Макс Лукадо. Довюраклар - (12-боб) Китоб Ўзбек тилида
Dovyuraklar (Maks Lukado) O‘zbek tilida Audiokitob
Тасаввур қилинг: сизнинг ҳаётингизда энди қўрқув йўқ
Мундарижа
Миннатдорчилик
1-боб Нима учун биз қўрқамиз?
2-боб Манман қишлоғининг аҳолиси
Ўзининг аҳамиятсизлигидан қўрқиш
3-боб Худо мендан чарчади
Худонинг ҳафсаласини пир қилишдан қўрқиш
4-боб Ташвишлар, йўқолинглар!
Нималардир етишмаслиги қўрқуви
5-боб Менинг фарзандим хавф остида
Ўз фарзандини эҳтиёт қила олмаслик қўрқуви
6-боб Мен жуда тез чўкяпман
Ҳаддан ортиқ машаққатлар олдидаги қўрқув
7-боб Менинг жавонимда аждарҳолар бор
Воқеаларнинг ёмон ривожидан қўрқиш
8-боб Бу шафқатсиз сайёра
Зўравонлик олдидаги қўрқув
9-боб Ўйинчоқ пуллар
Яқинлашиб келаётган қиш олдида қўрқув
10-боб Ўлимигача қўрққанлар
Ҳаётнинг сўнгги лаҳзалари олдидаги қўрқув
11-боб Кофеинли ҳаёт
Келажакдан қўрқиш
12-боб Шубҳалар сояси
Худо йўқ деган қўрқув
13-боб Агар бирон даҳшатли ҳодиса юз берса, нима бўлади?
Дунё миқёсидаги офатлардан қўрқиш
14-боб Битта соғлом қўрқув
Худо менинг қутичамга сиғмайди деган қўрқув
Хотима. Вильямнинг саноси
12-боб. Шубҳалар сояси
Лекин Исо уларга деди:
Нега қўрқиб кетдингизлар? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти?
Луқо 24:38.
Худо йўқ деган қўрқув
Вуди Аллен кечалари ухлаёлмай чиқади. Унинг жони ҳалак. Қўрқувлар етмиш ёшли кинорежиссёрни бедор бўлишга мажбур қилади. Унинг уятчан тарзда туришига ва мулойим табассумига қараб, асло бундай деб ўйламайсиз. У хушмуомала ва сермулозамат, мукаммал тоға бўлиб кўриниши мумкин эди. Ундаги ҳурпайиб турган ягона нарса – унинг сочи эди. Аммо унинг бу ташқи қиёфаси остида уни қўрқув анакондаси кемиради.
Уни бўшлиқ нобуд қилмоқда. Ашаддий атеист Аллен ҳаётга «мазмунсиз живирлаш» деб қарайди. Худо йўқ, мақсад йўқ, ўлимдан кейин ҳаёт йўқ, шунга монанд равишда, унгача ҳам ҳаёт йўқ. ≪Мен, аслида, ўлимдан ҳаётни афзал кўриш учун ишончли сабабни топа олмайман, – деб тан олади Аллен, — қаттиқ қўрққаним бундан мустасно… Ҳамма поездлар битта темир йўл чизиғидан юради. Уларнинг ҳаммаси ахлат уюмига боради≫.
Шунинг учун Аллен ўзини чалғитиш учун фильмлар суратга олади. Ўн йиллар давомида у тўхтовсиз равишда йилига битта фильмини тандирдан чиқаради. ≪Мен нимагадир диққатимни қаратишим керак. Шунинг учун манзарага яхлит қарамайман≫1.
Тахминимча, ким учундир, Вуди Алленнинг қўрқувлари тушунарсиз бўлиши мумкин. Худонинг улкан оламида Худонинг борлигига ва Унинг эзгулигига ҳеч қачон шубҳа қилмаган одам бўлиши керак. Аммо бу китобни ўшанақа сифатларга эга бўлган одам ёзмаяпти.
