Роберт Спраул. Худонинг Муқаддаслиги - (7 Боб) Китоб Ўзбек тилида
Xudoning Muqaddasligi (Robert Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob
Мундарижа
1-БОБ. Муқаддас граал
2-БОБ. Муқаддас, Муқаддас, Муқаддас
3-БОБ. Титроққа солувчи сир
4-БОБ. Муқаддаслик етказган жароҳат
5-БОБ. Лютернинг телбалиги
6-БОБ. Муқаддас адолат
7-БОБ. Муқаддас худо билан уруш ва тинчлик
8-БОБ. Муқаддас бўлинг
9-БОБ. Худо ғазабга тўлган гуноҳкорлар қўлида
7-БОБ Муқаддас худо билан уруш ва тинчлик
Агар инсон Худо учун яратилган бўлмаса,
Унда нима учун фақат Худо ила бахтлидир?
Агар инсон Худо учун яратилган бўлса,
Унда нима учун Худога қаршилик қилар?
БЛЕЗ ПАСКАЛЬ
Муқаддас Китоб Худо билан курашган эркак ва аёл лар ҳақидаги ҳикояларга тўладир. Исроил сўзи нинг ўзи «Худо билан курашган», деган маънони англатади. Худо муқаддасдир. У бизлардан устун, У трансцендент. Шунга қарамасдан, У — биз курашишимиз мумкин бўлган Худодир. Бу «мусобақа»нинг мақсади якуний уруш эмас, балки якуний тинчликдир. Баъзи кишилар бунга эга бўлдилар. Бу бобда биз Худо билан курашиб, кураш майдонидан тинчлик билан чиқиб кетган инсонларга мурожаат қиламиз. Биз Ёқуб, Аюб, Аввакум ва Тарслик Шоул ҳақида суҳбатлашамиз. Сўнгра, Худо билан ярашиш нимани англатиши ҳақидаги саволни кўриб чиқамиз.
Ёқуб ҳийлагар бўлган. Унинг исми «ҳийла билан устун чиққан», деган маънони беради. У ўз отасини алдаган, акасини лақиллатиб кетган ва онаси билан бирга нопок фитна уюштирган инсон эди. Иброҳимнинг невараси, Исоҳқнинг ўғли шунчалик даражада маънан бузуқ инсон бўлганлигини тасаввур қилиш ҳам қийин. Бироқ, ҳаёт уни бутунлай бошқача инсонга айлантирди, у тўлиқ равишда ўзгарди. Бу Байтилда бошланди:
«Ёқуб Бъер-Шева шаҳридан жўнаб, Ҳоронга қараб йўл олди. Қуёш ботай деган пайтда у бир жойга тушиб, тунамоқчи бўлди. Атрофдаги тошлардан бирини олди-да, боши тагига қўйиб ётди» (Ибт. 28:10,11).
Қадимий Фаластинда саёҳат қилиш кўпинча оғир синов вазифасини ўтар эди. Тун ўзи билан бирга қароқчилар ва ёввойи ҳайвонлар томонидан қилинадиган ҳужум хавфини олиб келар эди. У пайтларда меҳмонхоналар йўқ эди ва шу сабабли Ёқуб ўзи учун кечаси ётадиган бошпана топа олмади. У қуёш ботгунча йўл юрди. Қуёш ботгач, У дам олишга қарор қилди. Тош унинг учун ёстиқ вазифасини ўтади. У эндигина ухлашни бошлаганида бир туш кўрди. Бу туш унинг ҳаётини ўзгартириб юборди:
«У ухлар экан, тушида тик турган нарвонни кўрди. Нарвоннинг бир учи ерга, бир учи осмонга тегиб турар, Худонинг фаришталари эса унда чиқиб тушаётган эдилар. Худованднинг Ўзи ҳам нарвоннинг устида турганича, шундай гапирди: “Мен — Худованд, отанг Иброҳимнинг ва Исҳоқнинг Худосиман. Сен ётган ерни Мен сенга ва зурриётингга бераман. Сенинг зурриётинг ернинг қумидек кўп бўлади. арбу шарққа, шимолу жанубга ёйилиб борасан. Сендан ва зурриётингдан ер юзидаги ҳамма қабилалар барака топадилар. Мана, Мен сен билан. Қаерга бормагил, Мен сени асрайман, сени яна шу ерга қайтараман. Сенга айтганларимни то бажо келтирмагунимча, сени тарк этмайман”» (Ибт. 28: 12-15).
Ёқуб тушида кўрган нарвонни одатда — «Ёқуб нарвони», деб атайдилар. У осмон ва ерни бирлаштириб турувчи кўприк вазифасини ўтар эди. Ёқуб ўз ҳаётининг шу пайтигача қандайдир тарзда осмон билан бирлашиб турувчи инсон эмас эди. У ўз ҳаётида Худонинг иштирок этмаётганлигини чуқур ҳис қилиб турар эди. Исҳоқнинг ўғли ва Иброҳимнинг невараси шу қадар «дунёвий» киши бўлганлиги жуда ҳам ғалати туюлади. Иброҳим Худо билан сўзлашган. Кечқурунлари, бутун оила гулхан атрофида тўпланиб ўтиришган пайтда, отаси ва бобоси сўзлаб берган ҳикояларни ёш Ёқуб ҳам эшитганлигини тўлиқ ишонч билан айтиш мумкин. У Худонинг Иброҳимга қилган амри — Исҳоқни Мўриё тоғидаги қурбонгоҳда қурбон келтириш ҳақида ҳам эшитган бўлса керак.
Ёқубнинг ҳаёти бу дунёнинг юзасида кечди. Ҳар қанақанги «самовий» суҳбатлар унда ҳеч қандай таассурот қолдирмас эди. Унинг барча ўй-фикрлари дунёвий ишларга қаратилган эди. Унинг шахсан ўзига келадиган бўлсак, унинг тушунчаси бўйича ер ва осмон ўртасида ўтиб бўлмас тубсизлик мавжуд эди. Агарда Худо бор бўлса ҳам, У шунчалик узоқда, шу қадар чексиз трансцендент эдики, Унинг Ёқуб ҳаётига ҳеч қанақанги алоқаси йўқ эди. Ота-боболари айтган Худога Ёқубнинг қўли етмасди — Худо унинг учун жуда ҳам узоқда эди. Бу ҳол Ёқуб туш кўрмагунча давом этди.
Бу тушида у, юқорида айтилганидек, нарвонни кўрди. Нарвон муқаддаслик шоҳлиги ва дунёвий шоҳлик ўртасидаги боғловчи бўғин, алоқа жойи вазифасини ўтар эди. Ёқуб фаришталарнинг нарвондан тушиб-чиқаётганликларини кўрди. Улар ҳар икки йўналишда, ердан осмонга ва осмондан ерга ҳаракат қилишар эди. Бу ҳаракат узлуксиз эди. Улар Худо ҳузуридан инсонларнинг ҳузурига ўтар эдилар. Ёқуб нарвоннинг юқорисида Худовандни кўрди. Худо унга мурожаат қилиб, аввал Иброҳим ва Исҳоққа берган ваъдасини тасдиқлади. Худонинг ваъдаси энди Ёқубга ўтади ва келажак авлод учун ўз кучида қолади. Ёқуб Худо берган ваъданинг ташувчиси бўлади. Худо, Ёқуб қаёққа бормасин, у билан бирга бўлишга ва барча ваъдалар амалга ошмагунча уни тарк этмасликка ваъда берди.
Ёқубнинг нарвонига нима бўлди? Бу тасвир Эски Аҳд тарихида деярли йўқолиб кетади. У асрлар давомида эсга олинмайди. Сўнгра бу тасвир яна тўсатдан пайдо бўлади. Бу сафар у Янги Аҳдда пайдо бўлди:
«Филипп кетди. У Натанъилни топиб, унга:
— Биз Мусо ва бошқа пайғамбарлар Тавротда ёзган Юсуф ўғли насролик Исони топдик, — деди.
— Насро шаҳридан бирор яхшилик чиқармикан? — деди Натанъил унга.
— Бориб кўргин! — деди унга Филипп.
Бундан сўнг Исо Натанъилни Ўзига яқинлашаётганини кўриб:
— Қаранг, ҳеч ҳийлани билмайди, худди ҳақиқий исроиллик! — деди. Натанъил Исодан сўради:
— Сен мени қаердан танийсан?
— Филипп сени чақирмасдан олдин, сен анжир дарахти тагида эдинг. Мен сени ўша ерда кўрган эдим, — деб жавоб берди Исо. Шунда Натанъил:
— Устоз, Сен Худонинг Ўғлисан, Сен Исроилнинг Подшоҳисан! — деди. Исо унга жавобан:
— Мен сенга: Сени анжир дарахти тагида кўрдим, деганим учун ишоняпсан-да. Сен бундан ҳам буюк ишларни кўрасан! — деди. Сўнг унга яна:
— Сизларга ростини айтай: бундан кейин осмон очилиб, Инсон Ўғли олдига Худо фаришталари тушиб-чиқаётганини кўрасизлар, — деди» (Юҳан. 1:45-51).
Исонинг Натанъилга қаратилган ушбу сўзлари принципиал аҳамиятга эга. У, моҳиятан, Ўзини «Ёқубнинг нарвони», осмон ва ерни боғлаб турувчи кўприк, деб эълон қилди. Бу кўприк Трансцендент Зот ва инсонлар орасидаги жарликка қўйилган эди. Худо фаришталари Унинг олдига тушадилар ва осмонга чиқадилар. У шундай қиладики, орамизда йўқ бўлган Зот бизларнинг орамизда бор бўлади. Ёқуб ўз тушида шу ҳодисанинг ғира-шира соясини кўрмадими?
Ёқуб уйқудан уйғонгач, барча нарса унинг учун ўзгарди. Туш натижасида юзага келган ҳислар жўш урди:
«Ёқуб уйғонгач: «Чиндан ҳам бу ерда Худованд бор экан, мен эса билмабман!» — деди. У жуда ваҳимага тушиб: “Қандай қўрқинчли бу жой! Бу Худонинг уйидан бошқа нарса эмас, бу осмон қопқасидир!” — деди» (Ибт. 28:16,17).
Ёқуб туш кўрган жой «Байтил» номи билан машҳур бўлди. Яҳудий тилида «байтил» сўзи «Худонинг уйи» деган маънони англатади. У ерда чодир ҳам, маъбад ҳам, ибодатхона ҳам йўқ эди. Айнан шу ерда унга муқаддас Худо Ўзини намоён қилгани учун Ёқуб бу жойни Худонинг уйи деб атади. Ёқуб айтган гапларни ҳозирги замон кишиси ҳам айта олади. Инсонлар ҳозирги вақтда ҳам Худонинг ўз ҳаётларидаги иштирокини сезмаяптилар. Биз ёнаётган буталарни ҳам, оловли устунларни ҳам, бизнинг орамизда юрган, танада ҳозир бўлган Масиҳни ҳам кўрмаймиз. Биз ўзимизни ташлаб кетилгандек, адоватли ёки бундан ҳам ёмонроғи бефарқ борлиқ қаърига улоқтирилгандек сезамиз. Гўёки биз ҳар тарафлама берк бўлган, юлдузларга олиб чиқувчи нарвони бўлмаган дунёда яшаётганга ўхшаймиз.
Туш кўргунга қадар Ёқуб ҳам шундай ҳис-туйғуларни сезар эди. Унинг сўзларини бизнинг бугунги кундаги ҳолатимизга ҳам қўлласа бўлади. «Чиндан ҳам бу ерда ХУДОВАНД бор экан, мен эса билмабман!» Худо ҳар доим бор бўлган. У Ёқубнинг ёнгинасида эди, аммо Ёқуб бир умр Уни соғиниб яшади. У Худонинг борлигини билмас эди. Ҳозирги кунда ҳам миллионлаб инсонлар Худонинг борлиги ҳақида билмасдан, фожеали ҳолатда яшаб келмоқдалар. Худо бизнинг ёнгинамизда турибди, аммо биз бундан бехабармиз. Унинг илоҳий иштирокини англаб етган дақиқанинг ўзидаёқ, инсонда энг мураккаб ички кураш бошланади. Ёқубнинг туши унинг ички курашига чек қўймади. Бу бир умр тугамайдиган курашнинг бошланиши эди. Шу дақиқадан бошлаб Ёқуб ўз руҳи учун курашга киришди.
«Қандай қўрқинчли бу жой!» Ёқуб ўзининг Худо уйида ҳозир бўлганлигига жавобан шундай деди. Одатда, инсонлар ибодатхонада бу каби ҳиссиётларни сезмайдилар. Бизни титрашга мажбур қиладиган Зотнинг ҳузурида туриш орқали вужудга келадиган эҳтиром йўқ. Унга нисбатан эҳтиром сезадиган кишилар ҳеч қачон жамоатнинг зерикарли эканлигидан шикоят қилмайдилар.
Олимлар Ёқубнинг имонга келиш вақти ҳақида баҳс юритадилар. Баъзи кишилар, бу ҳодиса шу ерда, Байтилда, Ёқуб Худонинг иштирокини ҳис қилган жойда юз берди, деб ҳисоблашади. Бошқалари эса, Ёқуб бир неча йилдан сўнг, Худо билан курашган вақтда имонга келди, деб айтишади:
«Ҳали тун ўтмай, Ёқуб ўрнида турди-да, икки хотини билан икки чўрисини ҳамда ўн бир боласини олиб, Яббўқ дарёсининг кечувидан ўтди. Уларни ва ўзида бор бўлган нарсаларини ҳам дарёдан ўтказди. Охирида якка ўзи қолди ва бир Зот тонг отгунча у билан курашди. У Ёқубни енга олмагач, унинг сон бўғинига урди ва сони бўғинидан чиқиб кетди. У Зот:
— Мени қўйиб юбор, мана тонг отди, — деди. Лекин Ёқуб Унга:
— Мени дуо қилмагунингча, Сени қўйиб юбормайман! — деди. Ўша Зот:
— Отинг нима? — деб сўради. У:
— Отим Ёқуб, — деди. Ўша Зот:
— Бундан буён сени Ёқуб эмас, балки Исроил дейдилар. Чунки сен Худо ҳамда одамлар билан курашиб, ғолиб чиқдинг, — деди. Ёқуб:
— Ўтиниб сўрайман, исмингни айт-чи! — деб илтимос қилди. Лекин У:
— Нима учун Менинг исмимни сўраяпсан? — деди. Сўнг ўша ерда Ёқубни дуо қилди.
Ёқуб эса: «Худони юзма-юз туриб кўрдим. У жонимга ора кирди», — деди. Шунинг учун ҳам ўша жойни Пануил (яъни Худо Юзи) деб атади» (Ибт. 32:22-30).
Ёқуб билан курашган «бир Зот» инсон эмас — Худонинг фариштаси бўлганлиги кўриниб турибди. Кураш жуда шиддатли бўлди, у тун бўйи давом этди ва курашувчилардан ҳеч бири устунлик қила олмади. Охир-оқибатда фаришта Худонинг барча нарсани енгувчи кучидан фойдаланди ва Ёқубнинг сон бўғинига тегиниб, уни жароҳатлади. Ёқуб ўз «ғалабаси» оқибатида ҳаётини сақлаб қолди. У кураш майдонидан чиқди, бироқ бир умрлик чўлоқлик билан чиқди.
Фаришта билан бўлиб ўтган исмлар ҳақидаги суҳбат ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Фаришта Ёқубдан ўз исмини айтишни талаб қилди ва у ўз исмини айтди. Ўша вақт одатларига кўра, бундай ҳолатда киши ўз исмини айтиш билан ўзини таслим бўлган, деб енгилганини тан олган бўлар эди. Бу ўзининг жамиятда тутган ўрни ва ёшига кўра катта бўлган кишига нисбатан мурожаат қилинаётганда, унинг исмига отасининг исмини ҳам қўшиб айтишга ўхшаш одатдир. Курашчининг ўз исмини айтиши ўз рақибининг устунлигини тан олишини англатар эди. Бу таслим бўлишни англатар эди. Ёқуб ўз исми билан бирга ўз руҳини ҳам топширди. У ўз ҳаёти устидан ҳукмронлик қилишдан бош тортди. Бунинг натижасида янги исм, янги шахс — Исроил туғилди.
Ёқуб ўз мағлубиятида ҳали ҳам дурангга, «мусобақанинг» ўз ғурури дахлсизлигини сақлаб қоладиган «ҳисобига» умид қилар эди. Бу ерда ўзаро келишув ҳам қўл келар эди. У фариштага қарата: «Ўтиниб сўрайман, исмингни айт-чи», деди. Исмлар ҳақидаги суҳбатнинг боришида суҳбатдошларнинг сўзлаш оҳангидаги фарққа эътибор беринг. Фаришта Ёқубдан ўз исмини айтишни талаб қилди ва Ёқуб рақибининг устунлигини тасдиқлаган ҳолда ўз исмини айтди. Ёқуб фариштага хушмуомалалик билан мурожаат қилди ва ўзи хоҳлаган жавобни ололмади. Бу Худонинг якуний ғалабаси эди. У бутун коинотдаги ягона енгилмас Зотдир.
Инсон Худо билан курашиб, бу курашдан ғалаба билан чиқа олмайди. Бироқ, тасалли берадиган ҳолат ҳам мавжуд. Ёқуб Худо билан курашди ва бу курашдан тирик чиқди. У мағлубиятга учради ва чўлоқ бўлиб қолди. Бироқ, у бу курашдан тирик чиқди. Биз бундан шундай хулоса қилишимиз мумкин: Худо биз билан адолатли равишда курашади. Биз муқаддас Худо билан курашишимиз мумкин. Ҳақиқатдан ҳам, биз қандайдир маънода, Худонинг ҳамма нарсани ўзгартирувчи кучи бизни ва бизнинг ҳаётимизни ўзгартира олиши учун, У билан курашишимиз лозимдир. Агар биз ҳам Худога ўз руҳимизни топширишдек лаззатли онларни ҳис қилишни истасак, у ҳолда — Худо билан тун бўйи курашиш нима эканлигини билишимиз зарур.
Ҳеч ким ҳеч қачон Аюб сингари Худо билан бу қадар қизғин ва кескин мунозараларни олиб бормади. Агарда, бу дунёда Худога қарши чиқишга ҳаққи бўлган киши мавжуд бўлган бўлса, ўша инсон Аюб эди. Худонинг ўзи Аюбни солиҳ, деб эълон қилди, бироқ, шунга қарамасдан, унинг бошига оғир кулфатлар ёғилди. Аюб фожеаси, ночор инсон Худо ва иблис ўртасидаги самовий курашда пиёда вазифасини ўтаган, деган таассуротни вужудга келтиради. Худо Аюбнинг синовдан ўтказилишига изн берди. Аюбнинг мол-мулки ўғирлаб кетилди. Оила аъзолари ҳалок бўлишди. Ниҳоят, унинг ўзи азобли касаллик билан оғриди — Аюбнинг бутун танасини йиринг бойлаб кетди. У оғриқдан ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Кўп ўтмай танавий азоб-уқубат унинг руҳиятига таъсир қила бошлади.
Бир пайтлар мен рак касаллиги билан оғриган бир кекса аёл билан суҳбатлашган эдим. У химиотерапия муолажаларини олаётган эди. У даволаш давомида келиб чиққан баъзи бир ноқулайликлар, шу жумладан кўнгил айнишдан азоб чекар эди. Мен ундан: «Қандай қилиб руҳий тетикликни сақлаб турибсиз?», деб сўраганимда, аёлнинг самимийлик билан: «Ҳожатхонадан чиқа олмай турган бир вақтингда масиҳий бўлиш жуда ҳам қийин экан», — деган жавобини эшитдим. Бу аёл тана ва руҳ ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд эканлигини яхши тушунар эди. Тўхтовсиз танавий оғриқдан азоб чекаётган вақтингда, руҳият ҳақида ўйлаш жуда ҳам қийиндир.
Шунга қарамасдан, Аюб Худога шак келтирмади. У: «Мана, У мени ҳалок қилмоқда, бироқ мен умид қиламан», — деб хитоб қилди. Ҳаттоки Аюбнинг хотини ҳам уни ўлим орқали осойишталикка эришишга ундади. Хотини унга оддий ва нишонга тегувчи маслаҳатни берди: «Худога шак келтир ва ҳалок бўл».
Аюб осон йўл қидиришдан бош тортди. У дўстларининг бемаъни маслаҳатларини тинглаб кўрди. Охир-оқибатда у овозини баланд кўтарди ва Худога қарши чиқди. Аюб Худо билан юзма-юз туриб, ўзининг нима учун ва нима сабабдан бу мусибатларга дучор бўлганлиги ҳақидаги саволига жавоб талаб қилган ҳолда У билан курашди. Худонинг жавобини тасалли берувчи жавоб, деб айтиш жуда қийин:
«Худованд бўрон ичидан Айюбга жавоб берди: —Менинг маслаҳатимга шубҳа соладиган, Бемаъни гапларни айтаётган ким бу?! Қани, эр киши бўлиб камарингни маҳкам боғла-чи, Мен сўрайман, сен жавоб берасан: Мен ер пойдеворларини қўяётганимда сен қаерда эдинг? Билсанг айт-чи. Ернинг ўлчовларини ким ҳисоблади? Бир бошидан иккинчи бошига ким арқон тортди? Айт, сен биласан. Ернинг пойдеворлари ниманинг устида турибди? Осмон юлдузларининг шоду-хуррамлиги остида, Осмон фарзандлари қийқириғи ҳамроҳлигида, Ким унинг бурчак тошини қўйди? Денгизлар туғилганда, ким унинг атрофига чегара қўйди? Мен уни булутлар билан кийинтирдим,қуюқ зулмат билан ясантирдим. Денгизга қулф ва дарвозалар қўйдим, “Шу ергача борасан, у ёғига ўтмайсан, мағрур тўлқинларинг сарҳади шу”, — дедим» (Айюб 38:1-11)
Бу жуда қийин бўлган оғзаки имтиҳон эди. Аюб Худодан жавоб талаб қилар эди. У жавоб ўрнига бир талай саволларни олди. Аюб ўз нодонлиги билан Худо донишмандлигига соя ташлаётганлиги учун Худо унга таъна қилди. Гўёки Худо: «Яхши, Аюб, сен Мени сўроқ қилмоқчимисан? Жуда яхши. Мен сенинг саволларингга жавоб бераман, бироқ аввал сен Менинг бир нечта саволимга жавоб бер», — деяётганга ўхшар эди. Худди пулеметдан чиқаётгандек, бир-биридан қийин бўлган саволлар ёғила бошлади. Ниҳоят, Аюб сўзга кирди:
«Аюб Худовандга жавоб берди ва деди: «Мана, мен арзимас одамман; Сенга нима деб жавоб бераман? Қўлларим билан оғзимни ёпаман. Бир маротаба, йўқ, икки мартоба гапирдим, бошқа лом-мим демайман» (Аюб 39:33-35).
Аюб ишлатган ифода ҳақида ўйлаб кўринг. У «қўлларим билан оғзимни ёпаман», деди. У ўз-ўзини жим бўлишга мажбур қилди. У ортиқ бир оғиз ҳам бемаъни сўз гапириб юбормаслик учун, ўз оғзини қўллари билан бекитди. У Худога қарши чиққанлигидан афсус чекди. У ўз сўзларининг ўзбилармонлигини англаб етди. У ўзи истаган барча нарсани гапирди.
Бироқ, сўроқ давом этди. Худо ҳали Ўз имтиҳонини якунламади. У Аюбга савол ёғдиришда давом этди:
«Сен Менинг ҳукмимни бекор қилмоқчимисан, ўзингни оқлаш учун Мени айбламоқчимисан?» (Аюб 40:3).
Аюбнинг тоши кимнинг томорқасига отилгани яққол кўриниб турибди. Унинг норозилиги Худо адолатига қарши йўналтирилган эди. Аюбнинг айбловлари — муқаддас Худони ҳақоратлаш эди. Худонинг саволи Аюбнинг қулоқлари остида жаранглади: «Ўзингни оқлаш учун Мени айбламоқчимисан?» Шубҳасиз, Аюб оқланишни истар эди. У дўстларининг айбловларидан безор бўлди. У нима сабабдан шу куйга тушганлигини ҳеч ҳам тушуна олмас эди. У қайта тикланишни хоҳларди. Бироқ, унинг хоҳиши назорат остидан чиқиб кетди. У ўзининг оқланишини Худоникига алмаштиришга ҳам тайёр эди. Баҳснинг қизиғида Аюб Худо ёвузлик содир қилган бўлса керак, деб фараз қилиб, қандайдир чегарани кесиб ўтди. Шунда Худо ундан тўғридан-тўғри сўради: «Ўзингни оқлаш учун Мени айбламоқчимисан?»
Худонинг бу саволи тарози паллаларини тўлдириб юборди — натижада Худонинг саволлари бутун оғирлиги билан Аюбнинг устига ёғилди. У деярли эзиб ташланди. Охир-оқибатда Аюб қўлларини оғзидан олди ва яна сўзлай бошлади. Бу сафар унинг сўзларида айблов оҳанги йўқ эди. У тавба қилиш учунгина ўзининг сукут сақлаш ҳақидаги ваъдасини бузди:
«Сенинг барча нарсага қодир эканлигингни ва Сен кўзлаган мақсадга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмаслигини яхши биламан. Ким ҳеч нарсани англаб етмаган ҳолда Худовандга соя солмоқчи? — Мен ўзим англаб етмаган нарсани ифода қилдим: бу мен учун жуда ажойибдир ва мен буни билмас эдим. Қулоқ сол, мен Сени чақирдим ва мен гапираман. Сендан сўраётганларимни менга тушунтириб бер. Мен Сен ҳақингда қулоқларим билан эшитган эдим, эндиликда кўзларим Сени кўриб турибди, шу сабабли мен ўз сўзларимдан воз кечаман, кул ва чанг эканлигимни тан оламан» (Аюб 42:2-6).
Аюб Китобининг шу қисми ўқиётган кишида, худди Худо Аюбни масхара қилаётганга ўхшаш таассурот қолдиради. Аюб жавоб талаб қилиб хитоб қилди ва Худо унинг саволларига жавоб беришини айтди. Бироқ, жавоб бўлмади. Аниқроғи, Худо фақат бир шарт билан жавоб беришини маълум қилди: аввал Аюб жавоб бериши лозим. Аммо, Аюб имтиҳондан йиқилди. Шунда Худо ҳам жавоб бермади.
Бироқ, Аюб шунга ҳам қаноат қилди. Худо жавоб бермаган бўлишига қарамасдан, Аюбнинг қалбидаги саросима йўқолди ва унда бошқа савол пайдо бўлмади. У ҳар қанақанги тўғридан-тўғри жавоб бериши мумкин бўлгандан ҳам кўра тўлароқ, олийроқ нарсани эшитди. Аюбнинг саволига сўзлар эмас, балки Худонинг Ўзи жавоб бўлди. Аюб Худони, Унинг Ким эканлигини кўрган заҳотиёқ унга керак бўлган жавоб шу эканлиги маълум бўлди. Аюбдан Худони ёпиб турган сир пардалари ёйилгач, у жавобсиз қолган бир нечта саволи билан ҳам бемалол яшаши мумкин эди. Худонинг намоён бўлиши Аюбни тавба қилишга мажбур қилди ва натижада у ўзининг саволларини ҳам, Худога қарши чиққанлигини ҳам унутиб қўйди. Унинг ғазаби янги йўналиш олди: энди у ўз-ўзидан ғазабланар эди. «Мен ўз сўзларимдан воз кечаман, кул ва чанг эканлигимни тан оламан».
Энди Эски Аҳд бизга ҳикоя қилувчи яна бир киши ҳақида суҳбатлашамиз. У ҳам Худога қарши чиқди. Худонинг қилган иши Аввакумдаги адолат ҳиссини ҳақорат қилганлиги учун Аввакум пайғамбар Худога танбеҳ берди. Худонинг бандалари ўзларидан ҳам нопокроқ бўлган халқ қўлида азоб чекиши пайғамбарни аччиқлантирар эди. Бир қараганда, Худо Ўзининг яҳудийларга берган ваъдасини бажармаётганга ва ваъдасидан қайтиб, бузилиб кетган бобилликлар томонига ўтиб кетганга ўхшаб кўринар эди. Аввакум, яҳудийлар қирғин қилинаётган вақтда Худо Гитлер томонида бўлмадимикан, деб фол очаётган замонивий яҳудийга ўхшаб кетган эди. Аввакум ўз ғазабини бор овози билан ифода қилди:
«Эй Худованд, қачонгача мен Сени чақираман — Сен эса мени эшитмайсан? Қачонгача мен Сенга зўравонликдан арз қиламан — Сен эса мени қутқармайсан? Нима учун менга ёвузликларни кўрсатасан, нима сабабдан мени кулфатларга қаратасан? Кўз ўнгимда талончилик ва зўравонлик содир бўлмоқда, адоват кўпаймоқда, низо кўтарилмоқда. Бундан қонун ўз кучини йўқотди. Адолатли ҳукм ҳам йўқ: чунки фосиқ солиҳни енгмоқда, шундан ҳукм ҳам нотўғри» (Авв. 1:2-4).
Аввакум қаттиқ ҳаяжонланди. У ўз арзини шу қадар оташинлик ва алам билан ифода қилдики, натижада озгина четга ҳам чиқиб кетди. У: «Адолатли ҳукм ҳам йўқ», деди.
Шубҳасиз, бу дунёда охир-оқибатда тўғирланиши керак бўлган адолатсиз ишлар содир бўлиб туради, бироқ, адолат ҳеч қачон ғалаба қозонмайди, деб таъкидлаш — муболағадир. Аввакум ҳам Аюбга ўхшаб жавоб талаб қилди. У Худо билан курашга отланди ва бу курашда баҳсни ҳал қилишга тайёргарлик кўрди. Аввакум Қодир Худодан жавоб кутиб қўриқчи минорада турар эди. Ниҳоят, Худо сўзлай бошлаганда, Аввакумнинг жавоб ҳаракати ҳам Аюбники сингари бўлди:
«Мен эшитдим ва ич-ичимдан титраб кетдим. Унинг хабарини эшитиб лабларим титради, суякларимга оғриқ кирди ва оёқларим остидаги ер қимирлаб кетди» (Авв. 3:16).
Пайғамбар ўзини ота-онасидан дакки эшитаётган ёш гўдакдек ҳис қилар эди. Унинг юраги тез-тез ура бошлади, лаблари эса титрай бошлади. Биз ҳаммамиз йиғламоқдан бери бўлиб турган гўдакни кўрганмиз. Болалар ўз йиғиларини тўхтатмоқчи бўладилар, аммо пастки лаблари титраб, уларни сотиб қўяди. Мана ҳозир биз Худонинг ҳузурида лаблари титраётган кап-катта эркакни кўриб турибмиз. У суяк-суягига ўтиб кетаётган ички чириш, парчаланишга ўхшаш ҳолатни ҳис қилди. Унинг тасаввурида гўёки суяклари чангга айланаётгандек ва у ҳозир қулаб тушадигандек эди. Аввакумнинг оёқлари чалишиб кетди — у mysterium tremendum га дуч келди. Тиззаларига қалтироқ кирди. У Худо билан бўлган курашдан тирик чиқди, бироқ, у бу курашдан базўр судралиб чиқди.
Худо ҳозир бўлган вақтдан бошлаб, Аввакумнинг барча ғазабли норозиликлари тўхтади. Тўсатдан унинг сўз оҳанги ўзгарди. Энди аччиқ умидсизлик ўрнини мустаҳкам ишонч ва умид эгаллади:
«Анжир гулламаса ҳам, узум токлари мева тугмаса ҳам, зайтун алдаса ва бошоқ дон бермаса ҳам, қўрада қўй бўлмаса ва оғилда мол бўлмаса ҳам мен Худовандни тараннум этаман. Нажот топганим учун Тангримдан хурсанд бўламан» (Авв. 3:17,18).
Бунга қадар Аввакумнинг умидсизлиги қанчалик тубсиз бўлган бўлса, у ҳозир ҳис қилаётган хурсандчилик шу қадар юқори эди. Энди у бемалол Худонинг англаб бўлмас донишмандлигига ишониши мумкин эди. Агар унинг сўзларини ҳозирги замон тилига ўтказадиган бўлсак, улар тахминан мана шундай янграган бўлар эди:
«Бюджет баланс қилинмаса ҳам, биржада акцияларимнинг нархи тушиб кетса ҳам, озиқ-овқатларнинг нархи эса осмонга чиқиб кетса ҳам майли. Маҳаллий пўлат ишлаб чиқариш корхонамизнинг маҳсулоти японларникидан ортда қолса ҳам, автомобил ишлаб чиқариш саноати эса инқирозга учраса ҳам майли. Банклар ўз эшикларини ёпишса ҳам, руслар мамлакатимизни талаб кетишса ҳам, миллий бейсбол жамоамиз эса Кубок эгалари кубоги учун бўлиб ўтган ўйинда ютқазиб қўйишса ҳам майли — мен барибир нажот топганим учун Худодан хурсанд бўламан».
Уларнинг барчаси: Ёқуб, Аюб ва Аввакум — Худога қарши кураш қилишди. Уларнинг ҳаммаси осмон қалъасини қамал қилишди. Уларнинг уччаласи ҳам мағлубиятга учрашди, бироқ, жанг майдонини руҳлари кўтарилган ҳолатда тарк этишди. Улар ўзлари тортган азоб-уқубат билан баҳо тўлашди. Худо баҳсга ўрин берди, бироқ, тинчлик ўрнатилишидан аввал қизғин кураш бўлиб ўтди.
Тарслик Шоул ҳам худди шундай синовдан ўтди — у ҳам Худо томонидан тўла-тўкис мағлубиятга учради. Шоул ашаддий фарзий бўлиб, «масиҳийлар» деб ном олган янги жамоатнинг пайдо бўлиши унда чуқур нафрат уйғотди. У масиҳийларни ер юзидан йўқ қилиб ташлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. У ҳокимиятнинг розилиги билан ҳаракат қилиб, уйма-уй юрар, биринчи масиҳийларни тутар ва уларни зиндонга ташлар эди. Стефанни тошбўрон қилишаётганларида Шоул ҳам ўша жойда турди ва оломоннинг қилмишини олқишлади. Шоул Дамашққа йўл олиш ва у ердаги масиҳийларни қирғин қилиш ҳақидаги янги вазифани олганда хурсандчиликдан ўзини қўярга жой топа олмай қолди. У айнан Дамашққа кетаётганда, йўлда муқаддас Худо билан учрашди. Шоулни шоҳ Агриппа ҳузурида суд қилишаётганларида, у бу воқеа ҳақида шундай ҳикоя қилиб берди:
«Ва мана, эй подшоҳим, кундуз куни йўлда кетаётганимда, қуёш нуридан ҳам ярқироқ бир нур осмондан порлаганини кўриб қолдим. Нур мени ва йўлдошларимни ёрқин ёғдуга чўмдирди. Биз ҳаммамиз ерга йиқилгандан кейин, менга яҳудий тилида сўзлаётган бир овозни эшитдим:
— Шоул, Шоул, нега Мени қувғин қиляпсан? Нишга қарши тепишинг қийин, — деди. Мен:
— Ё Раббий, Сен ким бўласан? — деб сўрасам, У:
— Мен сен қувғин қилаётган Исоман, — деди. — Қани, қаддингни ростлаб оёққа бос! Чунки сен Менинг хизматимда бўласан. Мени қандай кўрганинг ҳамда Мен қай тариқа сенга зоҳир бўлганим ҳақида гувоҳлик қилишинг учун сени тайинладим. Сени ўз миллатинг ва бошқа халқлар қўлидан халос қиламан. Мажусийларнинг кўзини очиб, уларни зулматдан нурга ва шайтоннинг ҳокимиятидан Худога қайтариш учун сени юбораман, токи улар Менга имон келтириб, гуноҳлари кечирилсин ва Худо азизларига насиб этадиган абадий меросга ноил бўлсинлар, — деди.
Бинобарин, эй подшоҳ Агриппа, мен кўкдан юборилган ушбу ваҳийга монелик қилмадим» (Ҳав. 26:13-19).
Шоул бутун борлиғи билан солиҳликка интилар эди. У ўзининг бутун ҳаётини Қонунга мукаммал амал қилишга бағишлаган фарзийларнинг фарзийси эди. Шоул ўз мақсадига етишиш учун қанчалик катта иштиёқ билан ҳаракат қилса, амалда Худонинг ишига шунчалик кўпроқ зарар етказар эди. Бу ерда гап бирор кишининг солиҳликка интилиши Худога маъқул келмаслигида эмас. Худо солиҳликка интилиш тарафдори, бироқ У манманлик ва такаббурликка қарши. Худо ўз-ўзига бино қўйишдан шишиб кетган кишиларга қаршилик қилади. Шоул Худо учун курашаяпман, деган чуқур ишонч билан ҳақиқатда Худога қарши курашаётган эди. Бу кураш давомида, Шоул ўзи қарши бораётган Масиҳ билан юзма-юз учрашиши керак бўлган дақиқа шубҳасиз келиши керак эди.
Худонинг Эски Аҳдда бизга аён қиладиган исмларидан бири — El Shaddai. Бу исм «Чақмоқ отувчи» ёки «Қудратли», деган маънони билдиради. Худо айнан мана шу исм билан Аюбга намоён бўлди. Аюб Худонинг — Олий Ҳукмдорнинг барча инсонларни енгувчи ва ҳеч қандай инсон енга олмайдиган, эҳтиромли даҳшат ҳиссини пайдо қилувчи кучини ўзида ҳис қилиб кўрди. Шоул Қодир Тангрини Дамашқ йўлида учратди.
Шоул ўзининг чўлда бошидан кечирган воқеаларини тасвирлаб беришни тўсатдан кўзни қамаштирувчи нур пайдо бўлганлиги билан бошлайди. Чўлдаги йўлда, кунинг қоқ ярмида қуёш жуда ҳам ёрқин нур таратар, унинг жуда ҳам юпқа атмосфера қатламидан ўтиб келаётган нурлари кўзни қамаштирар эди. Одатдаги шароитларда ушбу географик иқлимда қуёш нурлари жуда ҳам мўл бўлади. «Саҳронинг оппоқ қуёши» ёруғида бошқа бирор-бир ёруғлик сезилиши учун ўша нур ўта ёрқин бўлиши лозим. Шоул қуёш нуридан ҳам ёруғроқ, кўзни қуёш нуридан ҳам кўпроқ қамаштирувчи нур ҳақида ҳикоя қилади. У бу ёруғликни «осмондан порлаган нур» сифатида тасвирлаб берди.
«Осмондан порлаган нур» ифодаси тўғридан-тўғри нурни, осмондан порлаган «дунёвий» нурни англатмайди.
Шоул Худонинг самовий шуҳрати ҳузурида бўлган. Худонинг шуҳрати — Худо муқаддаслигининг ташқи кўринишидир. Унинг шуҳрати шундай нур таратадики, у шунчалик ёруғки, унинг ёруғида қуёш ҳам хиралашиб қолади. Ваҳийлар Китобида биз янги Қуддуснинг, осмондан тушиб келаётган янги шаҳарнинг намоён бўлиши ҳақида ўқиймиз:
«Бу шаҳарда маъбад кўрмадим. Чунки ҳар нарсага қодир Худойи Таоло ва Қўзининг Ўзи шаҳарнинг маъбадидир. Шаҳарни ёритиш учун қуёшга ёки ойга эҳтиёж ҳам йўқ. Чунки Худонинг улуғвор жамоли уни ёритади, Қўзининг Ўзи унинг ёритқичи бўлади» (Ваҳ. 21:22,23).
Янги Қуддусда қуёш йўқ, бунинг сабаби жуда оддий, чунки шаҳарга қуёшнинг кераги ҳам йўқ. Худо ва Унинг Масиҳи шуҳрати шунчалар ёруғки, унинг порлоқ нурида қуёш ҳам хиралашади. Шоул унинг нуридан кўр бўлиб қолди. Бир ўйлаб кўринг-чи, агар қуёшга тик қарасангиз нима бўлади? Қуёш тутилиши вақтида кишиларни ғалати манзара — қуёшни ёпиб турган соя ўзига жалб қилади. Шунга қарамасдан, қуёш тутилиши вақтида ҳам қуёшга тик боқсангиз, кўзингиз оғрийди ва бу кўриш қобилияти учун хавфлидир. Қуёш тутилиши олдидан оммавий ахборот воситлари бизни агар қуёшга тик қаралса, кўз нурлари жиддий шикастланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришади. Қуёшдан ҳам ёруғроқ бўлган нур қанчалар кучли бўлиши мумкин? Худонинг шуҳрати шу даражада ёрқинки, у қуёш нури бор кучи билан ёритган ёруғликдан ҳам бир неча баравар кучли бўлган ёруғликка эгадир.
Шоулга у билан курашиш учун фаришта намоён бўлмади. Бунинг ўрнинг қандайдир ғайритабиий куч уни ерга улоқтирди. Шу заҳотиёқ Шоул кўр бўлиб қолди. Ҳеч қанақанги огоҳлантириш, уни эҳтиёт бўлишга ундовчи бирор-бир енгил шабада ҳам бўлмади. Олий куч уни ерга михлаб қўйди.
Ёруғлик билан бирга осмондан овоз ҳам келди. Бу овоз ҳамма жойда баланд жойдан тушиб, тошга урилаётган шаршарага ўхшаб гулдировчи кўп миқдордаги сувнинг шовқини сифатида таърифланади. Павлус номаълум Зот яҳудий тилида, Исонинг она тилида гапирганлигини айтади. Овоз икки марта: «Шоул, Шоул», деб унинг исмини айтиб, Шоулнинг шахсан ўзига мурожаат қилади. Икки марта исм такрорланадиган бу каби мурожаат усули яқин кишига нисбатан ишлатилади ва саломни англатади. Худо худди шу усулда ёнаётган бута ичидан туриб Мусога ва Мўриё тоғидаги қурбонгоҳда Иброҳимга мурожаат қилди. Исо ҳам Қуддуснинг ҳолига ачиниб йиғлаётганида ва Ўзининг энг мудҳиш онларида, хочда Отага хитоб қилганида шу каби мурожаат усулидан фойдаланди.
«Шоул, Шоул, нега Мени қувғин қиляпсан?» Эътибор қилинг-а, овоз Шоулдан нега Масиҳ жамоатини қувғин қилаяпсан, деб сўрамади. Савол айнан «нега Мени қувғин қиляпсан?» кўринишида эди. Масиҳ жамоатига қарши чиқиш айнан Унинг Ўзига қарши чиқишни англатади. Кейин эса қуйидаги жумла: «Нишга қарши тепишинг қийин». Ниш — бу ҳўкиз қўшилган аравага михланган ёғоч ромдир. Бу ромга ўткир тиканлар ўрнатилар эди. Бу ром ҳўкизларнинг орқасига шундай жойлаштирилар эдики, агар ҳўкизлар қайсарлик қилиб, олдинга юрмай тўхтаб қолсалар, ромдаги тиканлар уларнинг оёғига кирар ва уларни юришга мажбур қилар эди. Ҳўкизларнинг қанчалик аҳмоқ бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг-а, улар оёқларига тикан кирганидан сўнг жаҳл қиладилар ва шатталайдилар. Улар қанчалик кўпроқ шатталик қилсалар, ўзларига шунчалик кўпроқ азоб берадилар.
Овоз Шоулга қарата: «Сен нодон ҳўкиз! Оёғингга тикан кириб турган бир вақтда шатталик қилишинг аҳмоқлик намунасидир! Сенинг курашинг бефойда. Таслим бўлиш вақти келди», — деяётгандек эди. Бунга жавобан Шоул оддий савол берди, бироқ бу саволнинг тагида чуқур маъно бор эди: «Ё Раббий, Сен ким бўласан?» Шоул ҳозиргина ўзини енгган Зот ким эканлигини билмас, аммо бир нарсада у шубҳаланмаётган эди — бу Зот ким бўлишидан қатъий назар, бу Тангри эди.
Шу воқеани бошидан кечиргач, худди Ёқуб Исроил бўлгани каби Шоул ҳам Павлусга айланди. Кураш якунланди. Шоул Худо билан курашди ва мағлубиятга учради. Ишаъёга ўхшаб, у ҳам ўзининг вазифасини — Ҳаворий бўлиши кераклигини билиб олди. Унинг ҳаёти тубдан ўзгарди ва шу билан бирга жаҳон тарихининг йўналиши ҳам ўзгарди. Павлус ўз мағлубияти орқали тинчликка эга бўлди.
Павлус шоҳ Агриппага ўз ҳикоясини сўзлаб бергач, шу сўзларни қўшиб қўйди: «Бинобарин, эй подшоҳ Агриппа, мен кўкдан юборилган ушбу ваҳийга монелик қилмадим». Шоул Масиҳга қарши курашда қандай иштиёқ кўрсатганлигидан қатъий назар, шубҳасиз, Масиҳ учун олиб борган курашда унинг иштиёғи солиштириб бўлмайдиган даражада ортди. У Худо шуҳратини бевосита кўрди ва ундаги бунинг натижасида пайдо бўлган таассурот шу қадар кучли эдики, энди у буни эсидан чиқара олмасди. Павлус у ҳақда фикр юритар ва ўзининг барча мактубларида унинг маъносини тушунтириб берар эди. У оқланиш нима эканлигини тушунган инсонга айланди. Унинг учун муқаддас кураш тугади ва муқаддас тинчлик бошланди. Павлус мактублари монастирдаги Лютерни уйғотган ва масиҳий жамоатга қандай қилиб Худо билан тинчликда бўлиш кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларни берган Ҳаворийга айланди.
Худо билан олиб борадиган курашимизнинг моҳияти Худонинг солиҳлиги ва бизнинг фосиқлигимиз ўртасидаги келишмовчиликдан иборатдир. У адолатли, биз эса адолатсизмиз. Бу кескинлик бизда қўрқув, адоват ва Худога нисбатан ғазаб уйғотади. Адолатсиз инсон адолатли ҳакам билан учрашишни хоҳламайди. Биз шуҳрати бизни кўр қилиши ва адолати бизни айблаши мумкин бўлган Зотдан яширинишга ҳаракат қилаётган қочқинларга айланамиз. Биз оқланиш олмагунимизга қадар (ёки олмасак) У билан уруш ҳолатида бўламиз. Оқланишга эга бўлган инсонгина муқаддас Худо ҳузурида ўзини хотиржам сезиши мумкин.
Ҳаворий Павлус оқланиш орқали эга бўлишимиз мумкин бўлган иноятлар ҳақида гапиради. Римликларга Мактубда Павлус оқланган вақтимизда, Исо Масиҳга имон келтирган вақимизда ва Унинг солиҳлиги бизнинг гуноҳларимизни ёпиб юборган вақтда биз билан нима бўлишини тушунтириб беради:
«Раббимиз Исо Масиҳга бўлган имонимизни инобатга олиб, Худо бизни оқлади ва биз билан сулҳ тузди. Раббимиз Исо Масиҳ Ўзи Худонинг иноят эшигини бизга очиб берди. Биз имонимиз туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ва Худонинг улуғворлигига эришмоқ умиди билан фахрланиб юрамиз» (Рим. 5:1,2).
Оқланганлигимизнинг биринчи меваси — бу Худо билан тузилган сулҳдир. Қадимий яҳудий учун тинчлик жуда катта иноят эди. Ҳозирги вақтда Яқин Шарқда бўлаётган воқеалар қадимий тарихнинг қайтарилишини эслатади. Канъоннинг тортиб олинишидан, то Яҳудиянинг Рим томонидан босиб олиниш давригача ва Янги Аҳд даврида Исроил бир неча йилни урушларсиз ўтказди. Фаластиннинг географик ўрни шундай жойлашганки, у Африка ва Осиёни боғлаб турувчи асосий кўприк ҳисобланади. Бу уни нафақат савдо, балки доимий урушлар учун ҳам қулай жойга айлантириб қўйди. Кичкина Исроил кўп ҳолларда бир-бири билан рақобат қилаётган икки куч орасида, болға ва сандон ўртасида қолиб кетар эди. Ҳарбий ҳаракатларда у теннис тўпи сифатида ишлатилар эди.
Яҳудий тинчликка муҳтож эди. У қиличлардан ўроқлар ясаладиган кун ҳақида орзу қилар эди. У дунёнинг Ҳокими келадиган ва тўхтовсиз адоватга чек қўядиган кунни муштоқлик билан кутар эди. Тинчликка интилиш яҳудий учун шунчалик муҳим ишга айландики, натижада тинчлик сўзининг ўзи кундалик бир-бирини олқишлашга айланди. Биз «қалайсан» ёки «хайр», дейдиган ҳолатларда яҳудийлар оддийгина қилиб: «Шалом», дейдилар. Ҳозирги кунга келиб ҳам «шалом» сўзи иброний сўзлашув тилининг ажралмас бўлагига айланган.
«Тинчлик» сўзининг асосий маъноси — ҳарбий келишмовчиликнинг барҳам топишидан иборатдир. Бироқ, бу сўзда бундан ҳам чуқур маъно мавжуд эди. Яҳудийни ички дунё, кўнгил хотиржамлиги, руҳнинг изтиробларига чек қўйишдек ҳолатлар ҳам ташвишлантирар эди. Бизда «руҳий дунё» деган жумла билан ифодаланадиган ўхшаш тушунча ҳам бор.
Мен 1945 йилнинг жазирама ёз кунини яхши эслайман. Шу куни мен Чикаго кўчаларидан бирида крикет ўйнаётган эдим. Ўша лаҳзаларда менинг бутун дунём бир чуқурчадан то бошқа бир чуқурчага қадар бўлган ер бўлагидан иборат бўлиб қолган эди. Мени ўй-фикримни эгаллаб турган ягона нарса — бу ёғоч тўқмоқнинг қўлимга тегиш навбати етиб келишидан иборат эди.
Менинг таъбим хира, ранжиган бир ҳолатда эдим, сабаби, биринчи тўп узатишим атрофимда тўсатдан бошланган тартибсизлик ва ғала-ғовур натижасида бўлиниб қолган эди. Одамлар ўз хонадонларидан югуриб чиқиб, товани қошиқ билан уриб, тақиллатишар ва бақир-чақир қилишарди. Бир неча сония ичида мен учун гўё охирзамон келгандек туюлиб кетди. Ҳар ҳолда бу менинг крикет ўйинимнинг ниҳояга етганлигини билдирар эди. Ўша тўс-тўполон ичида мен онамни ҳам кўриб қолдим. Онам мен томон отилиб келди, унинг юзларидан кўз ёшлари оқар эди. У мени қучоқлаб олди-да, бағрига босиб: «Тамом бўлди, тамом бўлди, тамом бўлди», — дея йиғи аралаш қайта-қайта такрорларди.
Бу 1945 йил, Япония устидан қозонилган алаба куни эди. Мен атрофда бўлаётган воқеаларнинг аҳамиятини яхши тушунмас эдим, бироқ битта нарса аниқ эди: уруш тугади, энди отам тез кунларда уйга қайтиб келади. Биз энди узоқ-узоқлардаги мамлакатларга самолёт орқали хат жўнатмаймиз. Жанг майдонларидаги қурбонлар ҳақида хабар берувчи янгиликлар маълумотини тингламаймиз. Ойналарда юлдузчалар билан безатилган ипак байроқлар осилиб турмайди. Озиқ-овқат карточкалари ҳам бўлмайди. Уруш тугади, ниҳоят бизнинг уйимизга тинчлик келди.
Ушбу шод-хуррамлик онлари менинг мурғак онгимда ўчмас из қолдирди. Мен тинчлик — бу муҳим нарса, у бор вақтда хурсандчилик учун, йўқ пайтда эса ғам-ғусса учун сабаб эканлигини билиб олдим.
Чикаго кўчасидаги ўша кун менда тинчлик бутунлай келди, деган тасаввур пайдо бўлди. Мен унинг бу қадар мўрт эканлигини ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас эдим. Кўп вақт ўтмай газеталарда Хитойнинг ўсиб бораётган ҳарбий қудрати ҳақидаги огоҳлантиришлар, Россия томондан солинаётган ядро уруши хавфи ва Берлиннинг қамал қилиниши ҳақидаги мақолалар босила бошлади. Америка учун тинчлик жуда ҳам қисқа бўлди, тез орада уни Кореядаги, кейин эса яна бир марта Вьетнамдаги уруш бузди.
Мўрт. Беқарор. Омонат. Ердаги оддий тинчликни мана шу сифатлар билан таърифлаб бериш мумкин. Тинчлик шартномалари ҳам худди қонунлар каби уларни бузиш учун мавжудга ўхшаб туюлади. Миллионлаб Чемберленлар муштларини ҳаяжон билан силкитган ҳолда, балконда туриб: «Биз тинчликка эришдик!», деб қичқириши мумкин, бироқ уларнинг хитоблари инсоният тарихи — адо бўлмайдиган урушлар тарихи эканлигини ҳақидаги далилни ўзгартира олмайди.
Биз тинчликка нисбатан унчалик жиддий муносабатда бўлмасликка жуда тез ўрганиб қоламиз. Уруш тинч ҳаётга жуда ҳам тез, жуда ҳам осон кириб келади. Бироқ, биз ҳаммамиз узоқ давом этадиган, ишонса бўладиган тинчлик ҳақида орзу қиламиз. Ҳаворий Павлус ўзининг Римликларга Мактубида айнан мана шундай тинчлик ҳақида гапирган. Бизнинг муқаддас Худо билан курашимиз ўз ниҳоясига етганида биз ҳам Лютерга ўхшаб, жаннат эшикларидан ўтамиз. Биз имон орқали оқланганимизда, уруш бир умрга тугайди. Гуноҳдан тозаланишимиз ва илоҳий кечиримга эга бўлишимиз билан бир қаторда биз Худо билан тинчлик шартномаси тузамиз, бу тинчлик абадий давом этади. Бу тинчлик — муқаддас, мустаҳкам ва трансцендентдир. Бу бузилиши мумкин бўлган тинчлик эмас.
Худо тинчлик шартномасига қўл қўйганда, бу шартнома абадий кучга эга бўлади. Уруш тугайди ва бошқа ҳеч қачон бошланмайди. Албатта, биз ҳали ҳам аввалгидек гуноҳ қиламиз. Аввалгидек, исён кўтарамиз. Қайта-қайта Худо нисбатан адоватимизни намоён қиламиз. Бироқ, Худо биздан фарқ қилиб, ҳеч қачон уруш ҳолатида бўлмайди. Уни бизга қарши уруш қилишга ундаш мумкин эмас. Бизни Ота олдида ҳимоя қилувчи Зот бор. Биз тинчликни сақлаб турган Воситачига эгамиз. У тинчликни сақлайди, чунки Унинг ўзи бир вақтнинг ўзида ҳам дунё Ҳокими, ҳам дунёнинг ўзи.
Биз энди Худо фарзандлари, деб аталамиз. Бу исм тинчликни сақловчиларга оқ фотиҳа сифатида берилган. Энди бизнинг гуноҳларимиз билан душман қўшинининг қўмондони эмас, балки Ота шуғулланмоқда. Биз тинчликка эгамиз. Бу тинчлик — бизнинг мулкимиз, бу Масиҳнинг имзоси билан мустаҳкамланган ва У томонидан таъминланган.
Бизнинг Худо билан тузган тинчлигимиз мўрт эмас. У барқарор. Агар биз гуноҳ қилсак, Худо норози бўлади ва бизни тарбиялаш учун ҳаракат қилади. У гуноҳимиз учун бизни жазолайди. Аммо У бизга қарши уруш бошламайди. Унинг камони тортилмаган, Унинг ғазаб ўқлари бизнинг қалбимизга қаратилмаган. Биз шартномани бузган вақтда У қуролини силкитмайди.
Оқланиш берадиган тинчлик — бу фақатгина ташқи тинчлик эмас. Қалбимизнинг энг асосий муҳтожлиги — ички тинчликка бўлган муҳтожлик Масиҳда ўз қониқишини топади. Авлиё Августин бир пайтлар шундай деб ибодат қилган эди: «Эй Тангрим, Сен бизларни Ўзинг учун яратгансан ва бизнинг қалбларимиз то Сенда тинчлик хотиржамлик топмагунга қадар, ҳузур-ҳаловатга эришмайди». Биз ички хавф-хатар туйғуси билан қийналиш нима эканини биламиз. Худодан узоқлашганлигимиз оқибатида пайдо бўладиган бўм-бўшлик ва айбдорликнинг кемирувчи ҳис-туйғуси эса бизга яхши таниш. Тинчлик ўрнатилаётган бир пайтда маъшум бўм-бўшлик тўлади ва бизнинг қалбларимиз хотиржамликка эга бўлади.
Янги Аҳд бу тинчликни шундай деб атайди: «Инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади». Бу оддий, дунё берадиган тинчликдан фарқ қиладиган муқаддас тинчликдир. Бу фақатгина Масиҳ бериши мумкин бўлган тинчликдир. Бу Масиҳнинг Ўзи эга бўлган тинчликдир.
Исо бу дунёда унчалик кўп нарсага эга бўлмаганлигини биз Хушхабарлардан ўқиб билиб оламиз. Унинг уйи ҳам, бошпанаси ҳам йўқ эди. Унинг акциялари ҳам, ўз иши ҳам йўқ эди. Исонинг ягона мулки устидаги либоси эди. Унинг шу либосини ҳам ҳукмни ижро қилиши керак бўлган аскарлар ўғирлаб олдилар. Бундан гўёки, У бир тийинсиз, Ўз меросхўрларига ҳеч вақо қолдирмай ўлган, деган тасаввур пайдо бўлади.
Биз — Масиҳнинг меросхўрларимиз. Бир қараганда, биз мероссиз меросхўрларга ўхшаймиз. Аммо, Муқаддас Китобда, Худо Ўзининг севикли Ўғлига шоҳлик ваъда қилганлиги аниқ ва равшан қилиб ёзиб қўйилган. Исо Ўз Отасидан мерос олди ва бу меросни У бизларга қолдирди. Исо биз бир кун келиб: «Эй, Менинг Отамнинг олқаганлари, келинглар! Дунё яратилгандан бери сизлар учун мерос сифатида тайёрлаб қўйилган Шоҳликни эгаллангиз», — деган сўзларни эшитишимизга ваъда берди.
Бироқ, биз олган мерос фақатгина Худо Шоҳлигидан иборат эмас. Исо Ўзининг охирги иродаси ва васиятида Ўз меросхўрларига яна битта жуда ҳам муҳим бўлган нарсани қолдириб кетди:
«Мен сизларга тинчлик қолдиряпман; Ўз тинчлигимни сизларга беряпман. Мен берган тинчлик дунё берган тинчликка ўхшамайди. Юрагингиз сиқилмасин, ҳадиксираманглар» (Юҳан. 14:27).
Мана у — Масиҳнинг мероси: тинчлик. Айнан Унинг тинчлиги бизга мерос бўлиб қолди. У Ўз совғасини бу дунёда қабул қилинган одатлар бўйича совға қилмайди. Унда яширин ниятлар ҳам, ҳеч қанақанги товламачилик ҳам, ҳеч қанақанги ёлғон ҳам йўқ. У Ўз тинчлигини бунинг эвазига бирор нарса олиш учун эмас, балки бизнинг фаровон яшашимиз учун беради. Бу ўзга дунёнинг совғаси ва у ўзга дунёда қабул қилинган қоидалар бўйича совға қилинган. Бу совға абадий бизникидир.
Тинчлик — бу оқланиш билан бирга келадиган иноятлардан бири холос. Бу муқаддас тинчликка яна бир нарса: кириш қўшилади. Кириш сўзи Худо билан кураш олиб борган ҳар бир киши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу дунёда бизни ҳар томондан эълонлар ўраб туради. Бир эълонда: «Кириш тақиқланади», бошқасида эса: «Кириш чегараланган», деб ёзиб қўйилган бўлиши мумкин. Тарихда жаннат эшикларига: «Кириш тақиқланган», деб ёзилган тахтача осиб қўйилган вақтлар ҳам бўлган. Эски Аҳд давридаги маъбадда ҳам оддий инсоннинг Худо тахтига яқинлашиши тақиқланар эди. Олийруҳоний учун ҳам кириш «чегараланган» эди. Олийруҳоний унга фақат йилда бир марта, ўта махсус эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда яқинлашиши мумкин эди. Муқаддаслардан муқаддасни маъбаднинг қолган жойларидан қалин парда ажратиб турар эди. У ерга кириш деярли тақиқланган эди. Кириш чегараланган. Оддий имонли у ерга кира олмас эди.
Исо ўлдирилган онда, Адолатли Зот адолатсиз кишилар учун ўлган дақиқада маъбаддаги парда йиртилиб кетди. Биз учун Худо ҳузурига кириш мумкин бўлди. Жаннат эшигидаги «Кириш мумкин эмас» деб ёзилган тахтача масиҳийлар учун олиб ташланди. Энди биз бемалол муқаддас ерга қадам ташлашимиз мумкин. Бизга нафақат Унинг иноятидан фойдаланиш ҳуқуқи, балки бундан ҳам каттароқ бўлган ҳуқуқ — Унинг олдига кириш ҳуқуқи ҳам берилди. Оқланган кишининг Муқаддас Зотга қарата: «Менинг олдимдан кетгин, чунки мен гуноҳкор инсонман», деб айтишига ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Эндиликда биз муқаддас Худонинг ҳузурида ҳам бемалол тура оламиз. Биз Унга ўз саволларимиз билан мурожаат қила оламиз. Худо биздан илтижоларимизни эшитмайдиган даражада узоқ эмас. Биз Унинг ҳузурига гуноҳлари Масиҳнинг солиҳлиги билан қопланган кишилар сифатида келамиз. Мен яна қайтариб айтаман: биз муқаддас Худо ҳузурида ўзимизни бемалол тутишимиз мумкин. Биз ҳали ҳам Унинг ҳузурига эҳтиром, ҳурмат ва ҳайрат билан келишимизни таъкидлаб ўтиш жоиздир. Бироқ, фавқулодда муҳим янгилик шундан иборатки, энди биз Унинг ҳузурига келишимиз мумкин:
«Бизнинг улуғ Олийруҳониймиз, яъни Aрши Aълогача ўтиб борган Худонинг Ўғли Исо бор экан, тан олган эътиқодимизни маҳкам тутайлик. Бизнинг Oлийруҳониймиз заифликларимизга ҳамдард бўлишга ожиз эмас, У ҳар томондан бизлар каби васвасага солинган, лекин гуноҳ қилмаган. Шундай экан, илоҳий марҳаматга ноил бўлиш ва зарурат вақтида иноят ва ёрдам олиш учун, Худонинг иноят тахтига жасорат билан яқинлашайлик» (Ибр. 4:14-16).
Муқаддас Китоб бизларни иноят тахтига жасорат билан яқинлашишга чорлайди.
Оқланиш олган кишилар сифатида биз ишонч билан Худога яқинлашишимиз мумкин. Жасоратни енгилтак гердайиш билан адаштирмаслик лозим. Уззо Худо олдига ишонч билан эмас, балки ўзбилармонлик билан яқинлашди. Надаб ва Абихун ишонч тугайдиган ва Худонинг улуғворлигини ҳақоратлаш бошланадиган чегарадан ўтиб кетишди. Биз Унинг олдига жасорат ва ишонч билан келишимиз зарур. Ундан узоқлашишга ёки Унинг ҳузурига кириш олдидан иккиланишга ҳожат йўқ. Бироқ, Худо ҳузурига келгач иккита нарсани: Унинг Ким эканлигини ва ўзимизнинг ким эканлигимизни ёдимиздан чиқармаслигимиз зарур.
Масиҳий учун муқаддас уруш тугади ва тинчлик бошланди. Энди биз Ота ҳузурига кириш ҳуқуқига эгамиз. Бироқ, биз ҳали ҳам аввалгидек Тангримиз олдида титрашимиз лозим. У ҳали ҳам муқаддас. Бизнинг титроғимиз — бу эҳтиром ва ҳайрат титроғи. Енгил шабададан ҳам қалтирайдиган қўрқоқ ёки бутпарастнинг титроғи эмас. Лютер айтганидек, биз Худодан маҳбуснинг ўз азоб берувчиси қаршисидаги қулларча қўрқуви билан эмас, балки ўз Отасининг норозилигини уйғотишни хоҳламаётган гўдакнинг қўрқуви билан қўрқишимиз лозим. Биз Унинг ҳузурига ишонч билан яқинлашамиз. Биз Унинг олдига жасорат билан келамиз. Бизда кириш ҳуқуқи мавжуд. Биз муқаддас тинчликка эгамиз.
Инглиз тилидаги нусхада: «Адолат ҳеч қачон ғалаба қилмайди». — Тарж. изоҳи.
Инглиз тилидаги матнда: «осмонлардан порлаган нур». — Тарж. изоҳи.
Инглиз тилидаги матнда: «ишонч билан». — Тарж. изоҳи.
Книга на Узбекском языке: Святость Бога (Роберт Спраул)
Эта книга, написанная одним из самых блестящих мыслителей наших дней, поставила меня на колени и драматически изменила мою христианскую жизнь. Ее обязательно нужно прочитать каждому христианину" (Чак Колсон, автор книги "Любящий Бог").
Это глубокое и волнующее исследование характера Бога. Особый акцент сделан на святости, присущей Богу, которая помогает христианину увидеть себя и свои дела в истинном свете. Р. Спраул говорит: "Это влияет на каждый аспект нашей жизни: экономику, политику, спорт, любовь - на все, чем мы живем.