҳоликда айтилган (қаранг: Забур 71:12) ёки руҳан кучли, солиҳ одам билан қилинган (қаранг: Забур 33:16) ибодатдан кейин, ёки Худонинг Каломини (қаранг: Юҳ. 8:31) ўқиб чиқкандан кейин, ёки Худонинг ҳузурида бевосита бўлган ҳолатдагина эришилади. Улуғлаш ва итоат этиш — Худонинг борлигини ҳис этишнинг энг кучли ва самарали усули. Ҳар гал биз Худога шукроналар айтганимизда, қалбимизда нималардир содир бўлади ва ёвуз кучларга қақшатқич зарба берилади. Бу Раббийнинг «муқаддаслиги ва (сенинг) саноларинг узра салтанатлигидан…» (Забур 21:4) содир бўлади. Бинобарин, сиз Унинг ҳузуридасиз. «Раббимиз — Руҳдир; Раббимизнинг Руҳи қаерда бўлса, ўша ерда эркинлик бор» (2 Кор. 3:17).
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Худованднинг фариштаси мўминлар атрофида қароргоҳ қурган, Ундан қўрққанларни Ўзи халос этар» (Забур 33:8). Иблис сизнинг қулоғингизга, ўз муаммоларингдан ҳеч қутула олмайсан, деб пичирлаб айтиши биланоқ, сиз Худони мақтанг, У — сизнинг Нажоткорингиз эканлигини айтиб, ёлғонни қувиб юборинг. Сиз Худовандни улуғлаётганингизда, У сизни озод қилади. Агар Худованд сизни қутқарган бўлса, бу ҳақда бошқаларга айтинг (қаранг: Забур 106:2).
Агар сиз яна гуноҳ қилаётганингизни ёки тубан кетаётганингизни ҳис этсангиз, тушкунликка берилиб вақтингизни бекорга кетказманг. Ҳатто унут бўлиб кетган ноҳушлик яна сизнинг ҳаётингизда учраса, хафа бўлманг, чунки қалбингизнинг тубида жойлашиб олган оғриқдан сиз фориғ бўляпсиз. Бу — сиз олдинги ҳолатингизга қайтяпсиз, дегани эмас, бу — сиз батамом шифо топаётганингиздан дарак беради. Қалб тубидаги жароҳатлар тирналганда, озод бўлишнинг биринчи босқичига қараганда кўп озор етказади. Худовандга ишонинг, ҳаётингизни Унинг қўлларига топширинг, У сизни душманларингиз ва эзувчиларингиз қўлидан халос қилади (қаранг: Забур 30:16).
Шуни билингки, озодлик Худованддан келади. Бу ниҳоятда узоқ давом этадиган ҳаракат эканлигини ёдингизда сақланг. Худо «бизни шундай катта ўлим таҳликасидан қутқарди, ҳа, У бизни яна қутқаради, деб Ундан қаттиқ умид қиламиз» (2 Кор. 1:10). Худо доим бошлаган ишини охирига етказади, шунинг учун, агар сиз қутқарилиш учун кутганингиздан кўпроқ вақт талаб қилинса, руҳан тушкунликка берилманг, афсусланманг. Ишончингиз комил бўлсин: «Худо бизларда бошлаган хайрли ишини то Исо Масиҳнинг келадиган кунигача тамом қилишига аминмиз…» (Флп. 1:6).
То тақводорлик нур сочиб турмагунча, сизнинг озодлигингиз ёниб турган машъалнинг учқунига ўхшамагунча, Худо хотиржам бўлмайди (қаранг: Ишпё 62:1). Озодлик сизни бошқа бир мавжудотга айлантирмайди, лекин сиз қайта туғиласиз, Раббийнинг ақлли, ўзига ишонган, севгувчи, иқтидорли, ҳушмуомала ва андишали, гўзал қизига айланасиз.
Ибодат
Эй, Раббий, Сен менга «мени ҳар қандай ёмон ишлардан халос қилиб Ўзингни самовий Подшоҳлигингга соғ-саломат киргизгани…» (2 Тим. 4:18) берган ваъданг учун миннатдорман. Бизлар «ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимиятларга, бу қоронғу дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қарши» (Еф. 6:12) курашаётганимизни мен биламан. Сен Ўз душманларингнинг ҳаммасини забт этганинг учун (қаранг: Еф. 1:22) ва «очилмай қоладиган ҳеч қандай яширин нарса йўқ, маълум бўлмайдиган ҳеч қандай сир ҳам йўқлиги» (Матто 10:26) учун Сенга шукроналар айтаман.
Эй Раббий, менинг ҳаётимда душманларим қурган қалъаларнинг ҳаммасини ҳам қуролмаслигимни мен биламан, шунинг учун мен Сенга суянаман, уларни менга кўрсатишингга ишонаман. Сен «асирга: озод бўлгин, басирга: очилсин кўзинг, демоқ-чун, мазлумга эркинликни эълон этиш» (қаранг: Лука 4:18) га келганинг учун Сендан миннатдорман. Сенсиз мен ўз шаҳвоний нафсимнинг асираси, ҳақиқатни кўриш учун кўзларим кўр, азобланганлар қаторида қолиб кетяпман. Фақат Сен билан мен бутунлай озод бўламан. «Ҳар бир куним Сенинг қўлингдадир. Душманларим ва золимларим қўлидан мени халос қилгин» (Ишаё 30:16).
Менинг қутқарилишим Сенда мужассамлигини мен биламан. Сен «мени азим сувлар ичидан чиқариб олганинг, мени бақувват ва мендан кучли ғанимларимдан халос этганинг» (қаранг: Забур 17:17-18) учун Сенга шукроналар айтаман. Масиҳ менга берган эркинликни маҳкам тутишимга, қайтадан қуллик бўйинтуруғини тақмаслигимга менга Ўзинг ёрдам бер (қаранг: Гал. 5:1).
Эй Раббий, Сендан ўтиниб сўрайман, нимаики мени Сендан узоқлаштирса, шундан мени халос эт. Айниқса, Сен мени… (сизни қийнаётган ва қутқарилишингиз зарур бўлган муаммо) дан озод қил. Ўз танам хоҳишига итоат этиб, душманимга эшикларимни очиб берган ҳар бир вазият учун пушаймон қиляпман, тавба қиляпман. Сенга итоат этмаган ҳолатларни менга кўрсат, мени Сенинг иродангни бажариш йўлига қайтар. Ҳақиқат йўлингдан оғишмай юришга донолик ато эт, мени тубанликка тортаётган душманларимни забт этиш учун менга куч ҳадя қил (қаранг: Ҳикмат. 28:26).
Мен ўз танамда яшаётганим билан, аммо кучим унда эмаслигини биламан: «Бизнинг ҳаётимиз бандалик бўлса ҳам, башарий куч билан жанг қилмаяпмиз. Бизнинг жангдаги қурол-аслаҳамиз башарий эмас, балки қалъаларни яксон қилиш қудратига эга бўлган руҳий аслаҳалардир. Биз Худонинг қудрати билан сафсаталарга барҳам берамиз» (2 Кор. 10:3-4). Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламан: менинг ҳаётимдаги душман қўли билан ўрнатилган иблисона қалъалар таг-туби билан емирилиб кетсин. Менинг олдимдаги қоронғулик нурга, қийшиқ йўлларим эса — тўғри йўлга айлансин (қаранг: Ишаё 42:16). Сен менда бошлаган хайрли ишингни охирига етказишингни мен биламан (қаранг: Флп. 1:6). Таслим бўлмаслик учун менга сабр ва Сенинг Каломингда бўлишим учун куч ҳадя эт.
МУҚАДДАС КИТОБДАН
сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар
Тақводорлар ёлворар, Эгамиз эшитар, Барча балолардан уларни Эгамиз қутқарар.
Забур 33:18
Оғир кунда Менга қилгин илтижо, Сенга нажот берурман, Менга айтурсан мақтов.
Забур 49:15
Осмон Шоҳлигининг очқичларини сенга бераман. Ер юзида сен нимани боғласанг, осмонда ҳам боғланган бўлади. Ер юзида сен нимани ечсанг, осмонда ҳам ечилган бўлади.
Матто 16:19
Ўзигагина ишонган аҳмоқдир, ақл билан юрадиган эса нажот топади.
Ҳикмат. 28:26
Мени у севгани учун, — дейди Эгамиз, — Мен уни қутқарурман. Мен уни ҳимоя қилурман, У Менинг номимни билар.
Забур 90:14
Книга на узбекском языке: Сила молящейся женщины (Сторми Омартиан)