Вуди Алленникига ўхшаш менинг қўрқувларим фақатгина якшанба куни эрталаб юзага қалқиб чиқишни афзал кўрадилар. Мен анча эрта: оилам қимирлашни бошлашидан, қуёшнинг илк нури ёриб киришидан ва тонгги рўзномалар эшик олдига шалоплаб тушишидан олдин уйғонаман.
Майли, бутун олам ухлайверсин, аммо мен ухламайман. Ҳар якшанба куни – менинг ҳаётимда улуғ кун; мен янги ишонч ва умидга эга бўлиш учун ярим соат вақтларини сарфлашга тайёр жамоат аъзолари қаршисида намоён бўламан.
Одатда, бунга менинг кучим етади. Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди (бу хабар сизни хавотирга солмайдими?) Баъзан бу соатларнинг тонгги ғира-ширасида ваъз олдидан мен ишонадиган нарса буткул бемаънилик деган фикр менга ҳужум қилади. Айниқса, битта Фисиҳ байрами жуда аниқ эсимда қолган. Мен ваъз матнини чироқ ёруғида кўздан кечираётганимда, тирилиш ҳақидаги хабар Хушхабар ҳақиқати эмас, балки чўпчак, тор фикрли одамларнинг миш-мишларига ўхшаб кўринди. Қабристон тошларидаги фаришталар; дафн кафанликлари гоҳ керак, гоҳ керак эмас; мурдадан қўрқиб кетган аскарлар; ўлган, кейин ерда юрган Исо. Мен ҳатто кейинги саҳифада «Ғаройиботлар мамлакатидаги Алиса»даги ақлсиз Қалпоқдўзни ва еттита серсоқол митти одамнинг сакраб чиқишини кутишимга сал қолди. Барибир, зўрма-зўракилик кўпроқ, сизга шундай туюлмаяптими?
Баъзан менга шунақа туюлади. Ўшанда Вуди Алленнинг ваҳимасига - Худо йўқ, деган қўрқувига шерик бўламан. «Нима учун?» деган саволга жавобнинг йўқлигидан қўрқув. Мақсадсиз, мазмунсиз ҳаёт олдидаги қўрқув. Ҳозир бизларда бор бўлган нарсалар бўлиши мумкин бўлган даражада яхши, бошқа бирон нарсага ишонадиган ҳар қандай одам Муз океанининг жанубий қирғоқларида офтобда тобланмоқчи бўлган одам деган қўрқув. Қаердадир туманда йўқолиб кетадиган водийдаги қўрқинчли, сўзсиз, қалбни музлатиб юборадиган ёлғизлик сояси.
Шубҳалар сояси водийсида.
Балки, сизга унинг кулранг чизиқлари танишдир?
Унда…
•Муқаддас Китоб ҳикоялари Эзопнинг масалларига ўхшайди;
•ибодатлар бефарқлик садолари билан ортга қайтади;
•ҳамма ахлоқий чекловлар ингичка узуқ-узуқ чизиқлар билан белгилаб қўйилган;
•имонлилар галма-гал гоҳ раҳм уйғотадилар, гоҳ ҳасад уйғотадилар – кимдир ўзини ўзи очиқчасига алдаяпти. Аммо ким ўша?
Ҳаммамиз у ёки бу даражада бу водийга кирамиз. У ёки бу вазиятда у ердан эвакуация қилиниш режаси ҳаммамизга зарур. Ижозат берсангиз, мен ўз режамни таклиф қилай. Бу шубҳалар якшанба куни эрталабги соатларда, Луқо баён этган Хушхабарнинг сўнгги саҳифаларидаги имон булоғи сабабли тезда йўқолиб кетади. Тарихчига айланган шифокор охирги бобни қуйидаги битта саволга жавоб беришга бағишлайди: Биз Масиҳдан шубҳаланганимизда, У бизга нима деб жавоб беради?
Луқо бизларни Йерусалимдаги ўша «катта, тўшак тўшалган меҳмонхона»га олиб боради. Бу тонг – Исо Масиҳ жума куни хочга михлангандан кейинги якшанба тонги. Исонинг издошлари бир жойга йиғилдилар. Улар оламни ўзгартириш учун эмас, балки бу оламдан яшириниш учун йиғилдилар. Б ерда Хушхабар воизлари эмас, балки қўрқиб кетган қуёнлар тўпландилар. Улар барча умидларини ўлган дурадгорнинг танаси билан бирга дафн қилган эдилар. Кучли жасоратни она товуқдан ажралмаган жўжаларда, кучли қатъиятни медузаларда топиш мумкин. Қўрқувсиз имон? У бу ерда йўқ эди. Бу эркакларнинг соқолли юзларида қатъият нишонасини, зиғирдай жасоратни қидириш беҳуда иш эди.
Аёлларнинг ёришган чеҳраларига қарасангиз эса, сизнинг ҳам юрагингиз уларники каби қувонч билан ура бошлайди. Луқо ҳикоясида бу аёллар Исонинг зоҳир бўлгани ҳақида хабар бериб, болохонага ўзлари билан бирга тонг нурларини олиб келдилар.
Улар қабр ёнидан қайтиб, бу воқеани ўн бир шогирдга ва қолган ҳаммага айтиб бердилар. Ҳаворийларга бу хабарни Магдалалик Марям, Йўанна ва Ёқубнинг онаси Марям етказдилар. Улар билан бирга бошқа аёллар ҳам бор эди. Аммо ҳаворийлар, бу аёллар сафсата тарқатяптилар, деб ўйладилар, аёлларнинг гапларига ишонмадилар.
Луқо. 24:9–11
Исодан вақти-вақти билан шубҳаланадиганларга шуни айтмоқчиманки, буни ўзингизга алоҳида қайд қилиб қўйинг ва шу билан бирга, жасур бўлинг. Исога доим ҳам эргашмаган издошларининг ҳам шубҳалари бор эди. Аммо Исо Масиҳ уларни ҳал қилиб бўлмайдиган масалаларда ёлғиз қолдирмади. Маълум бўлишича, У қабрдаги мурда эмас экан. Эммаус деган қишлоққа йўл олган икки шогирдини кўриб...
… Исонинг Ўзи уларга яқинлашиб, ҳамроҳ бўлди. Шогирдлар Исони кўрдилар, аммо Уни таний олмадилар.
Исо улардан:
— Нимани муҳокама қилиб кетяпсизлар? — деб сўради. Улар тўхтаб қолдилар, юзлари ғамгин эди.
Луқо 24:15–17.
Бу иш учун фаришталар тўғри келмаган бўлар эдилар, ҳеч қандай элчилар етарли бўлмаган бўларди, жамики самовий қўшинлар бунинг уддасидан чиқа олмаган бўлар эди. Шахсан Исо Масиҳ уларга ёрдам беришга шошилди.
Исо Масиҳ шогирдларининг имонини қандай мустаҳкамлади? Унинг ихтиёрида минг битта восита бор эди. Жума куни хочга михланиши зилзила ва қуёш қорайиши ҳамроҳлигида бўлди. Матто Хушхабарида баён қилинишича,
≪Қабрлар очилиб, тақводор одамларнинг кўпчилиги тирилди. Улар қабрларидан чиқдилар, Исо тирилганидан кейин муқаддас шаҳарга бордилар. Кўп одамлар уларни кўрди≫ (Матто 27:52–53). Улардан биронтасини Исо Масиҳ ўша Эммаусга бораётган шогирдлар билан суҳбатлашишлари учун чақириши мумкин эди. Ёки Исо Масиҳ Эммаусга бораётган иккала шогирдини Ўзининг бўш қабрига экскурсияга юбориши ҳам мумкин эди. Бундай ҳолатда У тошларни гапиришга ва анжирни “жигу” рақсини ўйнашга мажбур қилиши мумкин эди. Аммо Масиҳ буларнинг биронтасини ҳам қилмади. Хўш, У нима қилди? Исо Масиҳ «Мусодан тортиб, барча пайғамбарлар битикларида Ўзи ҳақида ёзилган сўзларнинг ҳаммасини Исо уларга тушунтирди» (Луқо 24:27).
Ҳақиқатан шундай! Сиз нима деб ўйлаган эдингиз? Масиҳ якшанба мактабида Муқаддас Китоб бўйича машғулотларни ўтказмоқда. Эммаусга бораётганларга Эски Аҳд бўйича, Мусонинг китобидан (Ибтидодан - Қонунларгача), Ишаё, Амос ва бошқа пайғамбарларнинг башоратларидан бошланғич курс ўтмоқда. Эммаусга борадиган йўлни У Муқаддас Китоб йўлига айлантирди. Қуйидагиларга тўхталиб ўтди: Қандай қилиб қизил денгиз девор бўлиб туриб қолди? Қандай қилиб Ерихон деворлари қулаб тушди? Қандай қилиб Довуд камарини ечди? Устоз Муқаддас Китобда Ўзи ҳақида айтилганларга алоҳида эътибор берди. Муқаддас Китобнинг жуда кўп қаҳрамонларининг чизгилари Исода сиз тасаввур қилганингиздан кўра кўпроқ акс этади. Исо, Нуҳ сингари, инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолади; У, Иброҳим сингари, янги халқнинг отаси; Исҳоқ сингари, отаси томонидан қурбонгоҳга олиб борилган; Юсуф сингари, кумуш эвазига хиёнаткорона сотилган; Мусо сингари, қулларни озодликка чорлаган; Ёшуа сингари, ваъда қилинган юртга йўлни кўрсатган.
Исо, ≪Мусодан, ҳамма пайғамбарлардан бошлаб уларга тушунтирди≫. Масиҳ Эски Аҳд битикларидан иқтибослар келтираётганини тасаввур қила оласизми? Ишаё 53дан қуйидаги оят шундай жарангладими:
≪ Мен эса сизнинг гуноҳларимизни деб ярадор бўлдим,
Сизнинг айбларимиз туфайли эзилдим.
Сизга тинчлик келтирадиган жазо Менга тушди,
Менинг яраларим сизга шифо берди≫ (қиёсланг: Ишаё 53:5)?
Ёки Ишаё 28 га эътибор беринг:
≪ Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда:
“Мана, Мен жойлаштиряпман Сионда
Синалган бир тошни, пойдевор тошини.
Бу қадрли тамал тоши, ишончли пойдевордир…» (қиёсланг: Ишаё 28:16). Исо Масиҳ мана шу жойда тўхтаб, шогирдларига: «Мен Ишаё айтаётган тошман» деб кўзини қисиб ишора қилмадимикан? Биз буни билмаймиз. Биз фақат бир нарсани биламиз: Исонинг сўзлари уларда шундай акс садо берган эди: ≪… Шогирдлар бир–бирига дедилар: — У йўлда биз билан гаплашиб, Муқаддас Битикларни тушунтираётганда, юракларимиз жизилламаганмиди, ахир?!≫ (Луқо 24:32).
Бу пайтда Исо Масиҳ ва шогирдлари тошлоқ тепаликлар орқали шимоли-ғарбга – муаттар ҳидли кўм-кўк водийга ўтган эдилар. Водийда зайтун дарахтлари ва мевали дарахтлар гуллаб ётган эди. Йерусалим ўз азоб-уқубатлари ва хунрезликлари билан ортда – бундай қизиқарли суҳбат ортида унут бўлган эди. Етти миллик саёҳат эрталабки, енгил югуришдай туюлар эди. Дақиқалар жуда тез ўтиб борарди, ахир шогирдлар кўпроқ эшитишни истаган эдилар-да. ≪Ниҳоят, улар бораётган қишлоққа яқинлашдилар. Исо Масиҳ Ўзини йўлда давом этадиган қилиб кўрсатди. Лекин улар Исога:
— Кеч бўлиб қолди, ҳадемай қоронғи тушади. Биз билан бирга қолинг, — деб қистадилар.<…> Улар билан бирга дастурхонга ўтирганда, нонни олиб шукрона дуосини айтди ва нонни синдириб уларга берди. Шунда уларнинг кўзлари очилиб, Исони таниб қолишди. Бироқ Исо кўздан ғойиб бўлди ≫ (Луқо 24:28–31).
