Роберт Спраул. Худонинг Муқаддаслиги - (1-Боб) Китоб Ўзбек тилида
Xudoning Muqaddasligi (Robert Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob
Мундарижа
1-БОБ. Муқаддас граал
2-БОБ. Муқаддас, Муқаддас, Муқаддас
3-БОБ. Титроққа солувчи сир
4-БОБ. Муқаддаслик етказган жароҳат
5-БОБ. Лютернинг телбалиги
6-БОБ. Муқаддас адолат
7-БОБ. Муқаддас худо билан уруш ва тинчлик
8-БОБ. Муқаддас бўлинг
9-БОБ. Худо ғазабга тўлган гуноҳкорлар қўлида
1-БОБ Муқаддас граал
Ёрқин кийинган, шавкатли рицарь
Қуёш тиғида ва сояда ҳам
Олға бормоқда, қўшиқ айтмоқда
Эльдорадони топиш истагида.
ЭДГАР АЛЛАН ПО
Хонани тарк этишимга тўғри келди. Тенгсиз кучга эга бўлган даъват менинг уйқумни бузди; бу муқаддас даъват эди. Атрофда сокинлик ҳукмрон, фақат менинг столим устида турган соатнинг чиққиллашигина эшитилиб турарди. Соатнинг чиққиллаши, гўёки соат тубсиз сувли чуқурликка туширилган камерага жойлаштирилганга ўхшаб, бўғиқ ва нотабиий эшитилар эди. Мен эндигина ухлай бошлаган, онглилик ва онгсизлик ўртасидаги аниқ чегара йўқоладиган бир ҳолатда эдим. Бу сен эндигина тун ҳукмронлигига ўтаётган, ташқи дунёдан келаётган овозлар эса ҳануз онгингга қуйилиб турган бир пайт ҳисобланади. Сен бу дақиқаларда ҳам ухлайсан, ҳам ухламайсан. Ҳамон тетиксан, аммо борлиқни тўлалигича идрок қила олмайсан. Ва аввалгидек: «Ўрнингдан тур. Бу хонадан чиқ», — деб гапираётган ички даъватни эшитасан.
Даъват кучаяди, борган сари саботли бўлиб боради ва унга бошқа эътибор бермасликнинг иложи бўлмай қолади. Бирдан қуйилиб келган тетиклик мени ўз ўрнимдан сакраб туришга мажбур қилди. Мен туриб, оёқларимни пастга туширган ҳолда ўтирдим. Уйқудан асар ҳам қолмади, жисмим ҳаракат қилишга тайёр бир ҳолда эди. Кўз очиб-юмгунча кийиндим ва коллеж ётоқхонасидан кўчага чиқдим. Дарҳол соатимга қарадим — ўнта кам ўн икки.
Туннинг совуқ ҳавоси эрталаб ёққан қорни музли қатқалоққа айлантирган эди. Мен талабалар шаҳарчаси маркази томонга юрдим, оёғим остида эса қор ғирчилларди. Ой ўз нурлари билан коллеж биносини қоплаган, тарновлар эса улкан сумалаклар — ҳавода муаллақ қотиб қолган, музлаб қолган тишларга ўхшаш сув жилғалари билан безатилган эди. Табиатнинг бу мўъжизакор асарини инсон қўллари билан яратишнинг иложи йўқ.
Кўҳна Бош Минорадаги соат механизмининг ғичирлаган овози эшитилди, соат миллари тик ҳолатда бирлашдилар. Мен соат механизмининг оғир нафас олишини эшитдим ва бир неча дақиқадан сўнг бонг овози жаранглади. Тўрт оҳанг яна бир соат ўтганлигини маълум қилди. Кейин эса, соат ўн икки марта бонг урди. Мен ҳар доимгидек, уларни санадим. Бу соат ҳеч қачон хато қилмас эди. Минорадан, жаҳли чиққан ҳакамнинг болға билан металлга урганида чиқадиган овозга ўхшаш роппа-роса ўн икки бор бонг овози эшитилди.
Кўҳна Бош Миноранинг соясида кичкина ибодатхона турар эди. Готик услубда қурилган равоқ тагида — эман дарахтидан тайёрланган оғир эшик. Мен эшикни очдим ва даҳлизга кирдим. Эшик менинг ортимдан ёпилди ва унинг овози тош деворларда акс-садо берди.
Бу акс-садо мени ҳайратга солди. Бу овоз эшикнинг ибодатхонада кундузги кун бўладиган хизматлар пайтидаги овозидан кескин фарқ қилар эди. Кундуз куни очилаётган ва ёпилаётган эшикнинг овози оёқ товушлари, полнинг ғичирлаши — инсонларнинг иштирокини билдирувчи барча товушлар оқибатида унчалик сезилмас эди. Ҳозир, тунда, эшикнинг овози жимжитлик туфайли яққол эшитилди.
