Ханна Харнард. Сенинг Чўққиларинг томон йўл - (3 боб) Китоб Ўзбек тилида
Sening Cho‘qqilaring tomon yo‘l (Xanna Xarnard) O‘zbek tilida Audiokitob
Мазкур китоб «Чўққилар»да яшай олишимиздан олдин ҳар биримизнинг олдимизда турган саёҳатни драматик тасвирлаб берадиган ажойиб мажозий асардир. Биз бош қаҳрамонимиз ва унинг икки ҳамроҳи билан бирга саёҳат қиламиз, азоб берадиган қўрқувға бас келишни, севинч, қувонч, ғалаба чўққиларини забт этишни билиб оламиз.
МУНДАРИЖА
Мажозий асарга кириш сўз
БИРИНЧИ ҚИСМ
1-боб. Чўққилар сари ташриф
2-боб. Қўрқувларнинг ҳужуми
3-боб. Тундаги қочиш
4-боб. Йўл бошида
5-боб. Такаббурлик билан учрашув
6-боб. Саҳродаги дарбадарлик
7-боб. Танҳолик қирғоқларида
8-боб. Эски тўғонда
9-боб. Буюк Жароҳат қояси
10-боб. Жароҳат қоясига кўтарилиш
11-боб. Таҳлика, Ғам-қайғу ўрмонларида
12-боб. Зулматда
13-боб. Йўқотишлар водийсида
14-боб. Имон келтириш жойи
15-боб. Оқимлар
16-боб. Тоғдаги қабр
ИККИНЧИ ҚИСМ
17-боб. Шифобахш дарёлар
18-боб. Кийик оёқлари
19-боб. Чўққилар
20-боб. Водийга қайтиш
Чўққилар қояларида ўзлаштирилган сабоқлар
Ханна Харнард. Қисқача таржимаи ҳол
3-боб
Тундаги қочиш
Бечора Вой-Қўрқаман ухлаёлмай тўшагида уёқдан-бу ёққа ағдарилиб ётарди. Унинг онги ҳам, вужуди ҳам шунчалик озор чеккан эдики, у асло бир ҳолатда ёта олмасди. Ярим тундан кейин ҳам анча вақт у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб безовта бўлди. Калласининг энг туб-тубида қўрқинчли бир хавотирлик бор эди: муҳим бир нарсани эслаши шарт, аммо эслай олмасди. Шу хаёл ухлаганидан кейин ҳам, тушида ҳам уни тарк этмади.
Орадан бир-икки соат ўтар-ўтмас Вой-Қўрқаман аллақандай ваҳима ичида уйғониб кетди, вужудида илгари ҳеч сезмаган, ғайритабиий, азоб берадиган оғриқни туйди. Юрагидаги тикан чидаб бўлмас даражада муттасил санчиб, зирқиратарди. Бу оғриқ илгари ўзини йўқотиб қўйганидан англаб бўлмайдиган нарсани яна билдириш учун кўнгил торларини чертиб турганга ўхшарди. Кейин бирдан қўрқинчли яшин каби ялт этиб эсига тушиб қолди: «Чўпон ваъдасига вафо қилиб, келди, мени чақирди, мен эса чиқа олмадим. Ҳеч қандай жавоб ҳам бермадим. У мен тўғримда, фикри ўзгарибди, мен билан кетмоқчи эмас экан, деб ўйлаган бўлса-чи? У мени ташлаб кетган бўлса-чи? Ҳа, У менсиз кетган! У мени ташлаб кетган!» У бу гапни шивирлаб қайта-қайта такрорлар эди. Бу қўрқинчли фикрдан Вой-Қўрқаманнинг юраги титраб кетди. У худди шуни эслай олмай турган экан. Ахир, у нимага чиқа олмаганини Чўпон билмайди-ку!
Аслида Чўпон, чақирганимда ҳаялламай тез чиққин, деб қаттиқ тайинлаган эди. Чунки Чўпоннинг ўзи ҳам зарур иш билан тоққа кетиши керак эди. Вой-Қўрқаман эса бу кеча ҳар доим борадиган жойига — қўйлар сув ичадиган жойга ҳам бора олмади. Энди Чўпон уни қўрқоқ деб ўйлайди. Балки У бир ўзи кетгандир? Вой-Кўрқаман шу хаёлга бордию, танасидан совуқ тер чиқиб кетди, юраги дукиллаб ура бошлади! Аммо у учун энг қўрқинчли кўнгилсизлик — юрагида бошланган оғриқ эди. Бу оғриқ худди уни бўғаётганга ўхшарди. Вой-Қўрқаман ваҳима, совуқдан қалтираб, бир жойда ўтирарди. Агар Чўпон уни ташлаб кетган бўлса, у бунга бардош бера олмайди!
Каравоти ёнида турган стол устида эски қўшиқлар китоби ётарди. Вой-Қўрқаман чироқ ёруғида китобнинг очилган саҳифасига кўзи тушиб қолди: бу саҳифада ўзи сингари чўпон қиз ҳақидаги қўшиқ бор эди. У қиз ҳам худди Вой-Қўрқаманга ўхшаб севги даъватига жавоб бера олмади. Кейин севгилиси кетиб қолганини англаб етди, энди кеч бўлган эди.
Бу қўшиқ Вой-Қўрқаманга доимо ғамгин бўлиб туюларди. Бу қўшиқни куйлаганда, у қийналиб кетарди. Ёлғизликда, зимистон тунда қўшиқ сўзларини ўқир экан, бу қўшиқ унинг бахтсиз, қўрқоқ қалбига даъват бўлиб туюлар эди:
Тўшагимда уни ахтардим,
Юрагим зор бўлган кимсани.
Ахтардиму аммо уни топмадим,
Ёнимда бирон зот йўқ.
Шошиб йўлга отландим тезда,
Чиқдим шаҳар кўчаларига,
Узоқ, узун йўлга
Қайтармоқ учун азиз севгилимни.
Шу ерга етганда у бошқа саҳифани очиши керак эди. Лекин Вой-Қўрқаман буни қилмади. Тўсатдан у бундай мавҳумликка бошқа тоқат қила олмаслигини ҳис қилди. У дарров Чўпоннинг ҳақиқатан ҳам уни ташлаб, бир ўзи кетганига ўзини ишонтиришга уринди. Вой-Қўрқаман ўрнидан турди-ю қўллари титраган ҳолда кийиниб бўлиб, кўча эшигини очди. У энди «узоқ ва олис йўл»га жўнайди, аммо Уни топа олармикан? Қанийди топа олса! Эҳтимол, Чўпон уни кутаётгандир, эҳтимол, У Вой-Қўрқаманга яна бир имкон берар?
Вой-Қўрқаман эшикни очиб, зулматга қадам қўйди. Ҳозир бу кимсасиз кўчада яшириниб турган юзлаб Қўрқувлар ҳам уни орқага қайтишга мажбур қила олмас эдилар. Чунки юрагидаги қатъият бошқа барча нарсани, ҳатто қўрқувни ҳам тўсиб қўйиб, дадил олдинга етакларди. Шундай қилиб, Вой-Қўрқаман бу қоп-қоронғу тунда Чўпонни ахтариб йўлга тушди.
Вой-Қўрқаман оқсоқ бўлгани учун тез юра олмасди, қишлоқ кўчаларидан бепоён далалар, итхоналар томон судралиб кетди. Йўлда кетар экан, ўзига-ўзи пичирлар эди: «О Чўпон, севги ва оғриқ доимо ёнма-ён юради, деб тўғри айтган экансан!» Агар қиз буни олдин билганда, ёки бу ҳақда озгина тасаввурга эга бўлганда эди, бу ишга қўл урмаган бўлармиди, юрагига Севги тиконини экишга рози бўлармиди? Энди эса кеч бўлди. Қалбида тикон, севги ҳам, дард ҳам қалбида. У энди албатта Чўпонни топиши керак.
Ниҳоят, у оқсоқлана-оқсоқлана, нафаси қисилиб, хира юлдузлар нурида сокин, кимсасиз итхонага етиб келди. У ерда кечаси подани қўриқлаётган бир-икки ёрдамчи чўпонлардан бошқа бошқа кимса йўқ эди. Улар яқинлашаётган қадам товушларини эшитиб, ўринларидан туришди ва чақирилмаган меҳмонга қараб юришди.
«Кимсиз?» дея қоронғулик қаърига тикилиб сўрашди улар. Кейин қўлларидаги фонус ёруғида Вой-Қўрқаманнинг оқариб кетган юзи, қўрқувдан катта-катта очилган кўзларини кўриб, ҳайрон бўлиб тикилиб қолишди.
«Бош Чўпон шу ердами?» — сўради қиз, у нафасини ростлаб олиш учун итхона деворига суянди.
— Йўқ, — жавоб берди қоровул ва қизиқиш билан унга қаради. — Бу кеча у бизга топшириқлар бериб, подани бизга қолдириб кетди. Яна у ҳар доимгидай, тоққа кетяпман, деб айтди. Аммо қачон қайтишини айтмади.
Вой-Қўрқаман бу сўзларни эшитди-ю тилдан қолди. У инграб, қўллари билан юрагини ушлади, гўё юраги қинидан чиқиб кетгудай бўлди. «Энди нима қиламан? У кетди! Вой-Қўрқаман мен билан бирга кетишни истамади, деб ўйлаган, мени кутмаган». Шунда қиз дарду аламдан титраб молхонанинг деворига суянди. Чўпоннинг эзгуликдан нур сочиб турган юзини, нигоҳидаги севги порлаб турган кўзларини кўз олдига келтирди. Нақадар меҳрибонлик билан унга тоғда ҳамроҳ бўлмоқчи эди-я!
Бирдан унинг миясига шундай фикр келди: «Менга шунчалар яхшилик қилган, мени ҳаммадан кўра яхши тушунган, ғамимга шерик бўлган Одам мени ташлаб кетмайди! Мен онгли равишда У билан кетишни рад қилганимни билмагунча кетиб қолмайди!»
Вой-Қўрқаман нигоҳини кўтариб водийга, ундан нарида ястаниб ётган шарқий тоғларга, Чўққиларга тикилиб қаради. Шу пайт шарқ томондан ингичка нур кўриниб, тез орада қуёш чиқди. Қиз тўсатдан эски қўшиқлар китобида кўрган ғамгин қўшиғининг охирги бандини эслади. Шу яқиндаги буталар орасида зўр бериб куйлаётган қушчанинг овози Вой-Қўрқаманга туртки бериб, шу тўртликни эсига солди:
Ниҳоят учратдим бу сокин тонгда
Қалбим излаган кимсани.
У билан қоларман тоабад,
Бирга бўлмоқ — шудир толеим.
Вой-Қўрқаманнинг вужудидаги титроқ босилиб, ўзига ўзи деди: «Қани, сув ичадиган жойга бориб кўрай-чи, балки У мени ўша ерда кутаётгандир». У қоровулларга бир-икки оғиз сўз айтди-ю тезда ортига бурилиб, шошилганича жануб томонга йўл олди. У илгари Қўрқувни учратиб қолган дала орқали қўйлар суғориладиган ҳовузга борарди. Вой-Қўрқаман оқсоқлигини ҳам эсдан чиқарган, баланд дарахтлар қуршовидаги ҳовуз томонга жадал интилар эди.
Тоғлар ортидан осмон қизғиш тусга кира бошлади. Шу пайт унинг қулоғига тепаликдан оқиб тушаётган сувнинг жозибали шовуллаши эшитилди. Олдинга жадал интилаётган Вой-Қўрқаман бирдан қалбидан қўшиқ оқиб келаётганини ҳис қилди. «У» ҳовуз бўйида турарди! Чўпон ҳовуз бўйида Вой-Қўрқаманга тикилиб турар, юзларида тонг шафағининг нурлари товланарди. Чўпон қизни кўрдию у томонга жадал юриб кела бошлади. Вой-Қўрқаман эса қоқилиб кетиб, Чўпоннинг оёқлари остига йиқилди.
«О мурувватли ҳазратим! Ваъда қилганингиздай, мени Ўзингиз билан олиб кетинг! Бу ерга ташлаб кетманг!» Қиз йиғлаб-ёлворарди.
«Келишингни билардим, — деди Чўпон меҳрибонлик билан. — Аммо Менга айт-чи, Вой-Қўрқаман, нега кеча сув бўйига келмадинг? Уйинг олдидан ўтаётганимда, чақирганимни наҳотки эшитмадинг?! Мен, бугун тонгда жўнаймиз, сен йўлга тайёр бўлиб тур, деб айтмоқчи эдим».
Чўпон гапини тугатганда, қуёш чиққан, ҳар иккаласини олтин нурларига чулғаган эди.
«Мана, мен шу ердаман, — деди Вой-Қўрқаман тиз чўкиб ўтирар экан, — Сиз қаёққа бошласангиз, ўша ёққа кетишга тайёрман!» Чўпон қизнинг қўлларидан ушлади. Иккаласи биргаликда буюк тоғлар томон йўл олишди.
Книга на узбекском языке: Путь к твоим высотам (Ханна Харнард)
Эта книга - прекрасная аллегория, драматически изображающая путешествие, предстоящее каждому из нас, прежде чем мы сможем жить на "высотах наших". Мы последуем за главной героиней вместе с двумя ее спутницами и узнаем, как преодолеть мучительные страхи и достичь высот любви, радости и победы.




































































































































