Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул) 8 bob

Роберт Спраул. Худонинг Муқаддаслиги - (8 Боб) Китоб Ўзбек тилида

Xudoning Muqaddasligi  (Robert Spraul) O‘zbek tilida AudiokitobXudoning Muqaddasligi  (Robert Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob

 

Мундарижа

1-БОБ. Муқаддас граал

2-БОБ. Муқаддас, Муқаддас, Муқаддас

3-БОБ. Титроққа солувчи сир

4-БОБ. Муқаддаслик етказган жароҳат

5-БОБ. Лютернинг телбалиги

6-БОБ. Муқаддас адолат

7-БОБ. Муқаддас худо билан уруш ва тинчлик

8-БОБ. Муқаддас бўлинг

9-БОБ. Худо ғазабга тўлган гуноҳкорлар қўлида


8-БОБ Муқаддас бўлинг

 

Апполон нима қилаётганингни кўздан кечиргин,

Чунки мен турибман шоҳлик йўлида,

Муқаддас йўлда.

Шу сабабдан ўзингга эҳтиёт бўлгил.

ЖОН БЕНЬЯН

 

Илк масиҳийлар муқаддас, деб аталган эдилар. У замонлардан бери «муқаддаслик» сўзининг маъно си жиддий ўзгаришларга дучор бўлди. Ҳозир «муқаддас» сўзи киши тасаввурида ўта солиҳ кишининг, ғайритабиий художўйлик ва руҳий кучга эга бўлган кишининг тасвирини гавдалантиради. Рим католик жамоатида бу сўз руҳ қаҳрамонларининг махсус рўйхатига киритилган кишилар учун унвон вазифасини ўтади.

Муқаддас Китобда «муқаддас» сўзи оддий имонли кишиларга нисбатан ишлатилади. Янги Аҳдда барча Худо фарзандлари муқаддас, деб аталади. Мавжуд бўлган барча гуноҳлар билан курашаётган кишиларнинг бундай ном билан аталиши ғалати туюлади. Павлуснинг мактубларини ўқиётган вақтимизда, унинг инсонларга нисбатан муқаддас, деб мурожаат қилиши, кейинчалик эса айнан шу инсонларга, уларнинг ақлсиз ва гуноҳкор ҳаракатлари учун танбеҳ бериши бизни таажжубга солади.

Муқаддас Ёзувлар бу кишиларни пок бўлганликлари учун эмас, балки улар ажратиб олингани ва пок бўлишга даъват қилингани учун муқаддас деб атайди. Инсонга нисбатан қўлланилган «муқаддас» сўзи худди Худога нисбатан қўлланган вақтдаги каби икки маънога эга. «Муқаддас» сўзи Худога нисбатан ишлатилганда, биринчи навбатда, киши эътиборини Худонинг биздан ажралганлигига қаратишини, иккинчи навбатда эса Унинг баркамол поклигини кўрсатишини ёдимиздан чиқармаслигимиз зарур. Бироқ, биз Худо эмасмиз. Биз трансцендент эмас. Шубҳасиз, биз пок ҳам эмасмиз. Шундай экан, нима сабабдан Муқаддас Китоб бизни «муқаддас» деб атайди?

Бу саволга жавоб бериш учун биз яна Эски Аҳдга мурожаат қилишимиз зарур. Худо Исроилни Миср қуллигидан олиб чиққанда ва уни махсус халқ қилганда, У бу халқни бошқалардан ажратди. У Исроил халқини Ўзининг танлаб олинган халқи деб атади ва уларга махсус топшириқ берди. У Исроил халқига: «Муқаддас бўлинглар, зеро Мен муқаддасман», — деди.

Исроилга қарат айтилган бу махсус даъват ҳақиқатда янги эмас эди. У биринчи бор Мусонинг кунларида ва ҳаттоки кўпчилик отаси Иброҳимнинг вақтида янграмади. Биринчи бор Одам Ато ва Момо Ҳаволар муқаддас бўлишга даъват қилинди. Муқаддаслик — бу инсоният авлоди учун азалда белгилаб берилган вазифа эди. Биз Худо қиёфасига ўхшаш қилиб яратилганмиз. Худо қиёфасига ўхшаш қилиб яратилиш, қолган нарсалардан ташқари, бизда Худонинг табиати акс этиши кераклигини ҳам англатар эди. Биз дунёга Худо муқаддаслиги нурини таратиш учун яратилганмиз. Бу инсоннинг бош мақсади, мавжудлигининг моҳияти эди.

Пресвитериан жамоати ёш болаларга таълим бериш учун Вестминстер катехизисидан фойдаланган эди. Катехизисдаги биринчи савол қуйидагичадир: «Инсон ҳаётининг мақсади ва унинг тайинланиши нимадан иборат?» Яъни — ҳар бир инсоний мавжудотнинг бош вазифаси нимадан иборат? Саволга жавоб шундай: «Инсон ҳаётининг мақсади Худони улуғлаш ва абадий Унинг учун қувонишдан иборат».

Мен ёшлигимда бу саволни тушуна олмай жуда қийналар эдим. Мен жавобнинг икки қисмини бир-бири билан бирлаштира олмас эдим. Хурсандчилик, қувонч қандай қилиб Худони улуғлаш билан мос келишига тушуна олмасдим. Менинг фикримча, гўёки Худони улуғлаш билан Унинг муқаддас қонунига итоат қилиш ўртасида қандайдир алоқа бор эди. Бу эса улкан қувонч ҳақидаги фикр билан уйғунлашмас эди. Мен ўзимнинг шахсий ҳузур-ҳаловатим билан Худо қонунига нисбатан бўлган итоатим ўртасидаги келишмовчиликни сезиб улгурган эдим. Мен талаб қилинаётган жавобни тушунмасам ҳам, унинг том маъносини англаб етмасам ҳам астойдиллик билан уни такрорлар эдим. Мен учун Худо хурсандчиликка олиб борувчи йўлда турган тўсиқ эди. Уни улуғлаш ҳаётимнинг бош мақсади бўлиши учун яшаш? Бу фикр менинг онгимга жойлаша олмас эди. Менинг фикримча, Одам Ато ва Момо Ҳавода ҳам шундай тушунмовчилик пайдо бўлган бўлса керак.

Менинг ёшлигимдаги энг катта муаммо бахт ва ҳузур-ҳаловат ўртасидаги фарқни тўлиқ тушуна олмаслигимдан иборат эди. Мен сизга мамнунлик билан балоғат ёшига етганимдан сўнг барча ўйинчоқларни бир чеккага йиғиштириб қўйдим, деб айтишим мумкин эди. Бахтга қарши бундай эмас. Мен кап-катта киши бўлишимга қарамасдан ҳали ҳам ўйинчоқ ўйнашни яхши кўраман. Мен ҳали ҳам, аввалгидек, бахт билан ҳузур-ҳаловат ўртасидаги фарқни тушунмайман. Аниқроғи, мен булар ҳар хил нарса эканлигини онгим билан ҳис қиламан, бироқ бу тушунча ҳали менинг танам ва қонимга сингиб улгургани йўқ.

Мен ўз ҳаётимда жуда ҳам кўп гуноҳ қилганман. Бу гуноҳлардан ҳеч бири мени бир дақиқа бўлса-да бахтли қила олмади. Уларнинг ҳеч бири бир грамм бўлса-да бахт ато қила олмади. Бошқа томондан олиб қарайдиган бўлсак, гуноҳ менинг ҳаётимга бир дунё бахтсизлик олиб келди. Телевидение ёки газета орқали интервью бераётган баъзи бир машҳур кишиларнинг сўзлари мени ҳайратга солади. Улар: «Агарда менга ҳаётимни бошқатдан бошлаш имкони берилса, мен ўз ҳаётимга ҳеч қандай ўзгариш киритмаган бўлар эдим», деб айтишади. Бу каби аҳмоқлик мени лол қолдиради. Менинг ҳаётимда ўзгартириш керак бўлган кўпгина жойлар бор. Агар менга уларни ўзгартириш имкони берилса, мен ўзимни бахтли деб ҳисоблаган бўлар эдим. Менга шундай имконият берилса ҳам барибир қилган хатоларимни такрорлашим мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмас, бироқ шунга қарамасдан, мен бундай имкониятга эга бўлишни истар эдим.

Гуноҳларим менга бахт келтирмади. Бироқ, улар менга ҳузур-ҳаловат бахш этди. Мен ҳузур-ҳаловат олишни яхши кўраман. Ҳузур-ҳаловат ҳали ҳам мени ўзига жалб қилади. Ҳузур-ҳаловат улкан шодлик ато этиши мумкин. Ҳузур-ҳаловатларнинг ҳаммаси ҳам гуноҳ эмас. Солиҳликда ҳам кўп ҳузур-ҳаловат топиш мумкин. Бироқ бунинг фарқи бор. Гуноҳ ёқимли бўлиши мумкин, аммо у ҳеч қачон бахт келтирмайди.

Шундай қилиб, агар мен бунинг ҳаммасини тушуниб етаётган бўлсам, у ҳолда нима учун гуноҳ мени васвасага солади? Бахт ва ҳузур-ҳаловат ўртасидаги фарқни биладиган кишининг бахтни ҳузур-ҳаловатга аламаштиришда давом этиши аҳмоқликка ўхшаб кўринади. Била туриб ўзини бахтдан маҳрум қиладиган ишни қилиш ўтакетган бемаъниликка ўхшайди. Шунга қарамасдан биз шундай иш тутамиз. Гуноҳ сири нафақат унинг ёвуз ва хароб қилувчи эканлигидан, балки унинг очиқдан-очиқ беъманилигидан ҳам иборатдир.

Мен кўп йиллар давомида сигарет чекдим. Мен аниқ ҳисоблаганим йўқ, аммо мана шу йиллар давомида юзлаб кишилар менинг эътиборимни чекишнинг зарарига қаратган бўлса керак. Улар ҳар бир чекувчи биладиган ҳақиқатни менга кўрсатишар эди. Масиҳий бўлишимдан анча олдин мен чекишнинг зарари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эдим. Мен хирург, тиббиёт хизмати генералининг ташаббуси билан сигарет қутиларида огоҳлантирувчи ёзувнинг пайдо бўлганлигини бу воқеадан аввал ҳам билар эдим. Бу ҳақда ўзимнинг биринчи сигаретимни чекишни бошлаган дақиқаданоқ билган эдим. Шунга қарамасдан, мен чекишни давом эттирдим. Ҳақиқий ақлсизлик. Мана шу нарса гуноҳдир.

Сизга онгингиз бу ишни қилиш ёмон ва нотўғри эканлигини айтаётган бўлса ҳам, шу ишни барибир қилишга тўғри келганми? Агар сиз бу саволга «йўқ» деб жавоб берсангиз, у ҳолда сиз ё ёлғон гапираяпсиз ёки дунёнинг қутқарувчиси ролига тўғри келаман, деган хомхаёл билан яшамоқдасиз. Биз ҳаммамиз бу тузоққа тушамиз. Биз қилишимиз керак бўлган ишни эмас, балки ўзимиз қилишни хоҳлаган ишни қиламиз. Бизнинг ҳам Павлусга ўхшаб: «Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлимга гирифтор шу баданимдан мени ким қутқарар экан?» — деб хитоб қилишимизнинг ҳайратланарли жойи йўқ.

Бизнинг муаммомиз шундан иборатки, биз муқаддасликка даъват қилинганмиз, бироқ биз ўзимиз муқаддас эмасмиз. Яна шу савол пайдо бўлади: агар биз муқаддас бўлмасак, нима учун Муқаддас Китоб бизни «муқаддас» деб атайди?

Муқаддас Китоб иккита сабабга кўра бизни «муқаддас», деб атайди. Биринчидан, биз Худо учун муқаддас қилинганимиз учун муқаддасмиз. Биз ажратилганмиз. Биз бошқа ҳаётга «даъват» қилинганмиз. Масиҳий ҳаёт — бу нонконформистларнинг — ўзгача фикрловчи кишиларнинг ҳаётидир. Бу ғоя Римликларга Мактубда ифода қилинган:

«Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман: Худога оқилона хизмат қила олишингиз учун вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар. Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар» (Рим. 12:1,2).

Эски Аҳд даврида Худога қурбонлик қилинадиган қурбонгоҳ атрофида ибодат қилинар эди. Кўпинча бу гуноҳ учун қилинадиган қурбонликлар эди. Қурбонликлар ўз-ўзича гуноҳни ювиш қобилиятига эга эмас эди. Улар кейинчалик хочда келтириладиган битта буюк қурбонликка ишора қилувчи белги вазифасини ўтар эдилар. Бенуқсон Қўзи ўлдирилганидан сўнг қолган барча қурбонликларга чек қўйилди. Энди масиҳий жамоатда ҳайвонлар қурбонлик қилинмайди, чунки бундан буён бунга эҳтиёж йўқдир. Ҳозирги кунда бундай қурбонлик келтириш Масиҳнинг мукаммал қурбонлигини ҳақорат қилишни англатади.

Ҳайвонларни қурбонлик қилиш даври ўтиб кетганлиги учун кўпгина кишилар, Худога бағишланган барча қурбонликлар У учун жирканчлидир, деган хулосага келишади. Бу нотўғри. Ҳаворий Павлус бизни бошқача қурбонлик қилишга — тирик танамизни қурбон қилишга даъват қилади. Биз ўз ҳосилимизни ҳам, ўз ҳайвонларимизни ҳам Худога беришимизнинг кераги йўқ. Биз ўзимизни Худога бахшида қилишимиз керак. Бу янги қурбонлик оқланиш учун ҳам, гуноҳларни ювиш учун ҳам керак эмас. Худога вужудимизни қурбон қилишимиз миннатдорчилик белгиси ҳисобланади. Бу Павлуснинг «шундай қилиб» деган сўзларидан келиб чиқади.

Муқаддас Ёзувлар матнида «шундай қилиб» сўзини кўрганимизда, бу ҳозир хулоса қилиниши ҳақидаги огоҳлантириш вазифасини ўтайди. «Шундай қилиб» сўзи шу пайтгача айтилган сўзларни ҳозир қилинадиган хулоса билан боғлайди. Римликларга Мактубнинг 12-бобидаги «шундай қилиб» сўзи бизни Масиҳнинг биз учун қилинган нажот бахш этувчи қаҳрамонлиги ҳақида сўз борувчи олдинги бобларда ифода қилинган гапларга қайтаради. Бу бизни Унинг қаҳрамонлиги ҳақида билган ҳолда қилишимиз мумкин бўлган ягона хулосага ундайди. Масиҳ бизга Ўз инояти орқали оқланишга эга бўлиш имкониятини ҳадя қилди. Масиҳнинг биз учун қилган иши нурида, ўзимизни нафас олувчи, фикрловчи, тирик қурбонлик сифатида Худога топширишимиз кераклиги ягона тўғри хулоса бўлади.

Тирик қурбонлик нима дегани? Павлус у ҳақда гапира туриб, биринчи навбатда, ўзгача фикрлаш ҳақида эслатиб ўтади. «Бу дунёга уйғунлашманглар». Кўпгина масиҳийлар мана шу ерда қоқилишади. Биз бошқача фикрловчи кишиларга айланишимиз кераклиги кўриниб турибди. Бироқ, бизни қандай фикрлашга чақирашаётганлигини тушуниш жуда ҳам қийин. Нонконформизм — бу юзаки қарашларга олиб келиниши осон бўлган маккор мавзудир.

Масиҳийларнинг нонконформизм муаммосига юзаки қарашлари фожеалидир. Бу муаммога юзаки ёндашиш масиҳийларни бизнинг маданиятимизда ёки бизнинг муҳитимизда қабул қилинган ишларнинг тескарисини қилишга мажбур қилади. Агар калта соч қуйиш урф бўлган бўлса, нонконформист узун соч қўйиб юради. Агар кинога тушиш қабул қилинган бўлса, бундай масиҳий «дунёвий» машғулотдан қочиш мақсадида кинога бормайди. Бундай ёндашишнинг фавқулодда ҳолатлари жуда ҳам дунёвий бўлган нарсалардан масалан, тугма ёки электрдан фойдаланишдан қочадиган секталарда намоён бўлади.

Юзаки нонконформизм — фарзийларнинг классик тузоғидир. Худо Шоҳлигининг тугмалар, кинофильмлар ёки рақсларга боғлиқ бўлган жойи йўқ. Биз еяётган ёки ичаётган нарсалар Худони ташвишга солмайди. У бизларни юксак даражадаги — ташқи кўринишдан четга чиқувчи солиҳлик даражасидаги нонконформизмга даъват қилади. Солиҳлик фақатгина ташқи художўйлик даражаси орқали аниқланадиган жойда ҳаворийлар таълимотининг бутун моҳияти йўқолади. Биз Исонинг оғизга кираётган нарсалар эмас, балки оғиздан чиқаётган нарсалар кишини ҳаром қилади, деган сўзларини айёрлик билан қулоқларимизнинг ёнгинасидан ўтказиб юборамиз. Биз ҳали ҳам, аввалгидек, Худо Шоҳлигини фақат ейиш, ичиш ва шунга ўхшаш нарсалар муҳим бўлган жой билан тенглаштиришга ҳаракат қиламиз.

Нима сабабдан бу каби нотўғри тасаввурлар масиҳий давраларда гуллаб-яшнамоқда? Бу саволга мен бера оладиган ягона жавоб — гуноҳ сабабли. Биздаги юзаки художўйлик белгилари ҳақиқатда худосиз эканлигимиздан далолат бериши мумкин. Майда-чуйда нарсаларга эътиборимизни қаратган ва аҳамиятсиз бўлган нарсага улкан ўлчамлар берган вақтимизда ўзимизни фарзийлар каби тутамиз. Рақсларга ва кинога нисбатан бўлган муносабат эътиқод даражасини аниқлаб берса, биз ҳақиқий маънони қуруқ гапларга алмаштирганликда айбланамиз. Биз анчайин чуқурроқ бўлган аҳлоқий муаммоларни яшириш учун шундай қиламиз. Кино бормаслик ва рақс тушмаслик ҳар қандай кишининг қўлидан келади. Бунинг учун алоҳида куч-қувват ҳам, аҳлоқий жасоратнинг ҳам кераги йўқ. Ўз тилини назорат қилиш, адолатли иш қилиш ва ҳар бир инсон учун лозим бўлгани каби Руҳ учун мева бериш — мана бу ишлар ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Мен ўз ҳаётим давомида очкўзлик ҳақида бирорта ҳам ваъз эшитмадим. Мен ичкилик оқибатида юзага келадиган ёвузлик ҳақида бир талай ваъзларни эшитдим, бироқ, очкўзлик натижасида пайдо бўладиган ёвузлик ҳақида бирор оғиз сўз эшитмадим. Таажжуб. Аниқроқ гапирадиган бўлсам, Муқаддас Китобда ичкиликбозлик — гуноҳ дейилган, бироқ бу гуноҳ ҳеч қачон ўнта асосий гуноҳлар қаторида турмаган. Очкўз бўлмасликка ундаш эса — Ўн амрнинг биридир! Ҳақиқий нонконформист — бу ўзганинг мулкига кўз олайтирмайдиган, ғийбат қилмайдиган, туҳмат қилмайдиган, нафратланмайдиган ва умидсизликка тушмайдиган кишидир. У амалда Руҳга мева бера бошлайди.

«Эй уламою фарзийлар, сиз мунофиқларнинг ҳолига вой! Сизлар ялпиз, арпабодиён ва зира қатори ошкўкдан ушр бериб турасиз-у, лекин Илоҳий Буйруқнинг ниҳоятда муҳим амрлари бўлган ҳаққоният, марҳамат ва садоқатга эса эътибор бермай қўйдингизлар. Буларнинг бирини бажара туриб, иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак эди. Сизлар чивинни пеш қилувчи, аммо туяни ютиб юборадиган басир пешволарсиз!» (Мат. 23:23,24).

Исо зарур бўлган нарсани қилиш ўрнига майда-чуйда ишларга кўпроқ эътибор берганликлари учун уламолар ва фарзийларга таъна қилади. Исо бу муаммога «у ёки бу» кўринишида эмас, балки «у ҳам, бу ҳам» кўринишида эътибор беради. Ушр бериш керак эди, бироқ энг муҳим нарса — адолат, марҳамат ва садоқат ўрнига эмас. Фарзийлар художўйликнинг кўринадиган, ташқи кўринишлари ҳақида қайғурар эдилар, аммо бундан ҳам муҳимроқ бўлган диний муаммоларни инкор қилардилар.

Ҳар қандай киши нонконформизмнинг ўзи учун нонконформист бўла олади. Мен бунинг арзимас художўйлик эканлигини яна бир марта таъкидлаб ўтишни истар эдим. Охир-оқибатда, биз нонконформизмдан ҳам олийроқ бўлган нарсага даъват қилинганмиз: биз ўзгаришга (трансформацияга) даъват қилинганмиз. Биз бу икки сўз — «нонконформизм» ва «трансформация» — «форм» негизига эга эканлигини кўриб турибмиз. Фақат олд қўшимчалар фарқ қилади. «Кон» олд қўшимчаси «билан» «бирга», деган маънони англатади. Конформист бўлиш «қандайдир ташкилотлар ёки формалар билан бирга бўлиш» деган маънони англатади. Бизнинг муҳитимизда конформист — бу «нима биландир бирга» бўлган киши. Нонконформист эса, аксинча, бу «бундан ташқаридаги», «бу билан бирга бўлмаган» кишидир. Агар масиҳийнинг мақсади — бирга бўлмаслик, ташқарига чиқиб қолиш бўладиган бўлса, ҳаммамиз бу мақсадга ошиғи билан муваффақ бўлдик, деб қўрқаман.

«Транс» олд қўшимчаси «устидан» ёки «чегарадан ташқари» деган маънони англатади. Биз ўзгаришга ёки трансформацияга даъват қилинганимизда, бу дунё шакллари, тасаввурлари ва тузилишидан юқори туришимиз кераклигини англатади. Биз дунёнинг ортидан эмас, балки унга қарши боришимиз ва ўзимиз риоя қилишга даъват қилинган олий намуналарга мос ҳолда дунёдан юқори кўтарилишимиз лозим. Бу юзаки «ташқарига чиқиб қолиш»га эмас, балки олий ва трансцендентликка даъватдир. Ўзини тирик қурбонлик сифатида қабул қиладиган ва шу тарзда Худога итоат қиладиган масиҳий — бу аҳлоқ-одобнинг олий қоидаларига риоя қилувчи кишидир. Художўйликнинг юзаки кўриниши уни қаноатлантирмайди. «Муқаддас киши» бор кучи билан Худо Шоҳлигига интилиш учун даъват қилинган. Унинг эътиқоди чуқур бўлиши лозим.

Павлус «фикрни янгилаш» трансформация учун калит восита бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтади. Бу билим олишдир. Жиддий билим. Чуқур билим. Худога тегишли бўлган барча соҳадаги тартибли билим. У Худо Каломига эга бўлишни талаб қилади. Биз онгининг ўзгариши билан ҳаёти ҳам ўзгараётган кишиларга айланишимиз керак.

Ҳақиқий ўзгариш билан бирга Худони, инсонни ва дунёни янгича тушуниш ҳам келади. Бизнинг якуний мақсадимиз — Худога ўхшаш бўлиш. Биз Масиҳнинг илоҳийлигига эга бўла олмасак ҳам, Унга ўхшаш бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим. Биз инсон-худолар эмасмиз. Бироқ, бизнинг инсоний қиёфамизда Исонинг етук инсоний томонлари акс этиши керак. Буюк орзу!

Исога ўхшаш бўлишимиз учун, биринчи навбатда, Исога ўхшаб фикр юритишни бошлашимиз керак. Бизга «Масиҳ ақли» зарур. Биз У қадрлаган нарсани қадрлашимиз ва У нафратланган нарсалардан нафратланишимиз керак. Биз ҳам Исога ўхшаш биринчилардан бўлишимиз керак. Исо учун асосли бўлган фикр-мулоҳазалар биз учун ҳам асосли бўлиши лозим.

Агар биз Унинг Каломига эга бўлмасак, бу содир бўлмайди. Руҳий ўсиш калити — жиддий қурбон талаб қилувчи чуқур масиҳий билимдир.

Биз даъват қилинган улуғлик худди мана шу нарсадир. Биз Худони фақатгина юзаки равишда таниб, осойишта ҳаётга қониқиб яшаётган бу дунёга ўхшамаслигимиз зарур. Бизда руҳий сутдан қониқмаслик ва руҳий озуқага нисбатан чанқоқлик ҳисси ортиб бориши керак.

Муқаддас бўлиш — алоҳида бўлиш демакдир. Бироқ, бу бундан ҳам каттароқ аҳамиятни ҳам касб этади. Муқаддас киши ҳаёти муқаддас бўлиш жараёнини ифода қилувчи киши ҳисобланади. Биз янада кўпроқ муқаддасликка интилган ҳолда ҳар куни покланишимиз керак. Агар биз оқланган бўлсак, у ҳолда биз муқаддас қилинишимиз ҳам зарур.

Мен бир вақтлар бир коллежда теологиядан маърузалар ўқир эдим. Мен бир талабани турғаздим ва унга савол бердим. У шундай жавоб бердики, натижада бутун синф баланд овоз билан кулиб юборди. Унинг ҳазил жавобининг асосий қаҳрамони мен эдим. У шундай деди: «Мен сизнинг саволингизга жавоб бера олмайман, бироқ сизда мана шу ҳолат учун лотинча жумла мавжудлигига ишончим комил!» Талабаларим менинг ҳар бир ҳолатга лотинча жумла ишлатиш одатим устидан кулишни ёқтиришар эди.

Мен баъзи пайтларда ҳақиқатдан ҳам лотин жумлаларини ишлатишга мажбур бўлар эдим. Мен уларни талаффуз қилишни ёқтираман — улар жуда ифодали ва ёқимли жаранглайди. Мен ҳеч бўлмаганда битта лотин жумласини ишлатмасдан туриб китоб ёза олмайман. Бу китоб учун лотин жумласини мен Мартин Лютердан «қарз»га олдим. Лютер оқланган гуноҳкорнинг тутган ўрнига эътиборни қаратиш учун шу жумладан фойдаланади. Мана шу жумла: simul justus et peccator.

Қандай ажойиб жумла! Менинг энг яхши кўрганларимдан бири. Энди ягона иш, бу жумлани тушуниш қолди. Simul — «бир вақтинг ўзида». Justus — «адолатли». Et — (бувим бу сўз «бўлмоқ» сўзининг ўтган замондаги шакли, деб ўйлар эди) «ҳам» деб таржима қилинади.

Юлий Цезарнинг ўлими олдидан айтган сўзлари бизнинг ёдимиздадир. Помпея ҳайкалининг пойидаги ерга йиқилиш олдидан у Брутга қаради ва жон ҳолатда хитоб қилди: «Et tu Brut?» (Брут, сен ҳам-а?) Peccator сўзи бизга энг нотаниш сўз бўлса керак. У «гуноҳкор» деб таржима қилинади. Шундай қилиб, бу сўзларни бир жойга йиғиб, биз қуйидаги сўзга эга бўламиз — «бир вақтнинг ўзида ҳам адолатли, ҳам гуноҳкор». Мана муқаддас киши ким. Бу адолатли, аммо гуноҳкор киши.

Муқаддас киши — ҳали ҳам гуноҳкор эканлиги маълум. У ҳолда у қандай қилиб адолатли бўла олади? Муқаддас киши адолатли, чунки у оқланган. Масиҳнинг солиҳлиги Уни Худонинг олдида адолатли қилди. Имонга кўра оқланишнинг моҳияти ҳам шундан иборатдир. Биз ўзимизнинг қутқарилишимизни Масиҳнинг Ўзига ва фақат Ўзига шахсан ишониб топширган вақтимизда Худо Масиҳнинг бутун солиҳлигини «бизнинг ҳисобимизга ўтказади». Биз Унга имон келтирган вақтимизда Унинг адолати бизга ўтади. Бу ҳуқуқий операциядир. Солиҳликни ўтказиш худди ҳисоб рақамлари билан амалга ошриладиган операцияларга ўхшашдир, бунда мулкни ҳақиқий айрбошлаш содир бўлмайди. Яъни, мен ҳали ҳам гуноҳкор эканлигим сабабли Худо Масиҳнинг солиҳлигини менинг ҳисобимга ўтказиб туради холос.

Бунинг ҳаммаси ёлғонга ўхшайди, худди Худо ҳуқуқий ўйин ўйнаётгандек. У бизларни солиҳ деб ҳисоблайди, бироқ, шу вақтинг ўзида биз солиҳ эмасмиз. Бироқ бу Хушхабар! Хушхабарнинг моҳияти ҳам шундан иборат, биз муқаддас ва адолатли Худонинг ҳузурига баркамол солиҳлик билан келамиз. Бу имон келтиришимиз оқибатида бизники бўлган, Масиҳ солиҳлигидир. Бу ёлғон ҳам, ўйин ҳам эмас. Бу операция ҳақиқийдир. Худо эълон қилган барча хабарлар жиддийдир. Масиҳнинг солиҳлиги ҳақиқатдан ҳам бизнинг ҳисобимизга ўтказилган. Худо бизга солиҳларга қарагандек қарайди, чунки Масиҳнинг солиҳлиги бизни қоплади ва ўраб олди. Бу Исо Ўз ўлими билан бизнинг қарзимизни тўлаганлиги учунгина содир бўлмади. Унинг ҳаёти ҳам биз учун Унинг ўлими каби катта аҳамиятга эга. Масиҳ фақатгина бизнинг гуноҳларимиз, қарзларимиз ва камчиликларимизни Ўз бўйнига олмади. Бундан ташқари У бизларга Ўзининг итоатини, Ўзининг яхши сифатларини ва Ўзининг хизматларини беради. Фақат мана шуларнинг барчаси амалга ошган вақтдагина, адолатсиз инсон адолатли ва муқаддас Худонинг ҳузурида тура олади.

Солиҳликнинг ўтишини бу каби тушунишда маълум миқдорда таваккалчилик ҳам мавжуддир. Уни кўпинча нотўғри тушунадилар. Уни жиддий равишда суиистеъмол қиладилар. Баъзи кишилар, агар инсон Масиҳга имон келтирса, у ўз ҳаётини ўзгартираман деб ташвиш чекмаса ҳам бўлади, деб ўйлашади. Шундай ҳолатлар ҳам мавжудки, имон орқали оқланишга гуноҳ қилиш учун берилган рухсатнома сифатида қарашади. Агар биз Масиҳнинг солиҳлигига эга бўлсак, у ҳолда ташвиш чекиш ва ҳаётни ўзгартиришга ҳаракат қилишнинг нима кераги бор? Яхши ишларимиз билан Осмон Шоҳлигига эга бўла олмас эканмиз, уларни қилишдан нима фойда? Ҳақиқатдан ҳам оқланган кишининг оғзидан бу каби саволлар ҳеч қачон чиқмаслиги лозим.

Лютер фақатгина имон орқали оқланиш мумкинлиги ҳақидаги масиҳий доктринани жасурлик билан эълон қилганида шундай деган эди: «Биз фақат имон орқали оқланишга эга бўламиз, аммо фақат имон келтиришнинг ўзи етарли эмас». Бундан аввал Ёқуб ҳам шу ҳақда бир оз бошқача қилиб гапирган эди. У «амалсиз имон ўзи-ўзидан ўликдир», дейди. Ҳақиқий имон ёки қутқарувчи имон — бу Лютер fides viva (ана холос, яна лотин жумласини ишлатдим), деб атаган «тирик имон»дир. Бу тезлик билан тавба ва солиҳлик меваларини берувчи имондир. Агар инсон имоним бор, деса-ю, бироқ, буни ҳеч қандай амали билан тасдиқлай олмаса, у ҳолда бу унинг имони ҳақиқий эмаслигини исботлаб беради. Ҳақиқий имон ҳар доим Масиҳга ўхшашга интилишни келтириб чиқаради. Агар инсон оқланган бўлса, у ҳолда муқаддас бўлиш бунинг яққол далили бўлиб хизмат қилади. Агар муқаддаслик йўқ бўлса, бу оқланиш ҳам ҳеч қачон бўлмаганлигини англатади.

Биз имон келтирган дақиқамиздан бошлаб оқланамиз. Худо бизни солиҳ деб эълон қилиш учун яхши амалларимизни кутиб ўтирмайди. У бизни солиҳ, деб эълон қилган вақтда ҳам биз гуноҳкор бўлиб қолаверамиз.

Гуноҳкор инсон покланиши учун қанча вақт керак? Жавоб — ҳеч қанча. Оқланишимиз ва муқаддас бўлишимизнинг бошланиши ўртасида вақт оралиғи мавжуд эмас. Аммо муқаддас бўлишимизнинг бошланиши ва тугалланиши ўртасида катта вақт оралиғи бор.

Буни тушунтириб бериш учун Лютер оддий ўхшатишдан фойдаланади. У ўлим тўшагида ётган беморнинг ҳолатини тасвирлаб берди. Врач ўзида беморни бутунлай тузатиб юбора оладиган дори борлигини айтди. Дори қабул қилинган дақиқада врач беморнинг аҳволи жойида эканлигини айтди. Бу дақиқада бемор ҳали касал эди, бироқ, дори унинг оғзига теккач, у тузала бошлади. Бизнинг оқланишимиз ҳам шунга ўхшашдир. Биз чин дилдан имон келтирган дақиқамиздан бошлаб тузала бошлаймиз. Пок ва муқаддас шахсга айланиш жараёни бошланади. Биз бу жараённинг тугалланишига ишонч ҳосил қилишимиз мумкин.

Масиҳий руҳий ўсишнинг мақсади солиҳликка етишишдан иборатдир. Замонавий масиҳий дунёда бундай фикр кескин маънода қабул қилиниши мумкин. Масиҳийлар солиҳлик ҳақида гаплашмай ҳам қўйдилар. Бу сўз салкам ҳақоратга айланди. Деярли ихтиёрий ибора солиҳликдан кўра яхшироқ қабул қилинади. Бирор бир талаба, жамоат аъзоси ёки ихтиёрий бир киши ҳеч қачон менинг ёнимга келиб: «Қандай қилиб солиҳликка эришсам бўлади?», деб сўрамаган.

Кўпгина кишилар мен билан қандай қилиб аҳлоқли, руҳоний ёки ҳаттоки художўй бўлиш ҳақида ҳам сўзлашганлар. Бироқ ҳеч ким солиҳлик тўғрисида гаплашишни истамаяпти. Бу ҳол ўзимизни солиҳ, деб ҳисоблашимиз гуноҳ эканлигини билганлигимиз учун ҳам юз бераётган бўлса керак. Солиҳлик сўзида қандайдир фарзий маъно мавжуд. Қандай қилиб солиҳ бўлиш кераклиги ҳақида сўзлашгандан кўра қандай қилиб руҳоний бўлиш кераклиги ҳақида сўзлашиш тўғрироқ бўлишига ўхшаб кўринади.

Руҳонийлик фақатгина битта ягона мақсад учун зарур. У — восита, бироқ ҳеч ҳам мақсад эмас. Барча руҳий машғулотларнинг мақсади солиҳликка эришишдир. Худо бизларни муқаддас бўлишга даъват қилади. Масиҳ масиҳий ҳаёт учун кетма-кетликни аниқлаб беради: «Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади». Бизнинг мақсадимиз — солиҳликдир.

Солиҳликка интилишда олдинга интилаётган ёки йўқлигимизни қандай қилиб аниқлашимиз мумкин? Ривожланаётганимизни, ҳаётимизнинг муқаддасликка интилиш мақсадимизга қай даражада мос келаётганлигини қандай қилиб билиб олишимиз мумкин? Муқаддас Китоб бу саволларни бизга ёритиб беради. Солиҳ кишини унинг самарали ишларидан билиб олиш мумкин. Бундай киши унда ҳаракат қилаётган ва Ўз ишини амалга ошираётган Муқаддас Руҳнинг муқаддас қилувчи кучи ёрдамида муқаддас бўлиб боради. Муқаддас Руҳ муқаддасликнинг нима эканлигини билади. У Ўзи муқаддас бўлганлиги учунгина эмас, балки бизни муқаддас қилиш учун ҳаракат қилганлиги учун ҳам Муқаддас Руҳ деб аталади.

Солиҳлик мевалари — бу Муқаддас Руҳнинг бизда олиб борадиган «тарбиявий» иши туфайли биз келтирадиган самаралардир. Агар биз муқаддас бўлишни истасак, агар ҳақиқатдан ҳам солиҳликка чанқоқ бўлсак, у ҳолда эътиборимизни Муқаддас Руҳ самарасига қаратишимиз зарур бўлади.

Муқаддас Руҳ самарасининг таърифи ҳақида ўқиган вақтимизда, биз уларнинг ўз гуноҳкор табиатимиз меваларидан қанчалик даражада кескин фарқ қилишини кўришимиз мумкин бўлади:

«Башарий табиатнинг ишлари маълум, чунончи: фаҳшбозлик, ҳаром-ҳаришлик, фисқ-фужур, бутпарастлик, жодугарлик, душманлик, жанжалкашлик, рашк-ғазаб, манманлик, ихтилофчилик, бидъатчилик, ҳасад, қотиллик, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлар. Сизларни олдиндан огоҳлантирган эдим, яна огоҳлантиряпман: бу каби ишларни қилувчилар Худо шоҳлигидан бебаҳра бўладилар» (Гал. 5:19-21).

Бу парчада Павлус Исонинг Худо Шоҳлигини йўқотиб қўйиш ҳақидаги огоҳлантиришларини такрорлайди. Ҳаёт тарзлари Галатияликларга Мактубдаги каби бўлган инсонлар Худо Шоҳлигига эга бўла олмайдилар. Бу биз содир қилган ҳар қандай гуноҳ бизни осмонда бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилишини англатмайди. Павлус бу ерда доимо шу иллатлар билан тасвирланадиган ҳаёт тарзи ҳақида гапиради. Биз бу ерда ҳам ички, ҳам ташқи гуноҳлар ҳақида сўз бораётганлигини кўришимиз мумкин. Бу ерга тана гуноҳлари ҳам, қалб гуноҳлари ҳам киритилган. Павлус томонидан санаб ўтилган гуноҳларга қўпол ва жирканч деб баҳо бериш мумкин. Янги Аҳд гуноҳнинг турли даражаларини ажратиб беради. Баъзи гуноҳлар бошқаларидан ёмонроқ. Масиҳийлар кўпинча мана шу муҳим жойга эътибор бермайдилар. Айниқса протестанатлар гуноҳнинг турли хиллиги ҳақидаги тушунчани тан олишдан бош тортадилар. Қисман бу ҳолат рим католик жамотининг икки хил: ўлдирадиган ва кечириладиган гуноҳлар ҳақидаги ғоясига қарши жавоб сифатида тушунтирилади. Католиклар баъзи гуноҳларни «ўлдирадиган» деб атайдилар, чунки бу гуноҳлар шунчалик жиддийки, улар қалбимиздаги иноятни ўлдирадилар. Унчалик жиддий бўлмаган гуноҳлар кечиримли, деб аталади. Улар нажот бахш этувчи иноятни ўлдира олмайдилар.

Биз гуноҳ бу гуноҳ ва бирорта гуноҳ ҳам бошқасидан яхши эмас, деб фикр юритишга мойилмиз. Биз Исонинг тоғдаги ваъзда айтган сўзлари ҳақида ўйлаймиз. Масиҳ аёлга шаҳват билан қараш, у билан зино қилиш билан тенг, деб гапиради. Муқаддас Китоб, агар сен қонуннинг бир бўлимига қарши гуноҳ қилсанг, у ҳолда бутун қонунга қарши гуноҳ қилган бўласан, деб ўргатиши ёдимизда туради. Муқаддас Китобнинг бу икки таълимоти нотўғри қабул қилиниши ва гуноҳ даражалари ҳақида хато тасаввур пайдо қилиши мумкин.

Масиҳ, аёлга шаҳват назари билан қараш, зино ҳақидаги қонунни бузади, деб гапирганда, шаҳват ҳам зинодек ёмон демади. У айтган сўзларнинг маъноси шундан иборатки, Қонун ўзининг тўлиқ маъносида фақатгина тўғридан-тўғри зинони тақиқламайди. Фарзийлар ҳеч қачон зино қилмаганликлари сабабли, ҳеч қачон Қонунга қарши гуноҳ қилмаганмиз, деб ўйлар эдилар. Улар агар кишиларни ўлдиришдан ўзларини тийган бўлсалар, у ҳолда одам ўлдиришни тақиқловчи қонунни бузмаган бўламиз, деб ҳисоблашар эди. Улар асоссиз ғазаб ва нафрат ҳам одам ўлдиришни тақиқловчи қонунга, бу қонуннинг кенг маъносида киритилган эканлигини тушуна олмас эдилар.

Исо нафрат — бу бошқа кишининг ҳаётига нисбатан гуноҳ содир қилиш, деб ўргатар эди. Нафрат инсонларни ҳақорат қилади. Нафрат гуноҳи ҳақиқий қотилликдек оғир эмас, бироқ, шунга қарамасдан, бу ҳам гуноҳдир. Энг кичкина гуноҳ — бу бутун Қонунга қарши қилинган гуноҳдир. Қонун — бу биз учун муқаддаслик намунасидир. Кичкина гуноҳ қилганимизда, биз бу намунага қарши гуноҳ қиламиз. Биз ўзимиз интилишга даъват этилган нарсага қарши — муқаддасликка қарши гуноҳ қиламиз. Бу ҳолат ҳар бир гуноҳ қолган барча гуноҳлар билан бир хилда ёвузликка эга, деган маънони англатмайди. Исо, айби бошқа кишиларнинг айбидан кўпроқ бўлган кишилар билан бир қаторда дўзахдаги жазоланиш даражаси ҳақида ҳам қайта-қайта гапирган эди.

Гуноҳ ва оғир гуноҳ орасидаги фарқни тушуниб етиш учун гуноҳларнинг катта-кичиклиги ҳақидаги ғояни ёдда тутиш лозим. Шунга қарамасдан, бизнинг ҳамма гуноҳларимиз кечиримга муҳтождир. Барча гуноҳларимиз Худога нисбатан қилинган хиёнат ҳисобланади. Биз ўзимизнинг «кичкина» ва катта гуноҳларимиздан қутулиш учун Нажоткорга муҳтожмиз. Бироқ, баъзи гуноҳларимиз бошқаларига қараганда аҳамиятлироқдир. Биз фарзийлар тузоғига тушиб қолмаслик ва кичкина нарсадан катта нарса ҳосил қилишга ҳаракат қилишни бошламаслик учун буни ажрата билишимиз керак.

Жамиятимизда ортиқча вазнга ажратиладиган эътибор ҳақида бир ўйлаб кўринг. Ҳар йили Қўшма Штатларда турли хил парҳезларга миллиардлаб долларлар сарф қилинади. Ўз вазнимизни назорат қилишимизга жуда ҳам кўп асосли сабаблар мавжуд. Семириш — бу соғлиқ билан боғлиқ бўлган асосий муаммолардан бири эканлигини яхши биламиз. Очкўзлик — гуноҳ эканлигини ҳам биламиз. Биз ўзимиздаги Муқаддас Руҳ маъбадини овқат билан тўлдиришга ва кенгайтиришга мойилмиз. Биздаги миллий равишда хушбичимликка интилиш асосида семириб кетишдан қочиш ёки соғлиқ ҳақида қайғуриш эмас, балки ташқи кўринишимиз ҳақида ташвиш чекиш ётади. Биз чор-атрофдаги инсонларга яхши кўриниш учун хушбичим бўлишга интиламиз. Бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Бироқ хушбичимлик — солиҳликнинг олий намунаси эмас. Инсонлар ҳеч қачон менга ўзларининг ортиқча вазнлари билан азоб беришмаган. Улар менга нисбатан туҳмат қилишиб азоб берганлар. Биз туҳмат даражасини назорат қилишга кўп вақт сарф қилмаймиз. Балки, баъзи нарсаларни назорат қилиш ортиқча вазнни назорат қилишдан қийинроқ кечаётгани учун ҳам шундай бўлаётгандир. Баъзи кишилар ўз иштаҳаларини назорат қилишни ўрганиб олдилар. Ҳеч ким ўз тилини назорат қилишнинг уддасидан чиқа олмади. Танишларингиз орасидан ўзингиз учратган инсонлар ичида энг диёнатли, деб ҳисоблайдиган кишиларни эсга олинг. Уларнинг ортиқча вазни улардаги сизни ҳайратга солувчи солиҳликка қай даражада ҳалақит берар эди? Сиз ғийбатчи кишиларни ҳам диёнатли деб ҳисоблар эдингизми?

Руҳ самараси тана гуноҳларидан тубдан фарқ қилади. Руҳ самараси — бу диёнатли инсонлардаги биз тез таниб оладиган фазилатдир. Павлус санаб ўтган Руҳ самаралари ҳақида ўйлаб кўринг:

«Илоҳий Руҳнинг самараси эса — муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибодир» (Гал. 5:22).

Муқаддасликда ўсиб бораётган кишининг белгилари мана шундайдир. Биз ривожлантиришга даъват қилинган фазилатлар шулардан иборатдир. Руҳ самарасини беришимиз учун биз Руҳ бўйича иш тутишимиз керак. Руҳ бизнинг ичимиздан туриб ҳаракат қилади. У биз ҳаётда Руҳ самарасини беришимиз учун ҳаракат қилишимизга ёрдам беради. Биз бу самараларни келтиришга бор кучимиз билан ҳаракат қилиш учун даъват қилинганмиз.

Ушбу Руҳ самаралари руйхатида Ҳаворий бизга муқаддас бўлиш жараёнида ёрдам берадиган кўрсатмаларни беради. Биз ўнта енгил машғулот давомида буларнинг барчасини ўзлаштириб олишни афзал кўрамиз. Бироқ, муқаддас бўлиш осон эмас. Шундай бўлишига қарамасдан, Муқаддас Китоб муқаддаслик тушунчасини биз учун осонлаштириб беради. Биз ўз эътиборимизни қаратишимиз керак бўлган нарса — бу Руҳ самарасидир. Павлус буни биз учун енгиллаштириб берди. У Руҳ самаралари — фазилатлар рўйхатига қуйидаги сўзларни қўшиб қўйди:

«Бу ҳисларга қарши бирор қонун йўқ. Исо Масиҳга тегишли бўлганлар эса ўз табиатини, ҳирсу эҳтирослари билан бирга, хочга михлаб қўйганлар. Агар биз Руҳ амри остида бўлсак, Руҳ амри билан умр кечиришимиз лозим. Шуҳратпараст бўлмайлик, бир-биримиздан рашк қўзғамайлик, бахиллик қилмайлик» (Гал. 5:23б-26).


Сўз ўйини: инглиз тилида «бўлмоқ» сўзи ўтган замонда «et»га ўхшаб жаранглайди. — Тарж. изоҳи.


Книга на Узбекском языке: Святость Бога (Роберт Спраул)

Эта книга, написанная одним из самых блестящих мыслителей наших дней, поставила меня на колени и драматически изменила мою христианскую жизнь. Ее обязательно нужно прочитать каждому христианину" (Чак Колсон, автор книги "Любящий Бог").

Это глубокое и волнующее исследование характера Бога. Особый акцент сделан на святости, присущей Богу, которая помогает христианину увидеть себя и свои дела в истинном свете. Р. Спраул говорит: "Это влияет на каждый аспект нашей жизни: экономику, политику, спорт, любовь - на все, чем мы живем.



AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак