Макс Лукадо. Довюраклар - (7-боб) Китоб Ўзбек тилида
Dovyuraklar (Maks Lukado) O‘zbek tilida Audiokitob
Тасаввур қилинг: сизнинг ҳаётингизда энди қўрқув йўқ
Мундарижа
Миннатдорчилик
1-боб Нима учун биз қўрқамиз?
2-боб Манман қишлоғининг аҳолиси
Ўзининг аҳамиятсизлигидан қўрқиш
3-боб Худо мендан чарчади
Худонинг ҳафсаласини пир қилишдан қўрқиш
4-боб Ташвишлар, йўқолинглар!
Нималардир етишмаслиги қўрқуви
5-боб Менинг фарзандим хавф остида
Ўз фарзандини эҳтиёт қила олмаслик қўрқуви
6-боб Мен жуда тез чўкяпман
Ҳаддан ортиқ машаққатлар олдидаги қўрқув
7-боб Менинг жавонимда аждарҳолар бор
Воқеаларнинг ёмон ривожидан қўрқиш
8-боб Бу шафқатсиз сайёра
Зўравонлик олдидаги қўрқув
9-боб Ўйинчоқ пуллар
Яқинлашиб келаётган қиш олдида қўрқув
10-боб Ўлимигача қўрққанлар
Ҳаётнинг сўнгги лаҳзалари олдидаги қўрқув
11-боб Кофеинли ҳаёт
Келажакдан қўрқиш
12-боб Шубҳалар сояси
Худо йўқ деган қўрқув
13-боб Агар бирон даҳшатли ҳодиса юз берса, нима бўлади?
Дунё миқёсидаги офатлардан қўрқиш
14-боб Битта соғлом қўрқув
Худо менинг қутичамга сиғмайди деган қўрқув
Хотима. Вильямнинг саноси
7-боб. Менинг жавонимда аждарҳолар бор
Исони қайғу, ғам босиб кела бошлади.
Марк 14:33
Воқеаларнинг ёмон ривожидан қўрқув
Кейинги сафар саккизоёқ сизни океан тубида ўраб олганида, умидсизликка тушманг. Тезда бир неча бор айланиб, ағдарилинг. Агар сизни унинг бошқа қисқичлари қаттиқ сиқиб олмаса, сиз унинг сўрғичларининг бир неча изи билан қутуласиз.
Юқорига сузиб чиқаётганингизда, акулага дуч келишингиз мумкин. Қўрқманг – уринг уни! Унинг кўзларига ва жабрасига уринг. Бу соҳалар унинг танасининг энг сезгир қисмидир.
Ўзга сайёраликларнинг босқини ҳам шунақа. Улар сизни ўғирлаб кетмоқчи бўлганларида, режаларини барбод қилинг – уларнинг олдига ўзингиз боринг. Аммо фикрларингизни жиддий назорат қилинг. Чунки заминдан ташқарида яшовчи мавжудотлар орасида телепатлар учраб туради.
Гориллалар фикрни ўқиш лаёқатига эга эмаслар, аммо улар бағрларига қаттиқ босадилар. Етилган эркак горилла хиппа бўғади. Ундан қутулиш учун битта имкониятингиз бор – қўлига урасиз ва айни пайтда унинг лабларидан лаззат билан чўпиллатиб ўпасиз. Приматлар нинг таъби нозик бўлади. Горилла сизнинг ҳаракатларингизни СПА- шифо муолажаси деб қабул қилишига умид қилинг.
Агар горилла шундай деб қабул қилмаса ҳам ҳечқиси йўқ, ахир баттар бўлиши мумкин эди. Сиз бузилган парашютда осмондан қулаб тушишингиз, кўтарилаётганида узилиб тушган лифтнинг ичида бўлишингиз, пўлат тобутда тириклайин кўмилган бўлишингиз мумкин эди. Сиз воқеалар ривожининг энг ёмон сценарийсига дуч келишингиз мумкин эди. Ҳаммамизда ҳам улар ҳақидаги – мушкул умидсиз вазият ҳақидаги тасаввурларимиз бор. Айнан шунинг учун ҳам «Энг ёмон вазиятларда соғ-омон қолиш бўйича тўлиқ маълумотнома»1 китоби шу қадар муваффақият қозонди.
