Эйден Тозер. Худонинг Буюклиги - (7 Боб) Китоб Ўзбек тилида
Xudoning Buyukligi (Eyden Tozer) O‘zbek tilida Audiokitob
Мундарижа
Муаллифдан
1. Нима учун биз Худо ҳақида тўғри фикрлашимиз керак
2. Эришиб бўлмас Худо
3. Илоҳий белгилар: Худо ҳақидаги баъзи бир ҳақиқатлар
4. Муқаддас Учбирлик
5. Худонинг баркамоллиги
6. Худонинг эркинлиги
7. Худонинг абадийлиги
8. Худонинг чексизлиги
9. Худонинг доимийлиги
10. Худонинг ҳамма нарсадан бохабарлиги
11. Худонинг донишмандлиги
12. Худонинг қудратлилиги
13. Худонинг трансцендентлиги
14. Худонинг ҳар ерда ҳозирлиги
15. Худонинг содиқлиги
16. Худонинг меҳрибонлиги
17. Худонинг адолатлилиги
18. Худонинг раҳмдиллиги
19. Худонинг марҳамати
20. Худонинг севгиси
21. Худонинг муқаддаслиги
22. Худонинг олий ҳокимияти
23. Очиқ сир
Худонинг абадийлиги
Барча кунлардан ҳам кўҳна бўлган, эй қадимий Зот! Онгимиз Сенинг абадийлигингни тўла-тўкис идрок эта олмаслигини бизнинг қалбимиз бугунги кунда қувонч билан тан олади. Эй Тангрим, Худовандим, мен учун Муқаддас Зот, ахир Сен абадиятдан эмасмисан?
Биз Сенга, умрининг поёни йўқ бўлган Абадий Отага ва Ундан туғилган, абадийлик ҳукм сурган даврлардан буён бор бўлган севикли Ўғилга таъзим қиламиз. Биз шунингдек, Сенга — дунё яратилгунга қадар Ота ва Ўғил билан бир қаторда яшаган ва севган Абадий Руҳга ҳам таъзим қиламиз ва Сени тан оламиз. Барча маъбадлар учун солиҳ ва пок қалбларни муносиб деб билган Ўз Руҳингга лойиқ макон бўлиши учун қалбимиз ҳужраларини кенгайтир ва тозала. Омин.
Абадийлик ҳақидаги асосий фикр-мулоҳаза Муқаддас Китобнинг ҳамма жойида тоғ чўққиси каби юксалтирилган ва ортодоксал яҳудийлик ҳамда масиҳийлик дунёқарашида жуда муҳим ўринни эгаллайди. Агар бу концепцияни инкор қилганимизда, биз учун яна пайғамбарлар ва ҳаворийлар каби фикр-мулоҳаза юритишнинг умуман имкони бўлмай қолар эди, чунки уларнинг фикру ёди абадийлик ҳақидаги узундан-узун ширин хаёллар билан тўлиб-тошган эди.
Муқаддас Ёзувлар муаллифлари баъзан «абадийлик» сўзини қандайдир қадимги нарсаларни сифатлашда фойдаланганликлари учун ҳам {(мисол учун «азалий чўққилар» ифодасидаги каби (Ибт. 49:26)}, баъзи бир кишилар бу оятларда бу сўз абадий ҳаёт концепциясини назарда тутмаган ва бу концепция фақат кейинчалик теологлар томонидан кашф қилинган, дея таъкидлашади. Бу албатта, жиддий хато ва менинг тушунишимча, у ўзининг жиддий илмий асосига эга эмас. Баъзи бир устозлар бу таъкиддан абадий жазо таълимотидан узоқроқ бўлиш учун фойдаланишган. Улар гуноҳ учун бериладиган жазонинг абадийлигини инкор қилишди ва изчил бўлишлари учун бутун бир чексизлик ғоясини заифлаштиришга мажбур бўлишди. Бу нарса қилинган хатонининг ёрқин далилига айланмаслиги учун ҳақиқатни жим бўлишга мажбур қилиш билан, уни йўқ қилиб юборишга ҳаракат қилишларига ягона мисолгина эмас.
Ҳақиқат шундаки, агарда Муқаддас Китоб чексиз яшаш сўзини том маъноси билан олганда Худога хос эканлигини ўргатмаганида эди, биз бу ҳақда Унинг бошқа хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда хулоса чиқаришга мажбур бўлар эдик. Агар Муқаддас Китобда мутлақ чексизликни билдирадиган сўз бўлмаганида, бу тушунчани ифода қилиш учун янги сўз ўйлаб топишимизга тўғри келар эди. Чунки бу тушунча Илоҳий Руҳ томонидан руҳлантириб ёзилган Муқаддас Ёзувлар матнида кўзда тутилган нарса сифатида қаралади, тушунилади ва қабул қилинади. Худо Шоҳлиги учун чексизлик — бу табиат шоҳлиги учун углерод кабидир. Углерод ҳамма жойда мавжудлиги, тирик оламнинг таркиби ҳисобланганлиги ва барча тирик мавжудотни қувват билан таъминлагани каби, чексизлик ҳақидаги тушунча масиҳийлик таълимотига маъно бериш учун зарур ҳисобланади. Ҳақиқат билан айтганда, мен абадийлик ғояси олиб ташланган тақдирда ҳам, ўз аҳамиятини сақлаб қоладиган бирорта ҳам масиҳийлик эътиқоди ақидасини билмайман.
Ҳазрати Мусо Муқаддас Руҳ таъсири билан: «Азалдан ва илалабад Сен Тангрисан», — деб айтган эди (Забур саноси 89:3). Буни: «Олисларда тобора йўқолиб бораётган у нуқтадан, то олисларда йўқолиб бораётган бу нуқтагача», — деган сўзлар билан Мусонинг айтганларига тўла-тўкис мувофиқ равишда ифода қилиш мумкин. Бизнинг ақл-идрокимиз кўринар-кўринмас ўтмиш то олисларда йўқолиб кетгунга қадар, орқага қараб тураверади. Сўнгра эса бурилади ва то фикр-мушоҳада ҳамда тасаввур ниҳоясига етмагунча келажакка кўз тикиб туради. Худо эса у нуқтада ҳам, бу нуқтада ҳам турган бўлади ва унисига ҳам бунисига ҳам қарам бўлмайди. Вақт яратилган нарсанинг вужудга келган вақтини белгилаб қўяди, аммо Худо Ўзининг Борлигини ҳеч қачон бошламаган, шунинг учун вақт тушунчасини Унга нисбатан қўллаш мумкин эмас. «Бошлади» сўзи вақтга тегишлидир ва у абадийликда яшайдиган Улуғвор Худо шахсини ифода қилиши мумкин эмас.
Ҳеч қандай ёш ўз йилларини Сенга юклай олмайди;
Азизим Худо! Сен Ўзинг Ўзингнинг абадийлигингсан.
Фредерик У. Фэйбер
Худо абадийликда ҳозир ҳам яшар экан, Унинг на ўтмиши, на келажаги мавжуддир. Муқаддас Китобда вақтни билдирувчи сўзлар тилга олинган бўлса, улар Худо вақтига эмас, балки бизнинг вақтимизга тааллуқлидир. Тўрт жондор Арши аълода олдида туриб кечаю кундуз тинмай: «Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўлғуси, Сарвари коинот, Тангри Таоло муқаддас, муқаддас, муқаддасдир» (Ваҳий 4:8) — деб такрорлаган пайтда, улар Худони бизга маълум бўлган ўтмиш, ҳозирги давр ва келажак каби вақт даражалари тааллуқли бўлган яратилган мавжудотлар ҳаёти оқими билан боғлайдилар. Бу нарса эса ҳақиқатдир, чунки Худо Ўзининг шоҳона иродаси билан Ўзини вақт билан боғлашларини истаган. Бироқ, Худо яратилмаган, шунинг учун биз «вақт» деб атайдиган кетма-кет келаётган ўзгаришлар Унинг ўзига тааллуқли эмасдир.
Худо абадийликда яшайди, бироқ вақт Худода яшайди. Худо бизнинг кечаги кунларимизни яшаб ўтгани каби, эртанги кунларимизни аллақачон яшаб қўйди. Бу ерда бизга К. С. Льюис томонидан келтирилган чизма ёрдам беради. У бизга чексиз коинот бўйлаб ёйилган қоғоз варағини тасаввур қилишимизни таклиф қилади. Бу абадийлик, деб ҳисоблаймиз. Сўнгра бу қоғозда вақтни билдирувчи қисқа чизиқни ўтказинг. Чексиз давом этувчи текисликда чизиқ бошланганлиги ва тугаганлиги каби вақт ҳам Худода бошланган ва Унда ниҳоясига етади.
Худонинг вақт бошида пайдо бўлишини тасаввур қилиш у даражада мушкул эмас. Бироқ, бир вақтнинг ўзида Унинг қандай қилиб ҳам вақт бошида, ҳам вақт охирида пайдо бўлишини англаб етиш у қадар осон эмас; аммо бу худди шундайдир. Вақт бизга воқеликлар кетма-кетлиги билан танишдир. Биз шу тарзда Коинотда бирин-кетин юз бераётган ўзгаришларга изоҳ берамиз. Ўзгаришлар бир вақтнинг ўзида эмас, балки қандайдир кетма-кетликда, бирини кетидан иккинчиси юз беради ва бизнинг вақт ҳақидаги тасаввуримиз ҳодисалар ўртасидаги боғлиқликнинг «...гача» ва «... дан сўнг» қонуни асосида шаклланиб боради. Биз қуёшнинг шарқдан ғарбга томон ҳаракатланишини ёки соат стрелкасининг циферблат бўйича ҳаракатланишини кутамиз, бироқ Худо учун бу нарсани кутишнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ. Унинг учун юз бериши мумкин бўлган нарса аллақачон юз бериб бўлган ҳисобланади. Айнан шунинг учун ҳам Худо: «Мен Худоман, Мендан бошқаси ёки Менга ўхшаши йўқ. Охирида нима бўлишини Мен бошидан эълон қиламан» (Иша. 46:9-10), — деб айта олиши мумкин.
Худо аввали ва охирини бир қарашдаёқ кўра олади. «Абадийлик ҳисобланган абадий давомийлик, барча кетма-кетликни ўз ичига олади, — дейди Николай Кузанский, — ва бизга кетма-кетлик бўлиб кўринган ҳар бир нарса Сенинг абадийлик деб аталган мақсадингдан кейин мавжуд бўлган эмас... Сен Қудратли Худо бўлганлигинг учун ҳам девор билан ўралган Жаннатда яшайсан ва бу деворда анча кечроқ — жуда эртароқ билан, охири — бошланиши билан бир бутун бўлади, бу ерда Альфа ва Омега бирдир... ҲОЗИР ва ЎШАНДА Жаннат деворлари ҳалқасида бирлашадилар. Мутлақ ва абадий бўлган менинг Тангрим, Сен ҳозир ва ўтмиш сарҳадларидан ташқарида борсан ва Ўз сўзингни баён этасан».
Мусо кексайган чоғларида мен юқорида келтирган Санони ёзиб қолдирган эди. Бу Санода у Худонинг абадийлигини олқишлаб, улуғлаган эди. Мусо учун ҳақиқат ҳисобланган бу илоҳий далил унга яхши таниш бўлган Синай тоғи каби метин ва мустаҳкамдир. Бу ҳақиқатдан Мусо учун иккита хулоса келиб чиқди: Худо абадий экан, У вақт томонидан қувғин қилинаётган фарзандлари учун ягона ишончли бошпана бўлиши мумкин ва бўлиб қолади ҳам.
«Ё Раббий, Сен барча наслларимизга паноҳ эдинг» (Забур саноси 89:2).
Иккинчи хулоса биринчисига нисбатан камроқ тасалли беради: Худонинг абадийлиги шу қадар давомий, бизнинг ер юзидаги ҳаётимиз эса шунчалик саноқли бўлса, биз ўз қўлларимиз билан амалга оширган ишларни қандай қилиб кўрсатишимиз мумкин? Биз бизни ҳолдан тойдирувчи ва ҳалок қилувчи ҳодисаларнинг вайрон қилувчи ҳаракатидан қандай қочиб қутулишимиз мумкин? Худо бу Санони Ўзи билан тўлдиради ва унда ҳукмронлик қилади, шунинг учун Мусо айнан Унга ўз илтижоси билан мурожаат қилади: «Кунларимизни санашни бизга ўргатгин, токи доно қалб эгаси бўлайлик!» (Забур саноси 89:12).
Сенинг абадийлигинг ҳақидаги менга берилган билим беҳуда бўлмасин!
Бу асабийлашган асрда яшаётган бизлар учун ўз ҳаётимиз, кунларимиз тўғрисида Худо олдида ва абадийлик чегарасида туриб, кўпроқ ва узоқ фикр-мулоҳаза юритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки биз худди вақт учун яратилганимиз каби, абадийлик учун ҳам яратилгандирмиз ва жавобгар онгли мавжудотлар сифатида биз ҳар иккиси билан ҳам иш олиб боришимиз керак.
«... ва уларнинг юрагига абадийлик туйғусини солди», — деган эди воизхон (Екк. 3:11) ва менинг фикримча, бу ерда одамларнинг шон-шуҳрати ҳақида ҳам, уларнинг бахтсизлиги ҳақида ҳам айтиб ўтилаяпти. Абадийлик учун яратилган бўлиб, вақтда боғлиқ ҳолда яшаш — бу инсониятнинг энг катта фожеасидир. Ичимиздаги ҳамма нарса ҳаётни ва доимийликни талаб қилади, атрофимизни ўраб турган барча нарсалар эса бизнинг ўлимга маҳкум ва ўзгарувчан эканлигимизни эслатиб туради. Бироқ, Худо бизни абадийлик хом-ашёсидан яратганлигини ўзи ҳам шон-шуҳрат, ҳам башоратдир. Бу шон-шуҳрат ҳали амалга ошади ва бу башорат ҳали рўёбга чиқади.
Агарда мен яна масиҳийлик таълимоти муҳим асосларидан бири — инсондаги Худонинг сурати ва қиёфаси ўхшашлик деган тушунчага қайтадиган бўлсам, мени бир гапни беҳуда такрорлайверишда айблашмаса керак, деб умид қиламан. Худо сурати ва қиёфасига ўхшашлик аломатлари шу қадар гуноҳ билан қопланиб қолганки, уларни илғаб олиш осон эмас. Бироқ бу аломатлардан бири инсоннинг абадийликка бўлган тинимсиз уриниши ҳисобланади, деб тахмин қилиш тўғри бўлмасмикан?
Сен бизни тупроқда қолдирмассан:
Сен инсонни яратдинг, бироқ у сабабин билмас;
У ўлиш учун яратилганман, деб ўйламас.
Ахир Сен уни яратдинг: Сен адолатлисан.
Теннисон шундай деб фикр-мулоҳаза юритади ва соғлом инсон қалбининг тубига яширинган табиий туйғулар бизни унинг фикрига қўшилишга мажбур қилади. Худо сурати ва қиёфасига азалий ўхшашлик ҳар бир инсон қалбида туриб, чексиз умид ҳақида сўзлайди; инсон қаердадир ўз ҳаётини давом эттиради. Шундай бўлса-да, у хурсанд бўла олмайди, чунки бу дунёга келадиган ҳар бир инсонни ёритувчи нур унинг виждонини қийноққа солади, айбдорлигининг исботлари ва яқинлашиб келаётган ўлим таҳдиди билан қўрқитади. Инсон икки тегирмон тоши орасида қолиб кетади: умиднинг юқори тегирмон тоши ва қўрқувнинг қуйи тегирмон тоши.
Айнан шу ерда масиҳийликнинг Хуш хабари ўз вақтида пайдо бўлади.
«...Исо Масиҳ ўлимни йўққа чиқарди, ҳаёт ва ўлмасликни эса ойдинликка чиқарди» (2 Тим. 1:10).
Буюк масиҳийлардан бири ўзини қатл қилиши керак бўлган жаллод қаршисига чиқиш олдидан шундай деб ёзган эди. Худонинг абадийлиги ва инсоннинг ўлимга маҳкумлиги, Масиҳга бўлган имон-эътиқод шартли эмас, деган фикрнинг нотўғри эканлигига бизни ишонтиради. Ҳар бир инсон учун бу ё Масиҳ, ёки абадий фожеа бўлиб қолиши керак. Раббимиз абадийликдан вақтга бу ўткинчи дунёда маънавий ахлоқсизлиги туфайли нафақат аҳмоққа, балки гуноҳ ва ўлимнинг қулига ҳам айланиб қолган Ўзининг биродар-инсонларини қутқариш учун келган.
Қисқа умр, узоқ давом этмас ғам,
Вақтинчалик ташвиш берилгандир бизга бу ерда;
Поёни йўқ, кўз ёшларсиз ҳаёт эса — у ерда.
У ерда Ўзининг бутун шон-шуҳратида
Биз абадий кўриб турамиз
Ҳукмдор ва Шоҳимиз бўлган Худони,
Ва У билан юзма-юз туриб,
Унга таъзим қиламиз.
Бернард Клюнийский
Николай Кузанский. Указ соч. С.48-50.
Альфред Теннисон. Хотиралар. — Tennyson. In Memoriam.
Книга на Узбекском языке: Величие Бога (Эйден Тозер)
Церковь оставила своё некогда возвышенное представление о Боге и заменила его представлением низким и постыдным, которое совершенно недостойно мыслящих, поклоняющихся Господу людей. Когда мы потеряли ощущение величия Господа, мы потеряли и религиозное благоговение, и сознание Божественного присутствия. Мы потеряли наш дух поклонения Богу и нашу способность внутренне сосредоточиться для того, чтобы встретить Бога в молитвенном молчании.
В этой книге доктор Тозер помогает нам лучше понять Бога и вновь открыть для себя Его величие, чтобы это оказало глубокое влияние на нашу повседневную жизнь. Чтобы вернуть это понятие в повседневную жизнь верующих, он предлагает рассмотреть Божественные атрибуты в их взаимосвязанности и единстве, сосредоточив внимание на таких свойствах Бога, как самодостаточность, независимость, всемогущество, вездесущность, неизменность, бесконечность и многие другие.