Ханна Харнард. Сенинг Чўққиларинг томон йўл - (17 боб) Китоб Ўзбек тилида
Sening Cho‘qqilaring tomon yo‘l (Xanna Xarnard) O‘zbek tilida Audiokitob
Мазкур китоб «Чўққилар»да яшай олишимиздан олдин ҳар биримизнинг олдимизда турган саёҳатни драматик тасвирлаб берадиган ажойиб мажозий асардир. Биз бош қаҳрамонимиз ва унинг икки ҳамроҳи билан бирга саёҳат қиламиз, азоб берадиган қўрқувға бас келишни, севинч, қувонч, ғалаба чўққиларини забт этишни билиб оламиз.
МУНДАРИЖА
Мажозий асарга кириш сўз
БИРИНЧИ ҚИСМ
1-боб. Чўққилар сари ташриф
2-боб. Қўрқувларнинг ҳужуми
3-боб. Тундаги қочиш
4-боб. Йўл бошида
5-боб. Такаббурлик билан учрашув
6-боб. Саҳродаги дарбадарлик
7-боб. Танҳолик қирғоқларида
8-боб. Эски тўғонда
9-боб. Буюк Жароҳат қояси
10-боб. Жароҳат қоясига кўтарилиш
11-боб. Таҳлика, Ғам-қайғу ўрмонларида
12-боб. Зулматда
13-боб. Йўқотишлар водийсида
14-боб. Имон келтириш жойи
15-боб. Оқимлар
16-боб. Тоғдаги қабр
ИККИНЧИ ҚИСМ
17-боб. Шифобахш дарёлар
18-боб. Кийик оёқлари
19-боб. Чўққилар
20-боб. Водийга қайтиш
Чўққилар қояларида ўзлаштирилган сабоқлар
Ханна Харнард. Қисқача таржимаи ҳол
ИККИНЧИ ҚИСМ
«Саҳарда шодлик келур»
Забур 29:6
17-боб
Шифобахш дарёлар
Вой-Қўрқаман эрталаб уйғонганда, қуёш кўтарилиб қолган эди. У қандайдир ғорда ётган экан. Вой-Қўрқаман бошини ғор туйнугидан чиқариб қаради. Қуёш атрофга нурларини сочган, ҳамма нарса қуёш нурларига ялтираб, кўзни қамаштирарди. У бирпас ётиб, фикрларини бир жойга жамлади ва қаерда ётганини фаҳмлаб олмоқчи бўлди. Қуёш нурлари тош ғорга ҳам ёйилган, тинч, илиқ, тутатқи ва мирранинг хушбўй ҳидлари билан тўла эди. Вой-Қўрқаман устига ёпилган кўрпачадан бу хушбўй ҳидлар таралаётганини билиб олди. Устидаги ёпинчиқни авайлаб олиб, ўрнидан туриб ўтирди-да, атрофга разм сола бошлади. Кейин нималар юз берганини эслади. У қандай қилиб ҳамроҳлари билан баланд тоғдаги туман қоплаган ғорга келиб қолганлари ёдига келди. Сўнг юрагидан севги гулини руҳоний юлиб олиб, қурбонгоҳда куйдирганини хотирлади. Шуларни эслаб кўкрагига қараган эди, кўкрагини хушбўй ҳидли бир парча мато ёпиб турган экан. Ғордаги хушбўй ҳид шу матодан тарқалаётган бўлиб, бутун атрофга ёйилган эди. У қизиқиб матони кўтарди ва жароҳатдан асар ҳам қолмаганини кўриб ҳайратга тушди. Яранинг изи ҳам қолмаган экан.
Вой-Қўрқаман ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Бир оз атрофга разм солиб қараб турди. Яқингинада қалин туман билан қопланган дара энди қуёшнинг ёрқин нурлари билан ёришиб турарди. Ҳамма ерда майин, янги майсалар ўсиб ётар, худди осмондаги юлдузлар каби турли хил гуллар очилиб ётар, ҳамма нарса шудрингдан ялтираб ётарди. Даранинг марказида, ғордан унга узоқ бўлмаган жойда узунчоқ тошдан қурбонгоҳ ясалган экан. Руҳоний Вой-Қўрқаманни ана шу тошга боғлаган эди. Энди қуёш нур сочгандан кейин разм солса, у гуллар билан қопланган экан. Атрофда гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда ўтларнинг шудрингини тўкиб, қушлар сакраб юрар, хушчақчақ сайраб, дамба-дам патларини тозалар эди. Қушчалардан биттаси қурбонгоҳ устига қўниб, хуш овози билан шодон сайрай бошлади. Аммо энг гўзали ва ажойиби шу эдики, тош қурбонгоҳ тагидан биллурдай улкан дарё оқиб чиқарди. У тош тагидан булоққа ўхшаб отилиб чиқар, қоянинг кенг чиқиб турган жойидан шовқин солиб пастга оқар эди. Вой-Қўрқаман улкан булоқнинг бошланиш жойида турган экан. Қиз энди билди: руҳоний уни боғлаб қўйган тош қурбонгоҳдан булоқ бошланар экан.
Вой-Қўрқаман анча вақт атрофни томоша қилиб турди. Унинг юраги сўз билан тасвирлаб бўлмайдиган даражада қувончга тўла эдики, буни сўз билан тасвирлаб бўлмас эди. Уни ажойиб бир дунё ўраб олганга ўхшарди. Дарада Вой-Қўрқаман бир ўзи ёлғиз қолган, на руҳоний, на ҳамроҳлар қолган эди. Дарада ундан бошқа тирик жон — атрофда сайраётган қушлару гулдан гулга қўниб учаётган капалаклар эди. Боши узра мовий осмон ва Чўққиларнинг тепаси кўзни қамаштирадиган даражада нур сочиб турарди. Вой-Қўрқаман янги шароитга кўникиб олгандан кейин, биринчи қилган иши — қурбонгоҳ остидан оқаётган дарёнинг ёнига келиш бўлди. Дарё уни ўзига чорларди. Вой-Қўрқаман қирғоққа келиб, сувга эгилиб, қўлини тиниқ сувга ботирди. Сув ниҳоятда совуқ бўлиб, Вой-Қўрқаманнинг бутун вужуди завқ-шавқдан ҳаяжонга келди. Бир оз ўтгач, эгнидаги зиғир матосидан тикилган либосларини ечиб, сувга тушди. У ҳали ҳаётида бундай ширин туйғуни бошидан кечирмаган эди. У қайнаб чиқаётган ҳаёт булоғига киргандай бўлди. Сувдан чиққанда эса танасидаги сув ўша зоҳотиёқ қуриб қолди, оёғидан бошигача — бутун танасида соғломлик ва зафар ҳиссини туйди.
Вой-Қўрқаман сув бўйида турар экан, тасодифан оёқларига қаради-ю ҳайратдан лол қолди: оёқлари тўғри, нуқсонсиз бўлиб қолган эди. Бунинг устига, оёқлари оппоқ бўлиб қолган, кўм-кўк устида ажралиб турар эди.
Шунда Вой-Қўрқаман Чўпоннинг, Чўққиларда шифобахш дарёлар оқади, деган ғапларини эслади. У ширин бир ҳаяжондан титраб, яна сувга тушди-да, сувга шўнғиди. Кейин у тошлар орасидан ойнадай тиниқ, текис сувли кўлни топди. Кўл олдида тиз чўкиб ўтириб, сувга эгилган эди, сувда ўз аксини кўрди. Ҳақиқатан ҳам, хунук, қийшиқ оғзи тўғриланиб, юзи ҳам худди ёш боланикидай текис, чиройли бўлиб қолган эди.
Шундан кейин Вой-Қўрқаман дара бўйлаб сайр қила бошлади. Тоғ ён бағирларида ёввойи ер ёнғоқ, маймунжон ва бошқа ўрмон мевалари ўсиб ётган экан. Вой-Қўрқаман шу мевалардан еган эди, қорни тўйиб қолди, гўё тушлик қилгандай бўлди, кучга тўлди. Кейин у қоя четига келди. Дарё шу жойдан бошланар эди. Пастликка шовқин солиб оқаётган дарёни томоша қилиб узоқ вақт турди. Дарёнинг жўшқин, қувончли гувиллаши бошқа овозларни босиб кетган эди. Қуёш нурлари сув устида жилваланар, пастда эса кенг ўтлоқлар ястаниб ётарди. Қизни Чўпон у ерларга ҳам олиб борган эди.
Қиз атрофнинг гўзаллигини кузатиб турар экан, ички бир хотиржамлик, сокинликни туйди. Бу ҳиссиётлар қизиқувчанлик, танҳолик, интизорлик ҳисларини хаёлидан сиқиб чиқарди.
Вой-Қўрқаман келажак тўғрисида асло ўйламас эди. У мана шу сокин дарада бўлса, баланд тоғ чўққисига чиқса, кифоя. Ёнгинасида ҳаёт дарёси оқиб турарди. Вой-Қўрқаман мана шу дарё қирғоғида дам олиб, узоқ саёҳатдан кейин куч йиғиб олиши мумкин эди. Кўп ўтмай, у қирғоқда ётиб, ухлаб қолди.Уйғонгач, у яна дарёда яна чўмилиб олди. Бу кун худди ширин тушга ўхшаб ўтди. Вой-Қўрқаман дам олди, чўмилди, мевалардан тановул қилди, кейин яна ухлади.
Ниҳоят, соя узунлашгач, қуёш ғарбга ёнбошлади. Қорли чўққиларда олтин ранг қуёш шафағи жилваланди. Шундан кейин Вой-Қўрқаман ғорга қайтиб кирди ва хушбўй ҳидли ёпинчиқларига ўраниб олди. Бир оз вақт ўтгач, биринчи тундагидай қаттиқ уйқуга кетди.
Книга на узбекском языке: Путь к твоим высотам (Ханна Харнард)
Эта книга - прекрасная аллегория, драматически изображающая путешествие, предстоящее каждому из нас, прежде чем мы сможем жить на "высотах наших". Мы последуем за главной героиней вместе с двумя ее спутницами и узнаем, как преодолеть мучительные страхи и достичь высот любви, радости и победы.