Шу китоб туфайли мен энди бетакаллуф горилла ва маккор ўзга сайёраликлар билан қандай муносабатда бўлишимни биламан. Қолаверса, улар билан тўқнаш келиб қолиш ҳолати шунчалик озки, шу туфайли уйқум беҳаловат бўлмайди. Мени бошқа қайғули нарсалар хавотирга солади.
Улардан бири – ожизона кексайиш. Мени қаришим ҳақидаги ўйнинг ўзи унчалик хавотирга солмайди. Ёшликдан, соч ва тишлардан маҳрум бўлишда ҳеч қанақа даҳшатли нарсани кўрмайман. Аммо қарилик маразмига дучор бўлиш-чи? Бу даҳшат! Альцгеймер хасталиги бўйича мутахассисга бориш ёқимсиз. Оқ сочли қариялар атрофга маънисиз боқадилар, ақли заиф одамларнинг саволларини берадилар. Мен шу аҳволгача боришни истамаган бўлардим.
Мени оиламни боқа олмаслик қўрқуви ҳам таъқиб қилади. Воқеалар ривожининг энг ёмон сценарийсининг яна бир турида, хотиним Деналин мендан узоқроқ яшайди, бизнинг жамғармамиз тугайди, Деналин қашшоқлашиб, қандайдир олийжаноб нотанишнинг сахийлигига қарам бўлиб қолади. Деналин менга, бундай фикрларни каллангдан чиқариб ташла, бу ғирт аҳмоқлик, деб маслаҳат беради. Мен эса, буни қилишдан кўра, айтиш осон, деб жавоб бераман.
Булар – яширин қўрқувлар… Булар – Лох-Несс кўлидан чиққан чақирилмаган махлуқлар. Ҳар куни яқинлашиб келаётган ниманидир муддатида бажаришга оид ёки шамоллаб қолмаслик учун шунчаки оддий ташвишлар эмас, балки муқаррар равишда яқинлашиб келаётган хотима қаршисида ваҳимадир.
Сиз кўпроқ нимадан қўрқасиз? Айтайлик, ҳамманинг олдида шарманда бўлишданми ёки ишсиз қолишданми, ё бўлмаса баландликданми ёки қоронғуликданми? Ҳеч қачон яхши эр топа олмасликданми ёки ҳеч қачон соғаймасликданми? Сизни алдашлариданми, ташлаб кетишлариданми ёки унутишлариданми?
Тамомила ўринли хавотирланишдан пайдо бўладиган аниқ қўрқувлар мавжуд. Аммо уларни жиловламаса, улар маниакаллик метастазлари беради. Соғлом фикрлиликдан паранойяга йўлак – қисқа ва сирпанчиқдир. Соғлом фикрлилик хавфсизлик камарини тақади. Руҳий хасталик бу даҳшатли машинага асло ўтирмайди. Соғлом фикрлилик кексалик учун маблағ жамлайди. Руҳий хасталик ҳатто тўла лаш-лушлар устида ҳам очкўзлик билан қалтирайди. Соғлом фикрлилик тайёргарлик кўради ва режалаштиради. Руҳий хасталик ваҳима қилади. Соғлом фикрлилик хавфни баҳолайди ва сувга шўнғийди. Руҳий хасталик ҳавзанинг четига ҳам яқин келмайди.
Мен меҳмонхонада, сузиш ҳавзаси ёнида ўтириб, шу бобни ёзаётганимда, «шўнғимоқ» ва «сув» сўзлари калламга келди( ижодий юксалишлар баъзан жазирама қуёш, муздай газли сув ва қулай курси сабабли юз бериши ажойиб). Бир эркак иккита кичкина қизчалари билан ўйнаяпти. Эркак сувда, қизчалар унинг қучоғига сакрамоқдалар. Кечирасиз, аниқлик киритаман: биттаси сакрамоқда, иккинчиси иккиланмоқда. Қуруқ бўлгани синглиси қандай сакраётганига хурсанд бўлиб қараб турибди. Опаси сакраётганида, қуруқликда тургани айланиб, рақсга тушади. Аммо отасининг ҳамма чақириқларига жавобан, у фақат бошини тебратади ва орқага қочади.
