Н.Е.Бойко. Абадийликка ишонаман - (15-боб) Китоб Ўзбек тилида
Abadiylikka ishonaman (N.E.Boyko) O‘zbek tilida Audiokitob
XV боб
Гарчанд бу қонунга зид бўлса-да, ниҳоятда дармонсиз ва қувватсиз бўлганлигим учун, сургунга мени қоровул аскарларсиз юборишга қарор қилишди. Мен билан бирга бир санитар қизни ва КГБ ходимини қўшиб юборишди.
Лагердан чиқиб кетишимдан олдин бошлиқ қатъий равишда деди: “Бойко, сургунда сен кўп бўлмайсан... Сенинг жойинг шу ерда, бизда...”. Бошлиқ ҳаттоки лагерда имонга юз тутган биродарларим билан хайрлашишга ҳам менга имкон бермади. Мен лагерни тарк этиб кўчага чиққанимда ҳам бошлиқ жойида турганича, тикилиб кузатарди: мен ҳозир кимга имо-ишора қилаётганимни ёки бир-икки сўз айтишимни пойлар эди, токи кейинчалик уларни бошлиқ албатта таъқиб қилиши учун.
Олдинига мени Хабаровскка олиб келишди. Сўнг Амур дарёси бўйлаб кемада икки кун сузиб юриб, Николаевск-Амурга етиб келдик. Юк ташийдиган кеманинг қамоқхонаси жуда ҳам совуқ эди. Ичиш учун сувни соқчилар дарёдан олишарди, дарё суви эса ниҳоятда муздай эди. Мен осонгина шамоллаб қолдим, юрагим, бошим, ошқозоним санчиб оғрир эди.
Николаевск-Амур шаҳри қамоқхонасида ҳамма маҳбусларни битта камерага жойлаштиришди. Камера тор, тиқилинч. Хожат ва ювиниш хоналари ертўлада жойлашганди, на ювиниб бўлади, на кир ювиб бўлади.
13 октябрь куни мени самолёт билан санитария бўлими бошлиғи назорати остида Охота денгизининг яриморолига, Аян қишлоғига олиб келишди. Аян қишлоғи уч томондан тепаликлар билан ўралган бўлиб, фақатгина бир томондан денгизга чиқишга кичкинагига йўл бор. Манзилга етиб келганимизда ҳаво салқин эди, тепаликларни қор қоплаган.
Биринчи кечани меҳмонхонада ўтказдим, кейин сургунда бўлган икки пиёниста-маҳбуслар яшаётган бир капага жойлаштиришди.
Қишлоқ ёпиқ, чегарага яқин зона. Мени кўришга фақат яқин қариндошларим келиши мумкин, ва фақатгина махсус рухсатнома билан.
Эльбан қишлоғидаги лагерда мен сиёсий машғулотларга бормаганим учун мунтазам равишда изоляторларга ташлашарди. У ер зах бўлгани учун доимо жуда совуқ эди. 30-40 дақиқадан ортиқ ухлаб бўлмасди. Совуқ, муздай цемент полга одатда қорним билан ётардим. Бирозгина жойни иситиб олгач, қўлимни бошимнинг тагига қўйиб ёнбошлаб ётардим. Агар дарровдангина чалқанча ёки ёнбошлаб ётилса, шамоллаб сил касалига чалиниб қолиш мумкин. Лагерь маъмурияти интиқлик билан ҳар куни мени сил касалига чалинишимни кутарди, аммо Раббий мени турли ҳасталиклардан сақларди. Ростини айтаман: изоляторда бўлган пайтларимда хурсандчиликдан йиғлардим. Кимдир гапларимга ишонмаслиги мумкин, лекин ҳаммаси рост. Менинг қалбимга хурсандчилик қаердан ёғилаётганини мен билардим: Худо халқининг маҳбуслар учун қилган ибодатлари, айниқса, жума кунларида рўза тутиш билан бирга Худога тез етиб борарди. Худо муқаддас илтижоларга жавоб тариқасида Ўз ҳузур-ҳаловатини осмондан туриб менинг совуқ камерамга юборарди. Ҳа, бутун баданим совуқдан титрарди, аммо Худованд менга Исо Масиҳга нафақат эътиқод қилиш имконини берганидан, балки У учун азоб чекишни раво кўрганидан хурсанд бўлиб йиғлардим. Мен Исо Масиҳ учун лагерларда ўлиб кетишга ҳам розиман ва шундай лаҳзаларни интизорлик билан кутмоқдаман.
Лекин барибир қўлларим ва оёқларимни жуда қаттиқ совуққа олдириб қўйдим, аранг юрардим. Эрталаб туришим биланоқ биринчи навбатда олдин қўлларимни, кейин оёқларимни секин ишқалардим, кейин бирозгина қадам босардим, акс ҳолда қўлимга ҳаттоки тароқни ҳам ушлай олмасдим. Кундузлари суякларим шунчалик зирқираб оғрир эдики, гўё уларни кимдир қайилтириб синдиргандай туюларди. Ўтин ёришга куч йўқ эди, хона эса ниҳоятда совуқ. Сургунга келганлар қишга ўтин тайёрлаб қўйишмаганди, мен эса улардан анча кеч келганман, қолаверса, ўзим ярим жон бўлиб қолгандим.
Биринчи кунданоқ маҳаллий бошлиқлар мени ишга жойлашишимга мажбурлашди, чунки мен III гуруҳ ногирони эдим, демак, меҳнат қилишга лаёқатлиман.
-Мен шу ҳолатим билан ишлай олмайман, - деб тушунтирдим бошлиқларга.
-Сен учун иш жой бор – омборхонада қоровул бўлиб ишлайсан.
-Мен олтмиш уч ёшга кирдим, мен нафақадаман...
-Бизда ҳамма қариялар ишлайди!
Сургунга кетишдан олдин нима учун II гуруҳ ногиронлигини мендан олиб ташлашганини эндигина англадим. Бу ерда мени омборхонада ишлашга мажбурлайдилар ва бирор бир баҳона топиб, атайлик, ўғирлик ёки ёнғин уюштириб, менга яна бошқатдан янги жиноий ишни осиб қўйишмоқчи. Ўйлаб қўйган режалари чакки эмас: зона ёпиқ, олдимга ҳеч ким келмайди.
Мен кетаётганимда қамоқхона бошлиғи бекордан-бекорга шундай деб айтмаган экан: “Бойко, сенинг жойинг сургунда эмас, шу ерда, бизнинг олдимизда!”
Мен меҳнат қилишдан қатъий бош тортдим. Мени қўрқита бошладилар. Шунда мен район ижро қўмитасига бориб, хотиним ва қизимни чақиртиришга рухсат беришларини сўраб ариза ёздим. Хотинимга фақатгина 5 кунга рухсат беришди, холос. Аслида эса, қонунга биноан сургунда бўлган маҳбус ўз оиласи билан яшашга ҳаққи бор.
Раббийнинг ортидан бориш йўлидаги қийинчиликлар – бу биз учун қадрдон, масиҳийча машаққатлардир. Худога юз тутишим биланоқ, Исо Масиҳ босиб ўтган йўлларни менга биринчи кунданоқ кўрсатгани учун, Раббийга шукроналар айтаман ва бу йўл энди меникига айланди. Мен нафақат Уни, балки У учун азоб-уқубатларни севганим учун Худодан миннатдорман. Азоб-уқубатларни севиш қандайдир ғайритабиий бўлиб кўринса-да, аммо бу худди шундай. Мен учун азоб чекиш ғаройиб саргузашт ёки қайғули муқаррарлик эмас. Бу менга нисбатан Худонинг берган буюк ва бебаҳо ҳадяси. Ана шу инъомни ҳаётимнинг сўнггигача сақлашни ва ҳамма нарсада Худога содиқ қолишни қанчалик хоҳлайман.
Ҳар қандай металлни қайта эритиш кераклигини мен биламан, ана шундагина металл эритувчининг кўз олдида у қандайдир бебаҳоликни намоён қилади.
Айрилиқларга мен кўникиб қолганман. Худо мени оғир аҳволда топган ва қутқариб қолган. Мен Раббий учун азоб чекишга ва азоб-уқубатларда руҳан туғилдим.
Мени ишга жойлашишга мажбурлаётганлари ҳақида оила аъзоларимга, шунингдек, Жамоатлар Кенгашларини ҳимоя қилиш Бўлимига ва баъзи бир жамоатларга хабар қилдим. Ўзим эса прокурорнинг ҳузурига йўл олдим. Худованд менга очиб берганидай, вазиятни прокурорга тушунтирдим.
