Джош ва Шон Макдауэлл. ТАРИХ ЙЎНАЛИШИНИ ЎЗГАРТИРГАН ДАЛИЛ -(Аудиокитоб) Ўзбек тилида
TARIX YO‘NALIShINI O‘ZGARTIRGAN DALIL (Josh va Shon Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Менинг шахсий саёҳатим
Масиҳийликни рад этмоқчи бўлганимда нималар юз берди?
1-боб
Тирилиш нега бунчалик муҳим?
Дунёнинг ягона умиди
2-боб
Биз тирилиш чиндан ҳам содир бўлганини аниқ билишимиз мумкинми?
Бу ҳақиқатми? Бунга ишонса бўладими?
3-боб
Тирилишнинг далиллари
Ҳақиқатан ҳам Исо ўлган, дафн этилган ва тирилганмиди?
4-боб
Хўш, кейинчи?
МЕНИНГ ШАХСИЙ САЁҲАТИМ
МАСИҲИЙЛИКНИ РАД ЭТМОҚЧИ БЎЛГАНИМДА НИМАЛАР ЮЗ БЕРДИ?
Келлог коллежида ўқир эканман, қачонлардир сиёсат билан шуғулланиш мақсадида ҳуқуқшунослик мактабига киришга тайёрланардим. Бир қанча талабалар орасида ҳаёти умуман бошқаларникига ўхшамаган бир гуруҳ бўлиб, улар менинг диққатимни тортди. Пул, муваффақият ёки шон-шуҳрат учун яшаш ўрнига, бу талабалар бир-бирларига астойдил меҳр қўйишганди. Мен эса омади юришмаган оилада ўсгандим ва фермамизда ишчи бўлган Уэйн Бейли болалигимда бир неча йил давомида мени зўрлаб келган. Шу боис улардаги бир-бирига нисбатан ҳис этиб, намоён этишаётган севгини жуда-жуда истардим. Уларнинг ҳамма одамларга – ўз гуруҳидагиларга ҳам, бегоналарга ҳам бўлган севгиси – менга жуда ғалати туюларди. Аммо мен бундай севгига ўта муҳтож эдим.
Шу билан биргаликда, ўзига ишончсиз одам бўлганим боис гап кавлаштиришга ҳушим йўқ эди. Уларнинг юрагим тубига яширинган жароҳат ва ўша оғриқни билишларини истамасдим. Аммо уларнинг сирини билиб олиш умидида ўзим дўстлашишга уриндим. Бир куни, талабалар иттифоқида стол атрофида ўтирганимизда худди тасодифан қилгандек, шу гуруҳдаги бир қизга савол бердим: унинг кампусдаги бошқа талабалар ва ўқитувчиларга унчалик ўхшамаслигининг сабаби нимада? Гўёки бу ҳақда шунчаки сўраётгандек қиёфага кирдим, лекин буни билишни ҳақиқатан ҳам жуда истаётгандим. Бу қиз енгил табассум қилиб, кўзларимга тик қаради ва кампусимизда ҳеч кимдан кутилмаган жавобни икки оғиз сўз билан айтди. У оддий қилиб деди:
– Исо Масиҳ.
Бунга жавобан, ўйлаб ўтирмай бидирлаб ташладим:
— Фақат дин ҳақидаги беҳуда гапларни гапириш керак эмас. Мен дин, черков ва Муқаддас Китоб ҳақидаги гаплардан тўйиб бўлганман.
Унинг нозик жойига тегиб кетдим, шекилли, чунки қиз худди шундай қизиққонлик билан эътироз билдирди:
– Жаноб, мен сизга дин ҳақида гапираётганим йўқ. Сизга Исо Масиҳнинг шахси ҳақида сўзлаяпман.
Қўполлик қилиш хаёлимда ҳам йўқ эди, шу боис кескинлигим учун дарров узр сўрадим. Лекин шунда ҳам, масиҳийлар – ҳаммаси бирдай омадсиз, дин эса шахсан менинг кўнглимни айнитади, деб ўйладим. Икки минг йил олдин ўлган кимдир қандай қилиб бугун менинг ҳаётимга алоқадор бўлиши мумкин?