Жонли метафора! Қанча одамлар ўзларининг ҳаётлариини ҳавза четларида ана шу тарзда ўтказадилар: эҳтиёткорлик овозига қулоқ тутган ҳолда; имон сўзларини рад этган ҳолда; бирон марта ҳам сувга сакрамасдан; бировнинг бахтига хурсанд бўлиш ҳиссини туйиш билан; бир марта журъат этгандан кўра, ҳеч қачон таваккал қилмасликни афзал кўриш билан. Энг ёмон натижадан қўрқув оқибатида, улар ҳеч қачон ҳаётда энг яхшисини олмайдилар.
Унинг синглиси эса, аксинча, сакрайди. Аҳмоқларча шиддат билан эмас, балки отанинг олийжаноб ғамхўрлигига қатъий ишониб, унинг қўллари кучига таяниб шу ҳаракатларни қилади. Исонинг танлови ҳам шундай бўлган эди. Исо Масиҳ қўрқув ҳақида фақат гапирган эмас. У қўрқувни ҳис қилди.
Хушхабар драмасининг кульминацион чўққиси икки саҳнада – Гетсимания боғида ва Гўлгўтадаги хочда рўй беради. Жума куни хочга михлаш бизга энг қаттиқ азоб-уқубатларни очиб беради. Гетсимания боғида пайшанба куни ниҳоятда қаттиқ қўрқув намоён бўлади. Зайтунзорда Исо Масиҳ «бир оз нари кетиб ерга мук тушди: “Агар иложи бўлса, бу лаҳза Мени четлаб ўтсин”, деб ибодат қилди. Сўнг шундай деб ёлворди: “Ота! Отажон! Сен учун ҳамма нарсанинг имкони бор! Бу азоб косасини Мендан узоқлаштир. Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин”» (Марк 14:35-36).
Бир куни бир китобхон, мени шу матнга ёзган изоҳларим борасида мени телефонга, кейин эса майдонга чақирди. Менинг Масиҳ ҳақида айтаётган «У қўрқувдан серрайиб қотиб қолганидан, кўзлари олайиб кетди»2 деган шарҳим ўша китобхонга ёқмабди. Мен унга, таъналарни менга эмас, юқорига юбориш кераклигини айтдим. Хушхабарчи Марк Исони ранги оқарган ва титраётган ҳолда тасвирлайди: Исо ≪ қаттиқ ваҳимага тушиб, азоблана бошлади.≫ (Марк 14:33). ≪Қаттиқ ваҳимага тушмоқ≫ феъли ≪ожиз, гангиб қолган, яқинлашиб келаётган қандайдир кулфатнинг таҳдиди безовта қилаётган ва азоблаётган одамга нисбатан≫ қўлланади3.
Матто ҳам Маркни қўллаб-қувватлайди. Матто, Исони
≪қайғу, ғам қамради≫ (Матто 26:37) деб айтади4; бошқа инглизча таржималарда: Исо Масиҳ ≪эзилган ва хавотирда эди≫; ≪ғам ва қўрқув ичида
эди≫.
Биз Масиҳни ҳеч қачон бундай ҳолда кўрмаганмиз. Жалила денгизидаги бўрон пайтида ҳам, қабрлардан чиққан жин чалганлар олдида ҳам, Насродаги тоғ чўққиларида ҳам. Биз ҳеч қачон Ундан бундай оҳ-воҳ нолаларини эшитмаганмиз, Унинг кўзларида бундай қўрқувни кўрмаганмиз. Биз ҳеч қачон қуйидагидек жумлани ўқимаганмиз: ≪У ўлим талвасаси гирдобида ғарқ бўла бошлади≫ (Марк 14:33). Бу – энг жиддий лаҳза. Худо тана бўлди, Тана қалбаки бўлмаган қўрқувни ҳис қилмоқда. Нимага? Исо Масиҳ нимадан қўрқмоқда?
Бу коса билан қандайдир боғлиқ. «Ўша коса Мени четлаб ўтсин». Муқаддас Китоб лексикасида, «коса» сўзи - «сув ичадиган идиш»дан кўра кўпроқ нарсани билдиради. «Коса» Худонинг ғазабини, ҳукмини ва жазосини англатади. Худо имондан қайтган Йерусалимга раҳм қилганида, у шундай деди:
≪… Мана, сенинг қўлингдан
Гандираклатадиган косани олдим.
