Эйден Тозер. Худонинг Буюклиги - (13 Боб) Китоб Ўзбек тилида
Xudoning Buyukligi (Eyden Tozer) O‘zbek tilida Audiokitob
Мундарижа
Муаллифдан
1. Нима учун биз Худо ҳақида тўғри фикрлашимиз керак
2. Эришиб бўлмас Худо
3. Илоҳий белгилар: Худо ҳақидаги баъзи бир ҳақиқатлар
4. Муқаддас Учбирлик
5. Худонинг баркамоллиги
6. Худонинг эркинлиги
7. Худонинг абадийлиги
8. Худонинг чексизлиги
9. Худонинг доимийлиги
10. Худонинг ҳамма нарсадан бохабарлиги
11. Худонинг донишмандлиги
12. Худонинг қудратлилиги
13. Худонинг трансцендентлиги
14. Худонинг ҳар ерда ҳозирлиги
15. Худонинг содиқлиги
16. Худонинг меҳрибонлиги
17. Худонинг адолатлилиги
18. Худонинг раҳмдиллиги
19. Худонинг марҳамати
20. Худонинг севгиси
21. Худонинг муқаддаслиги
22. Худонинг олий ҳокимияти
23. Очиқ сир
Худонинг трансцендентлиги
Эй Тангри, бизнинг Тангримиз, на юқорида — самода, на қуйида — ерда Сенга ўхшаган ҳеч ким йўқдир. Улуғворлик ҳам, обрў-эътибор ҳам Сенга тегишлидир. Самода ва ерда мавжуд бўлган ҳамма нарса — Сеникидир; Эй Раббим, Сенинг шоҳлигинг, Сенинг куч-қудратинг, Сенинг шон-шуҳратинг абадийдир ва Сен ҳамма нарса устидан бош бўлиб юксаласан. Омин.
Худо ҳақида трансцендентликка эга бўлган бир зот сифатида гапирар эканмиз, албатта Уни Ўзи яратган бутун Коинот узра юқорига, инсон ақл-заковати буни ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдиган даражада юқорига юксалаётганлигини назарда тутамиз.
Бироқ бу ҳақда тўғри мушоҳада қила олишимиз учун, биз «юқори» сўзи бунда ерга нисбатан олинган масофа эмас, балки борлиқнинг хусусияти эканлигини назарда тутишимиз керак. Бизни борлиқдаги жой эмас, баландликнинг ўзи эмас, балки ҳаёт қизиқтиради.
Худо Руҳдир ва Унинг учун катталик ва масофанинг аҳамияти йўқ. Биз учун катталик ва масофа ўхшашликлар ҳамда тасвирлар кабидир, шу сабабдан Худо бу тушунчаларни бизнинг чегараланган ақл-идрокимизга тушунарли бўлиши учун доимий равишда қўллаб келади. Ишаъё пайғамбарнинг китобидан топишимиз мумкин бўлган: «Абадий бор бўлган, юксакликда, улуғворликда тахтини қурган бундай дейди» (Иша. 57:15) деган Худонинг сўзлари баландлик ҳақида аниқ бир тасаввурни беради. Бунинг сабаби шундаки, биз моддийлик, фазо ва вақт дунёсида яшовчилар моддий категориялар билан фикр юритишга интиламиз ҳамда абстракт ғояларни, улар қачонки у ёки бу ҳолда моддий буюмлар билан тенглашсагина, англаб етамиз. Табиий дунё ҳукмронлигидан озод бўлишга ҳаракат қилган ҳолда, инсон қалби бизни тўғри йўлга солишда Муқаддас Руҳ фойдаланадиган юксак тилни ишлата билишни ўрганмоғи лозим.
Айнан Руҳ моддийликка маъно беради ва Руҳсиз ҳеч нарса қадр-қимматга эга бўлолмайди. Тоғларнинг гўзаллигидан баҳра олиб, томоша қилишга келган бир гуруҳ одамлар ичидан кичкинагина қизалоқ ажралиб, тоғларнинг бирида адашиб қолади. Бу одамларнинг қизиқиши шу заҳотиёқ ўзгаради. Табиат улуғворлигидан завққа тўлиб ҳайратланиш ўрнини, йўқолиб қолган қизалоқ туфайли юзага келган умидсизлик ва қўрқув эгаллаб олди. Одамлар бутун тоғ ён-бағри бўйлаб тарқалиб кетишади, қизалоқни исмини айтиб, хавотир билан чақиришади ва қизалоқ яшириниши мумкин бўлган ҳар бир хилват жойларни синчиклаб қараб чиқишади.
Бу тўсатдан юзага келган ўзгаришнинг сабаби нимада? Ўрмон билан қопланган тоғ, аввалгидек ўзининг киши эътиборини жалб қилувчи гўзаллиги билан булутларга қадар юксалиб турибди. Бироқ бу гўзалликни энди ҳеч ким сезаётгани йўқ. Жамики эътибор ҳали икки ёшга ҳам тўлмаган ва вазни ўттиз фунт ҳам чиқмайдиган кичкина жингалаксоч қизчани излашга қаратилган эди. Гарчи қизча бу дунёда ҳали жуда кам яшаётган ва жуда кичкина бўлса ҳам, у ота-онаси, уларнинг дўстлари учун, уларни бир неча дақиқалар аввал ҳайратга солган улкан ва қадимий тоғнинг баҳайбат салобатидан азизроқ эди. Уларнинг бу қарашларига тараққий этган бутун дунё ҳам қўшилган бўлар эди, чунки кичкина қизалоқ севиши, кулиши, гапириши ва ибодат қилиши мумкин, тоғ эса бундай қила олмайди. Боланинг борлиги — унинг қадр-қимматини белгилайди.
Нима бўлганда ҳам, биз ҳозиргина бола билан тоғни таққослаганимиз каби, Худонинг борлигини одамларнинг мавжудлиги билан таққосламаслигимиз керак. Биз Худони мавжудотларнинг бир ҳужайралилардан бошланиб, сўнгра балиқдан қушга, ундан сўнг сут эмизувчиларга, кейин эса одамга, ундан кейин фариштага, сўнгра карубга ва ниҳоят, Худога ўтган ҳолда ўсиб борувчи қатори ичида энг юксаги деб ўйламаслигимиз керак. Бу билан Худога юксак, аниқроғи, жуда юксак ўрин берилган бўлар эди, бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Биз Унга трансцендентликни бу сўзнинг тўлиқ маъносида беришимиз керак. Худо оламдан бутунлай ажралган. У ҳеч ким яқинлаша олмайдиган нурдадир. Худо капалак қуртидан қанчалик юқорида бўлса, бош фариштадан шунчалик юқоридадир. Бош фариштани капалак қуртидан ажратиб турувчи бўшлиқнинг чегараси бор, Худо ва бош фаришта ўртасидаги бўшлиқнинг эса поёни йўқ, чексиздир. Капалак қурти ва бош фаришта, гарчи яратилган мавжудотлар доирасида бир-биридан анча олисда бўлса-да, барибир битта умумий хусусиятга эга: уларнинг ҳар иккиси ҳам яратилгандир. Уларнинг иккаласи ҳам Худо бўлмаган нарсаларга тегишлидир ва Худодан чексизлик билан ажратилган.
Сукут сақлаш ва сўз айтишга мажбур қилувчи куч, Худо ҳақида гапиришни истаган инсон қалбида ҳамиша бир-бири билан кураш олиб боради.
Ўлимга маҳкумларнинг қандай қилиб,
Сенинг шуҳрат ва шафқатингни
Куйлагани ҳадди сиғаркан?
Биз Сендан жуда пастда, оёқларинг остидамиз,
Ва фақатгина жамолингнинг соясини кўрамиз.
Айзек Уоттс
Айнан Худо бизнинг қалбларимизга Уни излаш истагини, бизга қандайдир даражада Уни таниб-билиш имкониятини беради ва Худо Уни таниб-билиш учун қилган жуда кичик бўлса-да, ҳар қандай уринишларимиздан қувонади. Биз буни биламиз ва бу нарса биз учун хотиржамлик бахш этади.
Агарда ўз ҳаётини дунё ҳаётидан олисда, Худо билан мулоқотда ўтказган бирор-бир руҳоний ғам-ташвишлар ботқоғига ботиб қолган одамлар орасига қайтиб келса, уларнинг эзмаларча чеки йўқ сафсатаси бу руҳонийга нақадар бемаъни бўлиб кўринган бўлар эди. Ҳафтама-ҳафта бўлиб ўтадиган деярли ўзгармайдиган ваъзларда эшитиш мумкин бўлган зерикарли, сийқаси чиққан ва фойдасиз сўзлар унинг учун қанчалик ғалати ва маъносиз бўлиб туюлади. Агарда бу руҳоний сўзлайдиган бўлса, албатта Худо ҳақида гапиради. Наҳотки у ўз тингловчиларини Илоҳийликнинг мақтовга лойиқ тасвирлари билан сеҳрлаб, мафтун қилиб қўя олмаса? Унинг сўзларини тинглаганимиздан сўнг, бошқа бирор-бир ундан кичикроқ бўлган нарсани эшитган бўлармидик? Биз албатта, бизга таълим бермоқчи бўлганлардан биз билан Илоҳий қарашлар чўққисидан туриб гаплашишларини ёки умуман жим бўлишларини талаб қиламиз!
Забур муаллифи бизга: «Унинг кўз ўнггида Худодан қўрқиш деган нарса йўқ» (Забур саноси 35:2), — деб айтган ҳолда гуноҳнинг руҳиятини очиб берган. Одамлар Худодан қўрқмаган пайтларида, улар иккиланмаган ҳолда Худонинг қонунларини бузадилар. Худо қаршисида қўрқув бўлмаса, натижалар олдидаги қўрқув одамни чўчитмайди.
Ўтмишда имонли кишилар ҳақида улар «Худодан қўрқиб яшайдилар» ва «Тангрига қўрқув билан хизмат қиладилар» деб гапиришган. Кишининг Худо билан мулоқоти қанчалик яқин бўлмасин, қилган ибодатлари қай даражада жасоратли бўлмасин, унинг имон-эътиқодли ҳаёти асосида Худонинг марҳамат ва қўрқув ҳисси ўйғотувчи Зот сифатидаги тасвири мавжуд бўлган. Ҳамма нарсадан юксак бўлган Худо ҳақидаги мушоҳадалар бутун бир Муқаддас Китоб бўйлаб тарқалгандир. Худо олдидаги бу қўрқув табиий хавф-хатар тушунчасига қараганда каттароқ тушунча бўлган. Бу ақл бовар қилмайдиган ўлчовсиз қўрқув ва Худо Қудрати қаршисида ўзининг мукаммал эмаслигини англаб етиш эди.
Муқаддас Китоб замонасида Худо ҳар сафар одамларга зоҳир бўлган пайтда, улар бир хил туйғуни — қалбни эгаллаб оладиган қўрқув ва хавотир ҳиссини, гуноҳкорлик ва айбдорликнинг зирқиратувчи туйғусини ҳис қилганлар. Худо гапира бошлаган пайтда, Иброҳим ерга юзтубан тушиб, Уни тинглаган. Мусо Тангри Таолони ёнаётган бута ичида кўрганида, Худога қарашга ботина олмаган ҳолда, қўрқувдан юзларини беркитган. Худо Ишаъё пайғамбарга ваҳийда зоҳир бўлган пайтда, бу зоҳирлик пайғамбарни: «Ҳолимга вой!», — деб хитоб қилишга ва «Энди мен ўлдим! Чунки мен оғзи нопок одамман» (Иша. 6:5), — деб тан олишга мажбур қилган.
Худо ва Дониёл пайғамбар ўртасидаги учрашув энг ваҳимали ва энг ажойиб учрашув бўлса керак. Пайғамбар бошини кўтаради ва танаси — «топаз бўлган, юзи — чақмоққа ўхшаган, ... кўзлари ёниб турган чироқдек, ... қўллари ... ва оёқлари ярақлаб турган мисга ўхшайдиган, овози эса жуда кўп одамларнинг гапиришидек» бўлган бир Зотни кўради. «Бу ваҳийни фақат мен кўрдим, — деб ёзган эди Дониёл кейинчалик, — ёнимдаги одамларга бу ваҳий кўрингани йўқ, лекин улар қўрқиб яшириниш учун қочиб кетишди. Битта мен ўзим бу қўрқинчли ваҳийни томоша қилдим, лекин танимда жоним қолмаган, юзларим ранги ўзгариб, ана йиқиламан — мана йиқиламан, деб қолдим. Унинг сўзларини эшитганда, шол бўлиб ерга юзтубан йиқилдим...» (Дон. 10:6-9).
Бу кишиларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, Илоҳий устунликни англаб етиш инсон ва Худо ўртасидаги барча қарама-қаршиликни тезда ҳал қилиб беради. Худо билан курашиш истаги инсонни тарк этади ва у мағлуб этилган Шоул каби, итоаткорона тарзда: «Ё Раббий, нима қилишимни буюрасан?» (Ҳав. 9:6), — деб сўрашга тайёр бўлади. Ва аксинча, замонавий масиҳийларнинг ўз-ўзига ишонувчанлиги, бизнинг кўпгина йиғилишларимиз асосида ётадиган мулоҳазасизлик, Худо шахсига нисбатан кўрсатилган беҳурматлик қалбимиз кўрлигини етарли даражада исбот қилади. Кўп кишилар ўзларини Масиҳнинг издошлари деб ҳисоблайдилар, Худо ҳақида кўп гапирадилар ва баъзан Унга ибодат ҳам қиладилар, бироқ Унинг ким эканлигини билмайдилар. «Худодан қўрқув — ҳаёт манбаидир» (Матал. 14:27), бироқ бу малҳам берувчи қўрқувни бугунги кунда масиҳийларда топиш даргумондир.
Кунларнинг бирида шоир Гёте дўсти Эккерман билан суҳбат чоғида имон-эътиқод мавзусидан сўз очади ва Худо исмини суистеъмол қилиниши ҳақида гапиради. «Одамлар, — дейди у, — ҳаттоки ақл-идрок доирасидан ташқарида ётувчи бу ақл бовар қилмайдиган ва юксак Зотни гўёки ўзлари билан тенг кўриб, Унга нисбатан муносабатда бўладилар. Акс ҳолда бу одамлар «Тангрим Худо, азиз Худо, меҳрибон Худо» деб айтмаган бўлардилар. Бу сўзлар бундай одамлар учун ва уларни ҳар куни такрорлашдан чарчамайдиган руҳонийлар учун ҳеч бир ўй-фикрга тўғри келмайдиган, ҳеч қандай исмни билдирмайдиган оддий жумлага айланиб қолади. Агарда улар Худонинг улуғворлиги таъсири остида бўлганларида эди, ҳурмат-эҳтиром туйғусини ҳис қилган ҳолда Уни исмини айта олмай, сукут сақлаган бўлардилар».
Тахтда ўтирган барча мавжудотлар Тангриси,
Сенинг шуҳратинг нур сочар қуёш ва ойдан;
Ҳар бир қатламнинг маркази ва қалбисан,
Сен барибир ҳар бир севгучи юрак учун яқинсан!
Нури — ҳақиқат, иссиқлиги — севги бўлган,
Қуйида ҳам, юқорида ҳам, бутун бир ҳаётнинг Эгаси,
Сенинг абадий нурга тўлган тахтинг олдида
Биз ўзимиз учун шон-шуҳрат сўрамасмиз.
Оливер Уэндел Холмс
Иоганн Петер Эккерман. Эккерман билан суҳбатлар. — Johann Peter Eckermann, Conversation with Eckermann (M. Walter Dunn, Washington & London, 1901).P.45.
Книга на Узбекском языке: Величие Бога (Эйден Тозер)
Церковь оставила своё некогда возвышенное представление о Боге и заменила его представлением низким и постыдным, которое совершенно недостойно мыслящих, поклоняющихся Господу людей. Когда мы потеряли ощущение величия Господа, мы потеряли и религиозное благоговение, и сознание Божественного присутствия. Мы потеряли наш дух поклонения Богу и нашу способность внутренне сосредоточиться для того, чтобы встретить Бога в молитвенном молчании.
В этой книге доктор Тозер помогает нам лучше понять Бога и вновь открыть для себя Его величие, чтобы это оказало глубокое влияние на нашу повседневную жизнь. Чтобы вернуть это понятие в повседневную жизнь верующих, он предлагает рассмотреть Божественные атрибуты в их взаимосвязанности и единстве, сосредоточив внимание на таких свойствах Бога, как самодостаточность, независимость, всемогущество, вездесущность, неизменность, бесконечность и многие другие.




































































































































