Сторми Омартиан. Ибодатгўй Аелнинг Кучи (11-боб) Ўзбек тилида 
МУНДАРИЖА
Ибодатнинг кучи
1-боб. Раббий, мени Ўзингга жалб эт, йўлларингдан юришни ўргат
2-боб. Раббий, мени покла, менда имонли юракни ярат
3-боб. Раббий, менга кечиришни ўргат
4-боб. Раббий, доимо Сенга итоатли бўлишимни ўргат
5-боб. Раббий, шайтон билан курашувимда иродамни мустаҳкамла
6-боб. Раббий, фикрларимни назорат қилишни ўргат
7-боб. Раббий, ҳаётимнинг барча жабҳаларида менга йўл кўрсат
8-боб. Раббий, Сенинг Каломингни чуқурроқ англашда менга ёрдам бер
9-боб. Раббий, ҳаётимда тартиб ўрнатишимга ёрдам бер
10-боб. Раббий, Сенинг ҳақиқий сажда қилувчинг бўлишимга ёрдам бер
11-боб. Раббий, меҳнатимни марҳаматла
12-боб. Раббий, Сенинг Руҳинг ҳосилини келтиришимга ёрдам бер
13-боб. Раббий, мени покликда ва ҳалолликда сақла
14-боб. Раббий, Ўзинг мени даъват қилган ишларга муносиб айла
15-боб. Раббий, одамлар билан тўғри мулоқот қилишимга ёрдам бер
16-боб. Раббий, доим Сени эшитишимга, Сенинг истагингни бажари шимга ёрдам бер
17-боб. Раббий, мени ва мен учун ардоқли бўлган нарсаларни сақла
18-боб. Раббий, тўғри йўл танлашда менга донолик ато эт
19-боб. Раббий, турли ёвузликлардан мени халос қил
20-боб. Раббий, мени салбий қарашлардан халос қил
21-боб. Раббий, ғам-ташвиш лаҳзаларида мени юпат
22-боб. Раббий, гуноҳга қарши туришим учун ёрдам бер
23-боб. Раббий, менга шифо бер, баданимни озода сақлашни ўргат
24-боб. Раббий, мени сохта қўрқувдан қутқар
25-боб. Раббий, Сенга қилган хизматим орқали одамларнинг меҳрини уйғотишимга ёрдам бер
26-боб. Раббий, менинг оғзимдан фақат ҳаётбахш сўзлар чиқсин
27-боб. Раббий, ишончим тоғларни суриб юборадиган аёл бўлишимга ёрдам бер
28-боб. Раббий, Масиҳга ўхшашим учун менга ёрдам бер
29-боб. Раббий, ўтмишимдан мени озод қил
30-боб. Раббий, ўзим учун тайёрлаган келажакка мени бошла
11-боб Раббий, меҳнатимни марҳаматла
Кечаси очқоринга ётиб ухлаш нима эканлигини мен жуда яхши биламан. Менинг ота-онам камбағал бўлгани учун, биз амаллаб кун кечирардик. Кўпинча уйимизда егани ҳеч қандай овқат бўлмасди, сотиб олгани эса пулимиз йўқ эди. Ёшлигимда оч-наҳор юрган пайтдаги хотиралар улғайганимда ҳам мени тарк этмасди. Бу туйғу олдинги воқеалар юз бермаслиги учун мени ишлашга, тинмай меҳнат қилишга ундарди. Дўст ва дугоналарим билан ўйнаб, ялло қилиб юриш ўрнига мен шанба ва якшанба кунлари соатига 50 центдан энагалик қилардим. Ҳафтанинг бошқа кунлари ҳам дарсдан кейин тун қоронғусигача меҳнат қилардим. Мактабда ва коллежда ўқиган пайтларимда шундай бўлган. Худди ўша сабаб туфайли коллежни битиргач, икки йилгача иккита жойда ишладим. Қалбимнинг тубида доим, овқат учун пул етказа олмайман, деган қўрқув турарди.
Фақат Раббийнинг борлигини билганимдан кейингина У Ўз фарзандларини таъминлашини тушуниб етдим. Ва ниҳоят мени таъқиб этиб келган очлик даҳшатидан қутулдим. Менга ғамхўрлик қилаётган Худога ўзимни ишониб топширишимни билиб, енгил тортдим. Мен бошқа саросимага тушмасдим, чунки Раббийга мурожаат қилиб, эҳтиёжларимни қониқтиришини сўрардим.
Тўғри келган ишга ёпишмай, ўзимга ёққанини танлаш имкониятига эга бўлдим. Ҳар қандай ишни менга раво кўрмагин, деб мен доимо Худодан сўрар эдим. Мен бажараётган ишни Раббим бошқараётганини англаб етдим. Мен бажараётган ишни Унга бағишлаб, Уни улуғласам, Раббий албатта мени марҳаматлайди. Шуғулланаётган ишим Ўзим учун қўрқув бўлмай қолди. Мен доим Худодан ишимни яхши бажаришимда Унинг ёрдамини сўрардим, зеро менинг меҳнатим чинакамига самарали ва муваффақиятли бўлишига мен интилардим.
Ҳаммага иш топилади
Сиз ким бўлишингиздан қатъий назар — кундузги бўлимнинг талабасими; йирик компаниянинг ходимими; ўз-ўзини таъминлайдиган ёлғиз аёлми; уй бекасими; ишбилармон аёлми; ногиронми; касалга қаровчи энагами; ёлғиз онами; хайр-эҳсон ташкилотининг ходимими, барибир, ўз ишингизни бажарасиз. Сизнинг шахсиятингиз — шоу бизнес юлдузими ёки Худо кўриб турган «кичкина» одаммисиз, катта аҳамиятга эга эмас. Қанча пул ишлаб топишингиз ҳам аҳамиятсиз, чунки сиз бажараётган иш Худо учун муҳим. Ва У сизнинг меҳнатингизни марҳаматлашига умид қиласиз.
Нима қилсак ҳам биз ўз ишимизни яхши бажаришни истаймиз. Агарда ишимиз ўнгидан келса, биз хурсанд бўламиз. Ўз яқинларимизга, оила аъзоларимизга, ўзимизга ўзимиз ёки атрофдагиларга бирор бир эзгулик, яхшилик қилсак, баҳри-дилимиз очилиб, мамнуниятни ҳис этамиз. Агар бизнинг меҳнатимиз Раббий томонидан марҳаматланмаса, бизларнинг ихлосимиз қайтади ва диққатимиз ошади.
Муқаддас Китоб баркамол аёл образини улуғ меҳнаткаш аёл тимсолида кўрсатган (қаранг: Ҳикмат. 31). У мулк сотади ва ҳарид қилади (кўчмас мулк бўйича вакилми?); у узумзорини парвариш қилади (мутахассис-боғбонми?); кийим тикади (модельерми?) ва уни сотади (кийим дўкони директорими?). У кучли, ғайратли ва шижоатли аёл. У кечгача меҳнат қилади ва ишини яхши бажараётганлигига ишончи комил. Бизни муваффақиятдан хурсанд ва мамнун бўлишимизни Худо хоҳлайди. Аммо бу ибодатсиз амалга ошмайди.
Ибодат бизга даромад иштиёқида биздан ҳаёт тортиб олаётган «бировнинг мулкига эга бўлиш» (қаранг: Ҳикмат. 1:19) ва бизни камбағал қилаётган «эринчоқ қўл» (қаранг: Ҳикмат. 10:1) ўртасида мувозанат ўрнатишга ёрдам беради. Ибодат «бойлик орттириш» иштиёқидан бизни сақлайди (қаранг: Ҳикмат. 23:4-5), лекин у бизга виждонан меҳнат қилиш истагини беради. Натижада бизга моддий мукофот келтиради (қаранг: Ҳикмат. 10:4). Ибодат бизга меҳнатга иштиёқ билан танбаллик ўртасида мувозанат ўрнатишга ёрдам беради, бутун дунёни эгаллаб ўз жонига зарар етказишдан асрайди (қаранг: Матто 16:26).
Инжилда шундай дейилган: «Юмушчи ўзига яраша иш ҳақига муносибдир» (1 Тим. 5:18). Бундан сиз ўз меҳнатингизга яраша мукофот олишингиз мумкин, деган хулоса келиб чиқади. Баъзида меҳнатнинг ўзи мукофот бўлади. Масалан, сиз ўз уйингизда меҳнат қилганингиз, овқат пишириб едирганингиз учун, ёки жуда бўлмаса болангизга оёқ кийим ипини бойлашни ўргатганингиз учун пул олмайсиз. Аммо барибир қилган меҳнатингизнинг роҳатини кўриш — бу қимматбаҳо мукофот. «Тақводорнинг меҳнати — ҳаёт…» (Ҳикмат. 10:16).
Агар сизнинг меҳнатингиз ҳақи жуда юқори бўлса, келажакда ҳам қилган меҳнатингизга катта даромад олиш учун албатта ибодат қилинг. Сизга иш берувчи ходимни ва унинг бизнеси марҳаматланишини Худодан сўранг, токи у одам ўз ишчиларига яхши хақ тўлаш имкониятини қўлдан бой бермасин. Сизнинг меҳнатингизни ўзга одамлар қадрлашини, уларнинг кўз ўнгида мартабангиз улуғланишини ибодат қилиб Худодан сўранг. Ўз ибодатингизда Парвардигорнинг иноятига мувофиқ мансаб поғонасидан юқорига дадил кўтарилишингизни сўранг. Шундай деб айтинг: «Раббим, мен ўз мансабимни кўтарилишини ва шунга мувофиқ ойлик иш ҳақим ошишини хоҳлайман. Сенинг ироданг шундай бўлса, истагим амалга ошсин». Агар сиз шундай ибодат қилиб ўз меҳнатингизни Эгам Раббийга бағишласангиз, У сизни марҳаматлайди.
Моддий аҳволингиз қандай бўлишидан қатъий назар — яхшими ёки унчалик эмасми, сизнинг меҳнатингиз Худо учун зарур. Бундай ибодатга бепарволик билан қараманг. Ўз меҳнатингизни Раббийга бағишланг, сизнинг меҳнатингизни марҳаматлашини Ундан сўранг.
Ибодат
Эй, Раббий, мен бажаришим керак бўлган ишни менга кўрсат. Агар мен ўз ишим билан шуғулланмаётган бўлсам, менга аён қил. Агар мен асосий ишдан ташқари бирор бир иш билан кўшимча шуғулланишим керак бўлса, менга буни ҳам кўрсат. Агарда Сен бир ишни ҳозирда ёки келажакда бажаришга ундасанг, Сенга илтижо қиламан: менга бунинг учун куч ва ғайрат бер, ўз мажбуриятларимни яхши, самарали бажаришимга ёрдам бер. Иш фаолиятимнинг турли жабҳаларида хурсандчилик ва қониқиш топишимга менга ёрдам бер.
«Ҳар бир меҳнатдан даромад олганим» (Ҳикмат. 14:23) учун, Сенга шукроналар айтаман. Менинг меҳнатимга муносиб ҳақ тўланишини илтижо қиламан. Сенинг битмас-туганмас марҳаматинг, сахийлигинг менга ёғилишини сўрайман. Мен хизматини қилаётган одамларни марҳаматла. Уларнинг мен билан қилган мулоқоти уларга марҳамат келтирсин, мен эса уларнинг вафодор ёрдамчиси бўлай. Шундай қилгинки, Сенинг севгинг ва омонлигинг дилимга тушиб, Сенинг эзгулигингдан дарак берсин. Хизматдошларимнинг юрагига яқин бўлишимга, Сенинг Шоҳлигингни улуғлашимга ва кўкларга кўтаришимга ёрдам бер.
Раббий, менга ато этган қобилиятларинг учун Сенга шукроналар айтаман. Агар мен ўз маҳоратимни оширишим керак бўлса, бунда менга ёрдам бер, зеро мен ўз ишимни сифатли адо этай. Касб маҳоратимни оширишимга менга ёрдам бер, чунки қилган меҳнатимнинг меваси ўзгаларга хуш ёқадиган бўлсин. Ўз билимимдан фойдаланиш имкониятларини менга ато эт, мен киришим керак бўлмаган жойларнинг эшигини беркитиб қўй. Менга донолик ато эт, бу масалада мени бошқариб юр.
Эй Раббий, мен ўз меҳнатимни Сенга бағишлайман, чунки Сен ҳамма нарсани муносиб тарзда ташкил қилишингни мен биламан (қаранг: Ҳикмат. 16:3). Ўз касбимга меҳримни уйғот, менга ёққан ишни яхши бажаришимга ёрдам бер. Ўз иш жойимда Сенинг Каломингга мувофиқ мен доимо тиришқоқ бўлишни ва сидқидилдан меҳнат қилишни хоҳлайман. «Ҳеч қачон ғайратимни сусайтирмасдан», оташин руҳ билан Сенга хизмат қилмоқчиман (қаранг: Рим. 12:11). Шундай қилгинки, менинг меҳнатимни ўзгалар манзур кўришсин, менинг меҳнатим кўпчиликка марҳамат келтирсин. Менинг меҳнатим доимо Сени улуғласин.
МУҚАДДАС КИТОБДАН
сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар
Эгамиздан қўрққан ҳар ким бахтлидир, Унинг йўлларидан юрадиганлар бахтлидир. Меҳнатинг самарасин еярсан, Бахтли бўлиб, ҳузур-ҳаловатга етарсан.
Забур 127:1-2
Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради, У бойликка ғам-ташвиш қўшмайди.
Ҳикмат. 10:22
Раббимиз Худонинг лутф-карами бизга ёр бўлсин, Ҳаракатларимизга омад бергин, О, ҳаракатларимизга барака бергин!
Пс. 89:17
Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан? У оддий одамларга эмас, шоҳга хизмат қилади.
Ҳикмат. 22:29
Ҳамма еб, ичиб, ўз қилган меҳнатининг роҳатини кўрсин. Бу Худонинг инъомидир.
Воиз 3:13
Книга на узбекском языке: Сила молящейся женщины (Сторми Омартиан)