Исо Масиҳ уларга таълим берди ва нон синдирди, кейин худди июль тонгидаги туман сингари, изсиз йўқолиб қолди. Шогирдлар ҳам жойларида ўтирмадилар. Улар синдирилган нонларни қолдириб ва чилпарчин бўлган орзуларига қайтадан ёпишиб Йерусалимга шошилдилар, тезда ҳаворийларни топдилар. Ўз янгиликларини шоша-пиша ва тутила-тутила ўртоқлашаётганларида, Исонинг Ўзининг кутилмаганда пайдо бўлиши сўзларини бўлди.
Улар бу тўғрида ҳали гапираётганларида, Исонинг Ўзи ўрталарида зоҳир бўлди.
— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.
Шогирдлар, арвоҳ кўряпмиз, деб ўйлаб ўтакаси ёрилди. Лекин Исо уларга деди:
— Нега қўрқиб кетдингизлар? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти?
Луқо 24:36–38.
(Шошилинчда бу ўринда таъкидланган қўрқувлар ва шубҳалар ўртасидаги алоқани четлаб ўтманг. Шогирдлар жавобсиз қолган саволларидан қийналиб, титрайдилар. Бизни ҳеч нарса хижолатга солмаслиги учун Масиҳ қайғуриши ҳайратланарли нарса эмас).
Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Мен Ўзимман. Мени ушлаб кўринглар. Арвоҳнинг эту суяги бўлмайди–ку, ахир! Менинг эса, кўриб турганингиздай, эту суягим бор.
Исо Масиҳ шу гапларни айтиб, уларга қўл–оёқларини кўрсатди. Шогирдлари севинчдан таажжубланиб ҳали ҳам ишонмай турганларида, Исо Масиҳ улардан сўради:
— Бу ерда ейдиган бирон нарсангиз борми?
Шогирдлари Унга бир бўлак қовурилган балиқ беришди. Исо Масиҳ буни олиб, уларнинг кўзлари олдида еди. Кейин Исо Масиҳ шогирдларига деди:
— Сизлар билан бирга бўлган пайтларимда, Тавротда, пайғамбарлар битикларида ва Забурда Мен тўғримда ёзилганлар бажо бўлиши керак, деб сизларга айтган эдим.
Сўнгра Исо, Муқаддас Битикларни тушуниб етсинлар, деб уларнинг онгини очди.
Луқо 24:39–45.
Шогирдлар, Раббий олдида тиз чўкиб, сажда қилишлари керакми ёки бу шарпадан қочиб кетишлари керакми, билмас эдилар. Кимдир, ҳамма юз бераётган воқеалар шу қадар яхшики, ҳақиқат бўлиши даргумон деб ҳисоблади ва руҳлар ҳақида гапира бошлади. Исо Масиҳ бу гаплардан хафа бўлиши мумкин эди. Охир-оқибат, Масиҳ уларни қутқариш учун жаҳаннамга тушди, улар эса Исо билан Каспернинг укаси ўртасидаги фарқни кўрмайдиларми? Аммо У ҳар доимгидай, шубҳаланувчиларга нисбатан сабрли тарзда, Исо уларга бир қўлини, кейин иккинчи қўлини чўзди. Уни ушлаб кўришларини таклиф қилди. Исо улардан егулик сўради ва қовурилган балиқни еб, бугунги кунги иккинчи Муқаддас Китоб семинарини бошлади. ≪…Сизлар билан бирга бўлган пайтларимда, Тавротда, пайғамбарлар битикларида ва Забурда Мен тўғримда ёзилганлар бажо бўлиши керак, деб сизларга айтган эдим. Сўнгра Исо, Муқаддас Битикларни тушуниб етсинлар, деб уларнинг онгини очди... ≫ (Луқо 24:44–45).
Биз қандайдир йўналишни пайқадик, сизга ҳам шундай туюлмаяптими?
- Исо Эммаусга қараб кетаётган икки шогирдини кўрди. Улар энг яхши дўстини дафн қилгандай аҳволда эдилар. Масиҳ уларга етиб олдими ёки осмондан тушдими – буни биз билмаймиз. У Адан боғи ва Ибтидо китоби ҳақида гап бошлайди. Бундан кейин, ўзингиз билганингиздай, зиёфат бўлди, уларнинг қалблари шодликка тўлди ва кўзлари очилди.
- Исо Масиҳ Йерусалимдаги болохонага қўрқоқ шерлардан хабар олгани келди. Аммо эътибор беринг: Исо Масиҳ Супермен сифатида осмондан шўнғиб тушган эмас. Шунчаки юзма-юз, шунчаки Менинг яраларимга қўлларингизни текизишингиз мумкин. Овқат тайёр, Муқаддас Китоб ўрганилмоқда, шогирдлар жасоратга тўлиб боряптилар, биз эса ўзимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган иккита саволга жавоб топамиз. Савол шундай: Масиҳ бизларга шубҳаларимизга қандай барҳам беришни ўргатмоқда? Унинг жавоби қанақа? Жавоб – Менинг танамга қўлингизни текизинг ва Менга нима бўлгани ҳақида ўйланг.
Биласизми, биз ҳозир ҳам буни қилишимиз мумкин. Биз, илгаригидай, Масиҳ Танасига қўлимизни тегизишга қодирмиз. Биз, илгаригидай, Унинг яраларини пайпаслаб кўришни истаймиз, Унинг этини ушлаб кўришни истаймиз.Аммо, Жамоатга тегаётганимизда, биз айнан шуни қиламиз. Бу – Масиҳнинг Жамоатидир, ≪Имонлилар жамоати Масиҳнинг танасидир. Борлиқни ҳар жиҳатдан бутун қиладиган Масиҳ жамоатни баркамол қилади≫ (Эфес. 1:23).
Шубҳалар бизни тарки дунё қиладиганларга айлантириши, яширинишга мажбур қилиши мумкин. Аммо ғорда жавоб йўқ. Масиҳ бизларга бирликда жасоратни инъом қилади, бир-биримиз билан мулоқот қилишимиз орқали У шубҳаларни тарқатиб юборади. У ҳеч қачон ҳамма билимларни битта одамга бермайди, мозайка бўлакчаларига ўхшатиб, кўплаб биродарлар орасида тақсимлайди. Сиз ўз тушунчаларингизни меники билан бирлаштирганингизда ва биз ўз ваҳийларимизни ўртоқлашганимизда... Биз бирга йиғилганимизда, бир-биримиз билан бирликда яшаганимизда, бир-биримизга гуноҳларимизга иқрор бўлганимизда ва ибодат қилганимизда – Масиҳ биз билан мулоқот қилади.
Шогирдлар кўрсатган намуна бизга ҳам ибрат. Улар ҳаммалари бирга эдилар. Ҳатто умидлари пучга чиққанда ҳам, улар мулоқотда бирлашган эдилар. Улар ≪юз берган воқеалар тўғрисида суҳбатлашиб кетаётган эдилар≫ (Луқо 24:14). Мана шулар: умумий суҳбат, фикр алмашинувлар, имкониятларни тадқиқ этиш, руҳни кўтариш – Жамоатнинг тимсоли эмасми?! Шогирдлар ана шулар билан шуғулланиб турганларида, Исо Масиҳ таълим бериш учун уларнинг орасида пайдо бўлди, У ҳақиқатан Ўзининг «қаерда икки ёки уч киши Менинг номим учун йиғилса, Мен ўша ерда уларнинг орасида бўламан» (Матто 18:20) деган гапини исботлади.
Исо Масиҳ улар билан суҳбат қуриб, уларга Ўзи ҳақида айтиб берди. Шубҳаланувчилар учун Худонинг шифосини Унинг Каломида топиш мумкин. ≪Имон тинглашдан, яъни Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эшитишдан келиб чиқади≫ (Рим. 10:17). Шундай экан, унга қулоқ солинглар.
Худди Жек қулоқ солгани сингари.
Биз мазкур бобни бир атеист ҳақидаги ҳикоя билан бошлаган эдик. Уни бошқа бир одам воқеаси билан тугатсак қандай бўларкин? Жек ҳаётининг биринчи ярмини, ўсмирлигида бошидан кечирган бир ғалати иш билан қиёслаган ҳолда таърифлайди. У Оксфорд университети шаҳарчасига ўқишга келди ва «осмонўпар, найзасимон томли қозиқдеворлар ва миноралар манзараси кўз олдида намоён бўлишини тасаввур қилди. У юраверди, юраверди, аммо олдинда ҳеч қандай университет меъморчилигини кўрмади. У фақатгина ортига қараб, нотўғри йўлни танлагани учун мақсаддан узоқлаша борганини тушунди. Ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин у шундай ёзган эди: ≪Мен ўшанда бу кичкинагина ҳодиса менинг бутун ҳаётимга ўхшатма бўлиб хизмат қилишини тушунмаган эканман≫.
Жек – Худо йўқ деган эътиқодга қатъий риоя қиладиган жангари атеист эди. Унинг фикрича, ахир биз инсон ҳаёти деб атайдиган бахтсизлик ортида ҳеч қандай Худиши мумкин эмас. У ўзининг дунёқарашини Лукреций ижодидан икки мисра орқали қуйидагича ифодалар эди:
Агар олам Худо томонидан яратилганида эди,
Ўткинчи, жирканч бўлмас эди у.
Жек Худодан юз ўгириб, академик машғулотларга эътибор қаратди.
У қайси соҳага мурожаат этмасин, ҳар бир соҳада жиддий муваффақиятларга эришар эди. Тез орада, Оксфорд профессорлари кенгаши уни ўзига тенг деб қабул қилди ва у дарс бера бошлади ҳамда ўз илмий ишларини ёза бошлади. Аммо уни қийнаётган шубҳаларни яшириш қийин бўлиб борар эди. Жек ўзининг руҳий ҳолатини «иродасиз қўрқув», «азоб-уқубатлар» ва «умидсизлик» каби сўзлар орқали таърифлар эди. У жаҳлдор, пессимистик кайфиятдаги одам бўлиб, зиддиятлар гирдобига тушиб қолган эди. ≪Мен, Худо йўқ, деб ҳисоблар эдим. Худонинг йўқлигидан мен жаҳлланар эдим≫. Жек Вуди Аллен томонидан инсон ҳаётига берилган баҳога қўшилган бўлар эди: ҳамма поездлар битта йўлдан юради, ҳаммаси…ахлатхонага боради. Эҳтимол, иккита ҳолат бўлмаганда эди, Жек бир умр зулматга олиб борадиган йўл бўйлаб ҳаракат қилган бўлар эди.
Оксфорд профессорлари бўлмиш унинг бир неча яқин дўстлари, материалистик дунёқарашларидан воз кечиб, Худони изловчилар ва Исонинг издошлари бўлдилар. Дастлаб у ўша дўстларининг имонга келишларини бемаънилик деб ҳисоблади ва бу ўзини ҳам тортиб кетишидан қўрқди. Сўнгра, ўзи юқори баҳолаган бошқа ҳамкасблари: Жон Рональд Толкиен ва Хьюго Дайсон сингари ҳурматли олимлар билан танишди. Уларнинг иккови ҳам эътиқодида мустаҳкам масиҳийлар бўлиб, Жекни илгари ҳеч қачон қилмаган ишини қилишга: Муқаддас Китобни ўқишга ундадилар. Жек ўқий бошлади.
Янги Аҳдда бош қаҳрамон – Исо Масиҳ шахсияти Жекни ҳайратга солди. Жек Исонинг қиёфасида фақат яҳудий файласуфини, ахлоқ бўйича буюк муаллимни кўрди. Аммо Жек Китобни ўқигани сари, ундаги ички зиддият Исонинг ваъзи туфайли янада чуқурлашар эди – ахир, Исо Масиҳ Ўзини Худо деб атади ва одамларнинг гуноҳларини кечирадиган бўлди. Жек шундай хулосага келдики, Исо Масиҳ ё алданган ёки алдаган, ё бўлмаса, ҳақиқатан, Ўзини ким деб эълон қилган бўлса ўша Зот – Худонинг Ўғли бўлган.
1931 йилнинг 19 сентябрь куни кечқурун Же ква унинг икки ҳамкасби –
Толкиен ва Дайсон, университетнинг қора қайинли хиёбони бўйлаб узоқ сайр қилдилар. Бу хиёбон ўзига хос Эммаус йўли бўлиб чиқди. Чунки улар бу йўлда Масиҳнинг ваъзини ва ҳаёт мазмунини муҳокама қилдилар. Улар қоронғу тушгунча суҳбатлашдилар. ≪Жек≫, яъни К. С. Льюис, кейинчалик кутилмаган шамолнинг эсишини – кузнинг дастлабки баргларини шитирлатиб узиб кетган шамолнинг шиддатини хотирлаган эди, чамаси, бу у учун Муқаддас Руҳнинг тушишининг рамзи эди. Ўша оқшомдан кейин кўп ўтмай ≪Жек≫ Льюис масиҳий бўлди. У ≪аслида ҳаёт нима эканини ва уни билмасдан нимани йўқотиш мумкинлигини тушуна бошлади≫. Бу фикрлар унинг оламга қарашини тамомила ўзгартириб юборди, кейинчалик эса унинг миллионлаб ўқувчиларининг дунёқарашини ҳам ўзгартирди2.
Ақлли, қобилиятли, эътиқодида мустаҳкам атеист К. С. Льюисни Масиҳ ортидан эргашишга нима ундади? Ҳаммаси жуда оддий. У Масиҳ Танага, яъни Унинг издошларига яқинлашди ва ўзининг изланишлари орқали эса Муқаддас Битикларга яқинлашди.
Буларнинг ҳаммаси шунчалик оддий бўлиши мумкинми? Шубҳалар ва ишонч ўртасидаги жарликни Муқаддас Битиклар ва биродарлар билан мулоқот орқали йўқ қилиш мумкинми? Ўзингиз текшириб кўринг. Кейинги сафар соя тушганда, Мусо ҳақидаги қадимги ҳикояларга, Довуднинг ибодатларига, Хушхабарлар гувоҳлигига, Павлуснинг мактубларига шўнғинг. Худони излайдиган бошқа биродарлар билан мулоқот қилинг ва ҳар куни улар билан Эммаус йўлида юринг. Агар йўлда сизларга доно таълимот билан қуролланган олийжаноб нотаниш ҳамроҳ қўшилса…кечки овқатни баҳам кўришга кўндиришга ҳаракат қилинг.
Мозаика-қадама(терма) нақш.
Книга на Узбекском языке: - Бесстрашные (Макс Лукадо)
Все мы чего-либо боимся, но Макс Лукадо спешит нас порадовать: от страха есть противоядие! В своей новой книге он призывает читателей задуматься над словами Христа, настойчиво призывавшего Своих учеников не бояться, и предлагает действенное духовное лекарство от страха




































































































































