Макс Лукадо. Довюраклар - (11-боб) Китоб Ўзбек тилида
Dovyuraklar (Maks Lukado) O‘zbek tilida Audiokitob
Тасаввур қилинг: сизнинг ҳаётингизда энди қўрқув йўқ
Мундарижа
Миннатдорчилик
1-боб Нима учун биз қўрқамиз?
2-боб Манман қишлоғининг аҳолиси
Ўзининг аҳамиятсизлигидан қўрқиш
3-боб Худо мендан чарчади
Худонинг ҳафсаласини пир қилишдан қўрқиш
4-боб Ташвишлар, йўқолинглар!
Нималардир етишмаслиги қўрқуви
5-боб Менинг фарзандим хавф остида
Ўз фарзандини эҳтиёт қила олмаслик қўрқуви
6-боб Мен жуда тез чўкяпман
Ҳаддан ортиқ машаққатлар олдидаги қўрқув
7-боб Менинг жавонимда аждарҳолар бор
Воқеаларнинг ёмон ривожидан қўрқиш
8-боб Бу шафқатсиз сайёра
Зўравонлик олдидаги қўрқув
9-боб Ўйинчоқ пуллар
Яқинлашиб келаётган қиш олдида қўрқув
10-боб Ўлимигача қўрққанлар
Ҳаётнинг сўнгги лаҳзалари олдидаги қўрқув
11-боб Кофеинли ҳаёт
Келажакдан қўрқиш
12-боб Шубҳалар сояси
Худо йўқ деган қўрқув
13-боб Агар бирон даҳшатли ҳодиса юз берса, нима бўлади?
Дунё миқёсидаги офатлардан қўрқиш
14-боб Битта соғлом қўрқув
Худо менинг қутичамга сиғмайди деган қўрқув
Хотима. Вильямнинг саноси
11-боб. Кофеинли ҳаёт
Мен сизларга тинчликни қолдиряпман. Ўз тинчлигимни сизларга беряпман. Мен бераётган тинчлик дунё берадиган тинчликка ўхшамайди. Юрагингиз сиқилмасин, қўрқманглар.
Юҳанно 14:27.
Келажакдан қўрқиш
Эҳ, агар биз, бир пиёла қаҳва тайёрлаб беринг, деб буюрганимиздай, ўзимизга ёқадиган ҳаётни ҳам худди шу тарзда буюртма бера олганимизда эди! Ахир, ўзингизнинг келажагингиз учун таркибий қисмларни танлаб, уларни аралаштириш сизга ёқмас эдими?!
— Катта пиёлада қизғин саргузаштларни тайёрланг, хавф-хатардан камроқ бўлсин, яхши соғлиқ эса икки карра кўп бўлсин.
—Кофеинсиз узоқ умр ва озроқ ҳосилдорлик. Ақлий қобилиятдан кўпроқ қўшинг, хасталик эса керак эмас.
—Илтимос, менга шоколадли десерт мокко билан “ҳамма нарса мумкин”дан уч қошиқ беринг. Қараб туринг, токи унда бирон грамм ҳам қаримта бўлмасин.
—Менга тезроқ ажойиб экспрессо(кучли босим остида сиқиб олинган кофе – таржимон изоҳи) беринг, кўп – кўп муҳаббат қаймоғидан қўшинг ва мазаси зўр бўлиши учун Карибда нафақага жўнатинг.
О, мени шундай қаҳвахонага олиб боринг! Афсус, бундай зўр қаҳвахона йўқ! Ҳақиқат шундан иборатки, ҳаёт кўпинча бизга суюқ қайнатма овқатни беради, бу овқат биз сўраганимизга асло ўхшамайди. Сизда қачонлардир шундай ҳиссиёт бўлганми – Буфетчи қаёқдандир отингизни айтиб чақиради ва сиз сўрамаган асабийлашиш тўла косани беради?
—Жо Жонс, нафақага муддатидан олдин чиқарилганингизни қабул қилинг. Эҳтиёт бўлинг, бу ерда яна эр-хотинлик муаммолари чигили ва нарх-навонинг жадал ўсиб бориши ҳам бор.
—Мэри Адамс, сиз университетда ўқишга ва фарзандларга буюртма берган эдингиз. Ўқиш ҳали тайёр эмас, фарзандларни олиб кетишингиз мумкин. Ҳомиладор бўлганингиз билан табриклаймиз!
—Сюзи, мана, қизингизнинг битирув кечасидан ярим йил олдин хориждаги филиалга шошилинч ишга ўтказиш. Бунга бир неча томчи хотиржамликдан қўшайми?
Ҳаёт – буткул кутилмаган воқеларнинг кофеинидир. Аниқлаштиришларнинг, тартибсизликларнинг, ўзгаришларнинг кофеинидир. Ижтимоий зинапоядан тушасиз, уйингиз йўлагига буриласиз, ёшларга жой бўшатасиз, кейин яна ўрмалаб чиқасиз. Худди арғимчоқдагидек. Бир хил ўзгаришларни истаган эдингиз, баъзиларини эса истамагансиз. Сизга оламда ҳамма нарса барқарордай бўлиб туюладиган камдан-кам даврларда эҳтиёт бўлинг. 77 ёшли бир қария яқинда менинг танишимга шундай дебди:
—Мен яхши ҳаёт кечирдим. Ҳозир ҳамма нарсадан мамнунман ва келажакка кўтаринки руҳ билан қараяпман.
Икки ҳафтадан кейин уларнинг ўлкасидан қуюн ўтди ва унинг ўғлини, келинини, набирасини ва келинининг онасини ҳалок қилди. Ахир, ҳеч қачон сизнинг ҳаётингизда нима юз беришини ўзингиз билмайсиз, тўғрими?
Бизнинг қўрқувлар рўйхатида келажак олдидаги қўрқув сезиларли ўрин эгаллайди. Биз кофеинсиз ҳаётга буюртма беришимиз мумкин эди. Аммо биз уни қўлга кирита олмаймиз. Худди Исонинг шогирдлари қўлга кирита олмаганлари сингари.
≪… Мен кетаман.…≫ (Юҳанно 14:28).
Исонинг бу сўзларини эшитганларида, уларнинг ҳайронлигини тасаввур қилинг. Исо Масиҳ бу сўзларни Фисиҳ байрами бошланишида, пайшанба оқшомида, катта, жой ҳозирланган болохонада айтган эди. Масиҳ ва унинг дўстлари ҳозиргина воқеаларга бой ҳафтанинг сўнгида хотиржам овқатланиб бўлишган эди. Сайлов штабида кўтаринкилик учун ҳамма сабаблар бор эди – Исо Масиҳ жуда тез овозлар тўплар эди. Янги ммкониятлар очилар эди. Қисқа уч йил давомида Исо Масиҳни одамлар қўлларида кўтариб юрадиган бўлдилар…У оддий одамлар учун умиднинг тимсоли бўлди.
Шогирдлар кутилган шоҳликнинг ўрнатилишини муҳокама қилардилар, улар Исонинг бўлғуси Вазирлар маҳкамасида бирон лавозимни эгааллашлари учун ҳар қандай душманга осмондан олов ёғдиришга тайёр эдилар. Улар Исроилнинг ўтмишдаги шуҳратини қайта туғилишини олдиндан кўрар эдилар. Бундан кейин уларнинг ватанида Рим босқинчилари, ҳеч қандай бегона халқларнинг зулми бўлмайди. Бу – озодликка қадам ташлаш бўлиб, бу юришга Исо Масиҳ бошчилик қилади.
Энди-чи? Исо Масиҳ: «…Мен кетаман…»–деди. Исо Масиҳнинг бу гапи уларни ҳайрон қолдирди. Исо Масиҳ уларга: «Мен борадиган жойга олиб борадиган йўлни сизлар биласизлар» –деб тушундирганида эса, Тўма соддалик билан сўради: «Ҳазрат! — деди Унга Тўма, — қаерга боришингизни билмасак, йўлни қаердан биламиз?» (Юҳанно 14:4-5).
Исо Масиҳ шогирдларига кескин ўзгаришлар косасини узатди, улар эса косани қайтариб беришга ҳаракат қилдилар. Биз ҳам шундай қилган бўлмасмидик? Аммо ким бунга муваффақ бўлди? Ким кутилмаган воқеаларга дуч келмасдан, ҳаётда умр сурди? Агар ўзгаришларни истамасангиз, газ сув сотадиган автоматга боринг – фақат ўша ерда ўзгаришларни учратмайсиз. Ёдингиздами, Сулаймон қандай хулосаларга келган эди?
Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор, ҳар бир ишнинг ўз вақти бор.
Туғилишнинг ҳам, ўлишнинг ҳам ўз вақти бор.
Экишнинг ҳам, экилганни ўришнинг ҳам ўз вақти бор.
Ўлдиришнинг ҳам, шифо беришнинг ҳам ўз вақти бор.
Бузишнинг ҳам, қуришнинг ҳам ўз вақти бор.
Йиғлашнинг ҳам, кулишнинг ҳам ўз вақти бор.
Азанинг ҳам, рақснинг ҳам ўз вақти бор.
Тош отишнинг ҳам, тош йиғишнинг ҳам ўз вақти бор.
Бағрига босишнинг ҳам, ундан ўзини тийишнинг ҳам ўз вақти бор.
Қидиришнинг ҳам, йўқотишнинг ҳам ўз вақти бор.
Сақлаб қўйишнинг ҳам, ташлаб юборишнинг ҳам ўз вақти бор.
Йиртишнинг ҳам, тикишнинг ҳам ўз вақти бор.
Сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор.
Яхши кўришнинг ҳам, нафратнинг ҳам ўз вақти бор.
Урушнинг ҳам, тинчликнинг ҳам ўз вақти бор.
Воиз 3:1-8.
Мен бу оятларда инсон ҳаётидаги йигирма саккиз вақтни, яъни даврни санаб чиқдим. Туғилиш, ўлиш, қайғу, хурсандчилик, севги, нафрат, бирлашиш ва ажралиш вақти. Худо коинотни қандай бошқарса ҳаётни ҳам шу тарзда бошқаради: маълум вақтлар воситасида. Ер юзида йил фасллари ҳақида сўз кетганда, Худонинг бошқариш тамойилларини тушунамиз. Табиат дам олиши учун қиш, уйғониши учун баҳор керак. Баҳорда дарахтлар куртак ёзаётганини кўриб, биз бомбадан ҳимоя қилиш ертўлаларига ўзимизни отмаймиз. Кузда баргларнинг тўкилиши – ПВО сигналини қўшиш учун сабаб эмас. Йил фаслларининг алмашуви, ҳаётимиздаги кутилмаган ўзгаришлардан фарқли равишда бизни хавотирга солмайди. Бундай ўзгаришлар бизларда келтириб чиқарадиган ваҳимага назар солиб, Айова штатига биринчи ядро бомбалари тушди, деб ўйлаш мумкин.
—Ким уддасидан чиқса, ўзини қутқариб қолсин! Эртага алгебрадан назорат иши!
—Директорлар кенгаши ҳозиргина бизга янги бошлиқни сайлади. Ҳамма ертўлага!
—Аёлларни ва болаларни автобусларга ўтқазиб, шимолга йўл олинглар. Бизнинг универмагимиз таъмирлаш учун ёпилди!
Ўзгаришлар бизнинг ҳаётимизни силкитади ва шунда Худо бизга барқарорликни қайтариб берадиган бирор кишини юборади. Исо Масиҳ ўлими олдидан Ўз издошларига шундай ваъда берган эди: ≪Отам Менинг номимдан юборадиган Ҳомий, яъни Муқаддас Руҳ сизларга ҳаммасини ўргатади. Мен сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади. Мен сизларга тинчликни қолдиряпман. Ўз тинчлигимни сизларга беряпман. Мен бераётган тинчлик дунё берадиган тинчликка ўхшамайди. Юрагингиз сиқилмасин, қўрқманглар≫ (Юҳанно 14:26–7).
Мактабни тарк этаётган ўқитувчи ўзининг ворисини таништиргандай, Исо Масиҳ бизга Муқаддас Руҳни шу маънода таништиради. Бу тавсиялар қанчалар ажойиб жаранглайди! Исо Масиҳ Муқаддас Руҳ Унинг ўрнини босишини айтмоқда. У Исо Масиҳнинг ҳокимияти ва қудратига эга бўлиб, Унинг номидан келади. Илгари Исо Масиҳ ўша куни оқшомда шундай деган эди: ≪ Мен Отага мурожаат қиламан ва У сизлар билан тоабад қоладиган бошқа Юпатувчини юборади≫ (Юҳанно 14:16).
≪Бошқа Юпатувчи≫. Бу иккала сўз бизга унча тушунарли эмас. Исо Масиҳ даврида юнон тилида «бошқа» деб таржима қилинадиган иккита ҳар хил сўз бор эди. Бири «бошқа, умуман бундай эмас» деган тор маънога эга эди. Бошқасининг маъноси – «иккинчи, яна шунга ўхшаган биттаси» эди. Исо Масиҳ: «Ота сизларга яна бир Юпатувчини юборади», –деб ваъда қилганида, Исо Масиҳ иккинчи сўзни қўллайди, яъни «яна бир Юпатувчи»ни беради, бошқасини эмас, балки шунга ўхшашини беради.
Бу – муҳим фарқ. Айтайлик, сиз автобусда кетаётиб, китоб ўқияпсиз. Бир киши ёнингизга келиб ўтиради-ю, қандай китобни сиз жуда берилиб ўқиётганингиз билан қизиқади. Сиз жавоб берасиз:
—Бу китобнинг муаллифи – Макс Лукадо. Ўқиб кўрмоқчи бўлсангиз олишингиз мумкин. Уйимда бу китобдан яна битта бор.
Сиз «яна битта» деб айтар экансиз, «бошқа, яна қандайдир китоб»ни назарда тутасизми? Айтайлик, ошпазлик китоби, саргузашт ёки Худо кўрсатмасин, хонимлар романини? Албатта, йўқ! Сиз нозик дидли одам сифатида, табиийки, нотаниш одамга лутфан совға қилган айнан ўша китобга ўхшаш китоб ҳақида гапирасиз. Агар сиз ўша аёл билан юпон тилида гаплашганингизда эди, хушхабарчи Юҳанно ўз ҳикоясида Исо Масиҳнинг юқоридаги ваъдаси ҳақида қўллаган сўзни - ≪allos≫, яъни «яна битта, биринчисига ўхшаш» деган сўзни ишлатган бўлардингиз.
Ким эди ўша Биринчи? Исо Масиҳ. Шундай қилиб, Исо Масиҳ шогирдларини қуйидагига ишонтиради: ≪Мен кетяпман. Сизлар учун янги замонлар келмоқда, янги саҳифа очилмоқда. Кўп нарса ўзгаради, аммо битта нарса олдингидай қолади. Бу — Менинг сизлар билан бирга бўлишимдир. Худди Мен Ўзим сизларнинг орангизда бўлганим сингари, сизлар билан бошқа худди шундай Юпатувчи бўлади≫.
«Юпатувчи» деб таржима қилинган сўзни «Дўст», «Ёрдамчи», «Ҳимоячи», «Тарафдор» деб ҳам таржима қиладилар. Буларнинг ҳаммаси — икки ўзакдан иборат ажойиб қадимги юнонча ≪parakletos≫ сўзининг маъносини етказиб беришга ҳаракат қилишдир. «Para» ўзаги «ёнма-ён, бирга» (параллел, парадокс ва б. сўзларни эслайлик) маъносини билдиради. «Кletos» ўзаги «даъват қилинган», «тайинланган», «бириктирилган» маъносини билдиради ва ҳок. Муқаддас Руҳ сизнинг ёнингизда бўлишга даъват этилган. У - Исонинг ҳузури, яъни Унинг издошлари орасидаги ва издошларининг қалбларидаги ҳузуридир.
Сезяпсизми, Исонинг шогирдларига бундай мадад қанчалар муҳим эди? Бу – пайшанба оқшоми, хочга михланишдан олдинги кун оқшоми. Жума куни эрталаб улар Исони тарк этадилар. Эрталабки нонушта пайтида улар бурчак-бурчакларга ва ковакларга ўзларини урадилар. Соат тўққизда Рим аскарлари Исони хочга михлайдилар. Эртага, бир суткадан сал камроқ вақт оралиғида Исо Масиҳ ўлади ва дафн этилади. Бутун олам улар учун алғов-далғов бўлиб кетади. Масиҳ уларни ишонтирмоқчи: ҳеч қачон улар Исонинг ёрдамини ҳис қилмаган ҳолда келажакка қарашларига тўғри келмайди.
Сизга ҳам тўғри келмайди. Сиз билан ёнма-ён Ҳамроҳингиз бормоқда. Сизнинг ўз Пат Макгратингиз бор. Пат — велосипед машқи бўйича менинг дўстим. Бир неча йил илгари мен кўнгил очиш учун ва жисмоний машқлар учун велоспорт билан шуғулланишга қарор қилдим. Мен ўзимга шлем, қўлқоп ва пойгачи велосипед сотиб олдим. Педал узангисига оёғимни қўйиб, мен ҳайдаб кетдим ва биринчи тепаликдаёқ ўлишимга кам қолди. Ортиқ вазнга эга ёши ўтган одамлар учун ҳар бир тепалик Эверестга айланади. Хуллас, тик тепаликлар мени тезда ҳолдан тойдирди, мени айнан эгардан тушириб юборди, уйга велосипедни рулидан ушлаб етаклаб келдим.
Пат менинг янги қизиқишимни эшитиб қолди ва бирга велосипед ҳайдашга таклиф қилди. У учун велосипедда юриш нафас олишдан кўра муҳимроқ. Аслида Пат учун велосипедда юриш ва нафас олиш – битта нарса. Агарда унинг масъулиятли иши ва беш нафар боласи бўлмаганида эди, ≪Тур-де- Франс≫ велопойгасида яна битта америкалик шуҳрат қозониши мумкин эди. Унинг оёқлари худди поршендай, юраги эса дизел мотори сингари ишлайди. Мен тик тепаликлардан ва қаршидан эсаётган шамолдан шикоят қилганимда, у: «Менинг орқа ғилдирагимга ўтиришинг мумкин», –деб таклиф қилди.
≪Орқа ғилдиракка ўтириш≫ — буксирда юриш дегандек гап. Пат икковимиз қаршидан эсаётган шамолга рўпара келганимизда, мен дарров унинг орқасига ўтаман ва имкон қадар унга яқинлашиб оламан. Велосипедимнинг олд ғилдираги унинг орқа ғилдирагидан бир фут масофада бўлади, холос. У оқимни ёриб, орқасида бўшлиқ қолдиради, бу менинг олға ҳаракат қилишимни енгиллаштирарди. Тик қияликка дуч келганимизда-чи? Айтишга бироз уяламану, Пат кафтлари билан елкамдан олдинга итаришга одатланган эди.
Сизга ана шундай дўст керак бўлармиди? Сизнинг ана шундай Дўстингиз бор! Сиз Масиҳга ишонганингиз ҳамон, Масиҳ сизни бошқариши, ортингиздан итариши, ичингизда яшаши учун сизга Руҳни ато қилади. У қандайдир руҳни эмас, балки Ўз Руҳини – Параклетни беради. Исо Масиҳ Ўз шогирдлари учун нималар қилган бўлса, Унинг Руҳи ўша нарсаларни сиз учун қилади. Исо Масиҳ ўша вақтда ўргатган эди, ҳозир Руҳ ўргатмоқда. Исо Масиҳ шифо берар эди, ҳозир Руҳ шифо бермоқда. Исо Масиҳ тасалли берар эди, энди Руҳ тасалли бермоқда. Масиҳ қандайдир ўзгаришларни сизга юборганида, ўша ўзгаришлар билан бирга, Ўз Юпатувчисини ҳам юборади.
Бир она миттигина ўғли Тиммига қандай муносабатда бўлган бўлса, Худо сизга ҳам шундай муносабатда бўлади. Онага биринчи синфга бораётган ўғли мактабгача ёлғиз бориши ҳақидаги фикр умуман ёқмас эди. АммоТиммини онаси қўлидан етаклаб мактабга олиб боришига Тимми асло рози эмас эди, ахир, Тимми ўзини катта бўлиб қолган деб ҳисоблайди.
—Умуман, —деди Тимми, — мен мактабга дўстим билан бораман.
Она ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди, шунчаки ҳар куни у ўғлига йигирма иккинчи санодан қуйидаги сатрларни ўқиб берар эди:
≪Умрим бўйи фақат инояту шафқатинг изимдан юради…».
Бир куни онанинг калласига ажойиб ғоя келди. У қўшнисидан эрталаблари Тиммининг орқасидан мактабга қараб юриб сайр қилиб келишини, у пайқаб қолмаслиги учун узоқдан кузатишини илтимос қилди. Қўшни аёл бажонидил рози бўлди. У шундай ҳам ҳар куни эрталаб уч ёшли қизчасини тоза ҳавога сайрга олиб чиқар эди.
Бир неча кундан кейин қўшниси ортидан келаётганини Тиммининг дўсти сезиб қолди. Бу аёл кичкина қизчасининг қўлидан ушлаб келарди. Тиммининг дўсти сўради:
— Доим ортимиздан мактабгача келадиган бу аёл кимлигини билмайсанми?
—Албатта, биламан, — деди Тимми. — Улар Инглар оиласи: Иноят Инг билан унинг қизи Шафқат Инг.
—Ким дединг?
—Онам ҳар куни эрталаб улар ҳақида йигирма иккинчи санодан ўқиб берадилар —≪ИноятИнг билан ШафқатИнг умримнинг охиригача мени кузатиб юрсин≫. Уларга шунчаки кўникиш керак.
Сиз ҳам шундай қилсангиз эди. Сиз ёлғиз ўзингиз борадиган йўлни Худо ҳеч қачон сизга кўрсатмайди. Сиз ўзгариш остонасидамисиз? Ҳаётингизда янги саҳифани очиш арафасидамисиз? Дарахтларнинг шохларида нима гап: йилнинг янги фасли яқинлашиб келмаяптимикан? Осмон сизга аниқ аломатлар бермоқда: ҳамма нарса ўзгарувчан, аммо сиздаги Худонинг ҳузури барқарордир. Сиз Муқаддас Руҳ раҳнамолигида ўз йўлингиздан боряпсиз. У сизга «…ҳаммасини ўргатади. Мен сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади» (Юҳанно 14:26).
Шунинг учун нимага дуч келишингиздан қатъий назар дўстона муносабатда бўлинг.
Уларни қабул қилинг. Бағрингизни очиб пешвоз чиқинг. Бунга қаршилик қилманг. Ўзгаришлар – фақатгина ҳаётимизнинг четлаб ўтиб бўлмайдиган таркибий қисми эмас, балки бу Худо амалга ошираётган ишларнинг четлаб ўтиб бўлмайдиган таркибий қисмидир. Биз Унинг оламни ўзгартириш қуроллари бўлишимиз учун У бизнинг ҳолатимизни ўзгартиради. Мана Гидўн деҳқон эди, қўмондон бўлди. Марям – қишлоқ қизи эди, Раббийнинг онаси бўлди. Павлус маҳаллий раввин эди, бутун олам учун воизга айланди. Худо Юсуфни, ҳамма нафратланадиган кичик укани Миср ҳукмдори қилди. Чўпон Довудни эса Исроилнинг подшоҳи қилди. Бутрус Жалила кўлида балиқ овламоқчи эди, Худо уни биринчи жамоатнинг бошлиғи бўлишга даъват қилди. Худо кўп нарсаларни ўзгартиради.
Аммо барибир, – деб сўрар кимдир, – Худо йўл қўйиб берган фожиали ўзгаришларни қандай тушуниш мумкин. Айрим ҳодисаларнинг умуман маъноси кўринмайди. Ҳаёт манзарасида ногирон боланинг туғилишига ёки ҳалокатли цунамига қандай ўрин бериш керак? Ёки компания одамларни оммавий равишда ишдан бўшатаётганига ва ота ишсиз қолганига...бундай воқеаларнинг ҳам ўз вазифаси борми?
Ҳа, агарда уларга абадийлик нуқтаи назаридан қаралса, бор. Бу ҳаётда маънисиз бўлиб кўринадиган нарса, келажак ҳаётда чуқур мазмунга эга бўлиши мумкин. Бунга менинг исботим бор – она қорнидаги ҳаётингизни олиб қарайлик.
Тушуниб турибман, сиз она қорнидаги ҳаётингизни унчалик эслай олмайсиз. Шунинг учун ўша вақтда нима содир бўлганини айтиб беришимга ижозат беринг. Она қорнидалигингизнинг ҳар бир куни сизни заминдаги ҳаётга тайёрлар эди. Суякларингиз қотар эди, кўзларингиз шаклланар эди, ўсиб бораётган танангизга киндик орқали озиқлантирувчи моддалар ўтар эди...нима учун? Сиз бачандонда қолишингиз учунми? Асло ундай эмас! Бачадондаги ҳаёт сизни заминдаги ҳаётга тайёрлади, туғилганингиздан кейин мустақил ҳаёт кечиришингизга мослаштирди.
Танангизнинг айрим аъзолари ҳеч қандай маънога эга эмас эди. Масалан, сизнинг бурнингиз бор эди, аммо сиз нафас олмас эдингиз. Кўзларингизни ҳатто очмас эдингиз, ахир, сиз у ерда – қоронғуликда нимани ҳам кўрар эдингиз?! Тилингиз, тирноқларингиз, бошингиздаги бир тутам сочингиз она қорнида умуман керак эмас эди. Аммо ҳозир ўшалар борлигидан сиз хурсанд эмасмисиз?
Ҳомила учун бурун тешиги керак бўлмагандай, бу ҳаётдаги айрим саҳифалар ва бутун боблар худди шунда фойдасиз бўлиб туюлади. Азоб-уқубатлар. Ёлғизлик. Хасталиклар. Холокост. Эътиқоди учун азоблаб ўлдирилиш. Муссонлар. Агар бу дунё шу дунёда бахт учунгина мавжуд деб тахмин қиладиган бўлсак, бундай камчиликлар олам учун ҳалокатли бўлади. Аммо ер бачадонга ўхшаш бўлса-чи? Бу синовлар қанчалик шафқатсиз бўлмасин, бизни келажак ҳаётга тайёрлаётган, келажак ҳаётга зарур нарсаларни бераётган бўлса-чи? Павлус ёзганидай, ≪ўткинчи, енгил азоб–уқубатларимиз бизга ҳаддан ташқари ажойиб ва абадий улуғворлик келтиради≫ (2 Кор. 4:17).
Абадий шон-шараф. Илтимос, менга катта коса беринг. ≪Худонинг ҳузуридаги тугамас шодликнинг катта порциясини беринг. Кўпроқ мўъжизалар, қалб изтироблари эса керак эмас≫. Келинг ва буюртма беринг. Буфетчи ўз жойида. Тушуниб олганингиздай, бу сизнинг навбатдаги косангиз бўлиши мумкин.
Холокост – Нацистлар томонидан турли этник ва ижтимоий гуруҳ вакилларининг қувғин қилиниши ва оммавий қирғин қилиниши.
Муссон – материк ва океан чегарасида бўладиган шамол, доимий равишда ўз йўналишини ўзгартириб туради.
Книга на Узбекском языке: - Бесстрашные (Макс Лукадо)
Все мы чего-либо боимся, но Макс Лукадо спешит нас порадовать: от страха есть противоядие! В своей новой книге он призывает читателей задуматься над словами Христа, настойчиво призывавшего Своих учеников не бояться, и предлагает действенное духовное лекарство от страха