Ҳайрон қолган жойим, талабаларнинг бу гуруҳи менга фикран қарши чиқаётганди: ўзим ҳаммасини текшириб кўриб, Масиҳ Ўзи ҳақида нима деганига ишонч ҳосил қилсам нима бўлади? Аслида Каломни, Исонинг илоҳийлиги ва Унинг тирилиши ҳақидаги тарихий гувоҳликларни ўрганиш ҳақиқатан ҳам оддий вазифа эмасди. Ана шундай қилиб, коллежни ташладим ва омадим юришган бўёқчилик бизнесидаги жамғарган пулларимдан фойдаланиб, масиҳийликни инкор қиладиган далилларни тўплаш учун Қўшма Штатлар, Англия ва Яқин Шарқни кезишга тушдим. Бизнинг давримизда китоблар, маҳаллий кутубхоналар ва Интернетда бундай далиллар кўп. Лекин 1950 йилларда уларни фақат ўзинг бутун дунё бўйлаб кутубхоналар ва университетлардан излаб топишинг мумкин эди. Мен масиҳийликнинг устидан кулиш учун йўлга тушдим. Топганларим эса ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди.
Бир гал кечқурун тадқиқотларда ўтказган кўп ойлардан сўнг, чарчоқни ҳис қилиб, Лондондаги бир кутубхонада ёлғиз ўтиргандим. Тўсатдан худди менга мурожаат қилаётгандек овоз эшитилди. Одатда мен ҳеч қанақа ғайритабиий овозлар эшитмасдим, шу боис, бу воқеа мени таажжублантирди ва титратиб юборди. Овоз шундай деди: «Жош, сен шу тариқа бирорта ҳам арзигулик исбот топа олмадинг-а». Мен бунга жавобан ўзимда пайдо бўлган ҳиссиётларимни босдим. Пировардида, мен масиҳийлик нотўғрилигини исботламоқчиман, уни қабул қилмоқчи эмасман-ку. Шуниси қизиқки, энди мен деярли ҳар куни худди шу овозни баландроқ, баландроқ ва янада баландроқ эшита бошладим! Масиҳийликни инкор қилувчи материалларга кўпроқ кириб бораверганим сайин улар мени мақсад қилган хулосамга қарама-қарши бўлган натижага олиб бораётганди.
Мен ўз олдимга масиҳийликнинг шармандасини чиқариш мақсадини қўйгандим, аммо тадқиқотларим мени Муқаддас Китобга, Исо – Худо эканлиги ва У ўлганидан уч кундан кейин тирилганига ишонишга олиб келди.
Бироқ ҳатто бу ҳақиқат эканлиги тушунарли бўлганидан кейин ҳам, мен аввалига ўз ҳаётимни Масиҳга эргашиш учун бағишлашга қаршилик қилиб туриб олдим. Одамлар мен ҳақимда нима деб ўйлаши ва масиҳий бўлиш нималарга олиб келиши мумкинлигидан қўрқардим. Лекин энди, Масиҳга эргаша бошлаганимдан эллик йил ўтгач, бу менинг ҳаётимдаги энг яхши қарор бўлганини самимий ва чин дилдан айта оламан. Масиҳийликнинг ҳақиқийлигига бўлган бу далиллар менинг диққатимни тортди, бироқ охир-оқибатда менинг юрагимни Худонинг севгиси эгаллади, бу севги саёҳатимнинг бошланишидаёқ ўша талабаларнинг ҳаётида жуда яққол намоён бўлганди.
«Тирилиш ва сиз», бу – мен ва ўғлим Шон ҳаммуаллифлигида яратилган китоб. Агар сиз Масиҳга ишонсангиз, у ҳолда бу китоб сизнинг эътиқодингиз мустаҳкам асос устига қурилганини исботловчи далилларни ўзингизга таклиф қилади. Эҳтимол, сиз бунда келтирилган фикрларга қўшилган ҳолда, ушбу китобни масиҳий бўлмаган дўстингиз билан ҳам баҳам кўриш ҳақида ўйлаб кўрарсиз?
Агар сиз масиҳийликка ишончсиз муносабатда бўлсангиз, сиздан илтимосимиз фақат шу, – уни аввал янглиш чиқарилган хулосасиз ўқиб чиқинг. Агар Исо ҳақиқатан ҳам қайтадан тирилиб – Худонинг Ўғли эканини қудратли равишда намоён қилган бўлса (қаранг: Рим. 1:4), у ҳолда ҳаётда Унга эргашишдан муҳим нарса йўқ. Агар Исо ўликдан тирилмаган бўлса, у ҳолда сиз ҳеч нарса йўқотмайсиз – бу атиги муваффақиятсиз бир уриниш бўлади, холос.
Бу дунёни ҳеч ким Исо Масиҳ ўзгартирганидек ўзгартира олмаган. У ҳали ҳам умрларни ўзгартириш устида ишламоқда. Энди эса, келинг, тирилишнинг исботларини кўриб чиқамиз ва бу сиз учун нимани англатиши ҳақида ўйлаб кўрамиз.
Жош Макдауэлл
Книга на Узбекском языке: - Факт изменивший ход истории (Джош и Шон Макдауэлл)