Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул) 5 bob

Роберт Спраул. Худонинг Муқаддаслиги - (5 Боб) Китоб Ўзбек тилида

Xudoning Muqaddasligi  (Robert Spraul) O‘zbek tilida AudiokitobXudoning Muqaddasligi  (Robert Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob

 

Мундарижа

1-БОБ. Муқаддас граал

2-БОБ. Муқаддас, Муқаддас, Муқаддас

3-БОБ. Титроққа солувчи сир

4-БОБ. Муқаддаслик етказган жароҳат

5-БОБ. Лютернинг телбалиги

6-БОБ. Муқаддас адолат

7-БОБ. Муқаддас худо билан уруш ва тинчлик

8-БОБ. Муқаддас бўлинг

9-БОБ. Худо ғазабга тўлган гуноҳкорлар қўлида


5-БОБ Лютернинг телбалиги

 

Худонинг Худо бўлишига йўл қўйиб беринг.

МАРТИН ЛЮТЕР

 

Аагарда биз ўз онгимизни Худонинг муқаддаслиги ат рофида жамлайдиган бўлсак, у ҳолда бунинг натижа си ташвишли бўлиши мумкин. Руҳи Худо шахсини чуқур ҳис қилиш натижасида чексиз ҳайратга тушган инсонлардан бири Мартин Лютер эди. Лютернинг ғайриоддий феъл-атвори, шубҳасиз, Худони ўрганиш таъсири остида шаклланди. Бу ҳол унинг шахсини ривожлантирдими ёки буздими? Худо билан учрашиш таъсири остида унинг руҳи покландими ёки бу учрашув уни мажруҳ қилиб қўйдими?

«Мен Худони севаманми? Баъзида мен Ундан нафратланаман!» Лютердек ўз диний интилишлари туфайли ҳурматга сазовор бўлган кишининг оғзидан бундай сўзларни эшитиш кишини ҳайратга солади. Бироқ, у шундай деган. У ўзининг «ғазаблантирадиган» фикрлари билан машҳур бўлди. «Баъзан менга Масиҳ — бу қўлида қилич ушлаб келадиган қўрқинчли ҳакамдан бошқа ҳеч ким эмасдек бўлиб туюлади». Ва: «Бу Мусони деб киши ўзини-ўзи осиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас!»

Бу инсон телба эдими? Бу саволга жавоб беришга ҳаракат қилишдан аввал, у ҳақда телба деган тасаввур пайдо бўлишига сабаб бўлган Лютер шахсининг хусусиятлари ва ҳулқининг ўзига хос томонларини кўриб чиқайлик.

Лютер феъл-атворининг биринчи хусусияти — бу унга хос бўлган тез ғазабланиш ва тилининг ёмонлиги. У ўзини танқид қилувчи кишиларни «итлар», деб аташни яхши кўрар эди. Танқидчиларнинг ўз асарига нисбатан танқидларини эшитган пайтда у: «Итлар вовуллашни бошлади», — дер эди. Унинг маърузалари вақти-вақти билан қўпол, очиқдан-очиқ уятсизликларга тўла бўлар эди.

Мисол сифатида Эразм Роттердамскийнинг «Фош қилиш» асарига Лютернинг жавобини кўриб чиқайлик:

«…Менда сизнинг далил-исботларингизга жавоб қайтариш — вақтни бутунлай бекор ўтказиш деган таассурот пайдо бўлаяпти. Менинг ўзим уларнинг нотўғри эканлигини кўп марта исбот қилдим, Филипп Меланхтон ўзининг илоҳиёт таълимотларига бағишланган бебаҳо меҳнатида уларни ер билан битта қилиб ташлади. Менинг фикрим бўйича, токи ўқиш тушунчаси мавжуд экан, унинг бу китоби уни ўқишга арзийди. Бу китоб жамоат қоидалари сафидан муносиб ўрин олиши керак. Агарда сизнинг «асар»ингизни у билан солиштириб кўрадиган бўлсак, сизнинг ижод маҳсулингиз ўзининг арзимаслиги билан кишини шу даражада ҳайратга соладики, сиз ўзингизнинг ажойиб, дабдабали нутқингизни шундай ярамаслик билан булғаганингиз сабабли менинг юрагим сиз учун қонга тўлди. Менинг фикримча бундай бемазаликни шундай камдан-кам учрайдиган нотиқлик либоси билан безаш — бу боғдан чиққан ахлат ёки гўнгни олтин ва кумуш идишларга солиб ташиш билан тенгдир».

Лютернинг тўполончилиги Марбургдаги муҳим учрашув пайтида кўринди. Ёш протестантлик ҳаракатининг раҳбарлари Қутлуғ Кечага нисбатан бўлган келишмовчиликни бартараф қилиш учун йиғилдилар. Суҳбатнинг ўртасига келиб Лютер қайта-қайта: «Hoc est corpus meum, hoc est corpus meum», — деб, столни муштлай бошлади. («Бу менинг танам».) Унинг бу қилмиши бизга Никита Хрушевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги қизишиб кетиб, оёқ кийими билан минбарга урганлигини эслатади. Бу унга сўнмас шуҳрат олиб келган эди.

Шубҳасиз, Лютер вақти-вақти билан ўзини тута олмай қолар эди. У манманликка тоқат қила олмасди. У кишиларни тез-тез ҳақоратлар эди (масалан, уларни итлар деб атар эди). Буларнинг ҳаммаси Лютер ҳулқининг аҳлоқли эканлигига шубҳа қилишга мажбур қилса ҳам, ҳали уни телба дейишга асос бўла олмасди.

Бироқ бу ерда оддий суҳбат услубидан кўра каттароқ нарса бор. Вақти-вақти билан унинг ҳатти-ҳаракати очиқдан-очиқ ғалати бўлар эди.

У бир қатор фобиялардан азоб чекар эди. Лютер қандай қилиб кучли момақалдироқда қолиб кетганлиги ҳақидаги ҳикоя кўпчиликка танишдир. Яшин унинг ёнгинасига шундай куч билан урилдики, натижада Лютер ерга қапишиб қолди. Жамоатнинг буюк тарихчиси ва Лютернинг таржимаи ҳолини ёзган Роланд Бейнтон бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:

«Бу воқеа Стоттернхеймдаги саксон қишлоқларидан бирининг чеккасида содир бўлган эди. 1505 йилнинг жазирама июль кунида, ёлғиз йўловчи иссиқдан ёрилиб кетган йўл бўйлаб зўрға судралиб борар эди. Бу паст бўйли, бақувват гавдали, университет талабалари каби кийинган ёш йигит эди. Тўсатдан жала қуйди ва ҳақиқий бўронга айланди. Осмонда чақнаган яшин қоронғуликни ёриб ўтди ва йигитни ерга михлаб қўйди. Туришга ҳаракат қилган ҳолда, даҳшатга тушган йигит хитоб қилди: «Биби Марям, менга ёрдам бер! Мен роҳиб бўламан».

Муқаддас кишини ёрдамга чақирган инсон, кейинчалик муқаддас кишилар таълимотидан воз кечади. Роҳиб бўлишга ваъда берган киши роҳибликнинг энг ашаддий душманларидан бирига айланади. Католик жамоатнинг садоқатли фарзанди кейинчалик ўрта асрлар католиклиги таркибини титратган инсонга айланади. Папанинг содиқ хизматкори бўлган бу инсон келажакда папаларни дажжолга тенг қилади. Мана шу киши Мартин Лютер эди».

Шу воқеадан кейин тез ўтмай Лютер ўз ваъдасининг устидан чиқди. У ҳуқуқий фанлар мажмуи бўйича ўтказиладиган машғулотларини ташлаб, монастирга кетди ва бу иши билан отаси Гансни қўрқитиб юборди.

Лютерни ғайри табиий ўлимдан қўрқиш ҳисси таъқиб қилар эди. У бундай ўлимни илоҳий суд ва жазо ифодаси деб тушунар эди. Лютер бутун умри давомида ошқозон оғриғи ва барча касалликлар ичида энг азоблиларидан бири буйрак тоши касаллиги билан азоб чекди. У бир неча бор ёзма равишда ўз ўлимини олдиндан хабар қилди. У бир неча бор ўзини қабрдан бир неча кун ёки ҳафталар ажратиб турганлигига ишончи комил эканлиги ҳақида гапирган. Яшин чақноғи унинг онгида ўчмас чандиқ қолдирди.

Яшин уриши туфайли бир ўлимдан қолган кишиларнинг ҳар бири ҳам Лютердек йўл тутмайди. Бир неча йил аввал, Чикагодан унчалик узоқ бўлмаган жойда ўтказилаётган гольф бўйича «Очиқ ғарб» чемпионати вақтида, учта гольф ўйичисининг ёнгинасига яшин тушди. Яшин уларни ерга қапиштириб ташлади. Улардан бири, Ли Тревинонинг елкаси қаттиқ лат еди ва бу нарса унинг спорт билан шуғулланишига жиддий тўсқинлик қилди. Бу воқеадан анча вақт ўтгач телевизион ток-шоуда ундан интервью олишди. Бошловчи Тревинодан «Бу ҳодиса сизни нимага ўргатди?», деб сўраганида, у ўзи учун хос бўлган ҳазил оҳангида: «Бу воқеа мени, агар Тангри барча чуқурчаларга копток туширишга қарор қилган бўлса, у ҳолда яхшиси Унга ҳалақит бермаслик маъқул эканлигига ўргатди», — деб жавоб берди. Кейин яна шундай деб қўшиб қўйди: «Момақалдироқ вақтида мен ўз металл човганимни юқорига кўтариб туришим керак эди». Бошловчи бу сўзларни эшитиб, ҳайрон бўлди. «Нима сабабдан?», — қизиқиш билан сўради у. Тревинонинг кўзлари чақнаб кетди: «Чунки, Худо ҳам унга теккиза олмайди!» — деб қочириқ қилди у.

Яшин билан тўқнаш келиш тажрибасидан Тревино ўз репертуари учун бир нечта янги ҳазилга эга бўлди. Лютер эса ҳаётда янги йўлга — роҳиб ва уламо йўлига эга бўлди.

Лютернинг узоқ чўзилган ошқозон касаллиги табиати психосоматик бўлган бўлиши мумкин. Лютерда мавжуд бўлган невротик фобиялар тўғридан-тўғри унинг ошқозонига йўналган, деган фикр пайдо бўлади. Лютер азоб чеккан метеоризм касали унинг ўзи томонидан қисман кўпиртирилиб айтилганлиги сабабли афсоналарга кирган. Унинг асарларида қусиш ва ел чиқариш ҳақидаги маълумотлар тез-тез кўзга ташланади. У: «Агар мен Виттенбергда ел чиқарсам, бу Лейпцигда эшитилади», — дер эди.

Бахтга кўра, Лютер ўзининг метеоризмига қандайдир маънода «муқаддас» қўлланиш топа олди. У ўз талабаларига ел чиқариш — бу иблис ҳужумларини қайтаришнинг энг самарали усули, деб ўргата бошлади. Лютер, кўп жойларда, иблис билан курашнинг яна бир усули сифатида, унга сиёҳдонни отиш ҳақида гапирар эди. Лютер ўзининг иблис билан курашини қамал қилишни таърифлаш учун ишлатиладиган ҳарбий иборалар ёрдамида ифода қилиб берар эди. У ўзини шайтоннинг шахсий нишони, деб ҳисоблар эди.

Иблис ҳақидаги ҳикоялар психологлар учун бой озуқа беради. Бу ҳикояларда улар руҳий касалликнинг иккита белгисини кўрадилар. Фаразларга кўра, Лютер бир томондан галлюцинациялар билан азоб чеккан бўлса, иккинчи томондан, унда, худди Зулмат ҳукмдори уни ўзининг нишони қилиб олганидан иборат бўлган улуғлик васвасаси мавжуд бўлган.

Ҳозирги кунга келиб биз бир қанча устунликларга эга бўлдик, чунки биз бу воқеаларни жамоат тарихи таъсири орқали кўриб чиқишимиз мумкин. Шу сабабли, ўн олтинчи асрда иблиснинг қудрати айнан Мартин Лютер томонга кучлироқ қаратилганлиги ҳақидаги фаразлар бизни ҳайратга солмайди.

Лютер ҳаётидан олинган яна бир лавҳа — унинг жамоатдаги биринчи хизматининг байрам қилиниши психиатрларни қош чимиришга мажбур қилади. Бу вақтга келиб, Лютер ёш ва катта истиқболга эга бўлган уламо сифатида машҳур эди. Бироқ, унинг ваъзхон ва моҳир нотиқ сифатидаги келажаги замондошлари учун ҳали номаълум эди.

Лютернинг биринчи хизматидан кейинги байрам унинг халойиқ олдидаги биринчи чиқиши эди. Бу унинг руҳоний сифатидаги фаолиятининг бошланиши бўлди. Қари Ганс Лютер ўғлининг роҳиб жуббасини кийиш учун бадавлат ҳаёт ваъда қилувчи ҳуқуқшунослик илмини ташлаш ҳақидаги қарорига кўнай деб қолган эди. У ўз ўғли билан фахрлана бошлади — «Менинг ўғлим, руҳоний». Яқинлашиб келаётган биринчи хизмат кунига худди оилавий байрам сифатида қарардилар. Мартиннинг қариндошлари унинг байрами гувоҳлари бўлиш учун йиғилганлар қаторидан жой олдилар.

Йиғилганлардан ҳеч бири содир бўлажак воқеани кутмаган эди. Лютер ўз ваъзини жуда хотиржам ва дабдаба билан бошлади. Ундан руҳонийликнинг улуғворлик нури таралаётгандек бўлиб туюлар эди. Муқаддас қилиш ибодатига, хизматдаги у руҳоний сифатида биринчи бор ўз вазифасига киришадиган ва буюк Евхаристия (нон ва шаробни Масиҳ танаси ва қонига айлантириш) мўъжизасини амалга ошириш учун Худо қудратини чақирадиган дақиқага келганда — Лютер тўхтаб қолди.

У меҳроб олдида тўхтаб қолди. Қадайдир куч уни турган жойига михлаб қўйганга ўхшар эди. Унинг кўзлари бир нуқтага тикилганча қолди, пешонасида тер томчилари ялтираб кўринди. Атрофга жимжитлик чўкди, барчанинг нигоҳи Мартинга қаратилган эди. Йиғилганлар нигоҳлари билан ёш руҳонийни давом этишга ундар эдилар. Ганс Лютер ўзини ноқулай сеза бошлади. Ўғлининг пастки лаби титрай бошлади. У хизмат сўзларини айтишга ҳаракат қилди, бироқ оғзидан бирор товуш чиқмади. У оқсоқланиб отаси ва меҳмонлар — оила аъзолари ўтирган стол ёнига қайтиб келди. Мартин муваффақиятсизликка учради. У хизматни бузди, ўзини ва отасини шарманда қилди. Ганс дарғазаб бўлди. У боягина монастирга сахийлик билан ҳадялар берган эди, энди эса ўғли шарафига бўлаётган иззат-эътиборнинг гувоҳи бўлиш учун келган жойда ўзини камситилгандек сезиб ўтирибди. У Мартинни бўралаб сўка бошлади ва унинг руҳонийликка нолойиқлиги ҳақидаги саволни ўртага ташлади. Мартин ўзини ҳимоя қилар, яшин вақтида сезган юқоридан келган даъватга ишора қилган ҳолда, руҳоний бўлиш — унинг вазифаси эканлиги ҳақида гапирар эди. Ганс эса унга қарата: «Худога илтижо қил, токи сенинг сезганларинг иблис тасаввури бўлиб чиқмасин», — деб эътироз билдирар эди.

Меҳроб олдида нима юз берди? Лютернинг тушунтиришларига қараганда, у: «Биз буни Сенга, тирик, ҳақ, абадий Худога олиб келдик», деган сўзларни талаффуз қилиши керак бўлган дақиқада шол бўлиб қолди. У мана шундай дейди:

«Шу сўзларни талаффуз қилиш вақти келганда, мен бутунлай эсанкираб қолдим. Мени қўрқув ўраб олди. Мен ўзимча шундай деб ўйладим: «Барча инсонлар ҳатто ердаги ҳукмдорларнинг олдида титрашлари лозим бўлса, у ҳолда мен бундай улуғворлик билан қандай тилда гаплашишим керак? Мен кимманки, илоҳий Улуғворликка кўзимни тик қилиб қарайман ёки қўлимни чўзаман. Уни фаришталар ўраб туради. У бошини қимиллатган вақтда ер титрайди. Мен ожиз, кичкина бир одамча: “Мен буни хоҳлайман, мен буни сўрайман”, — дея оламанми? Чунки мен тупроқ ва кул, гуноҳга тўла инсонман ва мен тирик, абадий, ҳақ Худо билан гаплашаяпман».

Бироқ, бу лавҳалар Лютер ақлининг расолиги ҳақидаги саволни ҳал қилишда катта аҳамият касб этмайди. Биз ўз диққат-эътиборимизни Лютер ҳаётининг энг ҳаяжонли онларига қаратишимиз лозим. Бу он бутун масиҳий дунё учун ҳаяжонлидир. Лютер ҳаётидаги энг оғир синов 1521 йилда, Вормсда император суди йиғилган вақтга тўғри келди. Ҳокимият ва жамоат ҳукмдорлари олдида, муқаддас Рим империясининг императори Чарльз ҳузурида кончининг ўғлини бидъат учун суд қилдилар.

Илоҳиёт илмининг профессори ҳисобланган Лютер тўқсон бешта қоида ёзилган варақни Виттенбергдаги жамоат эшигига қоқиб қўйганидан сўнг воқеалар назорат остидан чиқиб кетди. Лютер бу қоидаларни уламолар учун муҳокама мавзуи сифатида олдинга сурган эди. Унда бу муҳокамани миллий ёки халқаро даражга олиб чиқиш истаги йўқ эди. Бу қоидалар баъзи кишиларнинг, аниқроғи талабаларнинг қўлига тушиб қолди ва улар Гутенбергнинг ажойиб кашфиётидан фойдаландилар. Икки ҳафтадан сўнг бу қоидалар бутун Германияда суҳбат мавзуига айланди. Бейнтон содир бўлган воқеаларни тушунтириб бериш учун Карл Бартнинг тасвиридан фойдаланди:

«Лютер қоронғу тунда қадимий ибодатхона қўнғироқхонасининг айланма пиллапоясидан юқорига кўтарилаётган кишига ўхшар эди. У зулмат ичида таянч қидириб қўлини чўзди ва унинг қўли арқонни ушлади. У қўнғироқ жарангини эшитиб, қотиб қолди».

Баҳслар қизғин тус олиб кетди. Қоидаларни Римга олиб боришди. Ўша пайтда Лев X папа эди. Афсоналарга кўра, у қоидаларни ўқиб чиққач, шундай деди: «Лютер — маст немис. Унинг кайфи тарқагач, у ўз фикрини ўзгартиради». Уламолар ва роҳиблар ордени ўртасида кураш борар эди. Лютер бу урушнинг энг қизғин бораётган жойлари — Аугсбург ва Лейпцигда қатнашди. Бу икки шаҳарда энг аёвсиз баҳслар борар эди. Охир-оқибатда папанинг Лютерни айбловчи расмий буйруғи эълон қилинди. Ҳужжатнинг сарлавҳаси, «Ersurge Domine», унинг бош сўзларидан олинган эди: «Тур, Тангрим, менинг ишимни ҳал қилиб бер. Менинг токзоримга ёввойи тўнғиз оралади».

Буйруқ эълон қилинганидан сўнг, Римда Лютернинг китобларини ёқиб юборишди. Лютер норозилик билдириб, императорга мурожаат қилди. Ниҳоят, Вормсда суд йиғилди ва Лютерга хавф-хатарсиз юриш имкониятини берувчи ҳужжат берилди (Лютер судга кела олиши учун).

Айнан Вормсда бўлиб ўтган воқеага ўхшаш воқеалар афсоналарнинг келиб чиқишига асос бўла олади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, айнан мана шу воқеалар афсоналарни келтириб чиқарди. Голливуд ҳам шу саҳнага ўз сеҳрли таёқчасини теккизди. Вормсдаги Лютер ҳақидаги энг кенг тарқалган тасаввур ҳокимиятга қарши чиққан шавкатли қаҳрамон тасвирида гавдаланади. Лютерга савол беришади: «Сен ўз асарларингдан воз кечасанми?» Биз Лютерни ўз душманларидан баландда турган, муштларини силкитаётган ва уларнинг юзига тик қараб: «Шу сўзимда тураман!» — деб бақираётган инсон қиёфасида тасаввур қиламиз. Сўнгра, у бурилади ва кишиларнинг олқишлари остида зални тарк этади. Оқ отга минади ва ботаётган қуёш нурлари остида, протестантлик Реформациясини бошлаш учун от чоптириб кетади, — деб ўз тасаввуримизни давом эттирамиз.

Энди эса — воқеа аслида қандай бўлганлигини кўриб чиқамиз.

Иш бўйича биринчи тинглаш 17 апрелда бўлиб ўтди. Суд залидаги муҳит чўғ каби қизиган, барча қатнашувчилар бўлажак очиқ фикр алмашинувлари олдидан ҳаяжонга тушиб ўтирар эди. Лютер судга келиш олдидан қуйидаги сўзларни дадиллик билан айтди:

«Менинг Вормсдаги қайтишим қуйидагича бўлади: «Мен олдин, папа — Масиҳнинг ўринбосари, дер эдим. Мен бу фикримдан қайтаман. Энди мен, папа — Масиҳнинг душмани ва иблиснинг хизматкори, дейман».

Халойиқ янги дадилликни сабрсизлик билан кутар эди. Одамлар нафас олмай, ёввойи тўнғиз жазавага тушадиган дақиқани кутар эдилар.

Император судининг мажлиси очиқ, деб эълон қилинганида, Лютер улкан залнинг ўртасида турар эди. Лютернинг ёнидаги столда унинг шунча баҳсни келтириб чиқишига сабаб бўлган китоблари турар эди. Суд хизматчиси ундан: «Бу китоблар сеникими?», — деб сўради. Лютер зўрға пичирлаб жавоб берди: «Бу китобларнинг бари меники ва мен бундан бошқа китобларни ҳам ёзганман». Кейин ҳал қилувчи савол янгради — Лютер ўз китобларидан воз кечишга тайёрми? Ҳеч қандай мушт силкитиш ҳам, ҳеч қанақанги қўпол сўз ҳам йўқ эди. Лютер яна пичирлаб жавоб берди: «Ўтинаман, менга ўйлаб кўриш учун вақт беринг». Лютер худди ўзининг биринчи хизматида бўлгани каби қоқилди. Ўз-ўзига бўлган ишонч уни тарк этди. Ёввойи тўнғиз кутилмаганда аянч билан ангиллаётган кучукчага айланиб қолди. Император бу илтимосдан ҳайратга тушди ва бу олдиндан яхшилаб ўйлаб қўйилган тактик юриш, илмий мунозараларда тажриба орттирган уламонинг суд ишини боши берк кўчага олиб кириш, уни тўхтатиб қўйиш учун қилаётган ҳаракати эмасмикан, деб ўйлаб қолди. Шунга қарамасдан, Лютернинг ўйлаб олиши учун йигирма тўрт соат ажратиб, раҳмдиллик билан эртанги кунгача вақт берди.

Ушбу тунда Лютер ёлғизликда, ўзининг хонасида ўтириб, инсон қўли билан яратилган ибодатлар ичида энг таъсирли бўлган ибодатлардан бирини ёзди. Бу ибодатда Худо олдида тиз чўкаётган ва адоватли кишиларга қарши ёлғиз курашишда енгилмаслик учун ўзининг бор матонатини йиғишга ҳаракат қилаётган итоатли инсоннинг қалби очиб берилади. Лютер учун бу унинг шахсий Гетсемания боғи эди:

«О, Раббим, Қудратли, абадий Худо! Бу дунё қанчалар даҳшатли! Қара, у мени ютиб юбориш учун қандай қилиб оғзини очмоқда, менинг Сенга бўлган ишончим қанчалар заиф… Тананинг заифлиги ва иблис кучи! Агар мен бу дунёнинг кучига ишонсам, у ҳолда барчаси тамом… Мотам қўнғироқлари жаранглади… Ҳукм эълон қилинди… О, Худо! О, Худо! О, Худовандим! Бу дунё донишмандликларига қарши тура олишимга ёрдам бер. Сендан ёлвориб сўрайман. Сен буни амалга оширишинг керак… буни Ўз қудратли кучинг билан амалга ошир… Бу менинг ишим эмас, балки Сенинг ишинг. Мен бу ерда ҳеч нарса қила олмайман… Мен бу дунёнинг улуғ кишилари билан ҳеч нарсани бўлиша олмайман! Мен жоним билан ўзимнинг қолган умримни тинчлик ва хотиржамликда ўтказган бўлар эдим. Бироқ, бу — Сенинг ишингдир. У ҳақ ва абадийдир! Тангрим! Менга ёрдам бер! О, садоқатли ва ўзгармас Раббим! Мен инсонга ишонмайман. Бу ҳамма вақт бефойда бўлиб келди! Барча инсоний нарсалар мустаҳкам эмас, инсондан бўлган барча нарсалар барбод бўлишга маҳкум қилинган! Тангрим! Тангрим! Наҳотки мени эшитмаётган бўлсанг? Тангрим! Наҳотки Сен тирик бўлмасанг? Йўқ, Сен ҳеч қачон ўлмайсан. Сен фақатгина яшринасан. Сен мени шу иш учун танлаб олдинг. Мен буни биламан!.. Демак, Ўзингнинг шахсий иродангни бажар! Менинг қалқоним, менинг таянчим, менинг қалъам бўлмиш севикли Ўғлинг Исо Масиҳ ҳаққи мени ташлаб кетма.

Тангрим — Сен қаердасан?.. Худовандим, қаердасан?.. Кел! Мен ўтиниб сўрайман, мен тайёрман… Қара, мен қўзи каби азоб чеккан ҳолдаман… Сенинг ҳақиқатинг учун ўз ҳаётимни қурбон қилишга тайёрман. Чунки бу иш муқаддасдир. У — Сенинг шахсий ишинг! Мен Сени қўйиб юбормайман! Йўқ, ҳеч қачон! Бу дунё шайтонларга тўлиши керак бўлса ҳам, Сенинг ижодинг бўлмиш бу тана оёқлар тагида қолиб кетса ҳам, бўлакларга бўлиниб, …ёндирилиб кўмирга айлантирилса ҳам, менинг қалбим Сенга тегишли бўлади. Менда Сенинг шундай бўлиши кераклиги ҳақида хабар берувчи сўзларинг бор. Менинг қалбим Сенга тегишли ва у абадий Сен билан бирга бўлажак! Омин! О, Тангрим менга ўз ёрдамингни юбор!.. Омин!»

Кейинги кун Лютер мажлислар залига қайтиб келди. Бу сафар унинг овози титрамас ва иккиланмас эди. У ўзига қарата берилган саволга жавобан нутқ сўзлашга ҳаракат қилди. Охир-оқибатда, инквизитор ундан тўғри жавоб беришни талаб қилди:

«Мартин, мен сендан сўраяпман — тўғри ва четга чиқишларсиз сўраяпман — сен ўзингнинг китобларинг ва уларда мужассам бўлган хато фикрларингдан қайтасанми ёки йўқми?»

Лютер жавоб берди:

«Жаноби олийлари ва муҳтарам зотлар оддий жавоб хоҳлаётганликлари сабабли, мен тўғри ва четга чиқишларсиз жавоб бераман. Агар Муқаддас Ёзувлар ва онгнинг инкор қилиб бўлмайдиган далиллари бундай эмас эканлигига мени ишонтирмасалар, мен папа ва жамоат арбобларининг нуфузини тан олмайман. Чунки папа ва жамоат арбоблари Муқаддас Китоб таълимотига қарама-қаршидирлар, менинг қалбим эса Худо Каломи асиридир. Мен ҳеч нарсадан қайта олмайман ва қайтмайман ҳам, чунки виждон амрига тескари бориш нотўғри ва хавфлидир. Шу сўзимда тураман ва бошқача бўла олмайман. Раббим, менга ёрдам бер. Омин».

Бу телба кишининг сўзларими? Бўлиши мумкин. Инсон қандай қилиб ёлғиз ўзи папа ва императорга, маслаҳатлар ва буйруқларга қарши, масиҳий дунёнинг ташкиллаштирилган ҳокимиятига қарши боришга журъат қилди, деган савол пайдо бўлади. Энг ёрқин илм соҳиблари ва жамоатнинг энг юқори вакилларига қарши чиқиш, ўз онги ва Муқаддас Китобнинг ўз хусусий талқини билан бутун дунёга қарши бориш учун қанчалик даражада ўз-ўзига ишонч ва ҳаттоки такаббурга эга бўлиш керак эди! Бу нима — худбинликми? Ёки улуғворлик васвасасими? Бу Муқаддас Китоб доҳийсининг намоён бўлишими, муқаддас кишининг матонатими ёки савдойи кишининг алаҳсирашими? Бу саволларга бериладиган жавоб қай тарзда бўлмасин, у нимага қарши бормасин — ёмонликка қаршими ёки яхшиликка қаршими, ана шу ёлғиз кишининг қаршилиги масиҳийлар дунёсини чил-чил қилиб юборди.

Бу ҳодиса жамоат ва Мартин Лютернинг шахсий тарихи учун қай даражада муҳим бўлишидан қатъий назар, олимларнинг Лютерни телба, деб ҳисоблашлари учун бу нарса сабаб бўлмади. Бу инсонда янада ғайриоддийроқ, ғайри табиийроқ ва ҳақиқатда даҳшатлироқ бир нарса бор эди. Бу таассурот Лютернинг роҳиб бўлгандаги ҳаёти билан боғлиқдир.

Роҳиб бўлганидан сўнг, у астойдил равишда, зоҳидлик йўлидан борди. У ўз олдига баркамол роҳиб бўлиш мақсадини қўйди ва тиришқоқлик билан ўз мақсади сари юра бошлади. Лютер бир неча кунлаб рўза тутар ва ўз-ўзини қийнашнинг энг аёвсиз шаклларини қўллар эди. Ўз-ўзини чегаралаш масаласида у монастирда қабул қилинган қоидалардан ҳам ўзиб кетди. Лютернинг ибодати бошқаларникидан узоқроққа чўзилар эди. У монастир низоми бўйича берилиши керак бўлган кўрпачадан воз кечди ва бир куни совуқда музлаб ўлиб қолишига сал қолди. Лютер ўз танасини шу даражада қийнар эдики, кейинчалик унинг ўзи айнан роҳиблик пайтида ўз овқат ҳазм қилиш аъзосига тиклаб бўлмас зарар етказганлигини тан олган эди. У ҳаётининг бу даври ҳақида шундай ёзади:

«Мен яхши роҳиб эдим. Мен роҳиблик ордени қоидаларига шу даражада қатъий амал қилар эдимки, агар ўз роҳиблик ишлари билан осмонга кўтариладиган роҳиб бор бўлса, у ҳолда ўша роҳиб — менман. Монастирдаги барча биродарларим менинг бу гапларимни тасдиқлашади. Агар мен шу тарзада яна озгина давом этганимда эди, тунларни бедор ўтказиш, ибодат қилиш, китоб ўқиш ва бошқа ишлар билан ўзимни-ўзим ўлдириб қўйган бўлар эдим».

Лютернинг юриш-туришидаги энг ғалати одатларидан бири бу унинг кундалик тавба қилиш одати эди. Тавба қилиш роҳиблардан талаб қилинар эди, бироқ ҳар куни эмас. Талаб, роҳиб ўзининг барча гуноҳларига тавба қилиши кераклигидан иборат эди. Лютер бирор кунни ҳам гуноҳ иш қилмасдан ўтказа олмас эди, шу сабабли у гуноҳлардан фориғ бўлиш учун ҳар куни тавба қилиш керак, деб ҳисоблар эди.

Тавба қилиш роҳиблар кундалик ҳаётининг бир қисми ҳисобланар эди. Бошқа биродарлар мунтазам равишда ўз руҳонийларининг олдига келар ва шундай дер эдилар: «Авлиё ота, мен гуноҳ қилдим. Ўтган кеча мен ётиш вақти бўлгандан кейин ухламадим ва шам ёруғида Муқаддас Китобни ўқидим». Ёки: «Кеча тушлик вақтида биродарим Филиппнинг картошкали салатини егим келди». (Монастирда яна қандай гуноҳ ишларни қилиш мумкин?) Руҳоний уларнинг тавбасини эшитар, гуноҳларини кечирар ва оз миқдорда жарима белгилар эди. Шу билан тавба қилиш тугар эди. Бунинг ҳаммасини амалга ошириш учун бор-йўғи бир неча дақиқа лозим эди.

Биродар Лютер билан бундай бўлмас эди. У ўз руҳонийсини телбаликкача олиб борар эди. Гуноҳларнинг қисқача санаб ўтилиши Лютерни қаноатлантирмас эди. У ўз ҳаётида тавба қилинмаган бирорта ҳам гуноҳ қолмаганлигига ишонч ҳосил қилишни истар эди. У тавба қилиш учун борар ва у ерда ҳар куни соатлаб ўтирар эди. Лютер, олдинги кун содир қилган гуноҳларига тавба қилиш учун, у ерда олти соат ўтирган кунлар ҳам бўлган!

Монастир нозирлари Лютер туфайли ташвишлана бошладилар. Улар Лютер — Муқаддас Китобни ўрганиш ёки ишлаш ўрнига бедорлик вақтини тавба қилиш жойида ўтказишни афзал кўрадиган «оқсуяк» бўлса керак, деб ўйладилар. Яна, Лютер — тез орада оғир кўриниш олувчи руҳий касалликка чалинган инсон, деган фараз ҳам илгари сурилди. Охир-оқибатда, Лютернинг раҳбари Стаупицнинг жаҳли чиқди ва уни уришиб берди:

«Ўзинг бир ўйлаб кўр, — деди у. — Агар Масиҳ сени кечиришини хоҳласанг, Унинг олдига, мана бу арзимас гуноҳчаларинг билан келиш ўрнига, бирор бир кечириш учун арзийдиган, кечиришга муҳтож бўлган гуноҳлар — падаркушлик, шаккоклик, зино каби гуноҳлар билан келгин… Менга қара, Худо сендан аччиқланмаяпти. Сен Худодан аччиқланаяпсан. Наҳотки сен, Худо сенга умид қилишни амр қилганлигини билмасанг?»

Мана у! Лютер шахсининг айнан мана шу аспекти асосида унинг телбалиги ҳақида ҳукм чиқарилган эди. Бу инсон ҳаддан ташқари ғалати эди. Ундаги айбдорлик ҳисси ҳеч қаерга сиғмас эди. Унинг айби шу даражадаги ғайритабиий ўлчамларга эга бўлдики, унинг ҳиссиётли ҳаёти шу даражада бузилиб кетдики, энди у соғлом инсон каби яшай олмас эди. У, ҳаттоки, туппа-тузук роҳиб сифатида ҳам яшай олмас эди. У ҳали ҳам яшиндан қочаётган эди. Бейнтон унинг бу ҳолатини қуйидаги тарзда ифода қилиб беради:

«Шундан сўнг уни даҳшатли хавотир ҳисси чулғаб олди. Унинг қалбига ваҳимали қўрқинч кириб борди. Унинг виждони шу даражада беҳаловат бўлиб қолдики, ҳаттоки шамолнинг енгил эсишидан ҳам титрар эди. Мартин бўлмағур нарсалар учун ҳам азоб чека бошлади. Унинг руҳи, зулматли тунда уйғониб кетган ва унинг ҳаётини олиш учун келганнинг кўзига тикилиб турган инсон ҳис қиладиган даҳшат билан қамраб олинган эди. Само қўшини кетди. Иблис ёвуз имо-ишораларини қилмоқда, ночор қалбни ўз олдига чақирмоқда. Лютернинг ўзи кўп марталаб гувоҳлик берганидек, бу азоблар уни қийнаган ҳар қандай жисмоний азобдан ёмонроқ эди.

Унинг таърифлашлари руҳий касаллик билан оғриган беморларнинг кечинмаларига шунчалик мос келадики, натижада: унинг пароканда ҳолатига руҳий ўсиш қийинчиликлари натижаси сифатида қараш керакми ёки уни ички секреция безларининг етарлича яхши ишламаганлиги оқибати, деб қабул қилиш тўғри бўладими? — қабилидаги саволни бериш васвасаси вужудга келади.

Лютернинг бундай ҳолатини қандай тушунтириш мумкин? Фақат бир нарсани ишонч билан айтиш мумкин: Лютерга барча кишилар ўз виждонларининг айбловчи овозини ёпиш учун фойдаланадиган ҳимоя воситалари етишмас эди.

Баъзи бир назариётчилар, телба кишилар ақли жойида бўлган кишиларга нисбатан воқеликни яхшироқ кўра оладилар ва у ҳақда ҳақиқатга яқин бўлган тасаввурга эга бўладилар, деб таъкидлашади. Масалан, ваҳимадан ўзини қўярга жой топа олмайдиган киши, психиатрнинг олдига бориб, у ўзини жамоат билан бирга дала сайрига чиқишга мажбур қила олмаётганлигидан шикоят қилади. Шифокор савол бериб бошлаганида, дала сайрига кетаётганда машина тўқнашувга учраши мумкинлиги, далада илон чақиб олиши ва агарда момақалдироқ бошланиб қолса, яшин уриши мумкинлиги, овқатланиш пайтида эса — «хот-дог»га тиқилиб ўлиш мумкинлиги аниқланади.

Бу инсон ҳақиқатдан ҳам юз бериши мумкин бўлган нарсалардан қўрқади. Ҳаёт — хавфли нарса. Киши ўзини кўп сонли хавф-хатарлардан ҳоли, деб ҳисоблай оладиган жойнинг ўзи мавжуд эмас. Кўп сонли миллионлар эгаси бўлган Говард Хафс ҳам ўзи учун адоватли микроорганизмларнинг ҳужуми хавф солмайдиган муҳитни топа олмади. Психиатр барча дала сайрлари хавфсиз эканлигини исбот қила олиш қобилиятига эга эмас. Барча ёмон ҳодисаларни содир бўлиши мумкин, деб фараз қилган бу киши мутлақо ҳақдир, бироқ, шунга қарамасдан у барибир руҳан соғлом эмас. Чунки у бизга барча ҳаётий ҳолатларда ҳар томонлама хавф солувчи, очиқ-ойдин кўриниб турувчи хавф-хатарларни инкор қилишга ёрдам берадиган ҳимоя воситаларни йўқотиб қўйган.

Лютер таржимаи ҳоли ва шахсининг бир аспекти кўп ҳолларда аналитикларнинг назаридан четда қолиб кетади. Улар, монастирга келишидан олдин Лютер, ҳуқуқшунослик соҳасида Европанинг энг ёрқин ёш ақлларидан бири сифатида машҳур бўлганлигини эсдан чиқаришади. Лютер ўта қобилиятли киши эди. Унинг мияси жуда яхши ишлар эди. У қонуннинг жуда нозик ва қийин жойларини эгаллаб олиш қобилияти билан ажралиб турар эди. Баъзи инсонлар уни келажакда ҳуқуқшунослик доҳийси бўлиб етишади, дер эдилар.

Истеъдодлилик ва телбаликни ингичка чегара ажратиб туриши ва кўпгина кишилар бу чегарани ҳар икки томонга кесиб ўтишлари олдиндан маълум. Эҳтимол, Лютер билан ҳам шунга ўхшаш ҳодиса юз бергандир.

Лютер ақлдан озмаган эди. У доҳий эди. Қонунни тушунишда унга тенг келадиган инсон топилмас эди. У ўзининг зийрак ақлини Худо қонунларига қаратганда, кўпчилик илғаб ола олмайдиган жойларни кўрар эди.

Лютер энг буюк амрни тадқиқот қилиб чиқди: «Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин. Ўзгани ўзинг каби севгин». Кейин эса у ўзига-ўзи савол берди: «Энг катта гуноҳ нима?» Баъзи кишилар бу саволга, энг катта гуноҳлар — бу одам ўлдириш, зино қилиш, шаккоклик ёки имонсизлик, деб жавоб берадилар. Лютер бу фикрларга қўшилмади. У, агар энг буюк Амр — Худони бутун қалб билан севиш бўлса, у ҳолда энг катта Гуноҳ — Худони бутун қалб қилан севмасликдир, деган хулосага келди. У энг муҳим мажбурият ва энг катта гуноҳ ўртасидаги мувозанатни назарда тутган эди.

Кўпчилик кишилар бундай деб ўйламайдилар. Бизларнинг ҳеч қайсимиз энг буюк амрга ҳаттоки беш дақиқа давомида ҳам амал қила олмаймиз. Бир қараганда биз бу амрга риоя қилаётганга ўхшаймиз, аммо бу ҳақда бир дақиқа ўйлаб кўрсак, у ҳолда бизларнинг ҳеч қайсимиз Худони бутун қалбимиз, ёки бутун онгимиз, ёки бутун қувватимиз билан севмаётганлигимиз аниқ бўлиб қолади. Бизларнинг ҳеч қайсимиз ўзгани ўзини севгандек севмайди. Биз бу ҳақда чуқурроқ ўйламаслик учун турли хил ҳийла-найранглар ишлатишимиз мумкин, бироқ ўз «мен»лигимизнинг қоқ ўртасида ушбу ачинарли ҳақиқат яшриниб ётади ва бизни айбловчи овоз янграб туради. Бу овоз бизга, агар ҳақиқатга тик қарайдиган бўлсак, биз буюк амрни ҳар куни бузаётганлигимизни айтади. Ишаъёга ўхшаб биз ҳам, бошқа кишилар ҳам унга амал қилмаётганлигини биламиз. Бизга: «Ҳеч ким баркамол эмас» деган сўзларгина таскин беради. Бизларнинг ҳаммамиз Худога нисбатан баркамол севгидан маҳруммиз, шундай экан бу ҳақда қайғуришдан нима фойда? Бу тушунча ақли расо ва сергак фикрловчи кишиларни ҳар куни олти соатлаб тавба қилишга мажбур қилмайди. Агарда Худо энг буюк амрга риоя қила олмайдиган ҳар бир кишини жазолаганда эди, у ҳолда У бу дунёда яшовчи ҳамма инсонларни жазолашига тўғри келарди. Биздан жуда кўп нарса талаб қилинган бўлар эди, синов жуда ҳам қийин бўлган бўлар эди. Бу адолатсизлик бўлган бўларди. Худо бизларни «эгри чизиқ» қоидаси бўйича ҳукм қилишига тўғри келади.

Лютер бунга бошқача назар билан қарар эди. Агар Худо бизни «эгри чизиқ» бўйича ҳукм қиладиган бўлса, у ҳолда У Ўз муқаддаслигидан воз кечишига тўғри келишини Лютер яхши тушунар эди. Худонинг шундай йўл тутишини ҳисобга олиш, бу ўз-ўзига керагидан ортиқ ишониш ва шу билан бир қаторда ўта аҳмоқлик бўлар эди. Худо, биз мос кела олишимиз учун Ўз намуналарини пасайтирмайди. У тўла муқаддас, тўла адолатли ва тўла ҳақиқатгўй бўлиб қолади. Аммо биз адолатсизмиз ва бизнинг дилеммамиз ҳам шундан иборатдир. Лютернинг ҳуқуқшуносларга хос ақлини қуйидаги савол қийнар эди: адолатсиз инсон қандай қилиб адолатли Худонинг ҳузурида тирик қола олади? Қолган барча кишилар бу саволга осон ва қулай жавоб топган бир вақтда, Лютер паст оловда куяр эди:

«Наҳотки сиз Худо етиб бўлмас нурда истиқомат қилишини билмайсиз? Биз, заиф ва нодон мавжудотлар, Худо чексиз нурининг англаб бўлмайдиган улуғворлигини татбиқ қилишни ва тушунишни истаймиз. Биз бунга яқин келамиз. Биз яқин келишга тайёрланамиз. Унинг улуғворлиги бизни ҳайратда қолдирса ва яксон қилиб ташласа на ажаб!»

Лютер Муқаддас Китобда учрайдиган бир шахс — абадий ҳаётга эга бўлиш ҳақидаги савол билан Исонинг олдига келган, бошлиқлардан бўлган ёш йигитнинг тескариси эди:

«Бошлиқлардан бири Исодан сўради:

— Валинеъмат Устозим! Абадий ҳаёт насиб бўлмоғи учун нима қилишим керак?

Исо унга деди:

— Нега сен Мени валинеъмат дейсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас. Илоҳий амрларни биласан: «Зино қилма. Одам ўлдирма. Ўғирлик қилма. Сохта гувоҳлик берма. Ота-онангни ҳурмат қил» (Луқо. 18:18-20).

Исо ва ёш бошлиқ ўртасидаги ушбу машҳур суҳбатнинг энг муҳим бир жойига жуда кам эътибор беришади. Аниқроғи — ёш йигит Исога қандай қилиб мурожаат қилган жойини. У Исони «Валинеъмат Устозим», деб атади. Бунинг маънодорлиги Исонинг эътиборидан четда қолмади. Исо, валинеъмат сўзининг маъносини юзаки равишда тушунадиган киши билан суҳбатлашаётганлигини дарҳол тушунди. Бу киши Исо билан абадий ҳаёт ҳақида сўзлашмоқчи эди. Бунинг ўрнига Исо суҳбатни валинеъматликни муҳокама қилиш ва валинеъмат бўлиш нима дегани, кўринишидаги саволга жавоб бериш томонга бурди. Исо бу кишига валинеъматлиликнинг маъносини тушунтириб, унинг эсдан чиқмайдиган сабоқ бериш имкониятидан фойдаланиб қолди.

Исо ўз жавобини, йигитнинг Ўзига нисбатан қилган мурожаатидан бошлайди: «Нега сен Мени валинеъмат дейсан?» У Ўзининг кейинги жумласи билан шу ҳолатга бўлган эътиборни янада кучайтиради, уни аниқлаштириб беради: «Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас». Баъзи кишилар, ҳаттоки, улар орасидаги теологлар ҳам Исонинг баъзи бир мулоҳазалари олдида боши берк кўчага кириб қоладилар. Улар Исонинг бу сўзларини шундай тушунадилар: «Нима учун Мени валинеъмат дейсан? Мен валинеъмат эмасман. Фақат Худо валинеъмат. Мен Худо эмасман. Мен валинеъмат эмасман».

Исо бу ерда Ўз илоҳийлигидан ҳам, Ўз валинеъматлигидан ҳам бир оз бўлса-да воз кечмади. Агар бу йигит Ким билан гаплашаётганлигини билганида, у Исони валинеъмат, деб атаса бўлар эди. Исо валинеъмат эди. У танада гавдаланган Худо эди. Бу йигит танада гавдаланган Худо билан сўзлашаётган эди. Ҳамма гап шунда эдики, йигит буни билмасди. У Исони фақатгина, буюк устоз сифатида ҳурмат қилар эди. У танада гавдаланган Худо билан сўзлашаётганлигини хаёлига ҳам келтирмасди. У валинеъматликни танада гавдаланган Худо билан муҳокама қилаётганлигини билмас эди.

Бой йигит Муқаддас Китобни билмаслиги кўриниб турибди. У 13-Санонинг маъносини тушунмас эди:

«Аҳмоқ ўз кўнглида: “Худо йўқ”, — дейди.

Бундайлар бузилиб, разолат ботқоғига ботар.

Яхшилик қиладиган ҳеч кимса йўқдир.

Худованд инсон ўғилларига осмондан боқар,

Худони қидирувчи бирор идрокли киши бормикин дея.

Бироқ ҳаммаси янглишиб,

Барчаси мурдор бўлган.

Яхшилик қилувчи ҳеч кимса йўқ,

Ҳатто бирор киши ҳам йўқдир!» (Забур саноси. 13:1-3).

Ҳаворий Павлус Янги Аҳдда бу парчани келтиради ва унинг аҳамиятини кучайтириб беради. Бу ерда айтилганларнинг маъносини англай олмаслик мумкин эмас. Яхшилик қилувчи ҳеч кимса йўқ, ҳатто бирор киши ҳам йўқдир. «Ҳатто бирор киши ҳам йўқдир» қўшимчаси тушунмай қолишлик эҳтимолини йўққа чиқаради. Айблов ҳукми ягона, валинеъматлик даражасига кўтарилган Худо Ўғлидан ташқари ҳеч ким учун истисно қилмайди.

Бутун оламни ўз ичига олувчи бундай ҳукм олдида инсоният руҳи даҳшат билан ўзини олиб қочади. Бу ерда Муқаддас Китоб муболаға қилаяпти, албатта. Биз ҳаммамиз яхшилик қилаётган инсонларни биламиз. Инсонларнинг яхши иш қилаётганлигини биз тез-тез кўриб турамиз. Ҳеч ким баркамол эмас, биз бунга қўшиламиз. Бизларнинг ҳаммамиз ҳам баъзан адашамиз. Бироқ, барибир биз ҳаммамиз вақти-вақти билан яхши ишларни содир қилиб юрамиз, шундай эмасми? Бой йигит ҳам айнан шундай ўйлаган. У валинеъматликни нотўғри намунадан келиб чиқиб ўлчаган. У хайрли ишларга четдан кузатувчи инсоннинг қулай вазиятидан туриб баҳо берган.

Худо бизларга баъзи бир хайрли ишларни қилишга амр берган. У бизларга гадойларга садақа беришни буюради. Биз гадойларга садақа берамиз. Бу хайрли иш, шундай эмасми? Ҳа, деса ҳам бўлади, йўқ, деса ҳам бўлади. Бизнинг бу ишимиз ташқаридан қараганда Худо амрига мос тушади. Шу маънода бу хайрли иш. Бу маънода биз тез-тез хайрли ишлар қилиб турамиз. Бироқ, Худо инсон қалбига ҳам назар ташлайди. Бизнинг энг яширин юрак майлларимиз Уни ташвишга солади. Хайрли ишлар Худо намуналарига мос келиши учун улар Худони баркамол севги билан севувчи ва худди шундай баркамол севги билан ўзгаларни ҳам севувчи юракдан чиқиши даркор. Бизларнинг ҳеч биримиз Худога нисбатан ҳам, инсонларга нисбатан ҳам севгида баркамолликка эриша олмаймиз, шу сабабли бизнинг қилган барча хайрли ишларимиз хиралашиб қолади. Уларда яширин ниятларимиз сабабининг камолотга етмаганлик доғи мавжуддир. Муқаддас Китоб мантиқи қуйидагичадир: ҳеч ким бенуқсон қалб эгаси эмас, шу сабабли ҳеч ким бенуқсон ишларни қила олмайди.

Худо Қонуни ҳақиқий художўйликнинг кўзгуси ҳисобланади. Ўз ишларимизни бу кўзгу қаршисига қўйсак, унинг аксида ўзимизнинг камолотга етмаганлигимизни аниқ кўрамиз. Исо бу кўзгуни бой йигитнинг кўзлари олдига қўйди: «Илоҳий амрларни биласан: «Зино қилма…» Бу ерда, Исо ёш бошлиққа санаб берган амрлар — бизнинг бошқа инсонларга нисбатан мажбуриятларимизни аниқлаб берувчи амрлар эканлигини айтиб ўтиш муҳимдир. Булар ўғрилик қилишни, зино қилишни, одам ўлдиришни ва бошқа гуноҳ ишларни қилишни тақиқловчи амрлардир. Исо келтирган амрлар орасида бизларнинг Худога нисбатан бўлган мажбуриятларимизга бағишланган бир неча оятнинг йўқлиги яққол кўзга ташланади.

Ёш йигит қандай жавоб берди? У ҳеч ҳам ташвишланмади. У хотиржамлик билан ойнага қаради ва ҳеч қандай камчилик кўрмади. У, фақатгина ўз-ўзига ишониш, деб баҳолаш мумкин бўлган оҳангда жавоб берди: «Буларнинг ҳаммасига ёшлигимдан амал қилиб келаман».

Бу кишининг қанчалар манман ва нодон бўлганлигини тасаввур қилиб кўринг-а! Мен Исонинг унга нисбатан бўлган сабр-тоқатини қийинчилик билан тушунаман. Мен ўзимни тутиб тура олмаган бўлар эдим. Мен шу заҳотиёқ аччиқланганимни билдирар ва мана бунга ўхшаш бирор нарса деган бўлар эдим: «Нималар деяпсан! Гапларинга қараганда, сен бу ўнта амрга ёшлигингдан буён амал қилар экансан! Ахир сен охирги беш дақиқа давомида бу амрларнинг биттасига ҳам амал қилаётганинг йўқ! Сен тоғдаги ваъзни эшитмадингми? Агар сен бирор кишидан беҳуда аччиқлансанг, у ҳолда одам ўлдиришни тақиқловчи қонунга янада кўпроқ қарши борган бўлишингни тушунмаяпсанми? Агар бирор аёлга шаҳват кўзи билан қарасанг, зино қилишни тақиқловчи қонунни янада кўпроқ бузган бўлишингни билмайсанми? Сен ҳеч қачон бировнинг ҳаққига кўз олайтирмайсанми? Сен ҳамма вақт ота-онангни ҳурмат қиласанми? Сен ё телбасан ёки кўрсан. Сенинг итоаткорлигинг юзаки эди. Сен шунчаки итоаткор бўлиб кўринасан холос».

Мен шундай қилган бўлар эдим. Бироқ, Исо Ўзини бундай тутмади. Исо янада нозикроқ ва самаралироқ йўл тутди:

«Буни эшитиб, Исо:

— Сенга яна бир нарса етишмайди: нимага эга бўлсанг, ҳаммасини сот ва пулини камбағалларга бўлиш. Шундагина осмонда хазинанг бўлади. Ва сўнг келиб, Менга эргашгил, — деди» (Луқо. 18:22).

Агарда Исо бирор марта ҳазил қилиб гапирган бўлса, ўша ҳолат айнан мана шудир. Агарда Исонинг гапларини сўзма-сўз қабул қиладиган бўлсак, у ҳолда бу суҳбат ерда яшаб ўтган художўй кишилар орасидаги иккита энг художўйлари ўртасида: бенуқсон Қўзи ва фақатгина битта нуқсонга эга бўлган қўзи ўртасида бўлиб ўтган, деган хулоса қилишга тўғри келади. Агарда мен Исодан, маънавий баркамолликка етишиш учун менга фақатгина битта сифат етишмаётганлигини эшитсам, хурсандликдан ўзимни қўярга жой топа олмай қолган бўлар эдим.

Бироқ, Исонинг бу гапларини сўзма-сўз қабул қилмаслик керак. Агарда биз яхшилаб ўйлаб кўрсак ва Исо қалбининг яширин бурчакларига назар ташлашга ҳаракат қилиб кўрсак, Унинг тахминан мана бундай демоқчи бўлганлигини тушуниб оламиз: «Шундай қилиб, сен ёшлигингдан буён ўнта амрга риоя қилиб келар экансан. Ҳозир текшириб кўрамиз. Биринчи амр қанақа эди? «Менинг қаршимда бошқа худоларинг бўлмасин!» Бу амрга қандай амал қилишингни кўрайлик-чи».

Исо уни синаб кўришга қарор қилди. Агар бу йигитнинг ҳаётида унинг учун Худодан ҳам олдин турадиган нарса бўлса, бу унинг пуллари эди. Исо, айнан шу ерда, унинг биринчи амрга қандай риоя қилишини синаб кўрмоқчи бўлди: «Нимага эга бўлсанг, ҳаммасини сот…»

Бой йигит бунга жавобан нима қилди? У ўзининг ягона камчилигини қандай қилиб бартараф қилди? Йигит бу сўзни эшитиб, хафа бўлди ва қайтиб кетди, чунки у ҳаддан зиёд бадавлат эди. Бу инсон ўн амрни бажариш бўйича имтиҳон топширди ва биринчи саволдан кейиноқ имтиҳондан йиқилди.

Мен буни, барча масиҳийларнинг ўз хусусий мулкларидан воз кечишларини талаб қилувчи қонун қабул қилинишини истаганим учун ҳикоя қилмаяпман. Бу ҳикоямнинг мақсади — итоат нима эканлигини ва ҳақиқий валинеъматлик учун нима талаб қилинишини тушуниб олишга ёрдам бериш. Исо бу йигитдан ўз сўзларини исбот қилиб беришни талаб қилди ва йигит бунинг уддасидан чиқа олмади.

Бир неча асрлардан сўнг, Исо ва бошқа бир ёш йигитнинг учрашуви содир бўлган вақтда, ўз гуноҳини англаб етишига ёрдам бериш учун, Исо унга узоқ тушунтириб ўтирмади. У ҳеч қачон Лютерга: «Сенга бир нарса етишмайди», — деб гапирмади. Лютер ўзига кўп нарса етишмаслигини билар эди. У ҳуқуқшунос, «қонуншунос» эди. У Эски Аҳд Қонунларини ўрганиб чиқди. Лютер пок ва муқаддас Худо томонидан қўйилган талабларни билар эди. Бу талаблар уни ақлдан оздирарди.

Лютернинг заковати у еча олмаган ҳуқуқий дилеммага дуч келди. Бунинг ечими ҳеч қачон мавжуд эмасдек кўринар эди. У бу савол устида туну-кун бош қотирар эди: адолатли Худо қандай қилиб адолатсиз инсонни қабул қила олади? Лютер ўзининг абадиятдаги ўрни шу саволнинг жавобига боғлиқ эканлигини тушунар эди. Бироқ, у бунга жавоб топа олмас эди. Лютерникидан кўра пастроқ ақлий даражага эга бўлган кишилар, ўз йўлларида хурсанд бўлиб борар эдилар. О, нодонлик бахти! Худо Ўзининг маънавий устуворлиги билан бир муросага келади ва бизнинг самога тушишимизга йўл қўйиб беради, деган фикр уларни тўлиқ қаноатлантирар эди. Ахир, агарда улар самога киритилмасалар, само таъриф қилишганидек мўъжизавий жой бўлмайди. Худо «эгри чизиқ» қоидаси бўйича баҳолаши лозим. Фарзанд бу фарзанд, Худо эса бир нечта эътиборга нолойиқ бўлган нуқсонлар учун катта шов-шув кўтармаса керак.

Иккита нарса Лютерни бошқа кишилардан ажратиб турар эди: биринчидан, у Худо Ким эканлигини билар эди. Иккинчидан эса, у Худо қонунларининг талабларини тушунар эди. У қонунларни эгаллади. Агарда у Хушхабарни тушуниб етмаганида, азоб чекиб ўлган бўлар эди.

Кейин бу содир бўлди: Лютернинг диний тажрибаси ўзининг энг юқори нуқтасига етди. Бунда яшин чақнамади, сиёҳдонлар учмади. Бу сокинликда, унинг ёлғиз ўтириб қилган машғулотлари вақтида содир бўлди. Лютернинг «миноравий тажрибаси» жаҳон тарихининг йўналишини ўзгартириб юборди. Унинг бу кечинмалари Худони янгича тушунишни, Унинг илоҳий адолатини янгича тушунишни ўз ичига олар эди. Худо қандай қилиб Ўз адолатига қарши бормасдан раҳимдил бўла олишини Лютер тушуниб етди. Муқаддас Худо Ўзининг муқаддас севгисини қандай қилиб намоён қилишини Лютер янгитдан тушунди:

«Мен Павлуснинг Римликларга Мактубини тушунишни бутун қалбим билан хоҳлар эдим. Буни тушуниб етишим учун фақатгина битта ифода, «Худо оқлайди», деган ифода менга ҳалақит берар эди, чунки мен бу ифодани, бу — Худога хос бўлган солиҳлик ва адолатлилик, Худо шулардан келиб чиққан ҳолда фосиқ ва адолатсиз кимсаларни жазолайди, деган маънода тушунар эдим. Мен шундай ҳолатда эдимки, мен бенуқсон роҳиб бўлсам ҳам, Худонинг қаршисида нопок виждонли гуноҳкор сифатида турар эдим ва менинг қилган хизматларим Унинг ғазабини юмшата олишига ҳеч қандай ишончим йўқ эди. Шунинг учун ҳам мен адолатли ва ғазабланган Худони севмас эдим, аксинча Ундан нафратланар ва Унга қарши чиқар эдим. Бироқ, мен барибир мен учун қадрли бўлган Павлуснинг ушбу Мактубига интилар ва у нимани назарда тутганлигини билишни истар эдим.

Мен Худонинг солиҳлиги ва ушбу «имони билан оқланган киши ҳаёт бўлур» сўзлари орасидаги боғлиқликни кўрмагунимга қадар, туну-кун шу устида фикр юритдим. Ниҳоят, шундагина мен солиҳлик, ёки Худо ҳақиқати — бу Худо шундан келиб чиққан ҳолда иноят ва раҳимдиллик орқали бизларни имон орқали оқлайдиган солиҳлик эканлигини тушуниб етдим. Шундан сўнг мен ўзимни қайтадан туғилгандек ва худди очиқ эшиклар орқали тўғри жаннатга кириб боргандек ҳис қилдим. Муқаддас Ёзувлар янгича тус олди ва агарда олдин «Худо оқлайди» сўзи менда нафрат уйғотган бўлса, энди бу сўзнинг жаранги таърифлаб бўлмайдиган ёқимлилик, ҳамда буюк севгига тўлди. Павлуснинг Мактубидаги бу парча мен учун осмон дарвозаси вазифасини ўтади.

Агар сиз ҳақиқатдан ҳам Масиҳ — сизнинг Нажоткорингиз эканлигига ишонсангиз, у ҳолда ўша дақиқадаёқ раҳимдил Худога эга бўласиз, чунки сиз пок меҳрибонлик ва лиммо-лим тўлиб турган севгини кўра олишингиз учун, имон Худонинг қалбини ва Унинг иродасини сизга очиб беради. Ишонч билан Худога қараш шуни англатади. Шунда сиз Унинг оталик муҳаббатига тўла бўлган қалбини, ғазаб ҳам, ёвузлик ҳам йўқ бўлган дўстона қалбни кўрасиз. Худони ғазабланган Худо, деб кўрувчи инсон Унга нотўғри қараяпти, у худди қора булут юзини тўсиб қўйганидек, фақатгина кўз олдида турган пардани кўраяпти».

Ишаъё каби Лютер ҳам қизиган кўмирнинг ўз лабларига текканини сезди. У парчаланиб кетиш нимани англатишини яхши билар эди. Муқаддас Худо кўзгусида у ўзининг парча-парча бўлиб кетаётганлигини кўрди. Кейинчалик у, Худо унга самонинг таъмини тотиб кўришга ижозат беришидан аввал, унга дўзахнинг қаърига назар ташлашга рухсат бериши керак эди, дерди. Худо уни бу тубсизликка ташламади. Худо Лютерни бундан қутқазди. Худо Ўзининг бир вақтнинг ўзида солиҳ ҳам, оқловчи ҳам эканлигини исботлади. Лютер илк бор Хушхабарни тушунганида, жаннат эшиклари очилди ва у ичкарига кирди.

«Имон билан оқланган киши ҳаёт бўлур». Бу протестантлик Реформациясининг жанговор ҳайқириғи эди. Фақат имон орқали, фақат биргина Масиҳнинг хизматлари орқали оқланиш мумкинлиги ғояси Хушхабар учун шу даражада асос бўлиб хизмат қиладики, Лютер уни «жамоат турадиган ёки қулайдиган пойдевор», деб ифодалади.

Павлус Римликларга Мактубда нимага ўргатаётганлигининг маъносини тушунган заҳотиёқ, Лютер янгитдан туғилди. Айбдорлик юки унинг қалбидан олиб ташланди. Телба азоб тугади. Бу Лютер учун шунчалик катта аҳамиятга эга эдики, шу сабабга кўра у папа ва жамоатга, ҳоким ва императорга қарши тура олди, агар керак бўлганида у бутун дунёга қарши тура олиши ҳам мумкин эди. У жаннат дарвозасидан ўтди, энди ҳеч ким уни ортга чиқариб ололмас эди. Лютер ўз қаршилиги нимани англатишини яхши биладиган протестант эди.

Лютер телба эдими? Бўлиши мумкин. Бироқ, агар шундай бўладиган бўлса, бизлар ҳам, фақатгина имон орқали эга бўлиш мумкин бўлган солиҳликни татиб кўра олишимиз учун, Худонинг ерга шундай телбалик эпидемиясини юборишини сўраб ибодат қилишимиз керак.


Мартин Лютер, «Ирода асирлигида», Ж. И. Пакер ва О. Р. Жонсон тарж., Ревелл, 1970. — Martin Luther, The Bondage of the Will, trans. J. I. Packer and O. R. Johnson (Revell, 1970).


Книга на Узбекском языке: Святость Бога (Роберт Спраул)

Эта книга, написанная одним из самых блестящих мыслителей наших дней, поставила меня на колени и драматически изменила мою христианскую жизнь. Ее обязательно нужно прочитать каждому христианину" (Чак Колсон, автор книги "Любящий Бог").

Это глубокое и волнующее исследование характера Бога. Особый акцент сделан на святости, присущей Богу, которая помогает христианину увидеть себя и свои дела в истинном свете. Р. Спраул говорит: "Это влияет на каждый аспект нашей жизни: экономику, политику, спорт, любовь - на все, чем мы живем.



AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак