Довюраклар (Макс Лукадо) 13 bob

Макс Лукадо. Довюраклар - (13-боб) Китоб Ўзбек тилида

Dovyuraklar (Maks Lukado) O‘zbek tilida Audiokitob

Тасаввур қилинг: сизнинг ҳаётингизда энди қўрқув йўқ          Dovyuraklar (Maks Lukado) O‘zbek tilida Audiokitob  

 

Мундарижа

 

Миннатдорчилик  

1-боб  Нима учун биз қўрқамиз?                                                           

2-боб  Манман қишлоғининг аҳолиси                                                 

Ўзининг аҳамиятсизлигидан қўрқиш

3-боб  Худо мендан чарчади

Худонинг ҳафсаласини пир қилишдан қўрқиш

4-боб  Ташвишлар, йўқолинглар!                                                         

Нималардир етишмаслиги қўрқуви

5-боб  Менинг фарзандим хавф остида

Ўз фарзандини эҳтиёт қила олмаслик қўрқуви

6-боб  Мен жуда тез чўкяпман

Ҳаддан ортиқ машаққатлар олдидаги қўрқув

7-боб  Менинг жавонимда аждарҳолар бор                                      

Воқеаларнинг ёмон ривожидан қўрқиш

8-боб  Бу шафқатсиз сайёра

Зўравонлик олдидаги қўрқув

9-боб  Ўйинчоқ пуллар                                                                       

Яқинлашиб келаётган қиш олдида қўрқув

10-боб  Ўлимигача қўрққанлар                                                          

Ҳаётнинг сўнгги лаҳзалари олдидаги қўрқув

11-боб  Кофеинли ҳаёт

Келажакдан қўрқиш

12-боб  Шубҳалар сояси                                                                       

Худо йўқ деган қўрқув

13-боб  Агар бирон даҳшатли ҳодиса юз берса, нима бўлади?        

Дунё миқёсидаги офатлардан қўрқиш

14-боб  Битта соғлом қўрқув                                                                

Худо менинг қутичамга сиғмайди деган қўрқув

Хотима.  Вильямнинг саноси                                                                


13-боб. Агар бирон даҳшатли ҳодиса юз берса, нима бўлади?

Сизлар узоқ–яқиндаги уруш хабарларини эшитасизлар. Бироқ чўчиманглар! ...

Матто 24:6.

Дунё миқёсидаги офатлардан қўрқиш

Дори истеъмол қилаётганимда, мен фармацевтларнинг огоҳлантиришларини четлаб ўтишим мумкин эди. Уларнинг огоҳлантиришлари нимага кераклигини албатта биламан. Дори-дармон ишлаб чиқарувчилар ҳар қандай юз бериши мумкин бўлган кўнгилсизлик ва ножўя таъсирлари  ҳақида бизни огоҳлантиришлари шарт. Акс ҳолда, уларнинг таблеткаларини истеъмол қилганимиздан кейин учта қўли бор яшил одамчаларга айланиб қолсак, товон тўлайсизлар, деб уларни судга бера оламиз. Буни мен тушунаман. Барибир, реклама қаҳрамонининг бахтиёр юз ифодаси ва дикторнинг кадр ортидан фалаж хавфи тўғрисида огоҳлантириши орасида нимадир борки, бу ишни бузади.

Бундай салбий оқибатлар тўғрисида маълумот бериш тажрибаси  туғруқхоналар палаталарига етиб бормайди, деб умид қиламиз. Ахир, шундай бўлиши ҳам  мумкин-ку. Охир-оқибат, туғилаётган чақалоқлар нимага аралашиб қолаётганларини билишга тўлиқ ҳақлидирлар. Туғилишдан олдинги огоҳлантириш акушерликда стандарт тадбирга айланиши мумкин. Бу саҳнани тасаввур қиляпсизми? Ҳуқуқшунос туғаётган аёл тўшаги ёнида турибди. Тўлғоқлар орасида аёл Ламаз усули бўйича нафас олмоқда, яъни тез-тез ва юзаки, худди «кучукчадай». Юрист майда ҳарфлар билан ёзилган ҳужжатни аёлнинг қорни томон қараб ўқийди:

«Сизни бачадондан ташқаридаги оламга ўтаётганингиз билан табриклаймиз. Аммо шуни эътиборга олиб қўйингки, инсон ҳаёти унга ҳамроқ бўладиган  ҳодисалар билан характерланади, бу ҳодисалар кўп ҳолларда ўлимга олиб келади. Айрим мижозлар ҳалокатли вируслар, кимёвий моддалар ва\ёки қонли террорга оид кўнгилсизликлар ҳақида хабар берган эдилар. Туғилиш сизни яна цунами, маст учувчилар, ҳушёр мотоциклчилар, очлик, радиоактив чўкмалар  ва\ ёки  ҳайз олди синдроми сингари офатларнинг ҳалокатли таъсирига дучор қилиши мумкин. Ҳаётнинг хуш кўрилмайдиган ножўя таъсирлари қаторига компьютер вируслари, юрак хасталиклари ва битирув имтиҳонлари ҳам киради. Инсон ҳаёти ёвуз ҳукмдорлар билан битта сайёрада истиқомат қила олмайдиганларга ёки авиокомпаниялар бортда озиқланиш деб атайдиган нарсаларни юта олмайдиганларга тавсия қилинмайди.

Ҳаёт — хавфли нарса. Биз ёвуз борлиқ сояси остида машаққат билан кун кечирамиз. Инсониятни йўқ қилишнинг турли усуллари, чамаси, фақат шу ҳақда орзу қиладиган одамларнинг ихтиёрига ўтган. Ракета- ядро урушлари тўғрисидаги суҳбатлар битта ёшгина болакайни шундай савол беришга мажбур қилди: «Она, илтимос, айтинг-чи, биз ҳеч ҳам осмон йўқ ерда яшашимиз мумкин эмасми?»1 Агар Ер юзидаги ўртача йиллик ҳарорат яна икки даражага ошса…агар мутлақо махфий маълумотлар ёвуз одамларнинг қўлига тушиб қолса…агар қандайдир эси паст одам қизил тугмани босиб юборса…Агарда энг даҳшатли ҳодиса юз берса, нима бўлади?

У албатта юз беришини Масиҳ бизга айтган. У руҳий сусайиш, экологик офатлар, бутун оламда масиҳийларнинг таъқиб қилинишини башорат қилади. Бундай ҳодисалар юз берганда ҳам бизни келажакка дадил боқишга ундайди.

 

... Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин! Чунки кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Масиҳман”, — деб бир қанча одамни йўлдан оздирадилар. Сизлар узоқ–яқиндаги уруш хабарларини эшитасизлар. Бироқ чўчиманглар! Булар содир бўлиши шарт, аммо бу ҳали охири дегани эмас. Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчилик ва зилзилалар бўлади. Бу ҳодисалар тўлғоқ азобларининг бошланишига ўхшайди.

 Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади. Шунда кўплар имондан қайтади, улар бир–бирини сотиб, бир–биридан нафратланади. Кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлади, улар кўпларни йўлдан уради. Ёмонлик кўпайгани учун одамлар орасида меҳр–оқибат йўқолади. Лекин охиригача бардош берган нажот топади. Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади, ҳамма халқлар уни эшитади. Шундагина охирзамон келади.

Матто 24:4–14.

 

Зўр бўлишидан олдин ҳамма нарса ёмон бўлади, жуда ёмон бўлади.

Вазият ёмонлашганда, ≪қаранглар, чўчиманглар≫ (Матто 24:6). Бу жойда: ≪чўчиманглар≫ деган сўзда жуда таъсирчан сўз ишлатилган, Исо Масиҳ бу сўзни бошқа бирор жойда ишлатган эмас. Бу сўз “оҳ-воҳ қилмоқ”, “фарёд қилмоқ”  маъносини англатади. Гўё Исо Масиҳ шогирдларига “Энг ёмони юз берганда, жазавага тушманглар”, деб маслаҳат бермоқда.

Шогирдларни Йерусалим маъбадининг салобати ҳаяжонга солди. Уларни улкан йўнилган тошлардан қурилган улуғвор иншоот ҳайратда қолдирди, айрим тошларнинг узунлиги йигирма тўрт фут чиқарди;  шунингдек, рангли мармарнинг денгиз тўлқинларини эслатувчи чизгилари ҳаяжонга солган эди. Исода эса буларнинг ҳеч бири шундай тасаввур қолдирмади. ≪Исо уларга деди: “Буларнинг ҳаммасини кўряпсизми? Сизларга чинини айтайин: булар вайрон бўлади. Биронта тош ўз жойида қолмайди≫ (Матто 24:2).

Тасаввур қилинг: кимдир Оқ уйнинг, Букименгем ёки Лувр саройининг вайрон бўлиши ҳақида башорат қиляпти. Сиз буларнинг вайрон бўлиши  тафсилоти билан қизиқмайсизми?  Шогирдлар билишни хоҳладилар. ≪… Бизларга айтинг–чи, бу ҳодисалар қачон юз беради? Сизнинг келишингизни ва охирзамон яқинлашганини нимадан билсак бўлади?≫ (Матто 24:3).

Марказида маъбад бўлган Довуд шаҳри манзараси намоён бўлиб турган Зайтун тоғида ўтириб, Исо: «Камарларни тақинглар, энг муҳими, ваҳимага тушманглар, ҳаёт сизларнинг соғлиқларингиз учун хавфли бўлиши мумкин», қабилида огоҳлантирмоқда.

Исо Масиҳ гапни насиҳатдан бошлайди: ≪… Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин! Чунки кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Масиҳман”, — деб бир қанча одамни йўлдан оздирадилар≫ (Матто 24:4–5). Бу оятдаги “кўп кишилар”, “бир қанча одам” сўзларига эътибор беринг. Алданганлар ҳам кўп, алдовчилар ҳам кўп. Жамоат бу —Худонинг хизматчилари ниқоби остидаги худбинлар ўзларини ўзлари намоён қилишлари учун Петри косачаларидир. Улар ҳамма нарсани “Исонинг номи билан”  қиладилар, алоҳида мақомга, олий тақводорликка даъво қиладилар. Улар пинҳон билимлар уларга очилгани билан мақтанадилар, ўз ваъзларида: “Худо менга айтди”, “Худо билан гаплашдим”, “Худо мени етакламоқда”, каби жумлалар билан ўзларини кўз-кўз қиладилар. Улар ўзларини оддий қоидаларга бўйсунишлари лозим бўлмаган, ички доирага киритилган буюк устозлар сифатида намоён қиладилар; бу уларнинг доноликлари оддий одамларнинг тушунчасидан анча устунлигини англатади.  Кимдир ҳатто мойланганликка даъво қилиб: ≪…Мен Масиҳман…≫ деб айтади (Матто 24:5).

Уларнинг орасида –Хосе Луис де Хесус Миранда ҳам бор. У фақат Исо Масиҳ ҳақида гапириб, Унга ибодат қилиб қолмайди. У ўзини дунёга қайта келган Масиҳ деб эълон қилади. Насролик Исодан фарқли равишда, бу Пуэрто-Риколик Хесус таълим берадики, гуноҳлар умуман мавжуд эмас ва унинг издошлари бирон ёмон иш қила олмайдилар. Ўттиздан ортиқ мамлакатдаги унинг минглаб издошлари унинг  «малҳам»ларини ютмоқдалар»2.

“Сизларни адаштиришларига йўл қўйманглар”, –огоҳлантиради Исо. Ялтироқ ташқи кўриниш билан, сўзамоллик билан ва шоу эффектлари билан сизни аврашларига йўл қўйманглар. Кейинроқ ўша ваъзида Исо Масиҳ шундай деган эди: «…сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланган одамларни ҳам йўлдан оздириш учун буюк аломату мўъжизалар кўрсатадилар» (Матто 24:24).

Оломон ва мўъжизалар. Ғоят машҳурлик, зўр таассурот қолдирадиган фокуслар. Кўплаб тарафдорлар. Куч-қудрат намойиши. Ана шунақаларни кўрганингизда, эҳтиёт бўлинг. Баланд овоз – фальш, яъни сохталик йўқлигига кафолат эмас. Машҳурлик ва фокуслар қармоғига илиниб қолманг. Шайтон унисини ҳам, бунисини ҳам хўрак қилишга қодир.

Қуйидаги парча ёрдамида ҳамма ваъзларни ва воизларни текширинг: «Исони Масиҳ эмас, дейдиган ҳар қандай одам ёлғончидир. У Масиҳнинг душмани! У Отани ҳам, Ўғилни ҳам рад этади. Ўғилни рад этган одамда Ота йўқ. Ўғилни тан олган одамда эса, Ота ҳам бор» (1Юҳ. 2:22-23). Сохта пайғамбарлар ҳар доим Масиҳнинг ролини пасайтириб, инсоннинг ролини юксалтирадилар. Имон таълимотини тиришқоқлик билан ўрганинг. Битта саволга диққатингизни қаратинг: бу одам ўзининг тингловчиларини Исога йўналтиряптими? Агар “ҳа” деган жавоб бўлса, шукр айтиб, ўша одам учун ибодат қилинг. Агар “йўқ” деган жавоб бўлса, ҳозир имкони борида у ердан қочинг.

Бидъатлар билан бир қаторда, биз офатларни ҳам кутишимиз керак. ≪Сизлар узоқ–яқиндаги уруш хабарларини эшитасизлар. Бироқ чўчиманглар! Булар содир бўлиши шарт, аммо бу ҳали охири дегани эмас. Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчилик ва зилзилалар бўлади. Бу ҳодисалар тўлғоқ азобларининг бошланишига ўхшайди≫ (Матто 24:6–8).

Табиат ҳомиладор, унинг ой-куни яқин. Тўфон Канзасдаги шаҳар орқали ўтганида ёки зилзила Покистондаги бир ҳудудни вайрон қилганида, бу – иқлим ўзгаришлари ёки олдинги тектоник зоналарнинг кўчишидан кўра каттароқ нарсадир. Борлиқ туғиш олдидан илк тўлғоқларни бошидан кечирмоқда. Энг асосий азоблар ҳали олдинда.

         Ихтилофлар, «урушлар ва уруш хабарлари» ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Битта халқ бошқасига ҳужум қилади. Битта буюк мамлакат бошқасига қарши чиқади. Чегараларда ҳар доим қулфлар керак бўлади. Ҳарбий мухбирлар ишсиз қолмайдилар. Ер юзи аҳолиси ҳеч қачон бу ерда – осмондан узоқда тинчликни кўрмайди.

Масиҳийлар ҳаммадан кўп жабр тортадилар. ≪Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади.  Шунда кўплар имондан қайтади, улар бир–бирини сотиб, бир–биридан нафратланади. Кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлади, улар кўпларни йўлдан уради. Ёмонлик кўпайгани учун одамлар орасида меҳр–оқибат йўқолади≫ (Матто 24:9–12).

         Ўлими бу башоратнинг амалга ошиши бўлган одамлар билан жаннат тўла: Бутрус. Павлус. Стефан. Ёқуб. Антиохиялик Игнатий. Поликарп. Жафокаш Иустин. Ориген. Олам Масиҳнинг бу издошларидан нафратланган эди.

Нафрат олдингидай қайнамоқда. ≪Жафокашлар овози≫ — диний эркинликни ҳимоя қиладиган масиҳийлар ташкилотининг маълумотларига кўра, охирги юз йилликда, олдинги барча юз йилликлардагини қўшиб ҳисоблагандан кўра кўпроқ  Масиҳ издошлари ўз имони учун ўлдирилган. Павлус, Ёқуб ва Бутрус номлари қаторига Эфиопиялик Цехай Толесса, континентал Хитойдан Ксу Йонхай, Эронлик Мехди Дибаж исмлари ҳам қўшилди3. Бутунжаҳон Хушхабарчилар ҳаракати йилига ўртача 165 000 жафокаш ўлдирилиши ҳақида маълумот беради. Бу миқдор ўтган асрдагига қараганда, тўрт баробар кўпдир4.

Ўз диний эркинлиги билан мағрурланадиган Америка, масиҳийларга нисбатан кучайиб бораётган ғазаб билан хасталанган. Муқаддас Китобга ишонадиган талабаларни профессорлар ошкора мазах қилмоқдалар. Телевизион ток-шоуни олиб борувчилар имонлиларни қораламоқдалар. Биз қувғинлар кучайишини кутишимиз мумкин. Шу ҳодиса юз берганда, мустаҳкам бўлмаган эътиқод вайрон бўлади. «...одамлар орасида меҳр–оқибат йўқолади...≫ (Матто 24:12). Руҳий ≪чиптасизлар≫ кемадан сувга сакрайдилар. Иккиланувчилар қалбсиз бўлиб қоладилар. Кўп сонли тиришқоқ жамоат аъзолари тиришқоқ риёкорларга айланадилар. Улар шунчаки имондан юз ўгириб қолмайдилар – улар имонлиларнинг ҳаётини заҳарлайдилар.

Бу қувғинлар бизга ҳам етиб келадими? Баъзиларимизга улар аллақачон  етиб келди. Айримларимизга ҳали етиб келиши мумкин. Агар эътиқодимиз учун қамоққа ташлансак, эътиқодимиз учун қувғинга учрасак, менга ва сизга Худо Масиҳнинг «…Бироқ чўчиманглар!...» (Матто 24:6) деган насиҳатини эслашга ёрдам берсин.

         Бидъатлар, офатлар ва баъзилар имондан қайтишлари туфайли Руҳнинг ҳузурини йўқотманг. Бундай таъсирларга берилманглар ва таслим бўлманглар, чунки ҳадемай сизлар тантананинг гувоҳи бўласизлар.

≪… Лекин охиригача бардош берган нажот топади. Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади, ҳамма халқлар уни эшитади. Шундагина охирзамон келади≫ (Матто 24:13–14).

Исо Масиҳ Ўз шогирдларини узоқни кўра оладиган жасурлик билан қуроллантирган эди. У кулфатларни санаб ўтар экан, уларнинг  «охири  келади», деб айтди. Охири ғалаба билан тугашига ишонч охиригача бориш учун жасурликни туғдиради. Ёзувчи Жим Коллинз ўзининг “Шуҳратга муносиб” китобида бу ҳақиқатни очиб беради. Коллинз Вьетнам уруши вақтида саккиз йил асирликда бўлган адмирал Жеймс Стокдейл ҳаёти тарихини ҳикоя қилади.

 Стокдейл озод бўлганидан кейин Коллинз ундан лагерда қандай қилиб тирик қолганини сўради. У шундай жавоб берди:

—Мен ҳеч қачон ҳаммаси яхшилик билан тугашига ишончни йўқотмадим. Мен нафақат бу ердан чиқиб кетишимга, балки бу курашни ҳаётимдаги ҳал қилувчи воқеага айлантириб, бу курашда охири ғалаба қилишимга бирон марта шубҳа қилмадим; мен буни бошқа ҳеч нарсага алиштирмаган бўлар эдим.

Кейин Коллинз сўради:

—Синовларга ким дош бера олмади?

Адмирал Стокдейл шундай жавоб берди:

—О, бу ерда ҳаммаси оддий. Оптимистлар... улар шундай деб айтардилар: ≪Мавлуд (Рождество) байрамигача бу ерда қолмаймиз≫. Мавлуд ҳам келди ва кетди. Кейин улар шундай дедилар: ≪Фисиҳ байрамигача биз бу ерда қолмаймиз≫. Фисиҳ  ҳам келди ва кетди. Кейин Шукроналик кунигача. Кейин яна Мавлудгача. Улар руҳан тушкунликка тушиб, биронтаси ҳам тирик қолмади5.

Ҳақиқий жасурлик иккала воқеликни:  ҳозирги машаққатларни ва яқинлашиб келаётган тантанани қамраб олади. Тўғри, ҳаёт баъзан расво бўлади. Аммо бу абадий эмас. Менинг дўстларимдан бири шундай дейишни яхши кўради: «Охирида ҳаммаси яхши бўлади. Агар ҳали ҳаммаси яхши бўлмаган бўлса, демак, ҳали бу охири эмас». 

Гарчи Жамоат, худди Гидоннинг аскарлари сингари, қаттиқ танловдан   ўтаётган бўлса ҳам,  Худонинг ерини иқлим оқибатидаги фалокалар енгаётган бўлса ҳам, офатлар қонини оқираётган бўлса ҳам, Худонинг ижодининг ўзи Арктика даҳшати оқибатида қаёққадир чайқалаётган бўлса ҳам, ваҳимага тушманг.

≪ Сабрли бўл, мунтазир бўл Эгамизга,

Ғайирлик қилмагин йўлларини топганларга,

Фосиқ ниятларин амалга оширганларга≫ (Забур 36:7).

Поллианна оптимизмидан узоқроқ туринг. Инсон борлиғини ёвузлигини  пардозлаб, биз ҳеч нарсани қўлга кирита олмаймиз. Бизнинг олам заҳарланган.  Аммо «Осмон қулаяпти! Осмон қулаяпти!»  мультфильмидаги Жўжача Чипнинг ваҳимали фарёдларини ҳам такрорлаш керак эмас. Поллианна ва Жўжача Чип ўртасида, кўзи юмуқ оптимизм билан беадаб жазава орасида босиқ, тиниқ фикрлайдиган, имонини сақлайдиган Масиҳ издоши турибди.  Масиҳнинг бу издоши очиқ кўз билан турибди, аммо кўзларида  ваҳима йўқ. У  қўрқитадиганлардан қўрқмайди. У маҳалладаги энг ювош йигит – бу ерда безорилар йўқлиги учун эмас, балки ўзининг катта Акасига бўлган ишончи туфайли ваҳимага тушмайди. Худонинг қадимги халқига бу хотиржамлик  таниш эди:

«Ҳатто бутун лашкар мени ўраб олса ҳам,

Юрагимда асло қўрқув пайдо бўлмас.

Ҳатто менга қарши жангга отланса ҳам,

Ишончим ҳеч ҳам йўқолмас» (Забур 26:3). 

         Иккинчи Жаҳон уруши оқибатида Варшава шаҳри маркази вайрон қилинганидан сўнг, пойтахтнинг асосий кўчасида биргина иншоотнинг фақатгина скелети қолди. «Бу – Британия ва чет эл Муқаддас Китоб жамиятининг Польшадаги бўлимининг ярим вайрон бўлган биноси эди. Бинонинг бутун қолган биргина ички деворидаги сўзлар кўча томондан  кўриниб турар эди…“Осмон ва ер тугайди.

Аммо Менинг  сўзларим бу оламдан ўтиб кетмайди”6». Бу – масиҳийлар умидининг тимсолидир. Гарчи олам қуласа ҳам, Масиҳнинг ишлари қолади.

«Қаранглар, бироқ чўчиманглар…» (Матто 24:6).

«Қаранглар…, қилманглар». Бошлиқларнинг ва ўқитувчиларнинг кўрсатмалари кўпинча шу сўзлардан бошланади. «Қаранглар, менга ҳисобот тайёрлашни унутманглар». Ёки: «Иншони эртага топширишларингиз керак. Қаранглар, кечикманглар». Бундай сўзлар диққатлироқ бўлишга, охирги натижага диққатни жамлашга, мақсадга интилишга даъват қилади. Масиҳ ҳам бизни шунга даъват қилмаяптими? Моддий инқироз кучайган ва террорчилар эркин юрган бизнинг хавфли даврда, Фаберже тухуми сингари мўрт ер шарида –  ваҳима ва қайғу бошпаналарида яширинишимиз учун ҳамма сабаблар бор. Аммо Масиҳ бизга шундай дейди:

«Қаранглар, хавотир олманглар…»

≪Идрокли бўлинглар ва ваҳимага тушманглар…≫

≪Ваҳимага тушмасликка ҳаракат қилинглар…≫*

≪Ўлим хавфи остида бўлганингда ҳам содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман≫ (Ваҳий 2:10).

Эътиқодларингизнинг синчи зарбаларга ва босимга дош беришига ишонч ҳосил қилинг.

 «Титаник»ни қурганлар бу ҳақида қайғурганларида яхши бўлар эди. Улкан кема чўкиб кетди, чунки қурувчилар арзон михпарчинни афзал кўрдилар ва қилиниши керак бўлган ишларни яхши ҳисоб-китоб қилмадилар. Михпарчинлар қопламанинг пўлат листларини кема синчига бириктиради. Кемасозлар сифатли стерженлар етишмаслигига дуч келганларида,  стандартга тўғри келмайдиганларини олавердилар. Натижада, буларнинг парчаланган бошчалари асйбергнинг босими остида нўхатдай тўкилиб кетди7.

Сизнинг имонингиз кемасида михпарчинлар қанчалик мустаҳкам? Михпарчинларни ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиш, Худога хизмат қилиш, Худо билан самимий мулоқот қилиш орқали мустаҳкамланг. ≪Жасорат — бу ибодат қилиб улгурган қўрқувдир≫8.

    Шуни ёдингизда тутинг: ≪…буларнинг ҳаммаси —туғруқ тўлғоғининг бошланишидир≫ (Матто 24:8). Ахир, туғруқ тўлғоғида ҳамма нарса ҳам ёмон эмаску (менинг айтишим осон). Тўлғоқ – туғруқдан дарак беради. Акушерлар она бўлиш арафасида турган аёлларни ишонтирадилар: ≪Маълум вақт оғриқ бўлиб туради, кейин ҳаммаси яхши бўлади». Исо Масиҳ ҳам айнан шунга бизни ишонтирмоқда. Дунё миқёсидаги ихтилофлар бизнинг календаримиздаги туғиш санаси яқинлашиб келаётганидан дарак беради. Охирги соат яқинлашмоқда, юкдан қутулишгача бор-йўғи бир неча зарба қолди, холос. Яна бир оз вақт абадийлик соати чиқиллаб туради ва кейин ижод тожга бурканади. Янги дунё  яқинлашмоқда! 

≪… Булар содир бўлиши шарт …≫ (Матто 24:6). Мана шу қувончли «Бўлиши шарт» деган сўз тасдиқлайдики,  ҳамма юз бераётган воқеалар, ҳатто энг даҳшатлиси ҳам, Худонинг ниятига бўйсундирилган. Ҳамма кулфатлар, синовлар унда ўз ўрнида туради. «Бизлар ваҳимага тушмаслигимиз кераклигининг сабаби урушлар ваҳимага солмаслиги эмас, мутлақо аксинча, сабаб шундаки, жамики алғов-далғовлик устидан Худонинг нияти ҳукмронлик қилади»9.

Ҳамма воқеа-ҳодисалар – катталари ҳам, арзимайдиганлари ҳам –  Худо томонидан олдиндан белгилаб қўйилган ва Унинг эзгу хоҳиш-иродасининг амалга ошишига хизмат қилади. Борлиқ назорат остидан чиқиб кетгандай туюлганида,  аслида бундай эмас.   Баъзан ҳаммани қонхўр васвос бошқараётгандай туюлганида, аслида бундай эмас. Экологик офатлар олам янгиликларида биринчи ўринга чиққанида, юрагингизда у биринчи ўринга чиқишига йўл қўйманг.

Питер Вирт заминдаги отасига ишонганидай, биз Самовий Отамизга ишонайлик.

Университет талабаси Питер йигирма бир ёшида ўнг елкасида қаттиқ оғриқ сеза бошлади. У маслаҳат сўраш учун отасига қўнғироқ қилди. Кўпчилик талабалар ҳам шундай қилган бўлардилар: маслаҳат сўраш учун уйларига қўнғироқ қилган бўлардилар. Аммо бундай вазиятда талабалардан камида яхши маслаҳатчи топилган бўлар эди. Питернинг отаси Майкл – дунёга машҳур ортопед, айнан елка бўғими бўйича мутахассис. Питернинг шифокор Виртга қўнғироғи – Билл Гейтснинг қизи отасига компьютер ҳақида ниманидир сўраш мақсадида қилган қўнғироғи билан бир хил.

         Аввалига Майкл Питернинг елкасидаги оғриқни, ҳаддан ортиқ жисмоний юкдан, деб тушунтирди. Аммо елканинг увишиши ва игна сангчгандек оғриши бошлангандан кейин, доктор Виртда камдан-кам учрайдиган хасталик – «чуқур веналарнинг тромбофлебити» хасталигига  шубҳа уйғона бошлади. Ўғлининг елкасида тромб пайдо бўлган бўлиб, юрак учун хавфли яқин масофада жойлашган эди. Бу хасталик Майклга нафақат таниш эди, балки шифокор бу хасталикни даволаш усуллари ҳақидаги мақоланинг ҳаммуаллифи эди. У Питерга шифохонага бориб, албатта, ультратовуш текширувини ўтказишларини сўрашини айтди. Маълум бўлишича, узоқ масофадан қўйилган ташхис айнан  нишонга тегди. Питерни зудлик билан шифохонага ётқиздилар, тромб сўрилиб кетди, ўғилнинг заминдаги ҳаёти давом этди. 

Шундай отанинг борлиги ажойиб эмасми?!

Бизнинг шунақа Отамиз бор. У оламга Ўзининг ташхисини қўйган ва бу хасталикни қандай шифолаш мумкинлиги ҳақида китоб ёзган. Биз Унга ишонишимиз мумкин. «Охирида ҳаммаси яхши бўлади. Агар ҳали яхши бўлмаса, демак, ҳали охири эмас».


Петри косачаси – пастроқ цилиндр шаклидаги лаборатория идиши. Микроорганизмларни экиб ўстириш учун микробиологияда кенг – қўлланилади. Петри косачаси шу мақсадда озиқлантирувчи муҳит қавати билан тўлдирилади ва унинг устига микроорганизмларни экиб ўстирилади. – Таҳририят изоҳи. 

Америкалик ёзувчи аёл Элеанор Портер (1868 —1920)нинг болаларга ёзган китобидаги қаҳрамон. М. Флокернинг «Ширин ҳаёт» (СПб.: Редфиш. ТИД Амфора, 2005. С. 76) китобида, унга қуйидагича таъриф берилади: «Инсон хулқ-атворларининг улкан галереясида энг ёқимсиз намуналардан бири – қувноқ, аҳмоқ қиз Поллианнадир. Қувноқ ва уддабурон, сабабсиз жилмайиб турадиган, абадий мўмин-қобил қиз. Аммо ҳаётда бу ўзини тутишнинг яхши усули эмас…» —Таржимон изоҳи.

Матто 24:6 нинг турли инглизча таржималаридан. – Таржимон изоҳи.

Муаллиф Муқаддас Китобнинг 1978 йилги инглизча таржимасидан (NIV) фойдаланган. 


Книга на Узбекском языке: - Бесстрашные (Макс Лукадо)

Все мы чего-либо боимся, но Макс Лукадо спешит нас порадовать: от страха есть противоядие! В своей новой книге он призывает читателей задуматься над словами Христа, настойчиво призывавшего Своих учеников не бояться, и предлагает действенное духовное лекарство от страха



AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак