Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул) 0 bob

Роберт Спраул. Масиҳийлик таълимоти асослари - (Аудиокитоб) Китоб Ўзбек тилида

Masihiylik ta'limoti asoslari (Robert Spraul) O‘zbek tilida AudiokitobMasihiylik ta'limoti asoslari (Robert Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob

 

МУНДАРИЖА

Муқаддима

Кириш

БИРИНЧИ ҚИСМ. Ҳақиқат

1-боб. Илоҳий ҳақиқат

2-боб. Зиддият, сирлилик ва қарама-қаршилик

3-боб. Бевосита ва билвосита умумий ваҳий

4-боб. Алоҳида ваҳий ва Муқаддас Китоб

5-боб. Илоҳий Қонун

6-боб. Худонинг пайғамбарлари

7-боб. Муқаддас Ёзув қонун-қоидалари

8-боб. Муқаддас Китобни талқин қилиш

9-боб. Хусусий равишда талқин қилиш

ИККИНЧИ ҚИСМ. Худонинг табиати ва сифатлари

10-боб. Худонинг сирлилиги

11-боб. Худонинг Учбирлиги

12-боб. Худонинг мукаммаллиги

13-боб. Худонинг қудратлилиги

14-боб. Худонинг ҳозиру нозирлиги

15-боб. Худо ҳамма нарсани бошқаради

16-боб. Худонинг Муқаддаслиги

17-боб. Худонинг эзгулиги

18-боб. Худонинг адолатлиги

УЧИНЧИ ҚИСМ. Худонинг ишлари ва амрлари

19-боб. Яратилиш

20-боб. Олдиндан кўра билиш

21-боб. Мўъжиза

22-боб. Худонинг иродаси

23-боб. Аҳд

24-боб. Аҳд вазифалари

ТЎРТИНЧИ ҚИСМ. Исо Масиҳ

25-боб. Масиҳнинг илоҳий табиати

26-боб. Масиҳнинг итоаткорлиги

27-боб. Масиҳнинг инсоний табиати

28-боб. Масиҳнинг бегуноҳлиги

29-боб. Айбсиз ҳомиладорлик

30-боб. Исо Масиҳ Ягона Ўғил сифатида

31-боб. Масиҳнинг сувда чўмиб имон келтириши

32-боб. Масиҳнинг улуғворлиги

33-боб. Масиҳнинг осмонга Кўтарилиши

34-боб. Исо Масиҳ Худо ва одам ўртасидаги Воситачи сифатида

35-боб. Масиҳнинг учлик хизмати

36-боб. Исонинг исмлари

БЕШИНЧИ ҚИСМ. Муқаддас руҳ

37-боб. Муқаддас Руҳнинг илоҳийлиги

38-боб. Муқаддас Руҳнинг шахсга оид табиати

39-боб. Муқаддас Руҳнинг ички гувоҳлиги

40-боб. Муқаддас Руҳдан зиё олиш

41-боб. Муқаддас Руҳни қабул қилиш

42-боб. Муқаддас Руҳ — Юпатувчи

43-боб. Муқадас Руҳ — Покловчи

ОЛТИНЧИ ҚИСМ. Инсон ва гуноҳ қилиш

44-боб. Ўзликни билиш ва Худони англаш

45-боб. Инсон Худо суратида яратилган

46-боб. Инсон тана ва қалб сифатида

47-боб. Инсон тана ва руҳ сифатида

48-боб. Шайтон

49-боб. Ёмон руҳлар

50-боб. Гуноҳ

51-боб. Бирламчи гуноҳ

52-боб. Одамнинг ахлоқсизлиги

53-боб. Инсоннинг виждони

54-боб. Кечирилмайдиган гуноҳ

55-боб. Синкретизм

ЕТТИНЧИ ҚИСМ. Нажот топиш

56-боб. Нажот топиш

57-боб. Олдиндан белгилаш

58-боб. Олдиндан белгилаш ва абадий ҳукм

59-боб. Таъсирчан даъват

60-боб. Юқоридан туғилиш

61-боб. Гуноҳларни ювиш

62-боб. Чекланган гуноҳни ювиш

63-боб. Ироданинг эркинлиги

64-боб. Имон

65-боб. Қутқарувчи имон

66-боб. Имон билан оқланиш

67-боб. Имон ва савоб

68-боб. Тавба-тазарру

69-боб. Хизматлар ва марҳамат

70-боб. Азизларнинг имондан қайтмаслиги

71-боб. Нажотга ишонч

72-боб. Оралиқ ҳолат

73-боб. Батамом тирилиш

74-боб. Улуғлаш

САККИЗИНЧИ ҚИСМ. Жамоат ва маросимлар

75-боб. Ҳаворийлар

76-боб. Жамоат

77-боб. Ҳақиқий Жамоатнинг белгилари

78-боб. Жамоатдан четлаштириш

79-боб. Маросимлар

80-боб. Сувда имон келтириш

81-боб. Чақалоқларни сувда имонга киритиш

82-боб. Раббийнинг Қутлуғ зиёфати

83-боб. Ўзгариш

84-боб. Дам олиш куни

85-боб. Қасам ва ваъдалар

ТЎҚҚИЗИНЧИ ҚИСМ. Ҳозирги дунёда руҳият ва ҳаёт

86-боб. Руҳ самараси

87-боб. Севги

88-боб. Умид

89-боб. Ибодат

90-боб. Антиномизм

91-боб. Легализм

92-боб. Қонуннинг уч томонлама мақсади

93-боб. Перфекционизм

94-боб. Давлат ҳокимияти

95-боб. Никоҳ

96-боб. Ажралиш

ЎНИНЧИ ҚИСМ. Охирги замон

97-боб. Дажжол

98-боб. Масиҳнинг қайтиши

99-боб. Худо салтанати

100-боб. Самовий ватан

101-боб. Жаннат ҳузур-ҳаловатини кўра билиш

102-боб. Дўзах


Муқаддима

Ҳар бир масиҳий — илоҳиётчидир. Биз доим Худони ва Унинг таълимотини ўрганиб борамиз. Ҳар бир масиҳийни ҳам том маънода профессионал еки академик илоҳиетчи деб айта олмаймиз, бироқ бу тўғрими еки йўқми, бундан қатъий назар, биз ҳаммамиз илоҳиетчимиз. Балки бу доим ҳам тўғри эмасдир. Бутрус ўзининг иккинчи мактубида бидъатчиларни Худонинг халқига катта зарар келтираетгани ва Раббийни ҳақоратлашаётгани ҳақида огоҳлантиради. Улар биз учун ҳам хавфли, чунки илоҳиет одамлар ҳаетининг барча жабҳаларига тааллуқлидир.

Муқаддас Китобнинг таъкидлашича, инсон қалби қандай бўлса, одамнинг ўзи ҳам шундай бўлади. Бир қарашда бу фикр ғалати туюлади. Балки бу ерда бирор жумбоқ мавжуддир? Балки қалб эмас, онг назарда тутилгандир? Одатда фикрларимиз онгимизга асосланади, ҳис-туйғуларимиз эса қалбга. Шундай экан, «Одам қалбининг фикрлари» деган сўзлар қандай маънони билдиради? Ахир, фикрлар, бизнингча, қалбда эмас, бошда пайдо бўлади-ку! Бизни қамраб олган ўй-фикрлар бутун ҳаетимизни шакллантиради-ку! Биз ўз ўй-фикрларимиз маҳсулимиз. Ва агар бизнинг ўй-фикрларимиз аҳлоқсиз бўлса, бу албатта ўз ҳаетимизга таъсирини ўтказади.

Инсон ишонч Рамзини яхшилаб едлашни ва дин назариясидан «беш» баҳо олишини, бироқ ўзи нопок ва уятсиз ҳает кечиришини биз жуда яхши биламиз. Биз тўғри назарияни ед олишимиз ва нотўғри ҳает кечиришимиз мумкин. Тақводор ҳает кечириш учун дин ҳақидаги назарияни билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Лекин барибир диенатли ҳает кечириш учун дин назариясини билиш керак. Агар шундай бўлмаса, ҳақиқат нималигини билмай туриб, қандай қилиб ҳар қандай ҳақиқатни амалга оширамиз?

Ҳеч бир имонли диний назариясиз қаноат ҳосил қилмайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир имонли — дин назариясининг пешвоси. Демак, масала дин назариясида эмас экан. Бу таълимотнинг мавжудлиги ўз-ўзидан зарур бўлган факт. Ҳамма гап диний таълимотнинг тўғри еки нотўғрилигида. Биз қандай дин ақидаларини қабул қиляпмиз — ҳақиқийми еки сохтами?

Ушбу китоб расмий дин таълимоти ҳақидаги дарслик эмас. Бу китоб оддий масиҳийларга мўлжалланган бўлиб, Масиҳийлик ақидасига киришнинг асосий назариялари ҳақида. Муқаддас Китоб таълимотини тушуниш учун аввалам бор кўникма хосил қилиш керак. Шунинг учун ушбу китоб ўқувчига энг муҳим ва асосий бўлган, ҳар бир инсонга мўлжалланган Муқаддас Китобдаги кўникмаларни ўргатади.

Ҳар бир кўникма қисқа, лўнда ва конспект шаклида берилган. Ҳар бир бобнинг охирида эътиборингизга Муқаддас Китобга асосланган изоҳлар берилган бўлиб, улар таълимотни схематик баен билан тўлдиради ва жонлантиради. Барча таълимотлар содда, шу билан бирга, асосли баен этилган. Содда бўлганда ҳам сийқалашиб кетмаган. Бир неча бетда мен Худонинг ҳар бир таълимоти моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилдим. Аслида бу йўналишдаги изланиш камида бир неча жилд китобга жой бўлиши мумкин.

Ушбу китоб билан танишиб чиққач, сиз Худо таълимоти соҳасидаги мутахассис бўлмайсиз. Фақат Худо таълимотига асосланган асосий кўникмалар ҳақида тушунча хосил қиласиз. Ишончим комилки, бу китобни ўқиб чиққанингиздан кейин сизда Худо Каломини чуқурроқ ва батафсил ўрганишга қизиқиш пайдо бўлади. Бу эса бутун умрга чўзиладиган машғулотдир.

Мазкур китобни яратиш фикрини бергани учун Tyndale нашриетининг ходими Уэнделл Холига, қўлёзма чоп этилишида кўрсатган ердами учун Донне Макга ва нашрда ўз ердамини аямагани учун Дейвид Фриландларга миннатдорчилигимни билдираман. Муҳаррирлик қилгани учун ўғлим Р. Ч. га ҳам ташаккур билдираман.

Орландо
Июль
1992 йил

Кириш

ХХ асрнинг 80-йилларида Америкадаги Гэллап институти америкаликлар ҳаётига диннинг таъсирини ўрганиш бўйича катта тадқиқот ишларини олиб борди. Мазкур тадқиқот натижалари асосида турли жураналлар маълум хулосалар чиқариб, журналхонларга янада табиийроқ хулосалар тўғрисида хабар берди. Аммо маълумотларнинг катта қисми кенг ёйилмади. Шундан кейин Жорис Гэллап йиғилган маълумотларни Christianity Today (Бугунги масиҳийлик) журналига тақдим қилди. Журнал тахририяти ҳам, ўз навбатида, бир неча илоҳиётчиларни мавжуд маълумотларни ва уларнинг аҳамиятини ўрганишга таклиф қилди. Мен ҳам журнал ихтиёридаги мавжуд маълумотларни таҳлил қилишда иштирок этишга мушарраф бўлдим.

Тадқиқотларимизнинг натижалари ҳайратда қолдирадиган бўлиб чиқди. Энг яхши нуқталари деб қуйидагиларни айтиш мумкин: 1) олтмиш миллиондан ортиқ америкалик ўзини, имонли одам, деб ҳисоблайди; 2) жуда кўп америкалик, Муқаддас Китоб — Худонинг Каломидир, деб ишонади.

Аммо юқорида тасдиқланган маълумотларга қарамай, шуниси тамомила шубҳасизки, америкаликлар, ҳатто Инжилга ишонувчилар ҳам, Муқаддас Ёзув мазмун-мундарижаси борасида нодонларча қолгани ачинарлидир. Бунинг устига, улар масиҳийлик ва классик масиҳийлик илоҳиёти тарихидан ҳеч қандай маълумотга эга эмас эканлар. Лекин энг хавотирли жиҳати шу бўлса керак: Муқаддас Китобга ишонамиз, деган кўплаб одамлар, Америка жамиятининг қурилишига ва қадриятига асло таъсир кўрсатмайди ёки ниҳоятда оз таъсир кўрсатадилар. Масалан, яқинда интим муносабатлар ахлоқи ва аборт тўғрисида тадқиқот ўтказилганда, шу нарса маълум бўлдики, бу масалаларда масиҳийлар ва имонга келмаганлар ўртасида деярли ҳеч қандай фарқ йўқ экан. Бошқача айтганда, қуйидагича хулоса келиб чиқади: масиҳийча «имон» Америка жамиятининг ҳам, Америка маданиятининг ҳам ҳаётида асло намоён бўла олмайди. Албатта, мавжуд маълумотларнинг аниқлигига шубҳа қилиш ҳам мумкин.

Аммо нима бўлганда ҳам, шундай бўлиши мумкинми? Шу лаҳзада хаёлимизга ўша жавоблардан бири келади. Балки «мен масиҳийман», деганлардан кўпчилиги алданаётгандир ёки хато гапираётгандир? Аммо ҳеч бўлмаганда, бу одамларнинг ярми ҳақиқатан юқоридан туғилган бўлса, бизнинг давримизда Америка мисли кўрилмаган даражада руҳий уйғонишни бошидан кечирди, деб айтишимиз керак. Бу уйғониш машҳур Буюк уйғонишга қараганда, бир қадар кенг миқёслидир.

Агар шундай уйғониш ҳақиқатан юз берган бўлса, ундай ҳолда нима учун биз яшаётган жамиятга унинг таъсири тўғрисида гувоҳликлар оз? Чамаси, миқёсига кўра ақл бовар қилмайдиган уйғониш ҳеч қандай ўзгариш пайдо қилмайди, шекилли. Бундай уйғониш бутун масиҳийлик тарихида ҳали юз бермаган ажойиб ўзгаришларга олиб келиши керак эди. Демак, бу уйғониш — мутлақ уйдирма, сохталикдан бошқа нарса эмас. Чинакам Муқаддас Китоб ишончи шу тариқа «уйғонмасдан» қолиб кетди, шекилли.

Мазкур аномалияга бошқа — янада кўтаринки руҳдаги қарашларни таклиф қилиш мумкин. Биз жамиятга уйғонишнинг таъсирини кузата олмаймиз, чунки бу ҳақда гапиришга жуда эрта. Юқоридан туғилган миллионлаб одамлар ҳанузгача руҳий гўдаклик ҳолатида қолиб кетяптилар. Улар руҳий етукликка эришганларида, биз албатта атрофимиздаги имонга келмаганлар оламига уларнинг таъсири самарасини кўрамиз.

Ҳозирги жамиятнинг қадриятлари тизими шаклланишига ўсмирлар кучли таъсир кўрсатади, бу гапимга қўшилаверинг. Бироқ ўсмирларнинг таъсири билан ёши катта, айниқса, ҳокимият тепасида турган ёки обрўли одамлар бу оламга таъсирини қиёслаш мумкин эмас. Гўдаклар эса жамиятнинг маданий қадриятлари шаклланишида ҳеч қандай роль ўйнамайдилар. Улар очлик ҳиссини бошдан кечирганларидагина, «бер»деб талаб қилган йиғиси эшитилади. Оила аъзолари ёки жамоатчилик вакиллари маслаҳат сўраб гўдакка келмайдилар, чунки улар ривожланишнинг бу босқичига етиб келмадилар, ҳали ҳаётий тажриба орттирмадилар. Оилада ёки жамиятда ҳамма эътироф этган раҳнамо бўлиш учун етукликка ва доноликка эришиш керак.

Умид қиламизки, руҳий гўдаклик ҳолатидаги имонлилар руҳан ўсиб, етук масиҳийлар бўладилар. Улар ўзларининг оилаларига, жамиятга, бутун мамлакатга ва атрофини ўраб турган оламга жиддий таъсир кўрсатишга лаёқатлидирлар. Аммо унгача ҳали узоқ. Эҳтимол, ҳеч қачон бўлмаслиги мумкин. Ҳақиқий руҳий жонланиш ва янгиланиш юз бериши учун баъзи қаршиликларни бартараф қилиш лозим. Масиҳийлар буни тушунишлари жуда муҳим.

Қуйида масиҳийлар руҳий етукликка етиша олмаслигига оид ўнта сабабнинг қисқача тафсилоти берилади. Мен бу сабабларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида санаб ўтаман ва уларга таъриф бераман.

1-сабаб: Муқаддас Китобдаги, болалардай
ишонинг, деган даъватни нотўғри тушуниш

Баъзи масиҳийлар давраларида: «Болаларча соддалик билан ишонинг», деган Муқаддас Китобдаги даъват руҳий идеал даражасигача етказилди. Бу эса ишончнинг Муқаддас Китобдаги маъносини тамомила бузиб кўрсатади. Янги Аҳд ҳақиқатан болаларча содда ишончни яхши фазилат деб айтади. Исо шундай деган эди: «Сизларга чинини айтайин: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга ҳеч киролмайди» (Мк. 10:15).

Аммо бу нима дегани? Исо «болалардай» деб айтган ифодани қиёслаш деб айтиш мумкин. Бу қиёслаш табиий. Болалар ота-оналарига, ота-оналарининг сўзларига ишонганлари сингари, биз ҳам Худога, Унинг сўзларига ишонишимиз керак. Боланинг ҳаёти ота-онасининг ғамхўрликларига ишониш лаёқатига боғлиқ. Агар бола қизиқиб, оловни ушлаб кўрмоқчи бўлса, ота ёки она дарров бунга таъсир кўрсатиб, бундай экспериментларни таъқиқлайди. Бундай вазиятда иссиқлик энергиясининг хусусиятларини тушунтириб ўтиришга имкон йўқ. Акс ҳолда бундай изоҳу тушунтиришлар ёш болага тушунарсиз бўлиб қолган бўлар эди.

Лекин бола улғайган сари, аста-секин ота-оналарининг ўгитларига ишонмай қўяди, уларнинг йўл-йўриқларига итоат этмайди. Кўп ўтмай, ўсмир тақиқларнинг сабабини тушунтириб беришни талаб қилади. Кейин эса очиқчасига итоатсизликка ўтиши мумкин.

Худо Шоҳлигида бундай итоатсизликка ўрин йўқ. Худонинг болалари Самовий Ота олдида болаларга хос иззат-ҳурматни доимо сақлашлари, айни пайтда Унга мутлақо ишонишлари керак. Айнан шундай муносабат сўзсиз ишончни англатади. Худо тўлиқ ишончга лойиқ. Аслида Унга ишонмаслик — бефаросатлик ва аҳмоқликдир. Худо ишончга сазовор. Етук масиҳий ҳеч қачон болалардай ишончни йўқотмайди.

Бироқ болаларча содда ва инфантил, яъни ноетук ишонч ўртасида катта фарқ бор. Кўпчилик бу тушунчаларни адаштиради. Ноетук ишонч Худонинг ич-ичини билишга интилмайди. Бундай ишонч парҳез сутдан воз кечишни истамай, Инжилнинг қаттиқ таомини рад қилади. Шу боис ноетук масиҳийлар ўзларига қаратилган ўгитларни тинглашлари тавсия этилади:

Вақт нуқтаи назаридан сизлар аллақачон муаллим бўлишингиз керак эди. Аммо сизларга яна Худо каломининг илк асосларини ўргатишга эҳтиёж бор. Сизларга қаттиқ озиқ эмас, сут керак. Сут билан овқатланадиган ҳар бир киши эса ҳали чақалоқ, солиҳлик каломида ғўру тажрибасиздир. Қаттиқ озиқ эса камолотга етганларга, яъни туйғулари яхши ва ёмонни фарқ этиш малакасига эга бўлганларга хосдир.

Ибр. 5:12-14

Янги Аҳд бизни руҳий етукликка интилишимиз учун даъват қилади. Ҳаворий Палус айтади: «Мен бола бўлганимда, бола каби гапирар, бола каби фикр қилар, бола каби муҳокама қилар эдим. Вояга етгач, болаликни қолдирдим» (1 Кор. 13:11). Биз нимада гўдак бўлиб қолишимизни ва нимада етукликка интилишимиз кераклигини ҳам кўрсатади: «Биродарлар, ўй-фикрда болалардек бўлманглар. Аксинча, ёмонликка нисбатан чақалоқ бўлиб, фикрлашда эса баркамол бўлинглар» (1 Кор. 14:20).

2-сабаб: Илоҳиётга шубҳа билан қараш
олдидаги қўрқув

Масиҳийлик субмаданиятида илоҳиётга тамомила ишончсизлик кўрсатилади. Кўпинча илоҳиётга нисбатан бўлган бу ёқтирмаслик илоҳиётчиларнинг ўзларига нисбатан бўлган ёқтирмаслигидан келиб чиқади.

Машҳур инглиз воизи Ж. В. Лэнгмид Кэссерли Apologetisc & Evangelism китобининг бир бобини тўлиғича илоҳиётга сотқинларча муносабатда бўлаётган олимларга бағишлади. Кэссерлининг кўрсатишича, масиҳийларнинг илоҳиётга нисбатан, ўсиб бораётган ишончсизлиги Муқаддас Китобга ва Муқаддас Китобни илмий жиҳатдан танқид қилиш билан шуғулланадиган ҳозирги замон олимлар томонидан масиҳийлик тарихига нисбатан кескин ишончсизлик сабабидан пайдо бўлмоқда. Айнан илоҳиётчилар: «Раббий ўлган», деб эълон қилдилар. Айнан семинариялар ва масиҳийлик коллежлари профессорлари Муқаддас Ёзувнинг аслиятига ва ишончсизлигига ҳаммадан кўп шубҳа билдирмоқдалар. ХХ аср бошларида голландиялик илоҳиётчи Абрахам Кайпер: «Муқаддас Китоб танқиди вандализмга айланиб кетди», деб ёзган эди.

Асло шубҳа йўқки, Америкадаги кўплаб диний семинариялар ишончсизлик қўрғонига айланган. Болалар «масиҳийлик» коллежларидан тамомила шубҳа ва ишончсизлик билан қайтиб келганларида, ота-оналар кўпинча эсанкираб, довдираб қоладилар. Болалар шубҳа ва ишончсизликни ўзларининг профессорларидан юқтирадилар. Натижада оддий имонлилар кўпинча илоҳиётга сотқинларча муносабатда бўлаётган олимларга қуйидагича таъсир кўрсатадилар: «Агар бу фанни ўрганиш шундай оқибатга олиб келадиган бўлса, ҳечам керак эмас».

Аҳмоқона илоҳиёт ҳам мавжудлиги тўғрисида ҳеч ким тортишгани йўқ. Шубҳасиз, талаба илоҳиёт фани билан боғлиқ бўлган жиддий изланишлар жараёнида албатта Муқаддас Китоб ҳақиқатига шубҳа остидан қарайдиганларга тўқнаш келади. Шунинг учун ушбу усул билан имонсиз илоҳиётчилар қандай қилиб бўлса-да, масиҳий илоҳиётга ишонмаётганларини ўзларича оқлашга ҳаракат қиладилар ва буни намоён этадилар.

Бироқ илоҳиётга ишончсизлик билан қараш нима учун ҳозирги масиҳий ўқув юртларида бунчалик кенг тарқалиб кетганлигига таажжубланишнинг кераги йўқ. Исонинг ердаги ҳаётида Унинг энг асосий душманлари дин пешволари, руҳонийлар бўлганлигини бир эслаб кўринг-а. Илоҳиётчилар Исо даврида Унинг илоҳиётига нафрат билан қарардилар. Ва агар биз ишончсиз, ёлғон илоҳиётга учраб қолмаслик учун ўзимизни илоҳий ва диний таълимотдан умуман олиб қочсак, биз маънавий қашшоқликка йўл қўйган бўламиз. Унда биз ўзга авлоднинг сотқини бўлиб қоламиз. Илоҳиётни рад этиш — Худони англашни рад этиш демакдир. Масиҳийнинг бундай қарорга келишга ҳаққи йўқ.

3-сабаб: Халос бўлиш учун Масиҳни Худойим
деб айтиш зарур эмас, деган гапни нотўғри
тасаввур қилиш

Бундай тасаввур — бу қадимий антионизм бидъатининг замонавий шакли. Бу нуқтаи назарга қўшилганларнинг ўйлашича, кунларнинг бирида сиз, Исога юз бураман, деган қарорга келдингиз ва гуноҳкордай Унга ибодат қилдингиз. Исони ўзингизнинг Нажоткорингиз деб тан олдингиз, ана энди Уни Раббий сифатида қабул қилмаслигингиз ва Унга итоат этмаслигингиз мумкин. Бидъатчилар тарафдорларининг фикрича, масиҳий ҳеч қандай қонун билан боғланмаган.

Масиҳий устозлар орасида Масиҳни, ўз Нажоткорини Раббий деб очиқчасига тан олмасликка даъват этувчилар умуман йўқ, ёки жуда кам. Қайтанга улар тана бўйича масиҳийлар деб аталганларни тобора маънавий юксак ва итоатли бўлишга ишонтирадилар. Аммо улар халос бўлиш учун албатта Масиҳни Раббимиз деб тан олишимиз кераклигини негадир тушунтирмайдилар. Бундан ташқари, улар, нажот топиш учун бунга эҳтиёж йўқ, деб таъкидлайдилар. Айнан шулар каби одамлар «тана бўйича» масиҳийларни дунёга келтирадилар.

Шунга ўхшаш антиномизмларни Американинг Инжил жамоатларида тарқалиши мисли кўрилмаган даражага етди. Ушбу мавзуга оид музокаралар ҳозирги вақтда нажот топиш учун Масиҳга бўйсуниш кераклигини инкор этмоқдалар.

Яқинда бир қавмбоши ўзининг жамоатига келадиган бир ёш йигит ҳақида сўзлаб берди. Бу йигит жамоатга келишдан ташқари наркотик моддаларини қабул қилар ва турли аёллар билан зино қилар экан. Қавмбоши уни тўғри йўлга солишга ҳаракат қилибди, йигит бўлса қуйидагича жавоб қайтарибди: «Ҳаммаси жойида. Мен тана бўйича масиҳийман, холос».

Муқаддас Китобга асосан масиҳий бўлиш — бу Масиҳнинг издоши бўлиш демакдир. Бироқ шогирд — бу «ўқувчи». У Масиҳ мактабига борган. Ўқувчи, бир сўз билан айтганда, ўқишга, таълим олишга ва Худонинг амрларини бажаришга даъват қилинади.

4-сабаб: Янги роҳиблик

Роҳиблик ҳаракати жамият тарихида бу дунёдан кетишни мадҳ этарди. Монастирга йўл олаётган одамлар ахлоқсиз жамиятнинг зарарли таъсиридан ўзларини олиб қочишарди. Монастирлар маънавий покликка интилаётган одамлар учун самовий макон эди.

Монастирларга кетишни аҳд қилганларнинг кўпчилиги у ерда ибодат қилиб, Худога хизмат қилиш билан ҳаёт кечирмоқчи эдилар. Бошқалар учун эса монастир якка яшашга қулай имконият эди. Замонавий рохиблик классик рохибликдан ўзининг илоҳий тадқиқотларга берилувчан эмаслиги билан фарқ қиларди.

Мен янги масиҳийлик ҳақида сўз юритганимда, баъзи бир Инжилга ишонувчиларни бу дунёдан «кетиш» ғояларини назарда тутганман. Бундай одамларнинг нафақат тутган йўли ҳақида, балки уларнинг ҳаёт тарзи ҳақида ҳам айтяпман. Дунёдан бу тарзда воз кечиш оддий ҳаётий югур-югурлардан воз кечиш эмас, балки ундан ҳам юксакроғи назарда тутилган. Бу имонлилар ҳар қандай масиҳий учун Масиҳ гувоҳлигини намоён этиб турган дунё билан ҳеч қандай алоқа қилишни истамайдилар. Бундай масиҳийлар ўзларининг эътиқодига гувоҳ сифатида биродарларининг тор доираси билан кифояланадилар. Улар «Инжилга ишонувчилар» тоифасига киритилмаган одамлар билан атайлаб алоқа боғлашдан воз кечадилар.

Айнан шу туфайли менинг масиҳийлик ҳаётимнинг иккинчи йилини эслашимга тўғри келди. Ўша пайтда мен коллежнинг иккинчи босқич талабаси эдим. Кунларнинг бирида ғарбий фалсафа дарсида бирдан ҳаяжонланиб кетганимни ҳис қилдим. Профессор муқаддас Августин қаламига мансуб эссе тўғрисида лекция ўқирди. Лектор шундай усталик билан Раббийнинг характерини тушуниш учун мутлақ янгича ёндашиш йўли орқали менда катта қизиқиш уйғотди. Мен барча ёш масиҳийлар каби ўз имонимни мустаҳкамлашга интилардим. Августин ва унга ўхшаш ижодкорларнинг асарларидан ўзим учун зарур бўлган ёрдамни олиш имконияти туғилганини мен англаб етдим.

Мен Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ўрнига ўз мутахассислигимни ўзгартириб, диққатимни фалсафага қаратишга қарор қилдим. Шундан кейин инжилшунос биродарларим ҳар томондан мени таъқиб қила бошлашди. Менинг «муртадлигимдан» дўстларим даҳшатга тушишди. Яхши ниятлар билан улар доимо Муқаддас Китобдан бир парчани менга сабоқ бўлсин деб келтиришарди: «Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким фалсафа ва қуруқ сафсаталар билан сизларни аврамасин…» (Кол. 2:8).

Дўстларимнинг бундай ҳатти-ҳаракатларидан мен хафа бўлдим. Мен Худо ҳақидаги ўз тушунчаларимни торайтириш учун эмас, балки кенгайтириш ниятида фалсафага мурожаат қилган эдим. Тўғри, менинг ҳозирги мутахассислигим Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш бўлмаса ҳам, бироқ мен ушбу Китобнинг ҳақиқат эканлигига шубҳам йўқ эди. Қолаверса, мен фалсафа билан шуғулланиб Муқаддас Китобни мутолаа қилишни ташлаб қўйганим йўқ. Мени бир нарса ажаблантирарди: қандай қилиб ҳеч нима билмаган нарсага «қизиқиб» кетиш мумкин экан? Номасиҳий фалсафа билан шуғулланиш мени янада Муқаддас Ёзувларга эътиқод ва катта ҳурмат билан қарашга мажбур қилди. Шу билан бирга, фалсафа масиҳийлар учун жуда зарур бўлган апологетика — маддоҳлик масалаларини тушунишимга ёрдам берди. Биз атрофдаги оламни мажусийларга эҳсон қилиб қолдиришимиз мумкинлиги олдин ҳеч қачон менинг хаёлимга ҳам келмаган экан.

Тор доирада биродарлар билан яккаланиб олиш нафақат маданиятни шакллантирувчи онг ва ғоялар соҳасидаги нодонликка, балки илоҳиёт соҳасида ҳеч нарсани билмасликка олиб келар экан. Яккаланиш имон, эътиқод кучли эканлигидан далолат бермасдан, қайтанга уларнинг йўқлигини акс эттириб берарди.

Бундай яккаланиб олишнинг охири ҳалокат билан тугайди. Дунёдан узоқлашиб кетар эканмиз, биз мағлубият кетидан мағлубиятга учрайверамиз. Америка маданиятининг дунё бўйлаб оммавийлашиб кетаётганлигини кўриб, дўппини четга суриб бош қашлаймиз. Яна бу қандай содир бўлди экан, деб ҳайрон ҳам қоламиз.

5-сабаб: Баҳслашув олдидаги қўрқув

Шубҳасиз, илоҳиёт турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Илоҳиётни ўрганиш жараёнида мунозарали саволларнинг пайдо бўлиши оддий ҳол. Биз ҳаммамиз бирдамликка ва тинчликка интиламиз. Муқаддас Китоб ҳар қандай баҳс-мунозараларни, зиддиятларни, тортишувларни ва ўзгаларнинг фикрига қаноат қилмаслигимизни қоралашини ҳам жуда яхши тушунамиз. Биз беозорликда, мўминликда, сабр-қаноатда ва сахийликда изҳор бўладиган Муқаддас Руҳ мевасини намоён қилишимиз керак.

Қолаверса, биз шундай ўйламиз: баҳс-мунозаралардан, зиддиятлардан ўзимизни тийсак ва ўз ҳаётимизда Руҳ мевасини намоён қилсак, демак, биз илоҳиётни ўрганишдан умуман воз кечишимиз керак бўлади. Америкаликлар қуйидаги мисраларни айтишни яхши кўришади: «Ҳеч қачон дин ва сиёсатни муҳокама қилманг». Бу аксиоманинг тасдиқ даражасига кўтарилиш сабаби шундан иборатки, диний ва сиёсий масалаларни муҳокама қилиш ойдинлик киритиш ўрнига, баҳсни янада қизитиб, оловлатиб юборади. Илоҳиёт борасидаги тортишувлардан келиб чиққан турли гина-қудратдан, сеҳр-жодуларга берилишдан, оммавий қувғинлардан ва ҳаттоки халқлар ўртасидаги урушлардан жуда чарчадик.

Аммо барибир илоҳиётни ўрганиш жараёни ҳақиқатдан ҳам турли баҳс-мунозаралар билан бирга ўтади. Бу ҳақда Жон Стотт Christ the Controversialist номли китобида очиқ-ойдин айтиб ўтган. Унинг фикрича, Муқаддас Китобни мутолаа қилаётган ҳар бир ўқувчига шу нарса маълум бўлсинки, Исо Масиҳнинг ҳаёти турли мунозара ва баҳсларга тўла. Ҳаворийлар, уларга қадар бўлган пайғамбарлар сингари бирор кун ҳам қизғин баҳс-мунозараларсиз, муҳокамаларсиз яшашмаган экан. Павлуснинг гапларига қараганда, у ҳар куни бозор майдонида баҳс-мунозаралар уюштирарди. Баҳс-мунозаралардан воз кечиш учун, Исо Масиҳдан воз кечиш керак экан-да. Биз тортишув ва музокараларсиз тинчликни сақлаб қолишимиз мумкин. Лекин бу тана ва қуллик бўйича тинчлик бўлади. Бундай тинч дунёда ҳақиқат таҳқирланади.

Биз манфур мунозаралардан қочишга даъват қилинганмиз. Лекин биз диёнатли баҳслар олиб боришга даъват этилганмиз. Масиҳийча музокараларнинг ижобий аспекти шундан иборатки, масиҳийлар ҳақиқатнинг ноёблигини, бебаҳолигини тушунганларидан илоҳий мавзуларда бир-бирлари билан баҳслашадилар. Айниқса, илоҳий ҳақиқат доимийлик миқёсида бўлганлиги учун ҳам баҳслар қизигандан қизиб кетарди.

Манфур мунозаралар тортишаётган томонларнинг илоҳиётни яхши билганларидан юзага келмасди. Аксинча, уларнинг илоҳиёт соҳасидаги билимлари жуда саёз эди. Чамаси, улар принципиал масалалар ва имонлиларни бир-биридан ажратиб юбормаслиги керак бўлган муҳим фурсат ўртасидаги фарқни англашолмаяпти. Биз қуйидагича принципга асосланамиз: «Заиф, юзаки билимлар жуда хавфли». Айнан билими саёз илоҳиётчи-талабалар жанжалкашлиги ва майдагаплиги билан ажралиб туради. Айнан чаласавод илоҳиётчилар ашаддий жанжалкаш бўлиб етишадилар. Одам қанчалик илоҳиётни чуқур ўрганса, қайси масалаларда жавоб қилишни ёки кўнгилчан бўлишни, қайси масалаларда эса ўз нуқтаи назарини исботлашга уриниш кераклигини шунчалик яхши тушунади.

6-сабаб: Асримизнинг иррационал руҳи

Менинг ўйлашимча, биз ҳозирда олдингига қараганда бениҳоят интеллектга қарши кайфиятлар кучайиб кетган масиҳийлик тарихи даврида яшаяпмиз. Мен академик, технологик ва илм соҳасига нисбатан бўлган душманларча муносабатларни назарда тутганим йўқ. Интеллектга нисбатан душманларча муносабат деганимда, мен онгга қарши йўналтирилган муносабатларни кўзда тутаман.

Биз ҳар қандай оқилона ва асосли нарсаларга қарши чиқиш даврида яшаяпмиз. Экзистенциал фалсафанинг таъсири ҳамма жойда намоён бўляпти. Биз ҳис-туйғуларга бериладиган кишиларнинг миллатига айланиб қолганмиз. Бу ҳатто тилда ҳам акс этган. Менинг талабаларим кўпинча ёзма имтиҳон ишларида қуйидагича ёзадилар: «Мен бунинг нотўғрилигини ҳис қиляпман…» ёки «Менинг ҳис қилишимча, бу шундай эмас…». Мен ҳис қилишимча сўзларини ўчириб ташлайман. Унинг ўрнига ўйлашимча феълини ёзиб қўяман. Ҳистуйғулар ва ўй-фикрлар ўртасида жуда катта фарқ мавжуд.

Масиҳийларнинг эътиқодида онг, юрак сингари, биринчи ўринда туради. Бундай баёнот яққол парадокс бўлиб кўринади. Қандай қилиб икки ҳар хил тушунчалар биринчи ўринни бўлишиб олиши мумкин? Шубҳасиз, биринчи ўринда иккисидан фақат биттаси туриши мумкин. Икки ҳар хил тушунчаларнинг биринчилиги ҳақида гапирганимда, мен тамомила ҳар хил икки соҳадаги биринчиликни назарда тутяпман.

Қалб зарурат юзасидан биринчиликда туради. Агар мен ақлим билан тўғри таълимни қабул қилсаму юрагимда Масиҳга нисбатан севги бўлмаса, мен Худонинг Шоҳлигига кира олмайман. Худо олдидаги пок юрак тўғри илоҳиётга қараганда ниҳоятда муҳимроқдир.

Лекин менинг юрагим пок бўлиши учун тартиб юзасидан онг биринчи ўринда бўлиши керак. Менинг юрагимда калламга келадиган ҳеч нарса йўқ. Мен қандай қилиб Худони ёки Исони яхши кўраман, агар У тўғрида ҳеч нарсани билмасам? Ҳақиқатдан ҳам, мен Худонинг характерини қанчалик яхши билсам, Уни шунчалик кўп яхши кўра оламан.

Худо Ўзини китоб орқали очиб беради. Китоб сўзлардан иборат. Китобда тушунишнинг имконияти бор маънолар мужассам. Албатта, ақл бовар қилмайдиган сиру асрорлар ҳам мавжуд. Лекин Худо ҳақиқатининг мақсади шундан иборатки, онгимиз билан тушунганимиз юрагимизни забт этишга қодир. Илоҳиётга манфур муносабатда бўлиш — Худонинг Каломига нафратли, жирканч муносабатда бўлиш демакдир.

7-сабаб: Дунёнинг васвасалари

Жон Беньяннинг «Пилигримнинг самовий юртга саёҳати» асаридаги масиҳий жаноб Дунё Донишмандининг маслаҳатига қулоқ тутиб, илк бор ҳақ йўлдан ёмон йўлга кирди. Жаноб Дунё Донишманд Сохта Илоҳиётчи деб номланган бўлса-да, аммо унинг «доно» маслаҳати айнан сохта илоҳиётга асосланган эди.

Дунё ташвишлари бизни васвасага солишини биз тушунамиз. Васваса бизни ҳис-туйғулар уммонига, кайфсафога дучор этиб, бизлардан манфаатпараст, мазахўр ва шунга ўхшашларни яратади. Дунёнинг энг катта васвасаларидан бири бу — ҳозирда Америка жамиятида оммалашган ҳақиқатга бўлган қарашларнинг бўлинишидир.

Аллан Блум ўзининг The Closing of the Amerikan Mind номли китобида таъкидлашича, ҳозирги илм соҳасида релятивизм назарияси қабул қилинмоқда. Америкаликлар онг ёрдамида англаш мумкин бўлган объектив ҳақиқатни излашни тўхтатиб қўйишди. Релятивизм мутлақо беқиёсдир. Ҳақиқат — бу нисбий тушунча деб таъкидлаш беҳуда. Бундай фикр ҳақиқат бўла олмайди. Нисбий ҳақиқат тушунчасининг ўзи нисбий ва ҳақиқий қимматга эга эмас.

Аристократ табақаларида кенг тарқалган интеллектуалга қарши кайфиятлар масиҳийлар доирасига ҳам кириб борди. Ва айтиш мумкинки, у имонлиларни ҳам қамраб олди. Инжил масиҳийлари катта хурсандчилик билан зид, қарама-қарши фикрларни, мантиқсиз ва бир-бирини рад этадиган илоҳиёт назарияларини бажонидил қабул қиляптилар.

Шуни таъкидлаш керакки, Инжил масиҳийлари буни ва бунга ўхшаш ҳолатни релятивизм ёки субъективизм деб аташмайди. Бу фалсафани диний терминлар билан юзаки беркитиб илоҳийлаштириб юборишди. Кўплаб гносеологик иллатларни «Руҳнинг йўлбошчилиги» билан тушунтиришади. Муқаддас Ёзувлар қатъиян тақиқланган нарсаларни одамлар «Руҳнинг етакчилигида» бажаришади. Муқаддас Китоб тақиқлаган нарсаларни улар бекор қилишади, чунки уларнинг тасаввурига асосланган ҳақиқат — нисбий тушунча. Иррационал зиддиятларни қабул қилиш Худонинг «олий мантиқ илми» изоҳи билан оқланади.

Агар биз Муқаддас Китобни онг ва мантиқ қонунларига асосланиб тушунишга ҳаракат қилсак, шу зоҳотиёқ бизни Аристотель фалсафасининг издошчилари деб айтишади. Бунга сабаб рационализм фалсафасининг кўпинча масиҳийликка душманларча муносабатда бўлишидир. Узоқдан бўлса ҳам рационализмни эслатадиган ҳамма нарсадан биз қочишимиз керак. Масиҳийликнинг асосида ҳақиқат бор, бу ҳақиқатни онг ўз кучи билан очиб бериш имкони йўқ. Бизнинг ўйлашимизча, идрокнинг ўзи шубҳа ва гумон мавзуси бўлиши мумкин.

Масиҳийлик — рацонализм эмас. Аммо у мақсадга мувофиқ таълимот. У ақл бовар қилмайдиган ҳақиқатга эга. Лекин у рационализмдан кичик эмас, аксинча, катта. Худонинг Каломини очиқ-ойдин тушунишга интилиш — бу айб эмас, балки фазилат. Худонинг Каломи иррационал эмас. Одамлар уни ўз ақл-идроклари ёрдамида англашлари учун мўлжалланган.

8-сабаб: Муқаддас Китобни ўрганиш
ўрнига ибодат

Муқаддас Китобни ибодат билан ўқиш масиҳийнинг маънавий ўсишига тўсқинлик қилиши мумкинми? Агар бу ҳолат Муқаддас Китобни жиддий ўрганиш ўрнига бўлса, мен қатъий равишда «ҳа» деб жавоб бераман.

Бироқ шуни таъкидлаш керакки, Муқаддас Китобни ибодат билан ўқиш ва уни жиддий тадқиқ қилиш ўртасида унчалик катта фарқ йўқ. Муқаддас Китобни жиддий ўрганиш тадқиқотчидан ўзини тўлиқ Худога бағишлашни талаб этади. Клайв Льюис шундай деган эди:

 

Қуйидаги китоб эксперимент тариқасида ёзилган. Унинг таржимаси нафақат илоҳиётни ўрганувчилар учун, балки китобхонларнинг кенг оммасига мўлжалланган. Агар бу китоб ўқувчиларда қизиқиш уйғотиб муваффақият қозонса, яна бошқа машҳур масиҳий китобларнинг таржимаси сизнинг эътиборингизга ҳавола қилинади. Қайсидир нуқтаи назардан бу китоб ушбу соҳада биринчилардан эмас. Theologia Germanica, Imitation, Scale of Perfection ва Юлиани Норвичскаянинг Ваҳий таржималари нашрдан чиққан. Гарчи таржималарнинг ҳаммаси ҳам илмий асар бўлмаса-да, уларга юқори баҳо берилди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу китоблар илоҳиётни ўрганиш учун эмас, балки ибодат билан ўқиш учун мўлжалланган. Жамоатларга келадиган оддий одамлар ҳозирги кунда нафақат билимга, балки панд-насиҳатларга жуда муҳтожлар. Айниқса, ҳозирда билимга талаб кучли. Ундан ташқари, бу икки хил китобларнинг ўртасидаги фарқ унчалик катта эмас. Менимча, ибодат китобларига қараганда илоҳий китоблар эътиқодни мустаҳкамлашда кўпроқ ёрдам беради. Ўйлашимча, кўпчилик менинг фикрларимни қўллаб-қувватлайди. Кимки мук тушиб тинмасдан ибодат қилганда, ёки ибодат ила китоб ўқиганда, «ҳеч нарса содир бўлмаяпти» деб ўйласа, умид қиламанки, қўлларида қалам билан ёки тишларида трубка билан илоҳиётни тушуниш қийин бўлган сатрларини англашга уринаётган бўлса, бирдан юраги жўш уриб қўшиқ айтаётганини сезади.

 

Ҳар куни ибодат билан ўқиб туриш учун кўплаб қўлланмалар мавжуд. Муқаддас Китобни кунига ўн беш ёки ўттиз дақиқа ўқийдиганлар камчиликни ташкил қилади. Лекин Муқаддас Китобни умуман мутолаа қилмагандан кўра, кунига ўн беш дақиқадан ўқиган маъқул.

Муаммо шундан иборатки, Муқаддас Ёувларни кунига ўқишга ўн беш дақиқа ажратиб, биз Худонинг туб моҳиятини ўлчай олиш қобилиятига эгамиз, деб ўйлаймиз. Бунчалик кам вақт ажратиб, оз предметларни ўрганиш мумкин. Худонинг Каломини чуқур ўрганиш учун жиддий ва шиддат билан ҳаракат қилиш керак. Ибодат билан ўқиш эса — Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга жуда катта қўшимча ёрдам бўлади. Бироқ биринчисини иккинчиси билан алмаштириш керак эмас. Ушбу китобда ҳар бир бобнинг охирида мутолаа қилиш учун Муқаддас Китобдан парчалар келтирилган. Бобларда парчаларга берилган шарҳлар эса жиддий тадқиқот бошлашга омил бўла олади.

9-сабаб: Дангасалик

Карл Бартнининг фикрича, тубанликка тушган одамзоднинг энг кўп тарқалган ва асосий гуноҳлари деб манманликни, ёлғонни ва ялқовликни кўрсатиш лозим. Жойлашиш тартиби бўйича Барт ҳақ эди, деб мен айтолмайман. Лекин санаб ўтилган гуноҳлар ҳақиқатдан ҳам жуда жиддий ва Муқаддас Китобда улар ҳақида кўп гапирилган.

Агар биз ўз гуноҳкор табиатимизга кўра ҳақиқатдан ҳам дангасаликка мойиллик сезсак, биз ҳушёр тортишимиз ва бу иллат билан кураш олиб боришимиз лозим. Юқоридан туғилиш тез ва тамомила бизни ялқовликдан қутқаради, деб асло ишонмаслик керак. Биз бирданига ёки дарҳол бекорчиликдан худди манманлик ва ёлғончилик каби қутула олмаймиз.

Масиҳий кўп ва ғайрат билан ишлаши лозим. Бизнинг покланишимиз — бу нафақат Худонинг ҳузур-ҳаловатига эришишимиз, балки кўп ҳаракат қилишимизни талаб этадиган жараён. Худо бизнинг ишларимизга ёрдамлашишга ваъда берган, лекин Унинг ёрдами бизни саботли меҳнат қилиш мажбуриятидан озод қилмайди. «…яна кўпроқ қўрқув ва титроқ билан топган нажотингизни бут қилишга тиришинглар. Зотан Худонинг Ўзи сизларнинг вужудингизда амал қилади, У Ўз мурод-мақсадини адо этишингиз учун сизларда хоҳишни ҳам, ҳаракатни ҳам туғдиради» (Флп. 2:12-13).

Ўз хизматимиз билан биз мукофотга сазовор бўлолмаймиз ёки бизни маъзур кўришмайди. Аксинча, бизнинг меҳнатимиз оқланишимиз кетидан юради. Бу оқланишни биз текинга, эътиқодимиз учун оламиз. Дангаса масиҳийлар ҳеч қачон маънавий етукликка эриша олмайдилар, чунки Худонинг Каломини ўрганишга ўзларини бағишлашни истамайдилар.

Илоҳий хатолар — бу гуноҳдир, деб мен кўпинча ўз талабаларимни ҳайрон қолдираман. Улар хато учун ҳукм қилинмайди, деб ўзларини оқлашга ҳаракат қилишади. Муқаддас Руҳ Ўз ваъдасини бажармагани учун биз Муқаддас Китобни нотўғри талқин қилмаймиз. Балки биз ўз вазифаларимизни бажармаганимиз учун нотўғри талқин қиламиз, деб жавоб берардим мен уларга. Биз Худони бутун вужудимиз билан севмаймиз. Раббий ишларини жон куйдириб тадқиқ қилиш мажбуриятларимизни назарга илмаймиз.

10-сабаб: Итоатсизлик

Маънавий камолотга етишишга ҳалақит бераётган сабаблардан бири итоатсизлик эканлигини алоҳида кўрсатиш жуда ҳам тўғри бўлмаса керак. Чунки барча сабабларда итоатсизликнинг мавжудлиги назарда тутилади. Итоатсизлик юқорида таъкидлаб ўтилган ҳамма сабабларга хулоса тариқасида рўйхатга киритилган.

Биз сиз билан масиҳийлар нима учун илоҳиётни ўрганишдан бош тортишаётганларининг қатор сабабларини кўриб чиқдик. Шу билан бир қаторда Худонинг Каломини ўрганишга одамларни ундаётган ижобий жиҳатлар ҳам мавжуд. Илоҳий ҳақиқатни янада чуқурроқ билишда бизнинг йўлимизга ғов бўлаётган тўсиқларни енгиб ўтишга интилишимиз жуда муҳим.

Илоҳиёт қалбни озиқлантиради

Инсон тирик Худони англашда қалби иштиёққа тўлиши учун, биринчи навбатда унинг идроки, Худо қандай экан, Унинг хоҳиш-истаги нималардан иборат экан, деб билишга интилади. Одамнинг юрагида ҳозир идрокига келадиган ҳеч нарса йўқ. Инсон қалби ҳис этмаган ўткир илоҳиёт билимдони бўлиши мумкин. Бироқ илоҳиёт қалбни забт этган бўлса-чи, демак, идрок илоҳиётни ўзлаштириб олган.

Масиҳийлик таълимини онг билан идрок этиш — маънавий ўсишнинг мажбурий шартидир. Аммо эътиқодда ўсиш учун бунинг ўзи камлик қилади. Асосий шарт — бу самарали натижага эришиш шарти. Масалан, кислород — ёниш жараёни учун зарур шарт. Лекин фақат кислороднинг мавжудлиги оловнинг келиб чиқишига сабаб бўлолмайди. Шунисига ҳам шукур, агар кислород автоматик равишда ёниб кетадиган бўлса, бу ёруғ оламнинг кули алангадан аллақачон кўкка совурилган бўларди. Шунинг учун ҳам кислород олов учун зарур бўлган шартлардан бири, лекин унинг мавжудлиги — бу оловнинг ёниши дегани эмас. Шундай қилиб, кислороднинг мавжудлиги шарт, лекин ёниш учун унинг ўзи камлик қилгани сингари, бизнинг юракларимиз алангаланиши учун масиҳийлик ақидаларини билиш шарти етарли эмас. Муқаддас Руҳнинг роҳатбахш таъсирисиз билимнинг ўзи, гарчи у тўғри ва ақлли билим бўлса-да, бизни мурдадек қотириб қўяверади.

Таълим соҳасида Худо бизни ғайратли бўлишимизни амр этади

Илоҳиётни ўрганишга ундовчи иккинчи ижобий жиҳат шундан иборатки, Худонинг Ўзи тадқиқ объекти бўлишига қарамай, бизни масиҳийча таълимотда ўсишимизга даъват этади. Келинглар, ҳақиқатга интилиш учун Павлуснинг сўзларига қулоқ тутайлик ва «…болаликни қолдирайлик» (қаранг: 1 Кор. 13:11). Биз ёмонликка нисбатан чақалоқ бўлишимиз, ўз эътиқодимизни тубига етишда эса баркамол бўлишимиз керак (қаранг: 1 Кор. 14:20). Биз олган билимимиз билан мақтанишни эмас, балки ҳузур-ҳаловатда юксалишни истаймиз. Масиҳийлик таълимотидаги пухта олинган билим — Масиҳда балоғатга етиш негизидир.

Худони англаб ўсиш — улкан бахт ва шарафдир. Бундан биз фақат хурсанд бўлишимиз керак. Бу нафақат шараф, балки бурч ҳамдир. Худо бизни Масиҳ билан тўлиб-тошишимизни амр қилади. Эски Аҳдда Исроилга берилган Худонинг амрини ўқинг:

 

Эй, Исроил, қулоқ сол, Эгамиз Худойимиздир, Эгамиз ягонадир. Худойингиз — Эгамизни бутун қалбингиз билан, бутун жонингиз билан, кучингиз борича севинглар. Бугун мен сизларга берган амрларни юрагингизда сақланг. Буларни болаларингизга ҳам ўргатинглар, уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар. Буларни қўлингизга белги қилиб боғлаб, пешонангизга нишон қилиб олинглар. Эшигингиз тепасига, дарвозаларингизга ёзиб қўйинглар.

Амрлар 6:4-9

 

Бу муқаддас амрнинг мақсади — Худонинг берган буйруқларини ва Унинг ҳақиқатини ўрганиш бизнинг бурчимиздир. Буни шошма-шошарлик билан ёки тасодифан бажариб бўлмайди. Худонинг Каломини англаш учун илоҳиётни чуқур ўрганиш лозим.

Шуни эслатиб қўйишим лозимки, илоҳиётни жуда яхши билиш мумкин, фақат биз билимларга асосланиб яшамаслигимиз эмас. Бошқа томондан, тўғри таълимотга эга бўлмай туриб тақводорона ҳаёт кечиришнинг иложи йўқ. Шу маънода илоҳиётни абстракт фандай муҳокама қилиш нотўғри. Бу ҳаёт-мамот масаласи, абадий ҳаёт ва мамот. Ушбу китоб илоҳиёт доирасидаги ҳаёт-мамот масаласида йўл кўрсатувчи қўлланмадир.


Одатдаги ҳолдан оғиш — тарж. изоҳ

J. V. Langmead Casserley, Apologetics & Evangelism (Lousville: Westminster, 1970).

Яъни маданий ёдгорликларни ва бойликларни ваҳшийларча хароб этиш — изоҳ тарж.

Тўғри деб ҳисобланган икки ҳол ўртасидаги зиддият — изоҳ тарж.

Бирор шахс, маслак, таълимот ва ижтимоий тузумларни мақташ — изоҳ тарж.

Фанда исботсиз қабул қилинадиган ҳақиқат — изоҳ тарж.

Стотт, Джон. Великий спорщик. СПб: Мирт, 2000.

Илм-фанга бўлган ишончни йўқотиш, ҳаётнинг маънисиз эканлигигини исботлаш, халқ онгини захарлашнинг қабиҳ усулларидан бири — изоҳ тарж.

Яъни умум томонидан қабул қилинган фикрдан кескин фарқ қиладиган ёки тўғри, соғлом фикрга қарама-қарши бўлган ўзига хос бир фикр — изоҳ тарж.

Буньян, Джон. Путешествие пилигрима в Небесную страну. СПб: Свет на Востоке, 1991. С. 38–43.

Allan Bloom, The Closing of the American Mind (New York: Simon & Schuster, 1987).

Объектив дунёни билиш мумкин эканлигини инкор этадиган ва барча билимларни нисбий, шартли, субъектив билимлар деб ҳисоблайдиган сохта, идеалистик таълимот — изоҳ тарж.

Дунёнинг инсон онгига боғли бўлмаган ҳолда, объектив реаллигини инкор этувчи идеалистик оқим — изоҳ тарж.

Илмий билиш манбалари, имкониятлари ва воситалари ҳақидаги таълимот — изоҳ тарж.

Тафаккурни ҳиссий идрокдан ажратиб қўядиган ва ақлни билимнинг бирданбир манбаи деб ҳисоблайдиган фалсафий оқим — изоҳ тарж.

C. S. Lewis, «On the Reading of Old Books», in God in the Dock: Essays on Theology and Ethics (Grand Rapids: Eerdmans, 1970), 204-205.


Книга на Узбекском языке: - Основы христианского вероучения  (Роберт Спраул)

Данная книга — не учебник по формальному богословию. Она предназначена для обычного верующего и представляет собой введение в основные доктрины христианской веры. Чтобы постичь учение Библии, нам прежде нужно познакомиться с понятиями, при помощи которых это учение излагается. Поэтому данная книга должна помочь читателю уяснить главные понятия, которые и составляют библейское послание, адресованное человеку.

Каждое понятие представлено кратко, в конспективной форме. В конце глав вашему вниманию предлагаются ссылки на Библию, которые дополнят и оживят схематичное изложение доктрин. Все доктрины изложены просто, но основательно. Просто, но не упрощенно. На нескольких страницах я попытался представить суть каждой богословской доктрины, подробное исследование которой заняло бы не один том.

Прочитав данную книгу, вы не станете специалистами в области богословия. Но будете иметь представление о главных понятиях, являющихся основой богословия. Надеюсь, что после ознакомления с этой книгой читатели захотят изучать богословие более детально и глубоко, а это занятие на всю жизнь.

Хочу выразить благодарность Уэнделлу Холи из Издательского дома Tyndale за предложенную идею написания этой книги, Донне Мак за подготовку рукописи к печати и Дейвиду Фриланду за помощь с графической частью издания. Благодарю также своего сына, Р. Ч., за редакторскую правку.



AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак