Сторми Омартиан ва Хейфорд Джек. Бирга қилинган ибодатнинг қудрати - (6-боб) Китоб Ўзбек тилида
Birga qilingan ibodatning qudrati (Stormi Omartian va Xeyford Djek) O‘zbek tilida Audiokitob
Мундарижа
Миннатдорчилик
Замондошларимизга мактуб
1–боб. Ибодатнинг қудрати нимада ва уни қандай олиш мумкин?
2–боб. Ибодатингиз қудрати
3–боб. Ибодатгўй шерикни топинг
4–боб. Гуруҳга қўшилинг
5–боб. Ибодатгўй жамоатнинг қудрати
6–боб. Миллатни қутқариш учун ибодатда бирлашув
7–боб. Шахсан мен нима қила оламан?
Олтинчи боб
Миллатни қутқариш учун ибодатда бирлашув
Жамоатимиз ҳаётида бурилиш воқеаси – кечки ибодат йиғини бўлди, бу йиғин 1973 йилнинг ноябрь ойининг чоршанба кунларидан бирида бўлган эди. Бу даврда давлатчилигимизнинг асоси заифлашиб қолган эди. Вьетнам уруши ва бу урушга қарши исён қилаётган ёшларнинг кўплаб чиқишлари ватанимизнинг қалбини титратиб юборди. Руҳий масалалар бўйича сўз юритмаган машҳур газеталарнинг шарҳловчилари ўшанда, Американинг қалби худди Гражданлар уруши пайтидаги сингари хавф–хатарда қолди, деб ёзган эдилар. Энг оммавий газеталардан бири: “Америка ўзининг 200 йиллик юбилейигача яшайдими?” деб савол ҳам берган эди.
Тахминан шу пайтларда мамлакатда Уотергейт жанжали ҳам кучайиб кетди, ҳаммани бўлғуси Президент ҳокимияти масаласи бўйича жиддий хавф қийнаётган эди. Ўша куни кечқурун ибодат йиғинида бир ёш йигит қўшиқ куйлади, бу қўшиқни у Раббийнинг раҳнамолиги остида Сув дарвозаси олдида яҳудийларнинг учрашуви тўғрисидаги мавзу бўйича Нахимиё пайғамбар китобидан парчага таяниб ёзган эди.
Сув дарвозаси Қуддусни ўраб турган қалъа деворларидаги кўплаб дарвозалардан бири эди. Аммо Навуходносор шаҳарни босиб олганда девор бузилиб кетган, дарвоза эса ёндирилган эди, Исроил халқини эса Навуходносор босиб олган эди. Бир неча йил ўтгач – яҳудийларнинг бир қисми асирликдан қайтиб келгандан кейин Форс шоҳининг соқийси бўлиб хизмат қилаётган Нахимиё билдики, Қуддус атрофидаги девор ҳамон вайрон бўлиб ётган экан. У шунчалик хафа бўлдики, бир неча кун йиғлади, рўза тутиб, Худога ибодат қилди ва Худо билан аҳд қилган Исроил болаларининг гуноҳлари учун тавба қилди.
Нахимиё деворни тиклаш учун шоҳдан Қуддусга қайтиб боришга рухсат сўради. Шоҳ унга рухсат бериши биланоқ, одамларни қурилиш ишларига жалб қилиш учун юртига жўнади. Ниҳоят, девор тиклангач, бутун халқ Мусонинг қонунини ўқиб, Худога сажда қилиш учун Сув дарвозаси ёнида тўхтади (қаранг: Нахимиё 8:1–6).
Ёш йигит ўшанда бизга куйлаган қўшиқ бизни Сув дарвозаси ёнида йиғилишга (бизнинг вазият билан айтганда Уотергейт жанжалининг рамзини ифодалайди), Худога сажда қилишга, Унинг ҳақиқатини эълон қилишга ва ибодат қилишга даъват этди. Агар биз шуни қилсак, Худо вазиятни ўзгартиради. Худо яхши томонга ўзгаришлар тўғрисида бизни ибодат қилишга даъват этаётганини, гўё биздан бошқа ҳеч ким бу тўғрида ибодат қилмаётганини Муқаддас Руҳ ҳам намоён қилди.
Ўша куни кечқурун Худо бизга қуйидаги сўзлар билан мурожаат этди: “Менинг номим билан аталган халқим тавба қилиб, Менга илтижо қилса, Менга юз буриб қабиҳ йўлларидан қайтса, Мен осмондан туриб уларнинг илтижоларини эшитаман, гуноҳларини кечириб, юртига шифо бераман” (2Солнома. 7:14). Биз бу оятни унутмайлик, деб қавмбоши Джек мамлакатимиз учун ибодат қилгани ҳар чоршанба соат 19:14да учрашувимизни таклиф қилди.
1974 йилнинг бошидан биз жамоамиз билан Уотергейт жанжали туфайли келиб чиққан сиёсий кризисни бартараф қилиш, ҳақиқат очилиши ва вазиятдан тўғри чиқиш йўли топилиши учун биргаликдаги ибодатга доимо йиғилардик.
Қолаверса, қавмбоши Джек Тимотийга биринчи мактубда баён этилган васийлик принципларини чуқур ўрганиш мақсадида Муқаддас Китоб дарсларини ўтказа бошлади (қаранг: 1Тим. 2:1–4), ўзининг айтишига кўра, бу оят у учун кашфиёт бўлган экан. Мен қавмбоши Джекнинг учта тезисини келтираман:
- Ҳамма учун васийлик ва ибодат қилиш, айниқса, ҳукумат учун ибодат қилиш – бу жамоатнинг вазифасидир (қаранг: 1Тим. 2:1).
- Жамиятдаги руҳий муҳит “осойишта, сокин ҳаёт кечиришимиз” (қаранг: 1Тим. 2:2) тўғрисидаги ибодат ёрдамида ўзгариши мумкин.
- Бундай ибодатнинг мақсади Худо Каломининг ёйилиши ва Худонинг марҳамати билан ҳамма одамларнинг нажот топишидир, чунки бу Худога маъқулдир (қаранг: 1Тим. 2:3–4).
Соддароқ қилиб айтганда, васийлик ибодати учун бошқа имонлилар билан бирлашувимиз учун Худо бизга амр қилади. Бу бизга Худо томонидан амр қилинган, бу ҳақда Муқаддас Китобда ёзилган, бу – такаббурликни итоат эттириш учун энг аъло воситадир.
Мен китобимнинг биринчи бобида жамоатимизнинг аъзоси бўлган иккита машҳур композитор ҳақида эслаган эдим. Мени қавмбоши Джек билан улар таништирган эдилар. Айни шу пайтда улар ўша композиторлар “Қайнийди Менинг халқим…” деган мусиқа ёздилар. Иккинчи Солномаларнинг 7–боб, 14–ояти таассуротлари асосида яратилган бу ажойиб асарда, агар халқ мўмин бўлиб, мамлакати учун ўзини ибодатга бағишласа, қандай ажойиб нарсалар юз бериши кўрсатилган эди. Бу оят юракларимизни туб–тубигача титратиб юборди, биз шунга амин бўлдикки, мамлакат учун ибодат буюк ўзгаришларга йўл очиши мумкин экан.
Масиҳий қўшиқчилар гуруҳи бу мусиқани ёзиб олди, бу гуруҳ таркибида қачонлардир менга Раббийга йўлни кўрсатган дугонам Терри ҳам бор эди. Биз бу асарнинг тақдимоти бўйича мамлакат бўйлаб гастролга жўнадик. Ана шу гастрол вақтида Америка учун ҳар куни 100 000 имонли ибодат қилган эди.
Васийлигимизнинг мақсадини яхши англаб, мамлакатимиз учун узоқ ибодат қилганимиз сари, ибодат қилиб, қарор қилишимиз зарур бўлган муаммоларни кўпроқ кўра бошладик. Табиийки, биз Президент учун, вице–президент учун, министрлар кабинетининг аъзолари учун ва ҳамма министрлар учун ибодат қилдик. Биз, шунингдек, сайланадиган амалдорлар,судьялар, суд органлари, армия ва ҳарбий бошлиқлар учун ҳам ибодат қилдик. Ибодат қилишимиз зарур бўлган вазиятни танлагани газеталар ўқирдик, радио тинглардик, турли каналлардан янгиликлар дастурини кўрардик. Муттасил ибодат биз учун оғир иш бўлмай қолди, чунки ибодат ўз ватанимизга муҳаббатимизнинг табиий натижаси эди.
Кўп ўтмай мамлакатда ўзгаришлар юз бера бошлади. Аввало, Уотергейт жанжали тўғрисидаги бор ҳақиқат очилди. Гарчи Президент ва унинг ёрдамчилари истеъфога чиқишини ваҳима билан кузатиб турсак ҳам, Худо бизнинг мамлакатимизни қутқаришга киришганини билиб турардик. Бу эса келгусидаги кураш учун бизга куч бағишларди. 1976 йили Президент сайловларидан кейин қачонлардир мамлакатимизнинг ёрқин келажаги ҳақида шубҳа билдирган газетада “Америка руҳий кўтарилишни бошдан кечиряпти” сарлавҳаси остида мақола пайдо бўлди. Газета ноширлари ҳеч шубҳага ўрин қолдирмасдан, тамомила ҳақ эдилар. Майин шабада сингари тушган Худо Руҳи имонли одамларнинг кўплаб васийликларига жавобан мамлакатимизга шифо бериб, қайта тиклади.
Агар тарихий китоблар нима тўғрисидадир жим турган бўлса, бу ҳам оғир пайтларда бирга йиғилган масиҳийларнинг ибодатлари Американи неча марта қутқарганидир. Бизнинг давлатимиз ибодат қилиш қўлларидан келадиган одамлар томонидан барпо қилинган. Тарихимизнинг бошланишида ҳукмдорлар кўпинча, мамлакат учун ибодат қилинглар, деб халққа мурожаат этарди. Масалан, Конституция яратилаётган жараёнда жамиятимиз жиддий зиддиятларни келтириб чиқарди, худди шу пайтда Жорж Вашингтон ва Бенжамин Франклин давлатнинг одамларини ҳар куни эрталабки ибодатга чорладилар. Биринчи ибодатдан кейин етакчилар 200 йилдан ортиқ бирликни қўллаб–қувватлаб келган ҳужжат яратиб, мувофақатга келдилар.Улар, Худонинг ёрдамисиз биз буни қила олмасдик, деб эътироф этдилар.
Яна бир мисол келтираман. Мамлакатимиз қийин пайтларни бошдан кечираётганда, Авраам Линкольн умумхалқ рўза ва ибодатни эълон қилган эди, токи миллат гуноҳлари учун тавба қилсин – гап қул сақлаш ва такаббурлик тўғрисида борган эди – ва Худонинг кечиримини сўрасин. Орадан роппа–роса икки кун ўтгач, вазият яхши томонга ўзгарди ва миллат бирлигини сақлаш, қулларни озод қилиш учун шароит пайдо бўлди.
Мен бор–йўғи Америка фуқароларининг ибодат васийлиги мамлакатимизни қутқариб қолгани тўғрисида иккита ҳужжатда тасдиқланган ҳодисани ҳикоя қилиб бердим. Қайд қилинмаган бунга ўхшаш ҳодисалар мамлакатимиз тарихида қанчалаб юз берганини фақат Худо билади. Гап шундаки, мамлакат учун ибодат бизнинг ҳуқуқимиз ва бурчимиз. Бу фақат жамоат қавмбошилари ва етакчиларининг бурчи эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Чунки мамлакат учун ибодат қилиш – танлов иши эмас, балки Худо бизга юклаган мажбуриятдир.
Агар Худо халқи “ёриб кирса”
“Ёриб кирмоқ” – замонавий супермаркетга савдо қилиш учун кириш эмас. Бу дегани – Худо олдида туриб, бошқа одамлар учун ибодат қилиш деганидир.
Минг йиллар давомида ҳар қандай шаҳарнинг биринчи мудофаа линияси унинг атрофида ўрнатилган қудратли қалъа девори эди. Деворни ёрмасдан шаҳарга кириш имкони йўқ эди. Агар деворда ёриқ пайдо бўлса, уни ямаш керак эди, чунки бу ёриқ орқали душман кириши мумкин эди.
Васий – Худонинг солиҳлиги ва инсон гуноҳи ўртасидаги “ёриқда турадиган” одам бўлиб, “Одамларга Худонинг марҳамати ёғилсин ва уларнинг ҳаёти шароити ўзгарсин”, деб сўрайди.
Васийлар керак, чунки бу оламда гуноҳ қандай оқибатларга олиб келишини тушунмайдиган одамлар жуда кўп. Ёки Худо улар учун нима қилишини билмайдилар, шунинг учун Ундан ўзлари учун ҳеч нарса сўрамайдилар. Худо қанчалик сахий ва бойлигини, Худо уларни кўп мукофотлашини улар англамаганлари сабабли, бундай одамлар ўзлари учун ибодатда “ёриқда турадиган” одамларга эҳтиёж сезадилар. Ҳатто ибодат қилиш кераклигини биладиган одам ҳам вазиятнинг зарбаси остига тушиб қолади ва ибодат қилиш қобилиятини йўқотади. Улар ҳам ўзлари учун “ёриқда туришга” рози бўладиган васийларга муҳтожлик сезадилар. Ана шунда саҳнада сиз билан биз пайдо бўламиз. Қачон биз Худонинг аралашувига муҳтож бўлган ўша одамлар учун, уларнинг ҳаёти яхшилансин, деб ибодат қилганимизда, биз Худонинг даъватига жавобан, Унинг ниятларини амалга оширишга шерик бўлайлик, деб айтамиз.
Қавмбоши Джек бизнинг диққатимизни Муқаддас Китобдаги бир оятга қаратган эди, бу оятни у Муқаддас Китобнинг энг ғамгин оятидир, деб айтган эди. Худо Исроил халқига пайғамбар Ҳизқиё орқали мурожаат этади ва нима учун уларнинг устидан чиқарилган ҳукмни қайтариб бўлмаслигини тушунтиради. Худо айтади: “Мен деворни қайта қурадиган ва деворнинг ўпирилиб тушган жойида туриб, юрт учун шафоат қиладиган одамни изладим. Аммо …бундай одамни уларнинг орасидан топа олмадим” (Ҳизқиё 22:30 – курсив меники – С.О.)
Ўз юрти учун ибодат қилишга рози бўлган биронта одамни Худо топа олмагани ғалати эмасми?! Ана шунда бу юртда пайдо бўлган ҳамма ёвузликлар учун юртни ҳукм қилиш вақти келди. “Шунинг учун Мен қаҳримни юртга сочиб, у ердаги барча жонзотни ғазабим оловида йўқ қиламан. Қилган қилмишларига яраша жазосини бераман” (Ҳизқиё 22:31).
Худо айтадики, агар ер юзида битта ҳимоячи топилса эди, кулфат бартараф қилинган бўларди.
“Худонинг жазоси муқаррар эканини билиб, бу сатрларни тиртрамасдан ўқиш мумкин эмас, – дейди қавмбоши Джек. – Гап шафқатсиз ва қасоскор эканлигида эмас, балки Худонинг жазо берадиган адолат қиличи четга чиқа олишидадир, аммо шундай бўлмади. Қасос қиличи Худонинг ҳузур–ҳаловати инъом қилинган бутун халқни шикастлади. Исроил халқи, Худо бизнинг ахлоқсизлигимизга тоқат қилади, деб ишонардилар. Уларнинг энг катта хатоси ҳам шу эди. Улар, биз Худонинг ҳузур–ҳаловатига эга бўлганимиздан кейин, Унга ҳисоб бермаймиз, деб қарор қилган эдилар. Охири шундай бўлдики, Худонинг таанланган халқи Унинг ғазабини ўзига олишдан кўра, Унинг йўллари донолигини рад қилдилар”.
Биз Худонинг бу сўзларини ўқиб, халқимиз тарихи ва унинг гуноҳлари билан параллелликни кўрмаслигимиз мумкинми? Шубҳасиз, бутун олам тортишиш қонунига кўра, руҳий қонун бор – нима эксанг, шуни ўрасан. Шунингдек, бу қонуннинг амал қилиши исботини кўрмаганимизда ҳам – аслида бу қонун юз беради – шу нарса тушунарлики, бундай руҳий қонун йўқ дегани эмас. Экин–тикин ва ўрим орасида узоқ вақт ўтади, шу боис бундай руҳий қонун мавжудлигига бизда шубҳа пайдо бўлади.
Ёвузлик ҳеч қачон Худодан келиб чиқмайди. Ёмонлик шунинг учун юз берадики, биз ёмонлик уруғини сепдик ёки душман бизга зарар етказди. Иккала ҳолатда ҳам Худо бизга нажот топиш имконини беради. Бунинг учун эса биз “Унинг олдидаги ёриқда туришимиз” керак, яъни ибодатга тиз чўкишимиз керак. Бизнинг тарихда қанчалар ёмон воқеалар юз берганига қарамай, Худонинг марҳаматларидан ҳузур–ҳаловат топишда давом этиб, сон–саноқсиз ибодатгўйлар ватанимиз учун “Худо олдидаги ёриқда турадилар”.
Агар шундай бўлсаки, Худо мамлакат учун ибодат қилишга тайёр турган одамни изласаю лекин топмаса, бунда душманлар келиб, ўша юртни эгаллайди. Бу далил ҳар биримиз ўз мамлакатимиз ҳимояси учун ўйнайдиган буюк рол ҳақида гувоҳлик бераётганини тушунамизми? Агар биз васийлар сифатида Худонинг Каломига мувофиқ ибодат қилсак, Худодан, Ўз қудратингни кўрсат, деб сўрасак, биз воқеаларнинг боришига ва Худонинг қасос қиличини мамлакатимиздан бартараф қилишга таъсир кўрсата оламиз.
“Худо, ҳукм куни ҳеч қачон келмайди, деб айтмайди, – деб тушунтирди қавмбоши Джек. – Аммо ҳукм вақтинчалик нари кетмайди. Бизнинг вазифамиз – имкониятимизни қўлдан бермаслик. Биз ўтмишни ўзгартира олмаймиз ва келажакни кўра олмаймиз, лекин биз ўз авлодимиз олдида масъулиятимизни тушуниб, Худонинг таълимотига риоя қилиб, ибодат қила оламиз. Албатта, ўз мамлакатимизни севишимизга қарамай, биз мамлакатимизнинг гуллаб–яшнаши учун ибодатларимиз орқали кафолат бера олмаймиз. Лекин Тимотийга биринчи мактубнинг иккинчи боби бизга охирги мақсадимизни – Инжилни ваъз қилиб, одамларни ҳукм қилишдан сақлаб қолишни кўрсатади”.
Табиийки, Муқаддас Китоб давридаги шаҳарлардан ҳозирги шаҳарлар фарқ қилади, ҳозирги шаҳарлар ҳимоя деврлари билан ўралмаган. Аммо биз бошқа имонлилар билан бирга ибодат қилиб, мамлакатимиз атрофида шундай деворни – нажот берадиган ва халоскор Худо қудрати деворини ўрнатишимиз мумкин. Биз Худонинг даъватига биноан “ёриқда туриб” жавоб беришимиз, Унинг амрларини бажариб яшашимиз мумкин. Биз Худодан, юртимиз устида қалқонни кўтар, унинг атрофида меҳрибонлик ва фаровонлик деворини ўрнат, деб сўрашимиз мумкин. Аммо биз ибодат қила олмасак, лозим даражада бу қалқонни кўтара олмасак, бизни шунга яраша жазо кутади. Шуни тушунишимиз керакки, сиз билан бизга ўхшаган оддий одамлар ибодат учун “ёриқда турса”, бундай ҳолатда ҳаммаси ўзгаради.
Агар Худонинг халқи кўриш учун кўзларини очса
Яқинда метереологлар Флорида қирғоқларига даҳшатли тўфон яқинлашиб келяпти, йўлида учраган ҳамма нарсани йўқ қилиб ташлаш хавфи бор, деб башорат қилдилар. Аммо кўп одамлар ибодат қила бошладилар, натижада тўфон оддий жалага айланди. Бундай метаморфоза – вақти –вақти билан юз берадиган ва ҳеч қандай рационал изоҳи йўқ ҳодиса принципда тасодиф бўлиши мумкин эмаслигини тушунамиз. Сиз “Наҳотки бу мўъжиза бўлмаса?” сарлавҳаси остида неча марта мақола ўқигансиз? Юз берган воқеа ҳақиқатан неча марта мўъжиза бўлган, гарчи кўпчилик бунга охиригача ишонмаса ҳам? Бу масала бўйича “Йўлдаги жамоат”да қавмбоши Джекнинг вориси қавмбоши Скотт Бауэр шундай деган эди: “Агар бугунги газеталардан сиз ҳалокат ва вайронагарчиликлар тўғрисидаги одатдаги ахборотни топа олмасангиз, шуни билингки, Худонинг халқи улардан қутулиш ҳақида бир кун олдин васийлик қилган бўлади”.
Бизнинг халқ, чамаси, ер юзидаги бошқа ҳар қандай миллат ҳам, Худонинг ҳукмига лойиқ. Лекин Худо фақат содиқ васийларнинг ибодатлари туфайлигина бу ишни ҳал қилмайди. Гуноҳ ҳар куни бизнинг оламга янада чуқурроқ кириб боради. Инсоният айниганлигининг янги чегараларини очиб берадиган даҳшатли ёвузликлар тўғрисидаги хабарлар кимни хижолатда қолдирмайди? Шу билан бирга янада кўпроқ одамлар ибодат ва васийликнинг аҳамиятини тушуна бошлайдилар, нимадир ўзгариши учун ибодат қилишни ўрганадилар. Кўпчилик одамлар фақат имонлиларнинг ибодатлари туфайли инъом қилинган кўплаб марҳаматларни кўрмайдилар.
Худога шундай одамлар керакки, улар ибодатда “Унинг олдида ёриқда” туришга қодир бўлсин. У кўзларини очиб, кўринмайдиган нарсани кўрадиган, Унинг ниятларини тушунадиган одамларни излашда давом этади.
Агар биз кўр бўлсак, ҳақиқатни ва мақсадимизни кўрмаймиз, оҳ–воҳ қилиб, қўрқа бошлаймиз. Мавжуд вазиятни яхши томонга ўзгартириш тўғрисида ибодат қилиш ўрнига, биз вазиятдан тез–тез шикоя қиламизми? Биз Худога ишонишга ибодат қилиш ўрнига, келажак учун хавотирланиб, бесаранжом бўлиб қанчалар титраганмизми? Биз ёвузликнинг кўпайишига қанчалар имконият яратиб берамизу ўзимиз эса заифлашиб эгилиб қоламиз, ибодат қилиш ўрнига таслим бўламиз? Биз кўпинча ибодат қилишни эмас, балки тақдирдан шикоят қилишни афзал кўрамизми? Чунки ибодат – ниҳоятда қийин иш деб ўйлаймизми? Ибодат қилиш ўрнига, ҳамма кулфатларда Худони, сиёсатдонларни, Президентни айблаш осон деб биламизми? Кўпинча биз кўзларимиздан яширин бўлган нарсани кўриш учун Худодан ёрдам сўраш ўрнига: “Бирибир бизнинг ибодатимиз ҳеч нарсани ўзгартирмайди”, деб ўйлаймизми?
Бу оламда шундай куч борки, Худо Ўз ишларини бажариши учун ўша куч ҳалақит беради. Агар биз ўша кучнинг зоҳир бўлишини кўрмасак ҳам, Худонинг Каломи ёки ибодат воситасида уни топишимиз мумкин. Лекин билиш мумкин бўлган бошқа куч ҳам бор. Элиша пайғамбар ва унинг хизматкори уларнинг шаҳрини душманнинг жанг аравалари қамал қилганини кўрганлари тўғрисида Эски Аҳд хабар беради.
— Эвоҳ! Ҳазратим, энди нима қиламиз? — деб сўради.
— Қўрқма, — деди Элишай, — чунки бизнинг ҳимоячиларимиз уларникидан жуда кўп.
Кейин Элишай илтижо қилди:
— Эй, Эгам! Хизматкоримнинг кўзини оч, у кўрсин!
Эгамиз хизматкорнинг кўзини очиб юборди. Элишайнинг атрофидаги қирлар оловли отлар ва жанг араваларига тўлиб кетганини хизматкор кўрди” (4Шоҳ. 6:15–17).
Биз шунинг учун ибодат қилишимиз керакки, Худо бизнинг кўзларимизни очсин, У биз учун ғамхўрлик қилаётганини ва бизни ҳимоя қилаётганини кўрайлик. Биз жасорат ва ишонч билан ибодат қилишга ўрганишимиз учун Худо ҳақида, ўзимиз ва душманимиз ҳақида ҳақиқатни кўришимиз зарур.
Кўп одамлар ибодат қилишни истамайдилар, чунки улар, келажак олдиндан белгилаб қўйилган, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, бу Муқаддас Китобга мос келар эмиш. Аммо Муқаддас Китобда “Que sera, sera”* деган гап йўқ, гарчи айрим одамлар, бундай гаплар бор, деб айтсалар ҳам. Ҳа, Муқаддас Китоб оламда вазият жиддий ёмонлашиб бораётганини башорат қилади, аммо Китоб “Нима бўлса бўлар” ёки “Пешонага ёзилгани бўлар”деб айтмайди. Исо Худонинг инсониятга нисбатан шафқатли даври қачон тугашининг на куни, на соатини билиш бизга берилмаганини аниқ қилиб айтади. Бу бизнинг заминдаги ҳаётимизда ёки ундан кейин юз берадими йўқми – ҳеч ким билмайди. Аммо биз бир нарсани биламиз: Исо бизга, Мен қайтиб келгунимча Шоҳлигимни кенгайтиринглар, деб амр берган. У қатъий равишда, сизлар нофаол ва ҳеч нарса қилмайдиганлар қаторида кўришим Менга маъқул эмас, дейди. Худо Шоҳлигини кенгайтириш – ибодат ёрдамида Худонинг хоҳиш–иродасини ижро этиш, яъни Унинг режаларини амалга ошириш йўлларини излашдир. Агар бир ибодат қилишни бас қилсак, ким билади – биз, яқинларимиз ва ҳатто бизга таниш бўлмаган қанчадан–қанча одамлар маънисиз азобларни бошдан кечиришларига тўғри келади?!
Худо айтадики, сўрамаганингиз учун сизларда йўқ (қаранг: Ёқуб 4:2), дейди. Бундан бошқа яна нима бўлиши мумкин?! Биз Худодан ўзимиз муҳтож бўлган нарсани сўрашимиз керак, лекин У бизнинг эҳтиёжларимизни билмагани учун эмас, балки У бизга, ер юзига ҳузур–ҳаловатни ёғдир деб сўрайдиган одамлар, васийлар бўлинглар, деб буюргани учун бизнинг эҳтиёжларимизни билади. Унинг амри, бошқа мамлакатдагига қараганда, бизнинг мамлакатимиз учун жуда долзарб. Сиз асли қаердан бўлманг, Худонинг бу амри ҳар қандай ҳолатда ҳам
* Нима бўлса, бўлар (фр.)
биз учун катта аҳамиятга эга. Биз қандай ибодат қилишни билмасак, Муқаддас Руҳдан, бизга йўл кўрсат, донолик ва ақл ато этгин, деб сўрашимиз керак. У бизнинг илтимосимизни бажаради ва
касалликнинг илдизини кўришимизга ёрдам беради, биз бу хасталикнинг фақат ташқи белгиларини бартараф қилиш тўғрисидагина ибодат қилиб қолмайлик. Аммо биз ҳар доим ибодатда Худодан, бизга ҳақиқатни аён қил, деб сўрашимиз керак.
Агар Худонинг халқи Унинг даъватига жавоб берса
Мамлакатимиз учун ибодатга энг кучли омил 2001 йил 11 сентябрдаги воқеалар бўлди – Қўшма Штатлар террорчилар ҳужумига дуч келди. Худо аллақачон бизни ибодатга даъват қилган эди, лекин кўпчилик фалокат ёғилмагунча карлигича қолаверди.
Тонг саҳар соат 3.30да Бутунжаҳон савдо марказига террористлар босиб олинган самолётда ҳужум қилдилар, мен шу пайтда хавотирлик, тушкунлик ва қўрқув билан уйғондим. Худо менга, ибодат қил, деб даъват қилаётгандай туюлди. Мен дарҳол оилам ва ўзимга яқин одамлар учун ибодат қила бошладим, улар гўё менинг ибодатимга муҳтож бўлаётгандай туюлди. Мен Президент учун ибодат қилдим, чунки у учун ҳар куни ибодат қилардим. Яна ким учун ва нима учун ибодат қилишим кераклигини билмасдим. Мен Худонинг даъватини эшитмасдим, чунки мамлакатим учун ибодат қилиш одатини унутиб қўйган эдим.
Табиийки, мен, мамлакатдаги кўп одамлар қатори, фалокат ҳақида эшитганим зоҳотиёқ ибодат қила бошладим. Шубҳам йўқки, ўша куни эрталаб кўплаб ибодатлар қатор инсонлар ҳаётини сақлаб қолди, террористлар ҳужумининг янада оғир оқибатларини бартараф қилдилар. Лекин мени ғоят хафа қилган нарса – Худонинг даъватини эшитмаганим ва илгари “Унинг олдида ёриқда турмаганим” эди.
Худо Нахимиёни Қуддусга бориб, деворни тиклашга даъват қилганидай, У мамлакатимиз атрофида ҳимоя деворидаги тешикни беркитиш учун бизни “Ўзининг олдида ёриқда туришга” даъват қилаётгандай туюларди. Қадим замонларда қалъа деворлари устидаги соқчилар яқинлашиб келаётган душманни кузатиб турганлар, ана шу соқчиларга ўхшаб биз мамлакатимиз атрофида ўрнатилган деворга кўтарилишимиз ва мамлакатимизни сақлашимиз керак.
Нахимиё шоҳдан Қуддус шаҳри деворини ва шаҳарни тиклаш учун рухсат сўраганда, гарчи ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса ҳам, Худонинг даъватига қулоқ солди. Дарвоқе, қачонлардир Қуддусни шоҳлар қамал қилган эдилар. Биз Нахимиёга ўхшаб ҳаётимизни хавф остига қўймаймиз, аммо соқчининг мақоми биздан маълум мажбуриятларни ва бу иш учун қандайдир вақтни бағишлашни талаб этади. Ўз халқи тақдири учун хавотирлик Нахимиёни ибодат қилишга даъват этди. Ўз мамлакатимизга бўлган севги бизни ҳам ибодат қилишга илҳомлантириши керак. Одамларнинг ҳузур–ҳаловати ўзимизникидан юқори бўлсин деб улар учун қалбимиз дард чекиши лозим.
“Сизга ибодат хизматини олиб бориш юкланиши Жамоатнинг вазифасини – унинг ибодат қилиш унвонини тушунмасликка олиб келиши мумкин, – дейди қавмбоши Джек. – Одам тақдирга ишонишга мойил, келажак олдиндан белгиланганига рози бўлиш унга хос, бизга эса бир нарса – нарсаларнинг мавжуд тартибига мослашув қолади. Аммо Исо бошқа нарсага ўргатади. Муқаддас Китобнинг бирон жойида, одам вазиятнинг қурбони бўлади, деб ёзилмаган. Нажот ҳақидаги бутун таълимот бу назарияни рад қилади. Масиҳ ўлимдан ғолиб келгани, аниқроғи, ўликдан тирилиб, инсониятнинг келажагини ўзгартиргани тўғрисидаги далил шуни исботлайдики, Худо учун имконсиз нарса йўқ. Аммо биз нажотни автоматик тарзда қўлга киритмаймиз. Муқаддас Китобга биноан, агар Масиҳ “…кўпларнинг гуноҳини у ўзига олди, Гуноҳкорлар учун васийлик қилган” (Ишаё 53:12)” бўлса, Унинг ғалабасига гувоҳ бўлишимиз учун биз васийлик қилишга даъват қилинганмиз”.
Бизнинг вазифамиз айнан шунда. Худо бугун даъват қилаётган васийлар – бизмиз. Биз Унинг элчиларимиз, У шуни истайдики, биз Унга хизмат қилайлик, Муқаддас Руҳ қудратига тўлган ибодат воситасида Унинг ниятларини амалга оширишда иштирок этайлик. Агар биз, ибодатнинг қудрати ҳаётий вазиятларни ўзгартиришга қодирлигига шубҳаларни улоқтириб ташласак, Худонинг ибодатга даъватига жавоб берсак, У юртимизда ақл бовар қилмайдиган нарсаларни қилишга қодир.
“Худо: “Мен ер юзида Масиҳнинг ишига хизмат қиладиганларни излайман”, деб айтади, – сўзлади қавмбоши Джек. – “Агар мен бундай одамларни топа олмасам, Менинг Ўғлим таклиф қилган нажотни қабул қилмайдиганларнинг тақдирида ҳеч нарсани ўзгартирмайман”. Агар биз Худонинг ҳукмронлиги моҳиятини нотўғри тушунсак, кўп нарса ёнимиздан ўтиб кетади, бунинг учун эса биз билан сизнинг зиммамизга масъулият тушади.
Худо мутлақ ҳукмрондир, бу дегани – У мутлақ ҳукмрон бўлиб, бутун олам Ҳукмдори сифатида ҳукмронлик Уникидир. Худонинг ҳукмронлиги Унинг шахсига тегишли улуғворлик, Унинг Яратувчи сифатидаги ҳукмронлиги, Унинг ҳамма нарсани кўрувчи, ҳамма нарсада қудратли ва ҳамма жойда ҳозиру нозирлиги каби ақл бовар қилмайдиган хусусиятларни ўз ичига олади. Нотўғри хулосалар чиқарманг. Биз Худонинг мутлақ ҳукмронлигига чинакамига ишонамиз. Аммо маълум вақтларгача, Худонинг мутлақ ҳукмронлиги – У Ўз кучини зўравонлик ва ўзбошимчалик билан татбиқ қилишни англатади, У илгаридан инсоннинг иштирокисиз инсониятнинг тақдирини белгилаб қўйган, деб ҳисобланарди. Лекин олдин айтилганидай, заминий ишларнинг ишларига алоқадор ҳамма нарса тўғрисида Худо инсон билан ҳамкорликда фаолият кўрсатишни истайди. Инсон Худонинг севгисига жавоб беради, Унинг хоҳиш–иродасини бажаришга доим тайёр, Худонинг ҳузур–ҳаловати унга, кейин бутун оламга ёғилишидан хурсанд.
Исо айтган эди: “Осмон шоҳлиги калитларини Мен сенга бераман. заминда сен нимани тақиқласанг, осмонда ҳам тақиқланади, сен заминда нимага ижозат берсанг, осмонда ҳам ижозат берилади” (қаранг: Матто 16:19). “Таъқиқламоқ” – гуноҳ, тананинг ёки ёвуз руҳларнинг таъсирини кучсизлантириш учун Исонинг куч–қудратига ёрдам бериш демакдир. “Ижозат бермоқ” – Унинг шафқати ва ҳузур–ҳаловати оқимини чиқаришга ёрдам бериб, уларни заминдаги дардлар эпицентрига йўналтиришдир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, биз аниқ биламизки, бутун ҳокимият Худоники, бизда эса Унинг кучига ижозат бор. Худонинг нияти моҳияти қуйидагича: Усиз биз ҳеч нарсага қодир эмасмиз, бизнинг розилигимизсиз Унинг итоаткор шериги бўлишимиз учун У ҳеч нарсани ўзгартиришни истамайди”.
Буни соддароқ қилиб тушунтириш мумкин. Тасаввур қилинг: ҳисоб–китоб қилиш учун сизнинг етарли пулингиз бор, тўлов вақти келганда, агар сиз чек ёздирмасангиз ёки пулингиздан олмасангиз, сизнинг ҳисоб–китобингиз амалга ошмаган бўлади. Исо хочда амалга оширгани учун ҳам Худонинг куч–қудратига рухсат бизга бор. Биз бу рухсатни ибодат орқали оламиз. Айнан нима юз бериши кераклигини белгилаш бизнинг ихтиёримизда эмас, шунинг учун Худога: “Ҳамма нарсада Сенинг хоҳиш–ироданг бажо бўлсин”, деб айтамиз. Агар биз ибодатга Худонинг даъватини эшитмасак ва унга жавоб бермасак, Худонинг биз учун тайёрлаган марҳаматларидан маҳрум бўламиз.
Рональд Рейган Президент бўлиб сайланганда, ибодат гуруҳимнинг ҳамма аъзолари шуни ҳис қилдиларки, биз унинг хавфсизлиги учун ибодат қилишимиз керак экан. Худо бизга амр қилганидай, биз ҳар доим ҳамма Президентлар учун ибодат қилардик, аммо бу сафар иш мураккаброқ бўлди. Дастлаб биз, Президент Рейганга бизнинг мойиллигимизнинг сабаби – у бизнинг штатимиз губернатори бўлгани ва унинг доғ тегмаган обрў–эътиборидир, деб ўйладик (балки у ролларда ўйнаган кўп фильмларни кўрганимиз учун ҳам бўлса керак). Аммо Худо Рейган учун ибодат қилишимизга бизни даъват этганининг сабаби унинг ҳаётига суиқасд уюштирилгандагина маълум бўлди. Худо Ўзининг кўплаб содиқ васийларини Президентнинг хавфсизлиги учун ибодат қилишга даъват этганига биз ишонамиз. Ишончимиз комилки, Рейганнинг ўшанда қутулиб қолиши бизнинг ибодатларимизга ажойиб жавоб бўлган эди.
2001 йил 11 сентябрь куни қавмбоши Джек Виржини штатидаги Уильямсбергда бўлиб, у уч юзга яқин қавмбошилар олдида ваъз қилаётган эди. “Бутунжаҳон савдо марказига самолёт келиб урилибди” деган хабарни эшитгандан кейин қавмбоши Джек қавмбошиларни уйларига жўнатиб юбормабди, балки ҳаммани ибодат қилишга даъват этибди. У бир нарсани ҳис қилибди: одамлар умидсизликда шунчаки Унга оҳ– нола қилмабди, Худо уларни илҳом ва жасорат билан ибодат қилишга даъват этибди.
Дастлаб у ҳаммага, ўринларингиздан туринглар, қўлни–қўлга бериб, Худо юз берган фожиадан юқори деган ишонч билан Уни шарафланглар, деб илтимос қилибди. Ибодатнинг бошланишида қавмбоши Джекнинг кўз ўнгида шундай манзара гавдаланибди: бошини кўтарган илон, у қўлида қилич ушлаб турибди экан.
“Худойим, биз ҳозир ёвузликка қарши чиқяпмиз, у ҳозир бошини кўтаряпти”, – деб ибодат қилибди қавмбоши Джек. Кейин у йиғилганларга махлуқнинг бошини қилич билан кесиб ташлаган манзарани айтиб бериб, қўшимча қилибди: “Ҳали бизга маълум бўлмаган ҳар қандай жинояткорона фитнанинг пайдо бўлишига қарши чиқамиз”.
Кўплаб одамлар, мен сингари, ўша тонгда юз берган воқеалардан ваҳималироғи юз бермасин, деб ибодат қилишга бўлган даъватларни эшитдилар. Бу ибодатлар Муқаддас Руҳ томонидан илҳомлантирилгани тўғрисида жасур масиҳий Тод Бимер воқеаси гувоҳлик беради. У террорчиларга қаршилик кўрсатиб, пойтахтга иккинчи самолётнинг йиқилишига йўл қўймабди. Шу нарса аён бўлдики, имонлиларнинг ибодатлари туфайли жиноятчилар ҳамма режаларини амалга оширишга муваффақ бўла олмадилар, вайронагарчиликлар кутилгандан камроқ бўлди. Террорчилар яна қанчалар ёвузлик келтиришни режалаштирганларини биз билмаймиз, аммо уларни тўхтатдилар, чунки мамлакатнинг ҳамма имонлилари Бутунжаҳон савдо маркази минораси йиқилаётганини кўрганларида, тиз чўкиб ибодат қилдилар. Масиҳийлар олдинги позицияда бўлиб, ибодат васийлиги натижасида душманнинг ҳужумларини қайтаришга уриндилар, юз бериши мумкин бўлганидан ўн марта кам – 300 дан камроқ одам ҳалок бўлди.
Бугунги кунда мамлакатимиз устида ваҳимали хавф турибди. Ғаразли душманни биз билишга қодир эмасмиз, у бирданига ҳужум қилиб, миллатимизни йўқотиш имкониятини излаяпти. Муқаддас Китобда айтилган: “…Агар Эгамиз шаҳарни қўриқламаса,
Қоровул беҳуда пойлоқчилик қилади” (Забур 126:1). Агар Худо мамлакатимизни қўриқламаса, мамлакатимизнинг бутун хавфсизлик тизими ёрдам бера олмайди. Бизнинг бурчимиз – миллатимизнинг нажот топиши ва ҳамюртларимизнинг хавфсизлиги ҳақида ибодат
қилиш учун Худонинг даъватига жавоб беришдир.
Кўпчилик даъват қилинган, аммо камчилик Худонинг овозини эшитади. Сиз ҳам эшитганлардан бири бўлинг.
Агар Худонинг халқи итоаткор бўлса
Нахимиёнинг ўз халқи тақдири учун йиғлаб қилган энг муҳим ишларидан бири қабиладошларининг гуноҳлари учун тавба қилгани бўлди (қаранг: Нахимиё 1:1–11). Бугун ҳам Худо биздан айни шуни кутяпти. Нахимиё ўз қабиладошлари учун қилганидай, биз ҳам ватандошларимиз учун қайғурсак, Худога маъқул бўлади. Биз Унинг олдида итоаткор бўлсак, халқимизнинг гуноҳлари учун тавба қилсак, Унга маъқулдир. Ана шунда Худо бизнинг юртимизни ҳимоя қиладиган девордаги ёриқни беркитиб ташлаган бўларди.
Орангиздан кимдир ўйлаши мумкин: “Нима учун мен бошқаларнинг гуноҳи учун тавба қилишим керак? Ахир, гуноҳларни мен қилмадим–ку!” Гап шундаки, бошқаларнинг гуноҳлари учун тавба қиладиган масиҳий: “Буни мен қилдим, улар эса бейбдирлар”, деб айтиши керак эмас. У Худога шундай деб айтиши керак: “Бу одамлар Сенинг олдингда гуноҳ қилганларини эътироф этаман, уларнинг ўрнига мен тавба қиляпман, чунки улар тавба қилишни истамаяптилар ёки қўлларидан келмайди”.
Баъзан биз, масиҳийлар, ўзимиздан мамнун бўлиб, шундай деймиз: “Бизнинг ҳамма гуноҳларимиз кечирилгани сабабли, ер юзидаги бошқа одамларга ҳеч қандай алоқадор эмасмиз, чунки улар гуноҳларидан покланмаганлар”. Аммо Муқаддас Китоб пайғамбарлари ҳар доим ўз халқининг гуноҳларини зиммаларига олганлар. Уларнинг ўзлари Худога итоаткор бўлсалар ҳам, улар тавба қилмаган одамларнинг гуноҳлари учун тавба қилганлар. Биз Муқаддас Китобнинг қуйидаги оятларини эслашимиз керак: “Агар гуноҳларимизни эътироф этсак, Худо гуноҳларимиздан ўтади ва бизни ҳар турли ноҳақликдан фориғ қилади. Чунки У Ўз сўзида содиқ ва адолатлидир” (1Юҳ.1:9). Тавба – гуноҳнинг оқибатларидан халос бўлиш учун халқимизнинг ягона йўлидир.
“Сўзга содиқлар” дунёвий одамларнинг руҳий ҳаракати иштирокчилари мамлакат учун ибодат қилгани Вашингтондаги савдо марказларидан бирида учрашганларида, қавмбоши Джекдан бу йиғилишни ўтказишни илтимос қилдилар, яъни ундан нафақат нотиқ ва воиз бўлишни, балки миллиондан ортиқ америкаликни бирлаштирган тадбирнинг координатори бўлишни илтимос қилдилар. Шунда катта аудитория олдида у қуйидаги сўзларни айтди: “Биз бу ерга Вашингтонга сиёсий талаблар билан келмадик – биз бу ерга Худонинг хоҳиш–иродасини адо этиш учун йиғилдик, ўзимизнинг гуноҳларимиздан поклангани ва Худога ҳамду сано айтиш ҳуқуқини олгани йиғилдик. Биз Худодан, миллатимизга меҳрибонлигингни кўрсатгин, биздан фалокатни узоқлаштиргин, деб сўрашни истаймиз. Мамлакатимизни ўзгартирадиган ҳузур–ҳаловат оқими қандай келишини истаймиз. Ибодат, Худога сажда қилиш ва тавба бу мақсадга эришувимиз учун ёрдам беришини биламиз”.
Ҳар куни миллатимиз тавбага эҳтиёж сезади. Бу мамлакат қандай бўлиши кераклигини тушунган ҳар бир одам унинг ахлоқий жиҳати ҳақида қайғурмай тура олмайди. Биз яхшини ёмондан ажрата олмайдиган халққа айландик. Аммо қавмбоши Джек ҳар доим айтар эди: “Сизлар бугунги муаммоларга эмас, балки Худонинг ваъдаларига эътибор қаратинглар, душманнинг ишларига эмас, балки Нажоткорнинг ғалабасига эътибор қаратинглар, ўзимизнинг камчиликларимизга эмас, балки ибодатнинг инъомига эътибор қаратинглар. Биз атрофдагиларни гуноҳимиз билан хижолатга солмаслигимиз керак, балки руҳнинг итоаткорлигини ёдда тутишимиз лозим, гуноҳкорларни ҳукм қилишимиз керак эмас, балки уларга раҳмимиз келиши лозим”. Шунинг учун гуноҳ учун тавба қилгани гуноҳнинг ўзига эътибор қаратиш керак эмас, балки Раббийга имон келтириш орқали гуноҳларидан халос бўлишига эҳтиёжманд бўлган гуноҳкорни кўриш муҳим. Лекин гуноҳкорларга такаббурлик билан, ўз солиҳлигимиз минбаридан қарамаслигимиз лозим, балки биз уларга шафқат кўрсатишимиз ва итоаткор бўлишимиз лозим.
“Худонинг марҳаматисиз биз гуноҳкор ва қайсар одамлигимизча қоламиз, Худони тан олмайдиган, Унинг йўлларидан юришни истамайдиган одамлигимизча қоламиз. Биз гуноҳкор халқимиз учун ибодат қилганимизда, келинглар, бу ҳақда эслайлик, – деди қавмбоши Джек. – Биз миллат сифатида Худо томонидан қанчалик марҳаматланганимиз, хизмат қилмасдан Ундан инъомлар олганимиз учун Уни шарафлашимиз табиий бўлар эди. Бунинг устига, бу оламнинг ахлоқий жиҳатдан парчаланиб кетишига ёрдам берамиз. Ўзимиз ярамаслик уруғини сепамиз, оқибатда бу ярмаслик уруғлари айниган фикрлар ва аҳмоқона хатти–ҳаракатлар шаклини қабул қилади. Биз ўзимизда бу ахлатнинг ўтиши учун энг яхши бозорни гавдалантирамиз, айни пайтда унинг энг яхши етказиб берувчиси ҳисобланамиз. Калламизни мафкуравий заҳар билан, ошқозонимизни химиявий заҳар билан ифлослаймиз. Ана шуларнинг фонида Худонинг ҳукмидан бошқа нимадир кутиш ҳуқуқига эгамизми? Албатта, йўқ. Агар…агар Унинг бизга ваъда қилган Каломига умид бўлмаса эди, агар одамлар ўз халқининг гуноҳлари учун тавба қилиб, ибодат қила бошласалар эди, Худо уларга нисбатан меҳрибон бўлади”.
Бундан, агар биз болалар порнографияси гуноҳи учун тавба қилсак, Худо бунга барҳам беради, деган хулоса келиб чиқадими? Худо учун имконсиз нарса йўқ. Ҳатто У бир зарб билан бутун порнографик бозорни йўқ қилмаса ҳам, бизнинг ибодатимиз ва тавбамиз ниманидир ёки кимнидир ўзгартиради, деб умид қилишимиз мумкин. Бизнинг тавбамиздан ёки ибодатимиздан кейин ҳеч бўлмаганда битта бола нажот топса ёки ҳеч бўлмаса битта педофил фош қилинса, демак, нимадир юз берган. Худо бизнинг тавба–тазаррумизга ёки ибодатимизга жавоб беришини билиш ҳуқуқи бизга берилмаган, аммо биз ибодат қилмасак, лоқайдлигимиз ёки фаолиятсизлигимиз оқибатини дарров кўрамиз.
Агар Худонинг халқи руҳий жангга киришса
2001 йил 11 сентябрдан бошлаб бизнинг мамлакатимиз душман билан уруш ҳолатида, бу душман кўринмайдиган ҳолатда турибди. Биз кучли армия билан марҳматланганмиз, биз бу армия билан фахрланамиз, чунки бу армия бизни ҳимоя қилиб, ҳамма нарсани имкони борича қилади. Ҳар биримиз Ўз армиясининг аскари бўлишимизни Худо истайди.
Худо – бу армиянинг Бош қўмондони, ибодат, сажда ва Худонинг Каломи – армиянинг қўлидаги қурол тури. Чунки “Бизнинг ҳаётимиз бандалик бўлса ҳам, башарий куч билан жанг қилмаяпмиз. Бизнинг жангдаги қурол-аслаҳамиз башарий эмас, балки қалъаларни яксон қилиш қудратига эга бўлган руҳий аслаҳалардир. Биз Худонинг қудрати билан сафсаталарни барҳам берамиз” (2Кор. 10:3–4). Биронта душман бу қурол олдида бардош бера олмайди, фақат қуролимиз кучини йўқотганига душман бизни ишонтира олмаса, биз ундан фойдаланишни тўхтатамиз.
Янги Аҳдда Худонинг режаларини бажаришга ҳалақит берадиган ёвуз кучлар бошлиқлар ва ҳокимлар (қаранг: Эфес. 6:12) деб номланади. Зулмат шоҳлигининг таъсири кучли бўлишига қарамай, Масиҳнинг хочдаги ўлимидан кейин сиз билан биз зулмат шоҳлигининг режаларини барбод қилиш тўғрисида ибодат қилиш ҳукмронлигини олдик. Биз ибодат қилиб, унга қарши уруш олиб борамиз.
Худонинг армияси сафига кириш фақат ихтиёрий бўлиши мумкин, биз ҳам буни қилмаслигимиз мумкин эмас. Биз Худога ибодат қилиб, Сенинг жангчиларинг бўлай, деб ўз истагингиз ҳақида айтишингиз, Унга, ҳушёр бўлишимизга, ҳар қандай пайтда жангга киришга тайёр бўлишга бизни ўргат, деб сўрашимиз лозим. Бу армиянинг аскарлари бўлиш учун энг катта имтиёз шундан иборатки, ҳар бир жангга Худо биз билан бирга чиқади. У шундай дейди: “Бугун сизлар душманларингизга қарши урушга чиқяпсизлар. Дадил бўлинглар, қўрқманглар, уларнинг олдида қўрқиб, ваҳимага тушманглар. Чунки сизлар билан урушга бориб, сизлар учун душманларингизга қарши уришадиган, сизларга ғалаба берадиган Худойингиз — Эгамиздир” (Қонунлар 20:3–4). Бу жангда ўзимизни нимага бағишлашимиз кераклигини Худо бизга тушунтиради: бу – ибодат, Унга сажда ёки Унинг Каломини эълон қилишдир, қолган ҳаммасини У Ўзи бажаради, чунки бу Раббийнинг урушидир (қаранг: 1Шоҳ. 17:47).
Сиз: “Қандай қилиб мен бирон нарсани ўзгартиришим мумкин?! Мен бир одамман–ку”, деб айтишингиз мумкин. Лекин Шомуил Худодан, халқим Исроилни филистларнинг қўлидан қутқар, деб ўз халқи учун ибодат қилганда, “…Филистлар Исроил лашкарига ҳужум қилмоқчи бўлиб яқин келдилар. Аммо ўша заҳоти Эгамиз ваҳимали овоз чиқариб, Филистларни шундай саросимага солдики, Исроил лашкари уларни мағлуб қилди” (1Шоҳ. 7:10). Сизнинг ҳар бир ибодатингиз душман армияси сафларида ваҳима уруғини экади.
Худо биздан оз нарсани сўрайди – бор–йўғи бир оз вақтимизни сўрайди, холос. Ўз мамлакатимиз учун доимий равишда ибодат қилиш одатини шакллантиришнинг энг оддий усули шундай натижага олиб борадики, баъзан қўлимизга газета олиб ёки янгиликлар дастурини томоша қилаётиб ҳам бир–икки муаммони ибодат қилишга танлашимиз мумкин. Сизда танлаш имконияти катта бўлади. Кейин Муқаддас Руҳ сизга йўл кўрсатишига имкон беринг. Бу мамлакатда юз бераётган ҳамма нарса у ёки бу даражада ҳар биримизга тегишли эканини ёдингизда тутишингиз керак. Айнан шунинг учун ҳам мамлакат учун ибодат қилиш зарурати пайдо бўлганда, биз четда қолмаймиз.
Мамлакат учун ибодат қилишнинг энг ажойиб томони шундаки, у учун ибодат қилар экансиз, сиз ҳеч қачон ёлғиз бўлмайсиз. Ахир, сиз ибодат қилувчи жангчилар армиясининг сафига кирдингиз, улар ҳар доим ибодат қиладилар. Мамлакатимизда бир неча ибодат ташкилотлари бор, истовчилар бу ташкилотларга ҳар доим қўшилувлари мумкин. Қавмбоши Джек билан мен шундай ташкилотлардан бирининг аъзоларимиз. Бу ташкилот – Президент ҳузуридаги Ибодат гуруҳи (www.prezidentialprayerteam.org) деб номланади. Бу гуруҳнинг бир неча аъзолари исмлари қуйидагилардир: Франклин Грэм, Джони Эрексон Тада, Майкл Смит, Ллойд Огилви, Ребекка Сейнт–Джеймс, Лиза Бимер, Луи Палау, Джон Максвэлл, Кей Артур, Томас Кинкейд, Дж. Уотсс, Джеймс Робисон. Бу гуруҳнинг аъзоси бўлишнинг қийин жойи йўқ: ҳар ҳафта одатдагидай мамлакат ва Президент учун ибодат қилишимиз кераклигини, қайси муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини айтадилар. Бундан осонроғи борми?! Келинг, марҳамат, биз билан бир сафда ”Худо олдида тешикда учрашинг”.
“Биз сиёсий ўйинлар олиб бориб, мамлакатимизни ўзгартиришни режалаштираётганимиз йўқ, – дейди қавмбоши Джек. – Бизнинг мамлакатимиз битта масалада – руҳий масалада ўзгаришга муҳтожлик сезади. Шунинг учун ҳам Муқаддас Китоб, сизлар тана ва қонга қарши кураш олиб бормаяпсизлар, деб айтади. Бизнинг сиёсий имкониятларимиз чегараланган, аммо жамоат ташкилотларида имонли раҳбарлар пайдо бўлганда, биз хурсанд бўламиз. Фақат ибодат жамиятни руҳан уйғотишга қодир. Биз эса ўзимизни юз бераётган воқеаларни тўғри тушунадиган одамлар сифатида тутишимиз керак: “Худойим, бизнинг вақтимиз келди, биз ибодат қилиш учун ҳозироқ Сенинг олдингда турамиз”.
Худо, сизларнинг ибодатингиз ёвузликни ҳайдаб, унинг ўрнига илоҳий фаровонлик олиб келади ва нарсаларнинг ҳолатини ўзгартиришга қодир, деб айтади. Аммо кўпинча биз ярим йўлда тўхтаб қоламиз. Биз душманнинг режалари вайрон бўлиши учун ибодат қилиш ўрнига, иблис қилган ишларни, Худо қилди, деб Уни айблашга ўтамиз. Бизга душман ғолиб кела бошлагандай туюлса, демак, биз курашда заифлашиб қолганмиз ва ибодат қилишни тўхтатганмиз.
“Имонлилар васийлик ибодатида Муқаддас Руҳнинг даъватига жавоб берганларида ва кучга тўлганларида, Муқаддас Китобда айтилганидай, уларнинг қорнидан тирик дарё суви оқа бошлайди, шунда ибодатнинг қудратли тўлқини кўтарилади, бу ибодат ёрдамида бизнинг еримизни асир қилиб олишга уринаётган зулматни ювиб кетади”, – деб изоҳлади қавмбоши Джек.
Балки сиз шундай ўйларсиз: “Менинг ҳаётим бошқа, ишим, кўплаб ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар бор. Масалан, фалончи–фалончилар билан муносабатларни яхшилаш керак, молиявий маблағни ҳал қилиш лозим, соғлиғимни мустаҳкамлашим керак. Мен болаларимни ҳам тарбиялашим керак. Ҳар кунимни яхши ўтказишга ҳаракат қиламан, ўзим учун ва эҳтиёжларим учун ибодат қиламан. Бутун мамлакат учун ибодат қилишга вақтим йўқ. Бу иш билан бошқалар шуғуллансин”.
Мен сизнинг фикрингизни биламан, чунки ўзим ҳам шундай фикр юритардим. Биламан: душман шундай қилмоқчики, бизнинг бутун эътиборимиз ўзимизга ва ўзимизнинг шахсий муаммоларимизга қаратилсин, токи биз доим ўзимиз ва муаммоларимиз билан банд бўлиб қолайлик, душман бизга ҳужум қилаётган бутун фронтда жанг олиб борайлик. Гап молиявий қийинчиликлар, соғлиғимизга оид муаммолар, болаларимиз, эмоцияларимиз, эр–хотинлик муносабатларимиз тўғрисида кетмоқда. Буларнинг ҳаммаси эътиборимизни шунчалик жалб этадики, бошқа бирон нарсага эътибор бера олмаймиз. Маълумки, биз ўзимизни ҳимоя қилиш билан банд бўлсак, душманга шуниси маъқул. Душман бундай тактика ишлатиб, бизни каловлантириб қўяди.
Бизнинг хатомиз шундаки, биз гоҳ у урушда, гоҳ бунисида жанг қиламиз, аммо ҳеч қачон ҳақиқий уруш олиб бормаймиз.Битта жангда ғолиб келиб, бутун урушда ғолиб чиқдим, деб ўйлаймиз ва қуролни йиғиштириб қўямиз. Жангда ютқазиб эса, бутун жангда мағлуб бўлдим, деб ўйлаймиз ва таслим бўламиз. Биз шуни тушунишимиз керакки, бизнинг жанг ҳеч қачон тамом бўлмайди! Гуноҳ, ўлим ва дўзах устидан мутлақ ғалабани Исо: “Бажо бўлди!” (қаранг: Юҳанно 19:30) деб хитоб қилганда қўлга киритган эди. Аммо бу ғалабанинг самаралари ҳозирча ер юзида бизга етиб келганича йўқ, биз – Худонинг жангчилари ибодат ёрдамида бу самарага эришув дақиқаларига яқинлашамиз. Биз Худо билан бирлашганимиздагина душман билан жанг тугайди. Шунинг учун бугун биз ҳужумга ва ибодат қилишга ўтишимиз керак, ўзимизни мудофаа қилишга мажбур қиладиган янги зарбаларни кутиб ўтиришимиз керак эмас.
Иш ўзимизнинг шахсий ҳаётимизга келиб тақалганда, чин дилдан ибодат қиламиз. Аммо ҳар доим ва ҳар қандай вазиятда ибодат қилишимиз Худога маъқулдир. Фақат қийин лаҳзаларда эмас, балки ҳар куни алангали ибодат қилишимиз Унга маъқулдир. Биз аввалига ўз ҳудудимизни душманга бериб қўйиб, кейин ундан тортиб олишимиз Худога маъқул эмас. Бизнинг ибодатларимиз фожиадан огоҳлантиришини, биз эса иблис қилган ёвузлик оқибатларини тугатиш билан шуғулланишимизга тўғри келмаслигини Худо истайди. Худо бизга инъом қилмоқчи бўлган тинчликни қўлга киритамизми – биз Унинг хоҳиш–иродасига мувофиқ фаолият кўрсатишимизга боғлиқ.
Баланд овозда ва аниқ қилиб такрорлашга тўғри келади: ЖАНГ ҲАЛИ ТУГАМАГАН! Келинглар, қуролни йиғиштириб қўймайлик, Худонинг амрини ижро этишни ўрганиш учун қанча талаб қилинса, жангни шунча давом эттирамиз. Келинглар, бирлашайлик, Худо бизнинг еримизни шифоласин, деб ибодат қилишни бошлайлик.
Уотергейт (Watergate) инглиз тилидан сўзма–сўз “Сув дарвозаси” деб таржима қилинади – Тарж. изоҳи.
Книга на Узбекском языке: - Сила совместной молитвы (Сторми Омартиан и Хейфорд Джек)
Христианам хорошо знакомы слова Иисуса Христа, сказавшего: "…где двое или трое собраны во имя Мое, там Я посреди них" (Мф. 18:20). Бог обещал нам Свое могущественное присутствие там, где мы собираемся вместе для молитвы. Эта книга предлагает вам провести некоторое время в обществе Сторми Омартиан и пастора Джека Хейфорда, ее авторов, и вместе с ними увидеть реальные результаты объединенных молитв, которые исполнены силы, способной изменять жизнь людей и окружающий их мир. Эта книга поможет вам сделать свою молитвенную жизнь более яркой и насыщенной, научиться находить новых партнеров для молитвы, понять, на что способна объединенная молитва всей церкви, изменять к лучшему мир вокруг себя.