Бошлиқларнинг қабиҳ режалари менга маълум эканлигини прокурор тушунди ва деди: “Сиз бораверинг, милиция бошлиғига ва нозирга ўзим қўнғироқ қиламан... Қонунга кўра, ҳеч ким сизни ишлашга мажбур қила олмайди...”
Жамоатлардан прокурор номига кўплаб илтимосномалар кела бошлади. Мени милиция чақиртирди, бироқ бу сафар бошқа масала бўйича: мен қайта тиббиёт кўригидан (ВТЭК) ўтишим тўғрисида Москвадан буйруқ келибди. Мен рози бўлдим ва касаллигимни инобатга олиб менга умрбод II гуруҳ ногиронлигини беришди. Шундан кейин ишга жойлашиш масаласи бўйича умуман мени бошқа безовта қилмай қўйишди.
1987 йилнинг 10 декабрида рафиқам Валя куёвим билан мени кўргани келишди. Беш кундан кейин учрашув вақти тугагач, хотинимни ҳайдай бошладилар.
“Эрим ниҳоятда бетоб. Уни шу аҳволда ташлаб кетолмайман. Мени бу ердан судраб олиб чиқасангиз ҳам, кетмайман...” – деди хотиним қишлоқ маъмурияти аъзолари билан суҳбатда.
Куёвимиз уйга жўнаб кетди, хотиним мен билан қолди. Бутун декабрь ойи мобайнида хотинимга нисбатан дўқ-пўписа давом этаверди. Мен қадрдон биродарларимга бу ҳақда мактуб ёздим.
1988 йили 7 январда почтада менга М. И. Хоревдан келган телеграммани топришди. Телеграммада шундай ёзилганди: “Ҳурматли Николай Ерофеевич, Валяни рўйхатдан ўтказишдими? Сизларни ўтин билан таъминлашдими? Менга хабар беринг”.
Шу вақтга келиб об-ҳаво жуда совиб кетди, қаҳратон қиш айни авжида, ёқишга ўтин йўқ. Михаил Ивановичга жавоб телеграммасини юбордим:
“Валяни рўйхатдан ўтказишмаяпти, ўтин ҳам беришгани йўқ”.
12 январда бизни ижроия қўмитасига чақиртиришди. – Воажабо! Бир зумда ҳамма ишлар ижобий ҳал бўлди! Валяни рўйхатдан ўтказишди, ўзимизнинг ҳисобимиздан ўтинлар олишга рухсат беришди, қолаверса, қишлоқда кўплаб ўртача уйлар бўш турганлигига қарамай, бизга яшаш учун алоҳида Баракка кўчиб ўтишни таклиф қилишди.
Биз хурсанд бўлиб Худога шукроналар айтдик. Шу кунгача биз эркаклар ётоқхонасида яшаб келгандик, бу эса дўзах ўтида ёнишдай гап эди.
Биз Баракка кўчиб ўтдик. Кўчиб ўтишимиз биланоқ узоқ шарқ қор бўронлари бошланиб кетди. Қор хонамизга роса ёғибди. Биз том тешикларини ёпдик, печкага ўт ёқдик. Сув қайнатиб, музлаб қолган кир полларни тозалаб ювдик. Ошхонада “ТОШКЕНТ”, ичкариги хонада “ВОРКУТА” печкалари ёниб турарди. Хоналарни иситиш учун ўтинларни аямай ишлатдик. 20 январдан то май ойигача совуқ Баракни иситиш учун 20 куб ўтин ёқибмиз.
Ароқхўрлардан алоҳида яшаб, хотиним иккимиз рўза тутишга ва ибодат қилишга кўпроқ эътибор қаратдик, Раббий кўплаб ҳасталикларимга шифо берди, бироқ юрагим ҳамон мени безовта қилиб турарди.
Масиҳий ҳаётнинг узоқ йиллари давомида биз қийин аҳволда яшашга кўникиб қолдик. Масиҳ бу дунёга қандай мақсад билан келганлигини биз жуда кўп эслардик: бой ва бадавлат яшаш учун эмас, балки Ўз ҳаётини бошқаларнинг гуноҳини ювиш учун ва хизмат қилиш учун келган. Шундай экан, биз ким бўлибмизки, бундан-да яхшироқ ҳаётни орзу қилсак?! Биз онгли равишда шундай тор ва қийин йўлни танлаганмиз, шунинг учун бу дунёдан ҳеч бир яхшиликни кутмаганмиз.
Гарчанд биз иссиқ ўлкалардан келган бўлсак ҳам, шимол иқлимига хотиним иккимиз яхши чидадик. Худованд мени кучли совуқлардан ва жазирама иссиқлардан олиб ўтди. Эҳтимол, мен фақат тропик иқлимини синаб кўрмагандирман. Аммо шуни аниқ биламан ва қатъий ишонаман, Раббий билан бирга бўлиш ҳамма жойда яхши.
Турмушимизнинг шарт-шароитлари оддий: стуллар ўрнига биз юмалоқ ёғоч тарашаларда ўтирардик. Якшанба кунлари кечаси соат 12 дан то саҳар 4 гача руҳан Худонинг халқи билан жамоат йиғилишларида бўлардик (бу ерда Москва билан вақт тафовути 6 соат эди).
Қариндошларим ва дўстларим менинг олдимга келиб туришлари учун, мени очиқ зонага ўтказишларини илтимос қилдим. Бироқ Хабаровскдаги аҳлоқ тузатиш корхоналар Бошқармаси менга қарши чиқди. Улар ўз олдиларига мени бўйсундиришнинг иложи бўлмаса, унда қамоқхоналарда чиритиш мақсадини қўйдилар. Улар: “Сен на озодликни, на қариндош-уруғларингни кўрасан! Сен икки йилдан ортиқ яшолмайсан!” – деб, доимо менга дўқ-пўписа қилишарди. Чиндан ҳам, кўринишим бир аҳволда. Аммо Раббий менинг Ҳимоячим эди.
Тез орада хотиним болаларимизнинг олдига қайтиб кетди, ёзни ўтказгани эса менинг олдимга ўғлим келди.
Участка нозири ҳамон мени ёқтирмасди. Кунларнинг бирида учрашиб қолганимизда у мендан сўради:
-Бойко, эҳтимол, бутун вужудингиз бизга қарши қайнаётган бўлса керак?
-Нега сиз бундай ўйлайсиз?
-Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ шунча йилдан бери қамоқдасиз...
-Нега сиздан хафа бўлайин?! Мен Масиҳ учун азоб тортяпман. Сизларга раҳмим келади, чунки сизлар – бахтсиз одамлардирсизлар.
-Ким айтди сизга? – хафа бўлгандай сўради нозир.
-Ўзим биламан. Сиз Худони инкор этиб, абадий ўлим учун яшамоқдасиз, мен эса Худога юз тутганман, самоларда У билан абадий яшашимга ишонаман!
Мен бу одамга Худованд тўғрисида кўплаб гувоҳликлар бердим, лекин нозир ҳеч нимани англамади. Олдинлари у лагер бошлиғи бўлган. Қишлоқда мунтазам равишда менга қарши турли маълумотлар тўплаган ва маҳбусларни менга қарши “чақма-чақарлик қилишга” ундаган. Маҳбусларга қуйидагича саволларни берарди: менинг олдимга кимлар келди? Уйимда бўлиб ўтадиган йиғилишларда кимлар иштирок этди?
Книга на Узбекском языке: - Верю в бессмертие (Николай Бойко)
Очень впечатляющее свидетельство одного верующего узника за имя Христово, прошедшего тюрьмы и лагеря, и повсюду Бог подкреплял его и исцелял. Одному Богу известно, сколько издевательств претерпел Николай Ерофеевич в неволе. Его лишали свиданий, не отдавали писем и в буквальном смысле уничтожали, сажая в камеру—холодильник в то время, когда у него было воспаление легких. Но, по неизреченной Своей милости, Господь сберегал жизнь Своему слуге. Он оставался непреклонным и не шел на сотрудничество с гонителями. Его глубоко почтенный 82-летний возраст — яркое доказательство того, что жребий наш всецело находится в руках Господа и вовсе не условия существования определяют длительность жизни, а лишь Божья воля. Несмотря на суровый путь, он достиг рубежа большей крепости и отошел к Господу как и насыщенные днями патриархи. Земная брань его закончилась победно.