Энди ғазабим косасидан бошқа ичмайсан…≫ (Ишаё 51:22).
Худо Еремиё пайғамбар орқали, ҳамма халқлар Унинг ғазаб косасидан ичишларини эълон қилади: ≪… Қўлимдаги косани ол. Бу коса ғазабим шаробига тўла. Мен сени юборадиган ҳамма халқларга бу косадаги шаробдан ичир≫ (Еремиё 25:15). Юҳаннонинг сўзларига қараганда, Худодан қайтганлар ≪Худонинг ғазаб шаробидан ичади. Қаҳр косасига қуйилган бу шароб ниҳоятда кучлидир. Бундай одамлар муқаддас фаришталар ва Қўзи олдида ёнаётган олтингугурт ичида азоб чекадилар≫ (Ваҳий 14:10).
Коса Исо Масиҳ учун воқеаларнинг энг ёмон ривожини англатган эди: Унда Худонинг ғазабини қабул қилиш зарурати бор эди. Исо Масиҳ ҳеч қачон Худонинг ғазабини ҳис қилмаган, бунга лойиқ эмас эди. У ҳеч қачон Отадан бундай бегоналашишни ҳис қилмаганди. Улар азалдан битта эдилар.
У ҳеч қачон жисмоний ўлимни билмаган – У ўлмас Мавжудот эди. Бир неча соатдан кейин эса Исо Масиҳ буларнинг ҳаммаси билан тўқнашади. Худо Ўзининг гуноҳга бўлган нафрати қаҳрини ҳамманинг гуноҳини Ўзига олиб келаётган Ўғилга сочади. Исо Масиҳ даҳшат ичида қолди. Ҳалокатли даҳшатда. Исо Масиҳ бу қўрқувга қандай муносабатда бўлгани, бизлар ўз қўрқувларимизни нима қилишимиз кераклигини кўрсатади.
У ибодат қилди. У шогирдларига деди: ≪… Шу ерда ўтириб туринглар, Мен нарироққа бориб, ибодат қиламан≫ (Матто 26:36). Тўғри, бир мартагина қилинган ибодат етарли бўлмаган бўларди.
≪ Исо иккинчи марта кетиб, ... илтижо қилди… <...> … Исо уларнинг олдидан яна кетиб, аввалги сўзларини такрорлаб, учинчи марта ибодат қилди≫ (Матто 26:42,44). У ҳатто дўстларидан, ибодатда Уни қўллаб-қувватлашларини сўради. ≪Кўз–қулоқ бўлиб туринглар...ибодат қилинглар…≫ —деб уларни даъват қилди. (Мф. 26:41).
Исо Масиҳ бошидан кечираёган асосий қўрқувига самимий ибодатни қарши қўйди.
Келинг, бу масалани мураккаблаштирмайлик. Ахир, булар бизга хос хусусият-ку, тўғрими? Биз ибодатимиз учун сўзларни, ибодат қилиш учун жойни, ибодат пайтида кийимни, ибодат учун гавданинг ҳолатини, ибодатнинг қанча давом этишини, овозимиз оҳангини ва ритмини олдиндан белгилаймиз. Аммо Исонинг Гетсимания боғида Худога мурожаати булар билан қийинлаштирилган эмас эди. Унинг мурожаати қисқа (инглизча таржимасида йигирма олтита сўз), тўғри («…бу азоб косаси Мени четлаб ўтсин»), тўлиқ ишонч билан («Менинг эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин») айтилган эди. Тилёғламалик кам ва аслият кўп эди. Ибодатхонада тақводор маҳмадона эмас, балки отанинг бағридаги қўрққан бола.
Айнан шундай. Исонинг Гетсимания боғидаги ибодати – бу боланинг ибодатидир. «Авва!» деб ибодат қилади У, Худога оилавий тарзда, худди отанинг тиззасига чиқиб ўрнашиб ўтираётган ўғилча сингари.
Отам машина ҳайдаётганда… тиззасига ўтиришимга рухсат берарди. Бугун эса шу учун уни ҳибсга олган бўлардилар. Ярим аср илгари эса бу ҳеч қандай эътирозга сабаб бўлмас эди. Айниқса, одамларга қараганда, қуёнлар кўп бўлган ғарбий Техаснинг товадек текис, нефтга бой далаларида. Компаниянинг юк машинаси (бизни қудратли «Экскон» кечирсин!) бир вишкадан иккинчисига бораётганда кичкина Максни отаси тиззасига ўтқазса, кимга ҳалақит берарди?!
Мен буни яхши кўрардим. Бўйим асбоблар панелигача озгина етмаган бўлса, бунинг бирон аҳамияти борми? Оёқларим тормоз ва газ педалига икки фут етмаган бўлса, нима бўпти?! Радиоприёмникни карбюратордан фарқлай олмаслигимнинг аҳамияти борми? Албатта, йўқ. Мен отамга юк машинасини ҳайдашида ёрдам берар эдим.
Шундай ҳолатлар ҳам бўлардики, маршрутни танлашни отам менга ишониб топширарди. Чорраҳаларда отам мендан сўрарди:
-Макс, ўнгга юрамизми ё чапгами?
Мен бўйнимни чўзиб, рул доираси орқали олдинда нима борлигини кўришга ҳаракат қилар эдим ва қарор қабул қилар эдим.
≪Гран-при Монте-Карло≫даги пойгачи каби, рул чамбарагини астойдил бураб ўгирилар эдим. Мен каналга тушиб кетишдан қўрқмасмидим? Кескин бурилишдан йиқилиб кетишим мумкинмиди? Ўнқир-чунқир жойга баллонлар тиқилиб қолишидан-чи? Албатта, йўқ! Отамнинг қўллари менинг қўлларим устида турар, у олдинга мендан кўра диққатлироқ қарар эди. Табиийки, мен довюрак эдим. Ҳамма ҳам отасининг тиззасида ўтириб, юк машинасини ҳайдаши мумкин. Ҳамма ҳам ана шундай позицияни эгаллаб, ибодат қилиши мумкин. Ибодат қилиш – Худонинг руль чамбарагига қўлларини қўйиб, Унинг тиззаларида эркин ўтириш демакдир. У тезликни, кескин бурилишларни назорат қилади, йўл ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлайди. Биз эса ўз илтимосларимизни айтамиз. Биз Худодан «Бу косани мендан четлаштир» деб сўраймиз. Бу – хасталик, хиёнат, хонавайрон бўлиш, ишсизлик, жанжаллар ва кексалик косасини четлаштир, деймиз. Ибодат шунчаки оддий нарса. Ана шу оддий ибодат Исога энг қаттиқ қўрқувни жиловлашга ёрдам берди.
Сиз ўзингизни ана шундай тутинг. Гетсимания боғида ўз аждаҳоларингиз билан кураш олиб боринг. Булар юрагингиздаги қайсар, бадбашара маҳлуқлар – улар ҳақида Худо билан гаплашинг.
«Раббий, мен хотиним билан ажрашишни истамаган бўлардим. Мен камроқ қўрқишимга ва Сенга кўпроқ ишонишимга ёрдам бер».
«Мен эртага самолётда учиб кетишим керак. Мен эса, биронта террорчи самолёт бортига кириб олиб, самолётни портлатиб юборса-я, деб қўрққанимдан ухлай олмаяпман. Мени бу қўрқувдан халос қила оласанми?»
«Банкдан менга, сизнинг уйингизни тортиб оламиз, деб ҳозиргина қўнғироқ қилишди. Ундай ҳолда оиламнинг аҳволи нима кечади? Сенга суянишимни менга ўргата оласанми?»
«Мен ваҳима ичида қолдим, Раббий. Менинг шифокорим қўнғироқ қилди, унда яхши хабар йўқ. мени нима кутаётганини Сен биласан. Қўрқувларимни сенга ишониб топширяман».
Қўрқувларингиз ҳақида аниқ гапиринг. «Бу коса» нима эканини аниқлаштиринг, бу ҳақда Худога айтинг. Қўрқувларингизни сўзлар орқали ифодалаб, сиз уларни фош қиласиз. Қўрқувларингиз тамомила фош бўлгандан кейин, улар сизга аҳмоқона кўринади.
Ян Мартел ўзининг «Пайнинг ҳаёти» номли романида буни шундай тасвирлайди. Романнинг бош қаҳрамони Пай, океанда оқим билан сузиб юрган йигирма футлик қутқарувчилар қайиғида, шерик сифатида баҳайбат (икки центнердан ортиқ) бенгал йўлбарси билан бирга бўлиб қолади. Пайнинг отаси – ҳайвонот боғи эгаси қашшоқлашиб қолгандан кейин оиласини Канадага йўл олган япон кемасига ўтқазгач, Пай шу кулфатга йўлиқди. Кема чўкиб кетди, Пай билан йўлбарс (унинг лақаби Ричард Паркер) океаннинг ўртасида ёлғиз қолдилар. Пай қутқариш қайиғида ўтириб, денгиз офатлари олдидаги ва йўлбарс олдидаги қўрқувларини таҳлил қила бошлайди.
Қўрқув ҳақида сизга бир нарсани айтишим керак. Қўрқув – ҳаётнинг ягона ҳақиқий душмани. Фақат қўрқув ҳаётни мағлуб қилиши мумкин. Мен шунга ишонч ҳосил қилдимки, қўрқув айёр ва маккор экан. Унда бирон қатра тўғрилик йўқ, ҳеч қандай қонун ва шартномаларга заррача ҳурмат йўқ. У раҳм-шафқатни билмайди. У сизнинг энг заиф жойингизни қидиради ва уни хатосиз топади. Қўрқув ҳар доим сизнинг каллангизда бошланади. Ҳозиргина хотиржамлигингиз, дадиллигингиз, осойишталигингиз сиз билан бирга эди. Бирдан хушмуомала шубҳалар либосига безанган қўрқув худди жосус сингари, сизнинг ақл-ирокингизга кира бошлайди. Шубҳалар уларнинг тахминларига ишончсизлик билан тўқнашади ва ишончсизлик уларни суриб чиқаришга ҳаракат қилади. Аммо ишончсизлик – бор – йўғи яхши қуролланмаган пиёда аскар, холос. Шубҳалар уларни осонликча енгади. Энди хавотирлана бошлайсиз. Идрок сизга ёрдамга келади. Бу сизга далда беради. Идрок замонавий техник воситалар билан тиш-тирноғигача қуролланган. Барибир, сизни ниҳоятда ҳайратда қолдириб, стратегияда устунлигига ва кўплаб шубҳасиз ғалабаларга қарамасдан идрок мағлуб бўлади. Ўзингизни ожиз, титраб турган мавжудот деб ҳис қиласиз. Хавотирингиз саросимали қўрқувга айланади…
Сиз шашқалоқлик билан дарров қарор қабул қиласиз. Сўнгги икки иттифоқчингиздан – умид ва ишончдан воз кечасиз. Мана, сиз ўзингиз ўзингизга қақшатқич зарба бердингиз. Бор-йўғи тасаввурлардан иборат бўлган қўрқув сизнинг устингиздан ғолиб келди5.
Қўрқувни идрок орқали тинчитиш мумкин эмаслигини Пай англаб етади. Мантиқ десантчилар майдонидан қўрқувни улоқтириб юбормайди ва уни қочириб юбормайди. Ундай ҳолда, нима ёрдам беради? Ожизлик билан сочиқ ташлашсиз бу рингда қандай қилиб мағлубиятни четлаб ўтиш мумкин? Бу масалаларда Пай қуйидагича маслаҳат беради:
Уни ифодалаш учун сабот билан курашиш керак. Сўзлар шуъласи билан уни ёритиш учун сабот билан курашиш лозим. Агар сиз шуни қилмасангиз, агар қўрқувингиз сўзламайдиган зулматга айланса, сиз бу зулматдан нари юришга ҳаракат қиласиз, эҳтимол, сиз унинг мавжудлигини унутишнинг йўлини топасиз, – сиз ўзингизни ўзингиз унинг кейинги хуружлари олдида ожиз қилиб қўясиз, чунки сизни мағлуб қилаётган душманга қарши ўзингиз кураш олиб бормадингиз6.
Бизнинг бурчимиз — пардани очиб ташлаб, қўрқувларимизнинг ҳаммасини ва ҳар бирини яланғочлашдир. Улар, худди кўршапалаклар каби, қуёш нурига бардош бера олмайдилар. Пуллар учун қўрқув, яқинларингиз билан муносабатлар учун қўрқув, ишдаги қийинчиликлар туфайли қўрқув, ҳимоя қилинмаганингиздан қўрқув – хуллас, ибодат қилаётганингизда ҳаммасини номма-ном айтинг. Идрок қўллари билан уларнинг ёқасидан маҳкам тутиб чиқаринг, уларни Худо олдига қўйинг, токи улар қилмишларига яраша қаримталарини олсинлар!
Исо Масиҳ Ўзининг қўрқувларини яширмас эди. У «бу дунёда яшаган пайтда кўз ёш тўкиб, Худога фарёд қилди, Унга илтижо қилиб ёлворди. Чунки Худо Уни ўлимдан қутқаришга қодир эканлигини Масиҳ билар эди» (Ибронийларга 5:7). Атрофдагилар эшитишлари ва эслаб қолиблари учун Исо Масиҳ баланд овозда ибодат қилди, дўстларидан эса У билан бирга ибодат қилишларини илтимос қилди.
Масиҳнинг Гетсимания боғидаги ибодати масиҳийлар учун фаолиятдаги жамоатларнинг тимсоли бўлиб қолди. Бу жамоатлар – қўрқувлар сўз билан ифодасини топадиган, овоза қилинадиган, фош қилиниб, шармандаси чиқариладиган, онг остига киритилган қўрқувларнинг «сўзламас зулмати»дан қутулиш жойидир. Соғлом масиҳий жамоати – қўрқувларимиз ўладиган жойдир. Биз уларни Муқаддас Битиклар, тантанавор санолар ва йиғилар ёрдамида тешиб ташлаймиз. Биз тавба-тазарруларнинг қуёш нури остида эритамиз. Биз бошимиздан кечираётган ваҳималарга эмас, балки Худога нигоҳимизни қаратиб, қўрқувларимизни Худога сажда қилиш шаршаралари остида йўқ қиламиз.
Кейинги сафар, содир бўлиши мумкин бўлган воқеалардан энг ёмонига дуч келганингизда айнан шундай қилинг. Ўз қўрқувларингизни Худога интилаётган одамлар даврасида айтиб беринг. Бу муҳим қадамдир. Ўзингизнинг Бутрусингизни, Ёқубингизни ва Юҳанноларингизни топинг (сизникилар олдингилардек дарров ухлаб қолмасликларига умид қилиш мумкин). Қуйидагилар жуда муҳим (ва жуда яхши ҳам): сиз қўрқувларингиз билан ёлғиз яшашга мажбур эмассиз. Бундан ташқари, борди-ю қўрқувларингиз бор-йўғи иблиснинг ҳийласи бўлса-чи? Дўзахнинг ғазабнок ҳазиллари бўлса-чи?
Менинг бир ошнам бор. Солиқ хизматининг хати уни анча вақт ваҳимага солиб юрди. Солиқчиларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, у жуда катта миқдорда қарз бўлиб қолган экан. Шунча миқдордаги пулни тўлашга унинг қурби етмас эди. Солиқчилар унга аниқлаштирилган маълумот билан хат юборишларини айтган эдилар. Солиқ идорасидан яна хат келганида, ошнамни жасорат тамоман тарк этди. У хатни очишга ўзини мажбур қила олмади, хат унга даҳшатли қўрқув уйғотиб, стол устида беш кун ётди. Хатда қанча миқдорда пул кўрсатилган экан? Пулни у қаердан олади? Уни қанча муддатга қамайдилар? Охири, дўстим конвертни очибди, конверт ичида тўлов ҳақидаги ҳисобни эмас, пул олиш учун чекни кўрибди! Маълум бўлишича, солиқ хизмати дўстимдан қарздор экан! У бемаъни қўрқувга ҳаётининг беш кунини йўқотди. Фақат оз сонли махлуқларгина, улар қаршисидаги қўрқувларимизни оқлаши мумкин.
Худога ишонадиган сиз билан бизнинг улкан устунлигимиз бор. Охирида ҳаммаси яхшиликка ўгирилишини биз биламиз. Масиҳ Ўз тахтини тарк этмайди, Рим. 8:28-оят Муқаддас Китобдан ўчиб кетмайди.
Бизнинг муаммоларимиз ҳар доим Худога янги имкониятларни очиб беради. Юсуфни ҳалок қилиш ҳаракати унинг оиласини очликдан қутқаришга олиб келди. Дониёрнинг душманларининг кирдикорлари унинг давлат бошлиғига ўхшаш юксак мартабага эришишига олиб келди. Масиҳ бу оламга ғайритабиий уруғланиш сабабли келди ва оламни Унинг адолатсиз ўлими орқали қутқарди. Муқаддас Китоб бизга ўргатаётганларига ишонишимиз учун бизга жасорат етарлими? Охир-оқибат ҳар қандай бахтсизлик тўғирланмай қолмаслигига ишонишга жасоратимиз етарлими?
Юҳанно Златоуст ишонар эди. У милодий 398 йилдан 404 йилгача Константинополь нозири бўлган эди. У бойлик ва ҳокимиятни чиройли фош қилиши шарофати билан кўплаб тарафдорларни атрофига тўплади. У икки марта ҳокимият эгалари томонидан қувғин қилинган бўлиб, бир куни ўзига шундай савол берди: «…нимадан қўрқаман? Ўлимданми? Аммо биласизми, Масиҳ – менинг ҳаётим, Уни ўлим орқали топаман. Қувғинларданми? Аммо замин ва уни тўлдириб турган ҳамма нарсалар - Раббийники-ку! Мол-мулкдан маҳрум бўлишданми? Ахир биз бу оламга ҳеч нарсасиз келамиз ва ҳеч нарсасиз кетамиз. Шунинг учун дунёнинг ҳамма ваҳималари менинг кўз олдимда жирканчдир. Дунёнинг ҳамма бойликлари эса менга кулгилидир. Қашшоқликдан мен қўрқмайман, бойликни мен изламайман. Ўлимдан қочмайман»7.
Ҳаворий Павлус бу сатрларни маъқуллаган бўларди. У ўзининг соқчиси билан занжирбанд қилинган ҳолдалигида, яқинлашиб келаётган жаллодларининг қадам товушларини эшитаётган пайтда, охирги сўзларини Рим қамоқхонаси деворлари ичида ёзган эди. Бундан баттари бўлиши мумкинми? Йўқ, Павлуснинг фикрича йўқ: ≪Раббим мени бундан кейин ҳам ҳар қандай ёмонликдан халос қилади ва Ўзининг самовий Шоҳлигига соғ–саломат етказади≫ (2 Тим. 4:18).
Павлус ўз Отасига ишонишга қарор қилган эди.
Айтгандай, сизга шуни етказишдан хурсандман: ҳавза ёнидаги ўша қизча ҳам отасига ишонишга қарор қилди. Отасининг узоқ кўндиришидан ва опасининг ғамхўрлик билан қилган насиҳатларидан сўнг, бурнини бармоқлари билан қисиб, сакради. Кейин қайта-қайта, тахминан, ўн марталар сакради. Худога шукур, яна битта қўрқув болаларча ишонувчанликнинг қурбони бўлди.
Саккизоёқ -денгиз ҳайвони.
Телепат –фикр, туйғу ва ҳиссиётларини масофадан бошқаларга ўтказадиган одамлар.
Приматлар – юксак сут эмизувчилар туркуми.
СПА- шифо муолажаси- Сув, лой ва бошқа табиий воситалар ёрдамида ўтказиладиган соғломлаштирувчи муолажалар тўплами.
Қарилик маразми- куч-қувватдан қолиш, баъзи ҳаёт кўникмаларини бажара олмай қолиш.
Маниакал – васваса оқибатидаги
Метастаз – касалликнинг жалалаб бир жойдан бошқа жойларга ўтиб кўпайиши.
Паранойя – руҳий касаллик.
Муқаддас Ёзувнинг сўзма-сўз таржимаси. -Таржимон изоҳи.
The Message таржимаси. – Тажримоннинг изоҳи.
Лексика- тилнинг сўз бойлиги, луғати таркиби.
Книга на Узбекском языке: - Бесстрашные (Макс Лукадо)
Все мы чего-либо боимся, но Макс Лукадо спешит нас порадовать: от страха есть противоядие! В своей новой книге он призывает читателей задуматься над словами Христа, настойчиво призывавшего Своих учеников не бояться, и предлагает действенное духовное лекарство от страха