Эйден Тозер. Худонинг Буюклиги - (19 Боб) Китоб Ўзбек тилида
Xudoning Buyukligi (Eyden Tozer) O‘zbek tilida Audiokitob
Мундарижа
Муаллифдан
1. Нима учун биз Худо ҳақида тўғри фикрлашимиз керак
2. Эришиб бўлмас Худо
3. Илоҳий белгилар: Худо ҳақидаги баъзи бир ҳақиқатлар
4. Муқаддас Учбирлик
5. Худонинг баркамоллиги
6. Худонинг эркинлиги
7. Худонинг абадийлиги
8. Худонинг чексизлиги
9. Худонинг доимийлиги
10. Худонинг ҳамма нарсадан бохабарлиги
11. Худонинг донишмандлиги
12. Худонинг қудратлилиги
13. Худонинг трансцендентлиги
14. Худонинг ҳар ерда ҳозирлиги
15. Худонинг содиқлиги
16. Худонинг меҳрибонлиги
17. Худонинг адолатлилиги
18. Худонинг раҳмдиллиги
19. Худонинг марҳамати
20. Худонинг севгиси
21. Худонинг муқаддаслиги
22. Худонинг олий ҳокимияти
23. Очиқ сир
Худонинг марҳамати
Ўй-хаёллари биз ҳақимиздаги ёмонликларга эмас, балки тинчлик-хотиржамликка тўлган марҳамат Худоси, бизга Севгучи томонидан қабул қилинганимизга ишона оладиган юрак бер. Шунингдек бизга самони бус-бутун сақлай олиш ва у ерда бизни қабул қилиш йўлини топган маънавий донишмандлик мукаммалиги билан завқлана оладиган ақл-идрок ҳам бергин. Шу қадар муқаддас ва қўрқинчли бўлган Сен, бизни Ўз базмингга таклиф қилганингдан ва севгини байроқ каби бошимиз тепасида ҳилпиратганингдан таажжуб ва ҳайратга тушамиз. Биз ўзимиз ҳис қилаётган миннатдорчилик туйғусини ифодалай олмаймиз, бироқ бизнинг қалбимизга бир қара ва бу миннатдорчиликни Ўзинг ўқиб ол. Омин.
Худода раҳмдиллик ва марҳамат биргадир. Аммо улар бизга намоён бўлган пайтда, бир-бири билан ўзаро боғлиқ, аммо бир-бирига ўхшамайдиган иккита турли хил хусусият эканлигини кўриш мумкин.
Раҳмдиллик — бу инсоннинг азоб-уқубатини ва гуноҳини солиштирувчи Худонинг меҳрибонлигидир, марҳамат эса — бу инсон вазифалари ва камчиликлари томон йўналган Худонинг меҳрибонлигидир. Худо айнан Ўз марҳаматига кўра хизматларни улар аввал мавжуд бўлмаган жойларда тайинлайди ва қарз аввал бўлган жойда энди йўқ, деб айтади.
Марҳамат — бу Худога муносиб бўлмаган кишиларга мурувват кўрсатишга имкон берувчи Унинг эзгу хоҳиш-иродасидир. Худо табиатида азалданоқ мавжуд бўлган бу эркин принцип бахтсизларга ачиниш, айбдорларга шафқат кўрсатиш, ғарибу бечораларни самимият билан қабул қилиш ва одилона ҳукм қилинганларга мурувват кўрсатишга мойиллик сифатида намоён бўлади. Мана шу принципнинг амалга ошиши туфайли биз гуноҳкор одамлар нажотга эришиш ҳамда самога бориш имконини оламиз ва асрлар давомида Худонинг Исо Масиҳдаги улуғвор меҳрибонлигини кўришимиз мумкин.
Худо — ўзгармас Худо бўлганлиги учун, биз абадий устунликка эга бўламиз. Шунинг учун ҳам Худо бизга ўз ҳибсхонамизда бошимизни мағрур кўтаришга, маҳбуслик кийимларимизни шоҳона кийимлар билан алмаштиришимизга ёрдам беради ва бутун умримиз давомида Унинг ҳузурида нон ейишимизга имкон яратади.
Марҳамат Худо қалбининг туб-тубидан, Унинг эзгуликка тўлиб-тошган муқаддас борлиғи қаъридан келиб чиқади. Худонинг марҳамати одамлар учун хочга михланган ва қайта тирилган Исо Масиҳдир. Худонинг марҳамати ва гуноҳларнинг ювилиши ҳақида ҳаммадан кўра кўпроқ гапирган ҳаворий Павлус Худонинг марҳаматини ҳеч қачон хочга михланган Худо Ўғлидан ажратмайди. Павлуснинг таълимотида улар биргаликда, азалдан мавжуд бўлган ягоналикда ва бир-биридан ажралмаган ҳолда эсга олинади.
Бу мавзу ҳаворий Павлуснинг Эфесликларга Мактубида янада тўла-тўкисроқ ва ёрқинроқ ифода этилган: «Бизни мурувватига сазовор билиб, Исо Масиҳ орқали Ўзига ўғил қилиб олишга азалдан қарор қилди. Илоҳий меҳр-шафқатнинг донғи чиқсин деб Худо севикли Ўғлини юбориб, бизга иноят қилди. Унинг Ўғли эса қонини тўкиб, бизнинг гуноҳларимизни ювди. Худонинг бу чексиз инояти туфайли биз барча айбу гуноҳларимиздан фориғ бўлдик» (Эфес. 1:5-7).
Шунингдек, Юҳанно ҳам ўз Хушхабарида Исо Масиҳни Худо марҳамати У орқали инсониятга ўтувчи восита сифатида таърифлайди: «Таврот Қонуни Мусо орқали берилган эди, илоҳий иноят ва ҳақиқат эса Исо Масиҳ орқали зоҳир бўлди» (Юҳан. 1:17).
Бироқ, айнан шу ерда осонгина йўлдан чиқиб кетиш ва ҳақиқатдан узоқлашиб қолиш мумкин; баъзи бир одамлар шундай қилишган ҳам. Худонинг марҳамати ҳақидаги таълимот баён этилган Муқаддас Ёзувларнинг бошқа қисмлари билан боғлиқлигига эътибор бермаган ҳолда, улар Мусо фақат қонунни, Масиҳ эса фақат марҳаматни билган, дея хулоса чиқаришди. Шу тарзда Эски Аҳдни қонун китоби, Янги Аҳдни эса Худо марҳамати китоби сифатида эътироф этишди. Бироқ ҳақиқат бутунлай бошқа нарсададир.
Қонун инсонларга Мусо орқали берилган эди, бироқ у Мусодан келиб чиқмаган. Қонун Худонинг қалбида дунё яратилгунга қадар ҳам бор эди. Қонун Синай тоғида Исроил халқининг қонунлар тўплами бўлиб қолди; бироқ бу тўпламда баён этилган ахлоқ қоидалари абадийдир. Қонун инсонлар учун Худонинг иродасини ифода этмаган бирор вақт ҳам бўлмаган ва Худо сабр-тоқатли ва гарчи инсонлар томонидан билмай туриб содир қилинган ёвузликларга баъзида «бармоқлари орасидан қараган» бўлса ҳам, қонунни бузиш ҳеч қачон жазосиз қолмаган. Ҳаворий Павлуснинг Римликларга мактуби, учинчи ва бешинчи бобларида баён этилган аниқ далиллари бу саволга тўлиқ аниқлик киритади. Масиҳийлик таълимоти манбаи — Мусо орқали берилган қонун эмас, балки Масиҳнинг севгисидир; таълимотнинг қонундаги барча қоидалари эса бекор қилинмаган. Қонун белгилаган адолатга амал қилишдан озод бўлган ҳеч қандай имтиёзли табақа мавжуд эмас.
Ҳақиқатан ҳам Эски Аҳд — қонун китоби, бироқ фақат қонунники эмас. Дунёни сув босиши олдидан Нуҳ «Худованднинг илтифотига сазовор бўлган эди» (Ибт. 6:8), қонун берилгандан кейин эса Худо Мусога: «Сен Менинг кўзимда марҳамат топдинг» (Чиқ. 33:17), — деб айтди. Бундан бошқа қанақа бўлиши мумкин эди? Худо ҳамиша Ўзлигини сақлаб қолади, марҳамат эса — Унинг муқаддас борлиғи хусусиятидир. Қуёш ўзининг ёрқин нурларини яшира олмагани каби, У ҳам Ўз марҳаматини яшира олмайди. Одамлар қуёшнинг ёруғидан қочиб, зулматга ва ҳавоси заҳ, деворлари эса пўпанак билан қопланган ер қаъридаги ғорларга яширинишлари мумкин, бироқ бу одамлар қуёшни сўндира олмайдилар. Худди шунга ўхшаб, одамлар ўзларини у ёки бу мажбурлиятлардан озод деб ҳисоблаган ҳолда, Худонинг марҳаматини инкор қилишлари мумкин, аммо улар бу марҳаматни ҳеч қачон сўндира олмайдилар.
Агарда Эски Аҳд даври қаттиқўл, мустаҳкам қонун даври бўлганида эди, у ҳолда Муқаддас Китоб тарихининг илк даври манзаралари бу қадимий китобларда биз кўриб турган даврга қараганда у қадар ёрқин, сержило бўлмас эди. Худонинг дўсти — Иброҳим бўлмас эди; Худо қалбига маъқул бўлган инсон — Довуд ҳам бўлмас эди; Самуил ҳам, Ишаъё ҳам, Дониёллар ҳам бўлмаган бўларди. Ибронийларга Мактубнинг ўн биринчи бобида таъкидлаб ўтилган Эски Аҳднинг илоҳий улуғворлиги тушунарсиз ва кераксиз бўлиб қолар эди. Худонинг марҳамати муқаддасликка Эски Аҳд даврида ҳам худди бугунги кундаги каби имконият яратди.
Ҳобилдан бошланиб, то ҳозирги даврга қадар ҳеч ким Худонинг марҳаматисиз нажот топмаган. Одамзод Адан боғидан ҳайдалган вақтлардан буён ҳеч ким Худонинг марҳаматисиз Унинг илтифотига сазовор бўла олгани йўқ. Шунингдек, ҳар қандай инсон Худонинг марҳаматига қаерда эришган бўлишидан қатъий назар, бу ҳар доим Исо Масиҳ туфайли юз берган. Худонинг марҳамати ҳақиқатан ҳам Исо Масиҳ орқали келди, бироқ у Исонинг охурда туғилишини ёки хочда жон беришини кутиб ўтиргани йўқ, Илоҳий марҳамат бунга қадар ҳам ҳаракатда бўлган. Масиҳ — дунёнинг бошиданоқ бўғизланиш учун берилган Қурбонлик Қўзисидир. Худо билан дўстона муносабатни қайта тиклаган тарихдаги биринчи инсон буни Масиҳга бўлган имони орқали амалга оширди. Аввалги даврларда одамлар Масиҳнинг гуноҳлар учун тўлов тўлаш хизматини кутиб яшаганлар, эндиликда, ана шу хизмат амалга ошган бир пайтда, улар Худога қайтиб келишмоқда. Бу одамлар Худога ҳамиша Унинг марҳаматига кўра, имонлари туфайли қайтиб келишади.
Биз шунингдек, Худонинг марҳамати чексиз ва абадий эканлигини ҳам назарда тутишимиз керак. Худо марҳамати бошланишга эга бўлмаган ва худди шунингдек, унинг охири ҳам бўлиши мумкин эмас; Худонинг хусусияти сифатида у чексизлик каби чегарага эга эмас.
Бу нарсани эътиқод ҳақиқати деб тушуниш ўрнига, Худонинг марҳаматини унга бўлган муҳтожлигимиз билан таққосласак, янада яхшироқ ва афзалроқ бўлар эди. Биз ҳеч қачон ўз гуноҳларимизнинг қай даражада катта эканлигини била олмаймиз ва бунинг ҳеч қандай зарурияти йўқ. Бироқ биз «гуноҳ кўпайган сари, Худо инояти ҳам шунчалик орта борганлигини» (Рим. 5:20) яхшироқ тушуна билишимиз керак.
Гуноҳни «кўпайтириш» — биз қиладиган ва қилишимиз мумкин бўлган энг ёмон ишдир. «Кўпайтириш» сўзи бизнинг чекланган қобилиятларимиз чегарасини аниқлайди. Гарчи бизнинг нуқсону иллатларимиз тоғ каби кўтарилиб бораётганлигини ҳис қилиб турсак ҳам, тоғ маълум бир чегараларга эга эканлигини биламиз: у маълум бир катталикка, маълум бир баландликка, маълум бир вазнга эга ва ундан ошиқ бўлолмайди. Бироқ ким Худонинг чексиз марҳаматини аниқлай олар экан? Худонинг марҳамати бизнинг ўй-фикрларимизни чексизлик сари олиб кетади ва уларни ўша ерда қолдирган ҳолда «орта боради». Буюк марҳамати учун Худога олқишлар бўлсин!
Ўзимизни Худонинг дўстлигидан маҳрум бўлган, деб ҳис қиладиган бизлар, эндиликда эгилган бошимизни кўтаришимиз ва юқорига қарашимиз мумкин. Бизнинг гуноҳларимиз учун тўлов тўлаган Масиҳнинг ўлими туфайли бизни Жаннатдан қувғин қилувчи сабаблар энди мавжуд эмас. Биз дарбадар ўғил каби қайтиб келишимиз мумкин ва бизни қувонч билан кутиб олишади. Биз гуноҳга ботгунга қадар ўз уйимиз бўлган Адан боғига яқинлашган пайтимизда, ёниб турган қилични олиб қўйишади. Ҳаёт дарахтини қўриқловчилар марҳамат ўғли яқинлашиб келаётганлигини кўргач, четга чиқадилар.
Қайт, эй дарбадар, эндиликда қайт,
Энди Ўз Отангнинг жамолин изла,
Сенда ёнаётган бу янги истак,
Ёқилгандир Унинг марҳамати-ла.
Қайт, эй дарбадар, эндиликда қайт,
Артгин кўзларингдан қуйилган ёшни,
Сени Отанг чорлар, бошқа ўксинма,
Яқинроқ кел, шуни сўрар Ота севгиси.
Уильям Бенко Кольер
Книга на Узбекском языке: Величие Бога (Эйден Тозер)
Церковь оставила своё некогда возвышенное представление о Боге и заменила его представлением низким и постыдным, которое совершенно недостойно мыслящих, поклоняющихся Господу людей. Когда мы потеряли ощущение величия Господа, мы потеряли и религиозное благоговение, и сознание Божественного присутствия. Мы потеряли наш дух поклонения Богу и нашу способность внутренне сосредоточиться для того, чтобы встретить Бога в молитвенном молчании.
В этой книге доктор Тозер помогает нам лучше понять Бога и вновь открыть для себя Его величие, чтобы это оказало глубокое влияние на нашу повседневную жизнь. Чтобы вернуть это понятие в повседневную жизнь верующих, он предлагает рассмотреть Божественные атрибуты в их взаимосвязанности и единстве, сосредоточив внимание на таких свойствах Бога, как самодостаточность, независимость, всемогущество, вездесущность, неизменность, бесконечность и многие другие.




































































































