Мен кўзларим қоронғуликка кўниккунга қадар, бир неча дақиқа даҳлизда турдим. Ой нурлари деразанинг хира ойналари орқали ичкарига кириб турар эди. Қоронғуликда ўриндиқларни ва меҳробга чиқувчи зинапояларга олиб борувчи марказий йўлни ажратиш мумкин эди. Шипнинг гумбазсимон пештоқлари кишида фазовийлик ва улуғворлик ҳиссини пайдо қилади. Улар бир текисда гумбазга уланиб кетиб, киши нигоҳини ўзлари билан бирга юқорига тортар ва худди мени тутиб олиш учун узатилаётган улкан қўлга ўхшаб кетар эдилар.
Мен эҳтиёткорлик билан аста-секин меҳробнинг зинапоялари томон юрдим. Тош полдаги қадам товушлари онгимда ўзларининг нағал қоқилган этиклари билан тош кўчалардан ўтаётган немис солдатларининг қўрқинчли тасвирларини юзага келтирди. Ҳар бир қадам бўғиқ акс-садо берар эди. Ниҳоят, мен гилам ёпилган меҳроб ёнига келдим. Тиз чўкдим.
Бу жой йўлимнинг охири эди. Мен уйқумни бузган даъватнинг манбаи билан учрашишга тайёр эдим.
Мен ибодат қиладиган ҳолатда эдим, бироқ айтадиган гапим йўқ эди. Сукут сақлаб, тиз чўккан ҳолда Худонинг ҳозир бўлганлигини сездим ва бу ҳиссиёт бутун танамни қоплаб олишига ижозат бердим. Юрагим ҳаяжонга тушганимни билдирганича, қафасдаги қуш каби талпинар эди. Худди елкамдан совуқ сув қуйилаётганга ўхшарди. Мени қўрқув босди. Мен Кимнинг ҳозир бўлганлигини сезган бўлсам, ўша Зотдан қочиш истаги билан курашар эдим.
Қўрқув йўқолди, бироқ унинг ўрнини тез орада бошқа бир ҳиссиёт тўлқини эгаллади. Бу ҳис умуман бошқача эди. Менинг қалбимни сўз билан ифодалаб бўлмас даражада осойишталик эгаллади. Бу осойишталик менинг беҳаловат руҳимга хотиржамлик ва тинчлик бахш этди. Шу дақиқадаёқ мен бутунлай тинчландим. Мен шу жойда яна ҳам кўпроқ қолишни истар эдим. Мен ҳеч нарса қилмасликни, ҳеч нарса демасликни, фақатгина Худонинг ташрифидан баҳраманд бўлишни хоҳлар эдим.
Бу тўлиқ ўзгариш онлари эди. Мен қалбимнинг тубида нимадир илдиз отаётганлигини ва бу нарса бир умр мен билан қолишини сезар эдим. Шу дақиқадан бошлаб ортга қайтиш йўқ. Илоҳий Куч томонидан қалбга босилган ўчмас муҳр ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Мен Худо билан яккама-якка эдим. Муқаддас Худо билан. Ўзига нисбатан эҳтиром ҳиссини уйғотадиган Худо билан. Мени бир вақтнинг ўзида қўрқувга ҳам, осойишталикка ҳам сола олувчи Зот билан бирга эдим. Мен шу соатда Муқаддас Граал косасидан ичганлигимни билар эдим. Менда бу дунёдаги ҳеч бир нарса қондира олмайдиган ташналик пайдо бўлди. Мен Худони излашга, қадимий ибодатхоналарнинг ғира-ширалигида ҳозир бўлган ва мени ғафлат уйқусидан уйғотиш мақсадида ётоқхонадаги хонамга кириб келган Зот ҳақида янада кўпроқ билишга аҳд қилдим.
Колледж талабасини қишнинг қоронғи кечасида ўз қалбини Худо учун очиб беришга ва Унинг ташрифини излашга нима мажбур қилди? Шу куни аудиторияда менинг ибодатхонага келишимга сабаб бўлган бир воқеа юз берди. Мен ёш масиҳий эдим. Менинг имонга келишим худди Павлус билан Дамашқ йўлида содир бўлган воқеага жуда ўхшаш равишда кутилмаганда содир бўлди. Менинг ҳаётимда кескин ўзгариш рўй берди. Мен ғайратга тўла эдим. Ҳаётимни ёритувчи нурга айланган Ҳазрати Исо Масиҳни янада яхшироқ билишни истардим. Мен янгича эҳтирослар таъсирида эдим. Мен Муқаддас Ёзувларни ўрганиб чиқишни, қандай қилиб ибодат қилиш лозим эканлигини билишни, ўзимдаги ёмон одатлар устидан ғалаба қилишни ва иноятда ўсиб-улғайишни хоҳлар эдим. Бутун борлиғим билан Масиҳга фойдали бўлишни истардим. Менинг қалбим: «Тангрим, мен масиҳий бўлишни хоҳлайман», — деб куйлар эди.
Бироқ, менинг масиҳий ҳаётимда нимадир етишмас эди. Мендаги интилиш керагидан ҳам ортиқча бўлганлиги билан бу юзаки, содда интилиш эди ва бунинг оқибатида мен «бир ўлчамли» инсонга айланиб қолган эдим. Мен қайсидир ҳолатда унитарист — Учбирликнинг иккинчи шахсига нисбатан унитарист эдим. Мен Исо Масиҳ Ким эканлигини билар эдим, аммо Ота-Худо қиёфаси мен учун сир билан қопланган эди. У менинг онгим учун топишмоқ ва менинг қалбим учун бегона эди. Унинг қиёфаси қалин парда билан қопланган эди.
Бу ҳолатни ўша вақтда коллежимизда ўқитилаётган фалсафа курси ўзгартириб юборди.
Бошда бу курс менда ҳеч қандай қизиқиш уйғотмади. Мен зерикарли бўлган топшириқларни зўрға бажарар эдим. Мен Муқаддас Китобни ўрганиб чиқишга аҳд қилдим. Фалсафа дарсидаги абстракт мулоҳазаларни эса вақтни бекорга сарф қилиш, деб ҳисоблар эдим. Мулоҳазалар ва шубҳалар ҳақидаги фалсафий мунозараларни эшитиш мен учун бирор бир маъно касб этмас эди. Улар менга руҳий озуқа бермас эди. Булар қийин ва бефойда интеллектуал бошқотирмалар бўлиб, мен уларга бефарқлик билан қарар эдим. Бу ҳолат ўша қиш оқшомигача давом этди.
Шу куни бизга Августин Аврелий номли масиҳий файласуф ҳақида маъруза қилишди. У кейинчалик Рим католик жамоати томонидан тан олинган эди. Ҳамма у ҳақда гапирганда уни муқаддас Августин, деб аташар эди. Профессор Августин Аврелийнинг дунёни яратилишига нисбатан қарашлари ҳақида маъруза қилар эди.
Мен дунё яратилишининг Муқаддас Китобдаги баёни билан таниш эдим. Мен Эски Аҳд: «Азалда Худо осмон билан ерни яратди…», — деган сўзлар билан бошланишини билар эдим. Бироқ, мен ҳеч қачон яратилиш ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаган эдим. Августин эса ана шу буюк сирга ўз эътиборини қаратган ва ўз-ўзига қуйидаги саволни берган: «Бу қандай қилиб амалга оширилди?»
«Азалда…»
Бу худди «Қадим замонда…», деб бошланадиган эртакни эслатади. Бу ердаги номувофиқлик шундан иборатки, бошда вақт йўқ эди ва шу сабабли «қадим замон»нинг ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Биз бошланишни жаҳон тарихининг қандайдир жойидан бошланган ҳаракат, деб тасаввур қиламиз. Эртакдаги маликанинг онаси ва бувиси бўлиши мумкин. Унинг «қадим-қадим замонда» бошланган тарихи мутлақ бошланишнинг бошланғич нуқтасидан бошланмаган эди. Ўша маликагача ҳам шоҳлар ва маликалар, тошлар ва дарахтлар, отлар, қуёнлар, гуллар бўлган.
Ибтидонинг биринчи бобида ҳикоя қилинадиган воқеалардан аввал нима бўлган? Одам Атонинг отаси ҳам, бобоси ҳам йўқ эди. Унинг қўл остида тарихий китоблар мавжуд эмас эди, чунки тарихнинг ўзи йўқ эди. Яратилишга қадар шоҳлар ҳам, маликалар ҳам, тошлар ҳам, дарахтлар ҳам йўқ эди. Ҳеч нарса мавжуд эмас эди. Албатта, Худодан ташқари.
Мен худди мана шу ерда «қоқилдим». Менинг фалсафий «бош оғриғим» шундан бошланди. Дунёнинг яратилишига қадар ҳеч нарса мавжуд эмас эди. Бироқ, «ҳеч нарса»нинг ўзи нима? Сиз бирор марта бўлса ҳам «ҳеч нарса»нинг нима эканлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Ҳеч нарсани қаердан топиш мумкин? Ҳеч қаердан, албатта. Нима сабабдан? Чунки бу ҳеч нарса, ҳеч нарса эса мавжуд эмас. У мавжуд бўла олмайди, чунки агар у мавжуд бўлса, у энди ҳеч нарса эмас, балки бирор нарсага айланар эди. Сизда ҳам меникига ўхшаш бош оғриғи бўлганми? Бу ҳақда бир дақиқа бўлса ҳам ўйлаб кўринг. Фойдаси йўқ! Мен сизга бу ҳақда ўйлаб кўринг, дея олмайман, чунки «ҳеч нарса» — «бу» бўла олмайди. Мен фақатгина: ҳеч нарса — у ҳам, бу ҳам эмас, у ҳеч нарса, дея оламан холос.
Шундай қилиб, биз «ҳеч нарса»нинг нима эканлиги ҳақида қандай қилиб фикр юритишимиз мумкин? Биз у ҳақда ўйлай олмаймиз. Бу мумкин эмас. Агарда биз «ҳеч нарса» ҳақида фикр юрита бошласак, шубҳасиз «бирор нарса» ҳақида ўйлай бошлаймиз. Мен «ҳеч нарса»нинг нима эканлиги устида фикр юрита бошласам, ҳаёлан жуда кўп «бўм-бўш» ҳавони тасаввур қила бошлайман. Аммо ҳаво — бу ҳам «бирор нима», оғирликка ва бир неча хусусиятга эга бўлган жисмдир. Мен буни жуда яхши биламан, чунки автомобилимнинг шинаси михни босиб кетганда нима бўлишини кузатганман.
Жонатан Эдвардс, ҳеч нарса — бу ухлаётган қоялар тушида кўрадиган нарсадир, деган эди. Бу сўзлар ҳам саволни аниқлаштириб бера олмайди. Ўғлим менга «ҳеч нарса» сўзининг янада яхшироқ таърифини берди. У юқори синфларда ўқиётган вақтда, дарсдан қайтганидан кейин мен унга ҳар куни: «Ўғлим, бугун нима иш қилдинг?», — деган саволни берар эдим. Жавоб ҳар куни бир хил эди: «Ҳеч нарса». Шу сабабли, мен учун «ҳеч нарса»га берилган энг яхши таъриф қуйидагича эди: «Ҳеч нарса» — бу менинг ўғлим юқори синфда шуғулланган нарса».
Бизнинг ижодкорлик ҳақидаги тасаввурларимиз буёқлар, лой, қоғоздаги ноталар ёки яна бошқа воситалар ёрдамида янги шакл яратиш билан боғлиқдир. Биз ҳеч қачон бўёқларсиз чизаётган рассомни, сўзлардан фойдаланмай ёзаётган ёзувчини ёки нотасиз мусиқа басталаётган бастакорни учратмаганмиз. Рассом ўз ишини бирор нарсадан бошлаши керак. У аввал нима қилади? У ўз ишига шакл беради ва уни қайтадан ишлайди. Бироқ у ҳеч қачон бўш қўл билан ишламайди.
Муқаддас Августин Худо дунёни ҳеч нарсадан яратди, деб ўргатади. Яратиш вақтида Худо худди шляпанинг ичидан қуённи олиб чиқаётган кўзбойлоғичга ўхшар эди. Фарқ шунда эдики, Худода шляпа ҳам, қуён ҳам йўқ эди.
Менинг яқин қўшним — шкафлар ясайдиган моҳир уста. У кўзбойлоғичлар учун ҳам шкаф ва яшиклар ясайди. Бир куни у мени ўз устахонасига таклиф қилди ва кўзбойлоғичлар учун яшикларни қандай қилиб тайёрлашини кўрсатди. Яшикларни тайёрлаш сири кўзгулардан усталик билан фойдаланишдан иборатдир. Кўзбойлоғич саҳнага чиқиб, сизга ичи бўм-бўш бўлган шляпа ёки яшикни кўрсатади. Ҳақиқатда эса сиз ўша шляпа ёки яшикнинг ярмисини кўрасиз. «Бўм-бўш» шляпани мисол қилиб олайлик. Шляпанинг ўртасига кўзгу ўрнатилади. Кўзгу шляпанинг бўм-бўш бўлган ярмисини акс эттиради ва шляпанинг ичида ҳеч нарса йўққа ўхшаб кўринади. Сиз шляпанинг ичини тўлиқ кўриб турибман, деб ўйлайсиз, ҳақиқатда эса сиз унинг ярмисини кўрасиз. Кўзгу билан яширилган ярмида эса бемалол оппоқ кабутарларни ёки момиққина қуёнчани яшириш мумкин. Бу ерда ҳеч қанақанги сеҳргарлик йўқ, шундай эмасми?
Худо дунёни кўзгулар ёрдамисиз яратди. Акс ҳолда Унга дунёнинг ярмиси ва улкан кўзгу керак бўлган бўлар эди. Худо дунёни ҳеч нарсадан яратди. Бошда ҳеч нарса йўқ эди, кейин эса, Худонинг амри бўйича олам пайдо бўлди.
Биз яна ўз-ўзимизга: «Худо бу ишни қандай қилиб амалга оширди?», — деб савол берамиз. Муқаддас Китоб бизга ягона жавобни беради. Унда айтилишича, Худо Коинотни ибтидога чақирди. Августин буни оригинал жумла билан ифода қилади. У буни «Илоҳий амр» ёки «Илоҳий фармон», деб атайди. Бизларнинг ҳаммамиз фармон нима эканлигини жуда яхши биламиз. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, бу буйруқдир. Изоҳли луғат «фармон» сўзига қуйидагича таъриф беради — бу буйруқ ёки ироданинг кўриниши, бунинг натижасида бирор нарса яратилади ёки содир қилинади.
Ҳозир мен шу китобни ҲBM компанияси томонидан чиқарилган компьютерда ёзаяпман. Компьютер — ажойиб, мураккаб тузилган механизмдир. Бу машина маълум бир буйруқларга жавоб берадиган қилиб ясалган. Агарда мен матнни териш давомида хатога йўл қўйсам, қўлимга ўчирғич олишнинг ҳожати йўқ. Хатони тўғирлаш учун керакли буйруқни берсам бас, шу заҳотиёқ компьютер менинг ўрнимга хатони ўзи тузатади. Компьютер буйруқни бажаради. Бироқ, менинг берадиган буйруқларим чегараланган. Олдиндан компьютернинг дастурига киритилган буйруқларгина қабул қилинади. Мен компьютерга қарата: «Марҳамат қилиб ушбу китобни менинг ўрнимга ёзиб қўй, мен эса бориб гольф ўйнаб келай», — дейиш имкониятига эга бўлишни хоҳлар эдим. Бироқ менинг машинам буни бажара олмайди. Мен ҳар қанақанги «фармойиш берувчи» овоз билан унинг экранига қарата бақиришим мумкин, бироқ у ҳеч қачон мен хоҳлаган ишни қилмайди.
Бизникидан фарқли ўлароқ, Худонинг фармонлари чегара билмайди. У Ўзининг илоҳий амри туфайли истаган нарсасини яратиши мумкин. У йўқ нарсани бор қилиши, ўлимдан ҳаёт яратиши мумкин. У Ўз овозининг бир товуши билан буларни амалга ошира олади.
Оламда янграган биринчи овоз Худонинг овози эди. У: «Бўлсин!», — деб амр қилди. Уни оламдаги биринчи овоз, дейиш ҳам нотўғри бўлар эди, чунки бу овоз янграмагунга қадар оламнинг ўзи ҳам йўқ эди. Худо бўшлиққа хитоб қилди. Балки, бу бўм-бўш зулмат қаърида янграган биринчи ҳайқириқ бўлгандир.
Бу амр ўз-ўзининг молекулаларини яратди ва товуш тўлқини Худонинг овозини коинотга, узоқ-узоқларга олиб кетди. Бироқ, бу амрни Коинотнинг барча жойларига етказиш учун товуш тўлқинига жуда ҳам кўп вақт керак бўлган бўлар эди. Амрнинг тарқалиш тезлиги ёруғлик тезлигидан ҳам юқори эди. Бу амр Яратувчининг оғзидан чиқиши билан Коинот ғилдираклари айлана бошлади. Унинг овози етган жойларда мислсиз чиройли юлдузлар пайдо бўлди ва улар фаришталарнинг қўшиғи оҳангига мос равишда порлай бошладилар. Илоҳий куч худди рассомнинг қўлидаги бўёқлар каби самога тарқалиб кетди. Кометалар худди Мустақиллик кунидаги салютлар каби само кўксида ёрқин из қолдириб уча бошладилар.
Яратилиш тарихдаги энг буюк ва энг биринчи ҳодиса эди. Бош Қурувчи Ўзининг мураккаб ижодига назар ташлади ва яна хитоб қилди. Бу бутун дунё чегараларининг пайдо бўлиши ҳақидаги амр эди. У амр қилди ва натижада денгизлар қирғоқ билан ўралди, булутларга нам тўлди. Худо Орионнинг белини боғлаб қўйди. У яна бир марта амр қилди ва Ер гуллар билан қопланган боғларга тўлди. унчалар очила бошлади. Барча жой ям-яшил ўт-ўлан билан қопланди, атиргуллар очилди.
Худо яна амр қилди ва сувларда тирик жонзотлар пайдо бўлди. Сув ости қоялари пайдо бўлди, тўлқинлар устида эса дельфинларнинг боши кўрина бошлади. Худо яна бир марта хитоб қилди. Шу заҳотиёқ, шернинг ўкириши ва қўйларнинг маъраши эшитилди. Тўрт оёқли ҳайвонлар, саккиз оёқли ўргимчаклар ва қанотли ҳашоратлар пайдо бўлди.
Ва Худо: «Бу яхши», — деди.
Кейин Худо Ерга энгашди ва ернинг тупроғидан бир мавжудотнинг шаклини ясади. Худо унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлади. Бу мавжудот ҳаракат қила бошлади. У сеза бошлади. У Худога итоат қила бошлади. Бу мавжудот тирик ва у ўз қиёфаси билан ўз Яратувчисига ўхшар эди.
Лазарнинг ўликлардан қайта тирилиши ҳақида ўйлаб кўринг. Исо буни қандай қилиб амалга оширди? У Лазарнинг мурдаси ётган қабрга кирмади. У оғиздан оғизга нафас бериш ёки юракни уқалаш каби ҳаракатларни қилишга муҳтож эмас эди. У қабрдан ташқарида, бир қанча масофа узоқликда туриб, баланд овоз билан хитоб қилди: «Лазар, ташқарига чиқ!» Лазарнинг томирларида қон юра бошлади, унинг мия тўлқинлари ишга тушди. Унга ҳаёт қайтиб келди, Лазар қабрни тарк этди ва ташқарига чиқди. Бу илоҳий фармоннинг кучи билан, Яратувчининг буйруғига кўра содир бўлди.
Ҳозирги даврда бу олам ҳеч ким ва ҳеч нарса томонидан яратилмаган, деб таъкид қилувчи назариётчилар ҳам мавжуд. Бу икки таъкид ўртасидаги фарққа эътибор беринг: биринчиси — дунё ҳеч нарсадан яратилган ва иккинчиси эса — у ҳеч нарса томонидан яратилган. Ушбу замонавий назарияларга кўра, қуён аслида ичида қуён бўлмаган шляпадан чиқди ва бунинг учун унга кўзбойлоғичнинг ҳам кераги йўқ. Бу каби фараз биз кўрган яратилиш ҳақидаги Муқаддас Китоб ҳикояларига нисбатан тенглаштириб бўлмайдиган даражада кўпроқ мўъжиза талаб қилади. Бу фаразга кўра ҳеч нарса бирор нарсани пайдо қилади. Бундан ташқари, ҳеч нарса ҳамма нарсани яратган, деб фараз қилинади. Кечирасиз…
Бунга жавобан сиз: «Бизнинг илмли давримизда, Коинот ҳеч нарса томонидан яратилган, деб жиддий таъкидлайдиган киши бўлмаса керак», — деб жавоб беришингиз мумкин. Бундай кишилар жуда ҳам кўп! Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, улар ўз таъкидларини худди мен юқорида айтгандек қилиб ифода қилмайдилар. Уларнинг қарашларини бу каби шаклда ифода қилишим уларга ёқмаслиги аниқ. Улар, шубҳасиз, бу сўзларимга раддия эълон қилишади, мени уларнинг қарашларини масхара қилаётганликда айблашлари ҳам мумкин. Яхши. Улар олам ҳеч нарса томонидан яратилган, дейишмайди. Улар Коинот тасодифий равишда пайдо бўлган, деб таъкидлашади.
Тасодифий равишда? Бироқ, бу ҳеч нарсани ойдинлаштирмайди. Тасодифни ўлчаб бўлмайди, у яратувчанлик кучига эга эмас. Тасодиф — бу биз математик эҳтимолликни таърифлаш учун ишлатадиган оддий сўздир. Тасодиф бирор бир ишни қила олмайди. У ҳеч нарса қила олмайди, чунки унинг ўзи бирор бир шаклга, хусусиятга эга эмас. У — ҳеч нарса. Борлиқ тасодифга кўра юзага келган, деб таъкидлаш — бу Борлиқ «ҳеч нарса» томонидан яратилган, деган таъкид билан бир хилдир.
Бу интеллектуал бемаъниликдир. Борлиқнинг тасодиф туфайли юзага келганлигининг тасодифий эҳтимоллик даражаси қандай?
Авлиё Августин олам тасодиф туфайли вужудга келиши мумкин эмаслигини яхши тушунар эди. У яратилиш учун кучга — яратиш кучига эга бўлган нимадир ёки Кимдир керак эканлигини яхши билар эди. У бирор бир нарса йўқдан бор бўлмаслигини жуда яхши билар эди. Авлиё Августин қайси бир жойда кимдир ёки нимадир мана шу кучга — йўқликдан борлиқни пайдо қила оладиган кучга эга бўлиши кераклигини тушунар эди. Агарда бундай бўлмаганда эди, ҳозир ҳеч нарса мавжуд бўлмаган бўларди.
Муқаддас Китоб шундай дейди: «Азалда Худо …яратди». Биз итоат қиладиган Худо — худди ўша азалдан бор бўлган Худодир. Фақат Худогина мавжудотларни ярата олади, фақат У ибтидо кучига эга. У — ҳеч нарса эмас. У — тасодиф эмас. У — Ибтидодир, У — Ўз-Ўзича мавжуд бўлган ягона Зотдир. Фақат У абадийдир. Фақат У ўлим устидан ҳукмрондир. Фақат У Ўз амри, Ўз фармонининг кучи билан оламни йўқликдан борликка чақира олади. Шу куч бизларни Худонинг қаршисида тиз чўкишга мажбур қилади. У ҳурматга сазовор, эътиборга лойиқдир.
Августиннинг айнан мана шу — Худо оламни Ўз овозининг кучи билан ҳеч нарсадан бор қилиб яратганлиги ҳақидаги сўзлари ўша тунда мени ибодатхонага боришга мажбур қилди.
Мен имонга келиш нима эканлигини яхши биламан. Мен қайтадан туғилиш нима эканлигини яхши биламан. Мен фақат бир мартагина қайтадан туғилиш мумкин эканлигини ҳам жуда яхши биламан. Фақат бир мартагина Муқаддас Руҳ бизнинг қалбларимизни Масиҳдаги янги ҳаётга қаратади. Бу билан У Ўз ишини тугатмайди. У бизда фаолият кўрсатишда давом этади. У бизни ўзгартиришда давом этади.
Ўша куни мен аудиторияда, оламнинг яратилиши ҳақида фикр юритаётганимда ҳис қилган туйғу иккинчи бор янгитдан туғилишга ўхшар эди. Худди мен яна бир бор имон келтирганга, бу марта Ўғил-Худога эмас, балки Ота-Худога имон келтирганга ўхшар эдим. Бирданига менда Ота-Худони таниб-билиш истаги пайдо бўлди. Мен Уни Унинг шон-шуҳратида, қудратида, муқаддаслигида билишни хоҳлар эдим.
Менинг Ота-Худога «келишим» қийинчиликларсиз кечмади. Оламни йўқ нарсадан бор қилган Худонинг қиёфаси менда чуқур таассурот қолдиргани билан биз яшаётган бу олам — қайғу ва аламга тўла эканлиги мени безовта қилаётган эди. Бу олам бошдан-оёқ ёмонлик билан қопланган эди. Шунда менда қуйидагича савол пайдо бўлди: «Менинг марҳаматли ва муқаддас Раббим қандай қилиб бундай тартибсиз ҳолатда бўлган оламни яратиши мумкин?» Мен Эски Аҳдни ўқиган пайтларимда Худонинг аёллар ва болаларни ўлдириш ҳақида берган фармонлари, аҳд сандиғига тегингани учун Уззони шу ондаёқ ўлимга маҳкум қилганлиги ва Худо табиатининг бошқа шафқатсиз томонларини очиб берувчи ҳикоялар мени ташвишга солар эди. Мен шундай Худони сева олармидим?
Мен Муқаддас Ёзувларда қайта-қайта дуч келган асосий ғоя — бу Худонинг муқаддаслиги ғоясидир. Бу сўз мен учун бегона эди. Бу сўзнинг маъносини тўлиқ тушунаётганлигимга имоним комил эмас эди. Мен бу саволни синчковлик ва тиришқоқлик билан ўрганиб чиқишга аҳд қилдим.
Мен бугунги кунда ҳам Худонинг муқаддаслиги ҳақидаги саволни ҳал қилиш билан машғулман. Бу ғоя ҳар бир масиҳий учун энг муҳим ғоялардан бири эканлигига шубҳам йўқдир. Ҳар бир масиҳий бу ғоянинг маъносини англаб етиши лозим. У бизнинг Худо ва масиҳийлик ҳақидаги қарашларимиз асосида ётади.
Муқаддаслик ғояси Муқаддас Китоб таълимоти учун шу даражада муҳимки, у ерда Худо ҳақида шундай дейилади: «Унинг исми муқаддасдир». Унинг исми муқаддас, чунки Унинг Ўзи муқаддас. Бироқ, Унга нисбатан ҳар доим ҳам муқаддас эҳтиром намоён қилинавермайди. Унинг номи бу дунёнинг лойига ботирилади. У сўкиш сифатида, беъманиликлар учун баҳона сифатида ишлатилади. Бу дунё кишилари Худони қай даражада ҳурмат қилмасликларини Унинг исмига нисбатан бўлган эътибордан билиб олиш мумкин. Ҳеч қандай ҳурмат йўқ. Худодан қўрқиш йўқ.
Агарда мен масиҳийларнинг бир гуруҳига жамоатнинг асосий вазифаси нимадан иборат эканлиги ҳақида савол берганимда, бир талай турлича бўлган жавобларни олишим тайин. Улардан баъзилари: «Хушхабар тарқатиш», бошқалари эса: «Ижтимоий фаолият», учинчилари эса: «Диний тарбия», деб жавоб беришган бўлар эди. Бироқ мен бирор кишидан Масиҳнинг асосий вазифаси қандай бўлганлиги ҳақида эшитишни хоҳлар эдим.
«Бизнинг осмондаги Отамиз» нимадан бошланади? Исо шундай деган эди: «Ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинглар: «Бизнинг осмондаги Отамиз…» Ибодатнинг биринчи қатори — илтимос эмас. Бу шахсий мурожаатнинг шакли. Кейин ибодат қуйидагича давом этади: «…Исминг муқаддас тутилсин. Сенинг Шоҳлигинг келсин…» Биз «Исминг муқаддас тутилсин» деган сўзларни мурожаатнинг бир қисми, деб ўйлаб хато қабул қиламиз. Биз ичимизда бу сўзларга «Сенинг исминг муқаддас», деган маъно берамиз. Агарда бу сўзларнинг маъноси айнан шундай бўлганида, улар фақатгина Худони шарафлаш учун айтилганга ўхшаб қолар эди. Аммо Исо бошқача айтган. Унда — бу биринчи мурожаат, ибодатдаги биринчи илтижо. Биз Худонинг исми муқаддас бўлиши учун, Унга муқаддас Зот сифатида мурожаат қилишлари учун ибодат қилишимиз керак.
Ибодатда аниқ бир кетма-кетликка риоя қилинган. Осмон Шоҳлиги ҳеч қачон Худонинг исми муқаддас ҳисобланмайдиган жойга келмайди. Агарда Худонинг номи ерга урилаётган бўлса, у ҳолда Унинг иродаси ерда ҳам худди осмондаги каби бўлмайди. Самода Худонинг номи муқаддасдир. Фаришталар Унинг номини муқаддас жимжитликда тўхтовсиз тилга оладилар. Самода барча Унинг номини эҳтиром билан тилга олади. Худонинг номи ҳурмат билан тилга олинмайдиган жойда Осмон Шоҳлигини излаш бефойдадир.
Ота-Худо шахсини қабул қилишимиз ҳаётимизнинг барча жабҳаларига ўз таъсирини ўтказади. Бу таъсир ҳаётнинг «диний ҳаёт», деб аталган қисмидан ҳам анча узоққа тарқалади. Агар Худо — бутун оламнинг Яратувчиси бўлса, у ҳолда бундан У — бутун оламнинг Тангриси эканлиги келиб чиқади. Бу оламда Унинг иродаси амалга ошмайдиган жой мавжуд эмас. Бу эса менинг ҳаётимда ҳам шундай жой бўлмаслиги кераклигини англатади. Биз қаерда бўлмайлик ва нима иш билан машғул бўлмайлик — муқаддас Худо ҳамма нарса ҳақида: иқтисод ҳақида ҳам, сиёсат ҳақида ҳам, спорт ҳақида ҳам, севги ҳақида ҳам Ўз сўзини айтиши мумкин.
Худодан қочиб бўлмайди. Ундан яшриниш мумкин бўлган жойнинг ўзи мавжуд эмас. У ҳаётимизнинг барча жабҳаларига оддийлик билан эмас, балки фақат Ўзига хос бўлган бетакрор муқаддаслик билан кириб келади. Шу сабабли, биз ушбу муқаддасликни тушуниб етишга ҳаракат қилишимиз лозим. Биз буни четлаб ўта олмаймиз. Бусиз итоат ҳам, руҳий ўсиш ҳам, ҳақиқий итоаткорлик ҳам бўлмайди. Чунки масиҳий сифатида бизнинг мақсадимиз айнан мана шулардан иборатдир. Худо шундай деди: «Муқаддас бўлинглар, зеро Мен муқаддасман».
Биз ўз мақсадимизга эришишимиз учун муқаддаслик нима эканлигини тушуниб етишимиз керак.
Унитаризм (лотинча unitas — бирлик) — протестантликдаги оқим бўлиб, Учбирлик таълимотига қарама-қарши равишда, ягона Худо ғоясини тарғиб қилади.
Августин Аврелий (354 — 430) — православларда авлиё, католик жамоати томонидан эса — муқаддас ва Жамоат устози, деб тан олинган масиҳий теолог ва файласуф. Католик догматикасини, хусусан, илоҳий таъриф, иноят ва қабрдаги ҳукм ҳақидаги таълимотни ишлаб чиқишда ва тасдиқлашда алоҳида ўрин тутган. У Жамоатнинг буюк чўпонларидан бири ҳисобланади. Унинг барча дунёқарашлари: «Имонсиз илм ҳам, ҳақиқат ҳам йўқ», деган асосга асосланган эди. Ундан 100 тача китоб, 500 та ваъз ва 200 та мактуб қолган. Унинг «Тавба» номли автобиографик асари ва «Худо шаҳри ҳақида» номли трактати машҳурдир. «Худо шаҳри ҳақида» (426) номли асарида Августин илоҳий таъриф натижаси сифатида тушуниладиган бутун дунё тарихининг масиҳийлик концепциясини ривожлантирди. У «Худо шаҳри» — бутун жаҳонга тарқалган Жамоатни гуноҳкор дунёвий давлат — «Дунёвий шаҳар»га қарама-қарши қўяди. Унинг масиҳийлик ривожига қўшган ҳиссаси протестантликда ҳам, Рим католик жамоатида ҳам юқори баҳоланади.
Книга на Узбекском языке: Святость Бога (Роберт Спраул)
Эта книга, написанная одним из самых блестящих мыслителей наших дней, поставила меня на колени и драматически изменила мою христианскую жизнь. Ее обязательно нужно прочитать каждому христианину" (Чак Колсон, автор книги "Любящий Бог").
Это глубокое и волнующее исследование характера Бога. Особый акцент сделан на святости, присущей Богу, которая помогает христианину увидеть себя и свои дела в истинном свете. Р. Спраул говорит: "Это влияет на каждый аспект нашей жизни: экономику, политику, спорт, любовь - на все, чем мы живем.